Бундеслига. Превью: Лейпцигда ўтган турда "яраланган" етакчилар ўртасида "жанг" бўлади ва бошқа ўйинлар
17 dec 2016 14:30
News
Бундеслига. Превью: Лейпцигда ўтган турда "яраланган" етакчилар ўртасида "жанг" бўлади ва бошқа ўйинлар
Кеча бошланган 15-тур ўйинлари бугун давом эттирилади.
Бундеслига, 15-тур. Турнир жадвали
Турнинг дастлабки ўйинида "Хоффенхайм"нинг мағлубиятсиз сериясига якун ясаш Дортмунднинг "Боруссия" жамоасининг қўлидан келмаганидан хабарингиз бор.
Лейпциг шаҳрида бугун яна футбол байрами. Бундеслигада дебют мавсумни жуда кўтаринки руҳда ўтказаётган "РБ Лейпциг" ўз уйида турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган "Герта"ни қабул қилади.
Жорий мавсумда Бундеслигада "Бавария", "Боруссия" каби жамоалар билан юқори ўринлар учун кутилмаганда кураш олиб бораётган ушбу жамоаларнинг ўзаро қарама-қаршилиги барчанинг диққат марказида бўлиши шубҳасиз.
Жамоа сафида номдор футболчилар бўлмасада, бу икки клуб ҳозирда ўзининг бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлиги эвазига кучли жамоага айланиб улгурди. Ўтган турда "Лейпциг"нинг мағлубиятсиз сериясига кутилмаганда "Ингольштадт" чек қўйган бўлса, "Герта" ҳам сенсацион равишда Берлинда "Вердер"га ютқазиб қўйди. Бу икки яраланган етакчилар энди Лейпцигда ўзаро орани очиқ қилишга уриниб кўришади.
Ральф Хаззенхюттьл ҳамда Поль Дардаи баҳсида қайси мураббийнинг ўйлаган режалари ва футбол фалсафаси ғолиб чиқишини томоша қиламиз. "Герта" орадаги фарқни 3 очкога қисқартириш учун ажойиб имкониятга эга. "Лейпциг" эса "Бавария" изидан қолмаслик ва яқин таъқибчисидан узоқлашишга ҳаракат қилиб кўради.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Бу жамоалар илк маротаба расмий ўйинларда тўқнаш келишмоқда. Ҳозирча фақат 2013 йили ўртоқлик ўйинида майдонга тушишга муваффақ бўлишганди. Ўшанда Адриан Рамоснинг ягона голи эвазига "Герта" ғалаба қозонган.
"РБ Лейпциг" - "Герта" (19:30)
"Ред Булл Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Марко Фриц.
Мавсумни жуда ёмон бошлаган ва энди аста секинлик билан ўз ўйинини топиб бораётган "Вердер" бугун "Кёльн"ни синовдан ўтказади. Ўтган турда "Вердер" сафарда "Герта"ни мағлуб этишни уддасидан чиққанди. Айнан шу ғалаба жамоанинг ўз кучига бўлган ишончини анча орттириб юборди. "Кёльн" эса Дортмунднинг "Боруссия" жамоаси билан тўқнаш келиб, якунда дуранг қайд этишганди. "Кёльн" учун бугунги ғалаба уларнинг турнир жадвалига ўрнини сақлаб қолишга ва 6-поғонада бораётган "Айнтрахт"ни узоққа қочириб юбормасликка хизмат қилади. "Вердер" эса хавфли зонадан имкон қадар узоқроққа қочишга интилмоқда. Александер Нури бошчилигидаги бременликлар ғалабали одимларини учта ўйинга чўзиш учун қўлларидан келган барча ишни амалга оширишлари аниқ.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Ушбу жамоалар ҳозирга қадар жами 34 марта дуч келишган. Буларнинг 15тасида "Вердер" ғалабага эришган бўлса, 9 учрашувда "Кёльн" ғолиб чиққан. Қолган 10 ўйин дуранг билан якунланган.
"Вердер" - "Кёльн" (19:30)
"Везерштадион" стадиони.
Бош ҳакам: Вольфганг Штарк.
Аугсбургнинг маҳаллий "Аугсбург" жамоаси Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" клубини меҳмон қилади. Турнир жадвалида 12 ҳамда 13 ўринларни эгаллаб турган жамоалар ўртасидаги ўйинни томошабоп ўтишига ваъда бермаймиз. Чунки Бундеслигада ҳозирча энг кам гол уриш бўйича пешқадамлар қаторида бўлиб турган бу икки жамоанинг мудофаа чизиғи анча заиф. Ҳужум чизиғи эса жорий мавсумда жамоа мухлисларини хурсанд эта олмаяпти. Шу боисдан бу ўйинда ҳар нарса руй бериши мумкин.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
"Аугсбург" ҳамда "Боруссия" жамоалари ҳозирча қадар 10та ўйинда қарама-қарши келишган. "Аугсбург" ҳисобида 4та ғалаба, "Боруссия"да эса 2та. Қолган тўртта ўйин дуранг натижаси билан якун топган.
"Аугсбург" - "Боруссия М" (19:30)
"WWK Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Тобиас Штилер.
