Latest news

12:18U-20 Осиё кубогига қуръа ташланмоқда (жараённи онлайн кузатиб боринг)  0 12:04U-20 Осиё кубоги. Ўзбекистонга аввалги мусобақаларда гуруҳда қайси терма жамоалар рақиб бўлган?  1 11:51Луис Энрике: "Натижа адолатли бўлмади. Биз "Атлетико"дан кучлироқ эдик"  1 11:30Катанец нега айнан Адҳамзодани чақирди?  8 11:10Ришарлисон жароҳат сабаб "Тоттенхэм"нинг бўлажак ўйинларини ўтказиб юборади  0 10:45"Манчестер Сити" захира дарвозабони Ортега илк бор Германия термасидан чақирув олди  1 10:24Суперлига. Абрамов бугун собиқ жамоасига қарши, "Олимпик" Олмалиқда меҳмон   0 10:21"Ливерпуль" ва "Челси" "Вулверхэмптон" ҳимоячиси учун курашади  0 09:52Палмер "Арсенал"га қарши ўйнай олмаслиги мумкин  2 09:30Бугун U-20 Осиё кубогига қуръа ташланади!   9 09:00"Реал Мадрид" "Лейпциг" ҳимоячисини ўзининг асосий трансфер мақсадига айлантирди  4 08:29ПСЖ "Астон Вилла" тўпурарини ўз сафида кўрмоқчи  0 08:10БУМ! Криштиану Роналду "Ал Ҳилол"га ўтиши мумкин   25 07:33"Тоттенхэм" ва "Ювентус" Эндрикни ўз сафида кўрмоқчи  2 03:00ЕЧЛ. "Атлетико" охирги дақиқада гол уриб, ПСЖдан ғалабани юлиб олди. "Арсенал" "Интер"га ютқазди  12

"Бухоро"нинг аҳволи нега танг? News

"Бухоро"нинг аҳволи нега танг?

Ёки бунга сабаб бўлган ҳолатлар ва уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида.
"Бухоро" бу йил олий лигадаги ўрнини сақлаб қола оладими? Футбол бўйича мамлакат миллий чемпионати ҳали биринчи давраси ниҳоясига етмаёқ масаланинг бу тарзда таҳликали қўйилиши тасодиф эмас. "Бухоро"нинг аҳволи тангдан-да танг.

Жамоа ўтказилган ўн битта турнинг лоақал бирортасида ғалаба нималигини билмади. Мағлубиятлар сони бўйича ҳам рекорд бизга тегишли. Амаллаган икки дурангимиз, атиги қўш очкомиз бор.

Хуллас, "Бухоро" турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасида "мих"ланиб қолган. Хўш, нега бундай аҳволга тушиб қолдик? Маҳоратимизу тактикамиз ғўрлиги сабаб муваффақиятсизликларга учрайвердик, аҳволни ўнглаш чораларини кўриш ўрнига бош мураббий Александр Мочиновнинг мўъжиза қилишини кутдик. Олий лига жамоасини бошқаришда ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган бош мураббийга ишондик. Табиийки, вақтни анча бой бериб қўйдик.

Бунинг эса нималигини бошдан кечирганмиз. 2009 йилда ишонч билдирганимиз—бош мураббий Рауф Инеллевда салоҳият етишмади. "Бухоро" олий лигада н тушиб кетди. Бу бизга сабоқ бўлмади. 2011 йилда олий лигага қайтган жамоамизга Геннадий Кочнев бош мураббий эди. Унинг раҳбарлигида ҳам жамоа ўз ўйинини тополмади. Муваффақиятсизликка мубтало бўлиб, турнир жадвалининг хавфли зонасига келиб қолди. Шундай қалтис бир пайтда "Бухоро" сафарда "Олмалиқ" майдонида 1:6 ҳисобида йирик мағлубиятга учрагач, клуб раҳбариятининг тоқати тоқ бўлди. Геннадий Кочнев истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига Жамшид Саидов чорланди. Янги бош мураббий тўғри тактика танлаб, ўйинчиларини олдинга қўйилган мақсад сари жипслаштира билди. Натижада сўнгги тўрт ўйинда 8 очко жамғарган ҳолда чемпионатни саккизинчи ўрин билан якунладик.

Келгуси йилги мавсум бошларида эса "Бухоро"нинг ишлари яна юришмади. Бош мураббийликка Тачмурод Агамуродов таклиф қилинди. Танлов тўғри эди. Тажрибали мураббий иккинчи даврада жамоани маҳоратли ўйинчилар билан кучайтирди. 2012 йилги чемпионатда еттинчи ўрин банд этилди. Ундан кейинги мавсум янада яхши бўлди. "Бухоро" тағин бир поғона юқори кўтарилди. Лекин чемпионат поёнида етганида кутилмаганда Тачмурод Агамуродов истеъфога чиқарилди.

