“Бунёдкор”чиларнинг Мустақиллик табриги
01 sep 2016 12:59
News
“Бунёдкор”чиларнинг Мустақиллик табриги
Ўзбекистон чемпионатларининг беш карра ғолиби, мамлакат кубогининг тўрт карра соҳиби, Осиё Чемпионлар лигасининг икки карра ярим финалчиси Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби Сизни энг азиз ва улуғ байрамимиз – Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этади!
Юртимизнинг 25 йиллик тўйи муносабати билан “қалдирғочлар”нинг Истиқлол билан тенгдош – 25 ёшли футболчилари Шаҳзодбек Нурматов ва Шоҳрух Гадоев ўзининг байрам табрикларини изҳор этиб, барча юртдошларимизни Истиқлол билан муборакбод этади.
Шаҳзодбек НУРМАТОВ (“Бунёдкор” ФК ҳужумчиси):
- 1 сентябрь арафасида диёримиз янада чирой оча бошлайди. Юртимиз кўчаларида ҳақиқий байрам нафаси ҳукм суради. Барча ҳамюртларимизни кўтаринки кайфиятда учратасиз. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамма ўзбекистонликларни байрам билан қутлайман! Барчага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат тилаб қоламан!
Жаннатмакон Ўзбекистон заминида таваллуд топганим учун Яратганга доимо шукр қилиб яшайман. Юртимиз довруғини янада ошириш, байроғимизни бундан-да юқори чўққиларга олиб чиқиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Шоҳрух ГАДОЕВ (“Бунёдкор” ФК ярим ҳимоячиси):
- Барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан табриклайман! Барчага тинчлик-тотувлик, омад ва олам-олам қувончлар тилайман!
Истиқлол байрами ҳаётимиздаги энг катта айём, деган фикримга барча ватандошларимиз қўшилсалар керак. Ҳамиша ишингиз бароридан келсин, азизлар! Ҳаммангизнинг барча орзу-умидларингиз ушалишини тилаган ҳолда, Ўзбекистонни байрам шукуҳи ҳеч қачон тарк этмасин, деган ниятдаман!
Юртимиз футболини халқаро ареналарда ўз ўрнига эга бўлиши ва юксак марраларни забт этишига қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Comments