Мартин Шмидт қўл остида ўртача мавсумни ўтказаётган "Майнц" жамоаси бу гал ўз майдонида "Гамбург"ни қабул қилмоқда. 14-турдан сўнг 17 очко билан 11-ўринда бораётган "Майнц" учун ҳозирги ҳолатни яхши натижа деб бўлмайди. Еврокубоклар учун курашишни мақсад қилган жамоа учун бу ўйинда "Гамбург"ни енгиб, турнир жадвалидаги мавқеини яхшилаб олиш жуда муҳим. Маркус Гисдол шогирдлари эса ҳозирча атига иккита ғалаба нашидасини суришган. "Гамбург" ҳозирги ҳолатини яхши томонга ўзгартириш ва хавфли ҳудудни тезкорлик билан тарк этиш учун қолган ўйинларда ғалаба қозониши талаб этилади. Бу тўқнашувда ҳар иккала жамоа имкониятлари деярли тенг. "Майнц"нинг ягона устун жиҳати бу учрашувни ўз уйида ўтказаётгани.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Ўтказилган 20 учрашувдан 8тасида "Гамбург"нинг қўли баланд келган. "Майнц" эса 6 ўйинда ғалабага эришган. Қолган 6та баҳсда эса ғолиб номи аниқланмаган.
"Майнц" - "Гамбург" (19:30)
"Опел Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Дениз Айтекин.
Мавсумни жуда хунук бошлаган ва аутсайдерлар қаторида анча вақт ушланиб қолган "Шальке" турнир жадвалида ўзидан тепада турган "Фрайбург" билан тўқнаш келади. Гельзеркирхенликлар муваффақиятсиз сериялардан сўнг ўзларига келиб олишга улгуришганди ва бир қатор ғалабалардан сўнг ўзмавқеиларини тиклаб олишаётганди. Аммо "Шальке" "Лейпциг"га қарши ўйиндан сўнг яна кайфиятни тушириб юборди. Жамоа бир қатор ғалабали сериялардан сўнг яна инқироз кўчаси томон кириб кетмоқда. Маркус Вайнцирль шогирдлари Бундеслигада мана кетма-кет иккита учрашувдан буён майдонни бошлари эгик ҳолда тарк этишмоқда. Бу эса жамоанинг турнир жадвалида энди юқорилашни бошлаган пайтида панд бермоқда. Бугун "Шальке" турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган жамоага қарши тўп суради. Уларда яна бир рақибларидан узиб кетиш учун ажойиб имконият мавжуд. Бироқ "Фрайбург" жамоаси бунга кўнадими йўқми, мана масала қаерда. Кристиан Штрайх жамоаси кетма-кет муваффақиятсизликдан сўнг аста-секин яна ўз ўйинини топиб бормоқда. Жамоа узлуксиз мағлубиятлардан сўнг ниҳоят ўзига келиб олди. "Фрайбург" охирги иккита ўйинда битта дуранг ва бир ғалабага эришди. "Велтинс-Арена"да "Шальке"га ҳам, "Фрайбург"га ҳам осон бўлмаслиги аниқ.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
"Шальке" ва "Фрайбург" жамоалари жами 32 марта тўқнаш келишган. Гельзеркирхенликлар 14 ўйинда ғалаба қозонишган бўлса, "Фрайбург" 12 учрашувда ғолиб бўлган. Қолган 6та беллашувда эса дуранг қайд этилган.
"Шальке" - "Фрайбург" (19:30)
"Велтинс-Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Мануэль Грефе.
Куннинг охирги тўқнашуви "Вольфсбург" ҳамда "Айнтрахт" жамоалари ўртасида кечади. Бу жамоалар бу йили ўрин алмашишгандек. Одатда "Вольфсбург" жамоаси етакчиларга бош оғриқ тақдим этишга уринар, "Айнтрахт" эса асосан турнир жадвалининг ўрта ва пастки қаторларида рақиблари билан ўрин алмашиб юрарди. Бу йили эса бошқача. Аксарият ўйинларда "Айнтрахт" фаворит мақоми остида, "Вольфсбург" аксинча аутсайдер сифатида майдонга тушмоқда. Таркиб жиҳатдан яхшигина танлов ва ижрочиларга эга бўлган "бўрилар" бир жамоа бўлиб ҳаракатланишда келганда оқсашмоқда. Натижада эса жамоанинг ўйини ва натижалари тобора пастлашиб кетмоқда. Тўплар нисбатига кўра хавфли зонадан бир поғона тепада турган "бўрилар" исталган вақтда расман аутсайдерлар ўрнини тўлдириб қўйиши мумкин. "Айнтрахт" эса айни пайтда ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этадиган ўринлар учун кураш олиб бормоқда. Нико Ковач Франкфуртда ажойиб жамоани шакллантираётганига турдан-турга гувоҳ бўлмоқдамиз. «Фольксваген-Арена»да бугун кескин курашларга бой ва шиддаткор футбол гувоҳига айланамиз.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Ушбу жамоалар жами 28 марта ўзаро куч синашишган. "Волфьсбург" жамоаси ҳисобида 13 ғалаба мавжуд. "Айнтрахт" эса 5 бор ғолиб бўлган. Жамоалар 10та беллашувда муросага келишган.
"Вольфсбург" - "Айнтрахт" (22:30)
"Фольксваген Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Феликс Брих.
Comments