Бундай ўзгаришни кўпчилик ишқибозлар жамоага 2014 йилда янада юқори натижани ваъда қиладиган бош мураббий келади, деб англашди.

Янги бош мураббий Эдгар Гэсс бўлди. Уни тажрибали мураббий дейишади. Лекин унинг раҳбарлигида "Бухоро"нинг иши юришмади. Муваффақиятсизликлар Гэсс билан хайрлашишга олиб келди. Мавсумнинг иккинчи ярмида бош мураббий "рул"ига Сеитов ўтирди. Янги мутахассис етакчилигида жамоа олий лигадаги ўрнини сақлаб қолди.

Лекин негадир жорий йилги мавсумга тайёргарлик айнан Сеитов эмас, балки "Бунёдкор"да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган Александр Мочинов раҳбарлигида бошланди. Бизнингча, бош мураббийни танлашда у илгари нимага эришганлигини-ю қурб-қудратини ўрганган ҳолда ёндашув амал қилиши керак Афсуски, бу қоидага ҳамиша ҳам риоя қилинмайди.

Одатда янги бош мураббий ишни жамоани шаклантиришдан бошлайди. Бу борада унинг ўз қарашлари, чамалари бор. Мочинов ҳам таркибни янгилади. Бир қатор ўйиинчиларни таклиф қилди. Афсуски, улар орасида футболчилик фаолиятини якунлаш арафасида турган Зайниддин Тожиев(у билан биринчи давра ўртасида хайрлашилди) ва Вячеслав Пономарев ҳам бор эди. Бултур жамоамизда тўп сурган Улуғбек Бақоев, Анвар Ражабов, Фирдавс Асадов, Умрулла Рамазонов сингари Бухоро футбол мактаби тарбияланувчилари билан шартнома узайтирилмади. Яна бир тажрибали ўйинчи Баҳриддин Ваҳобовга ҳам жамоада ўрин топилмади.

Бугун Баҳриддин нафақат "Зарафшон"(Қизилқум)да, балки мамлакат чемпионатида тилга тушган ҳужумчи. У ҳозирча 11 гол билан тўпурарлар баҳсида етакчи. Шу ўринда бир муқояса: бутун бошли "Бухоро" жамоаси рақиблар дарвозасига киритган тўплар эса атиги 10 та.

Клуб ҳомий олдида, ўз навбатида бош мураббий унинг олдида ҳисобдордир. Ва албатта, уларга умид билан қарайдиган ишқибозлар олдидаги масъулиятни ҳам унутмаслик керак.

Аммо "Бухоро" футбол клубида бунга амал қилинмади. Ишини эплаган Агамурадов ва Сеитовларни четлаштириш ўзини оқладими? Йўқ! Улар ўрнига Гэсс, Мочиновни таклиф қилиш самара бермади. Бу каби ўзини оқламаган қарорлар учун клубда кимдир жавоб бериши керак-ку!!! Ишончни оқламаган бош мураббийлар учун сарфланган маблағ клуб мутасаддиларидан ундириб олинганида эди, улар енгил-елпи қарор қабул қилишга шошилишмаган бўлур эди. Ҳа, юқоридаги ҳолатлар клубда профессионаллик, тренер-мутахассис танлашда коллегиаллик етишмагани оқибати бўлди.

Яқинда вилоят футбол Федерацияси раҳбариятининг қатъияти боис клубда туб ўзгаришлар юз берди. Унинг ижрочи директорлигига бундан икки йил илгари шу вазифада фаолият кўрсатган Алишер Рустамов сайланди. Бировларнинг хатосини тузатиш унга, маслакдошларига осон бўлмайди. Мочиновдан сўнг вақтинча бош мураббий вазифасини бажарган Шуҳрат Файзиев ўрнига келган, ҳозиргача "Машъал" футбол академиясида ишлаган 38 ёшли Жамшид Саидовни ҳам олқишлар кутиб тургани йўқ. Ундан ва янги шаклланган мураббийлар штабидан жамоанинг ўз кучига бўлган ишончини юзага чиқариш, футболчилар имкониятлари даражасида ҳаракат қилишлари учун рағбат уйғотиш, номақбул тактик усуллардан воз кечиш ва яна муҳими, жамоада соғлом муҳитни қарор топтириш талаб қилинади.

Албатта, ҳозирдан бошлаб, иккинчи даврада таркибни янги кучлар ҳисобига кучайтириш лозим. Табиийки, бу мавсум бошидагига нисбатан икки карра ортиқ куч, жумладан маблағ ҳам талаб қилади.

Хотимада яна ўша савол: "Бухоро" бу йил олий лигада қоладими? Бу залворли саволнинг ижобий жавоби масъулларнинг ишқибозлар қалбидаги оғриқни дилдан ҳис этишлари, хатолардан тегишли хулоса чиқаришлари, қатъий, аниқ, асосли чоралар кўришларига боғлиқ.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика