Latest news

01:48"Ал Шабаб" "Милан" футболчисини 14 млн евро эвазига харид қилишга тайёр, аммо...  1 01:21"Милан" сардори "Галатасарой"ни рад этди. Турк клуби ҳимоячига "Милан"дагидан кўпроқ маош таклиф қилганди  0 00:51"Комо" Рафаэль Вараннинг трансферини эълон қилди  2 00:22"Жирона" "Тоттенхэм" форвардини ижарага олиш бўйича келишувга эришди  0 23:51"Манчестер Юнайтед" яқин вақтларда Санчонинг тақдирини ҳал қилади  0 23:21"Барселона" собиқ футболчиси "Ювентус"га ўтишга яқин  0 22:55Мбаппесиз: "Реал" АҚШдаги турне учун таркибини эълон қилди  2 22:31"Реал" 2025 йилда Трент ва Дэвис билан текинга шартнома имзолаш устида ишламоқда  4 22:06"Галатасарой" 22 млн еврога РПЛдан ўйинчи харид қилади?  0 21:23"Челси" "Реал" посбони билан шартнома имзоламайди  5 20:56Сержи Роберто "Аякс"га ўтиши мумкин. У "Барса"дан эркин агент мақомида кетади  0 20:31МЮ 25 млн евро эвазига Мазрауининг ўтиши борасида "Бавария" билан келишувга эришди  1 20:04"Атлетико" "Вильярреал" форвардига қизиқмоқда  0 19:32"Тоттенхэм" кореялик ўйинчини трансфер қилди  3 19:07Расман: "Шабаб Ал Аҳли" Азмуннинг трансферини эълон қилди  15

«Боруссия»: Ўйин кунидаги тартиб News

«Боруссия»: Ўйин кунидаги тартиб

Савол: Дормунднинг «Боруссия» клубида ўйин куни қандай ишлар амалга оширилишини биласизми? Муайян учрашувни ташкиллашда қанча ишчи-ходим, волонтёр ва масъуллар иштирок этишларини-чи?

Клуб менежерлари улар билан қандай ҳамкорлик қилишади? Қай йўсинда ўйин арафасидаги барча ишларни сифатли, қизиқарли, қувноқ ва масъулиятли тарзда бажариш мумкин? Буларни билиш учун «Боруссия» клубининг кун тартиби билан танишиб чиқиш керак. Шуниси аниқ, немис жамоасидан ўрганса бўладиган жиҳатлар талайгина...

Дормундликлар иштирокидаги ўйин арафасида кўпчилик ходимлар  тўпланадиган илк жой - стадионнинг қулай, аммо мухлислар назаридан четда жойлашган волонтёрлар хонаси. Бу жой ҳақида кўпчилик умуман тасаввурга эга ҳам эмас. Столлар дид билан териб чиқилган мазкур хонада турли ичимликлар тарқатиладиган кичик бар ва фақат «Боруссия»гагина хос сариқ-қизғиш либослар учун махсус шкафчалар бор. Учрашув бошланишига роппа-роса 3 соат қолганида, бу ерда кўплаб инсонларни учратасиз. Кимдир «Кола» ёки минерал сув симираётган, бошқа биров тегишли кўрсатмаларни қунт билан тинглаётган бўлади. Икки томондаги деворга маҳкамланган телевизорларда эса, аввалги ўйин вазиятлари намойиш қилиняпти...

Эшикларга оҳанграболи тахталар осилган. Ушбу улкан тахталарда стадионнинг секторлар бўйича чизмаси тасвирланган. Кейинроқ, ишлар барчага тақсимлангач, ҳар бир волентёрнинг сурати унга ажратилган ҳудудлар бўйлаб жойлаштириб чиқилади. Айтганча, кўнгиллиларнинг стадиондаги вазифаларини ранглар бўйича - яшил, сариқ, кўк, қизил, оқ тусдаги махсус белгилардан билиб олиш мумкин. Клуб ходимларига битта ўйинда ўртача 100 нафарга яқин волонтёр ёрдам беради. Дортмунд футболида волонтёрлик бўйича ишлар 2006 йили, яъни  Германия мезбонлик қилган жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг йўлга қўйилган. Табиийки, «Боруссия» волонтёрлари ҳам ўз хизматлари учун маош олишмайди. Лекин клубнинг оригинал либослари билан тақдирланишади, шунингдек, жамоанинг уй учрашувларини текинга томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Муҳими, «Боруссия»нинг волонтёрлик хизматида ишлаётган ҳар бир инсон клубни ўзгача меҳр билан севади. Қолаверса, ҳар бир волонтёрда асосий касби ёки иши ҳам бор. Мисол учун, ўзини гид сифатида таништирган Соня исмли қизалоқ кундалик ҳаётда ижтимоий соҳада фаолият юритади. Мазкур ҳолат кўпчилик учун табиий ҳол: Сонянинг оиласи узоқ йиллардан буён айнан «Боруссия»га мухлислик қилади, қизгинанинг ўзи эса волонтёрлик туфайли Лондонда «Бавария»га қарши кечган ЧЛ финалини бевосита стадионда кўриб қайтиш бахтига муяссар бўлди.

Волонтёрларга ўйин куни иш керагича топилади. Зеро, 80 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган «Сигнал Идуна Парк» стадиони доимо мухлислар билан тўлади. Тўғри, бу кўрсаткич фақат ички чемпионат баҳсларига хос. Негаки, еврокубоклар доирасидаги ўйинларни тик туриб томоша қилиш мумкин эмас - бу  УЕФА томонидан тақиқланган. Шу боис, фан-секторнинг бундеслигага хос 25 минглик «оқими» 12 мингга камаяди. Табиийки, ушбу тақиқ оқибатида клуб бир неча минг евродан маҳрум бўлади, лекин ҳозирча вазиятдан чиқиб кетишнинг бошқа иложи йўқ. Ҳа, тик туришга мўлжалланган фан-секторни ўриндиқлар билан жиҳозлаб, муаммони бутунлай бартараф этиш  ҳам мумкин. Аммо бу вариант «Боруссия» мухлисларига маъқул келмайди. Дортмундда эса фан-клуб фикри доимо инобатга олиб келинган. Умуман олганда, «Боруссия» фан-клубининг 3та йирик ультра-гуруҳи мавжуд бўлиб, уларга аъзо аксарият мухлислар барчага маълуму машҳур 12-сектордан жой олишади. Энг ашаддий фанатлар ўйин вақти қўлларига овоз кучайтирувчи жиҳозларни тутиб олганча «Сигнал Идуна Парк»ка ўзгача жозиба бағишлашади.

Юқорида таъкидланганидек, қитъа миқёсидаги ўйинлар чоғи 12-сектор эгалари, яъни энг фаол мухлислар армиясининг тенг ярми жойсиз қолиб кетади. «Боруссия»да бу муаммони ҳал қилиш учун ажойиб йўл танланган. Яъни еврокубок ўйинларида жамоага «иш стажи» юқори фанатлар ишқибозлик қилишади. Бошқача айтганда, фан-клубга анча йиллардан бери мунтазам аъзо бўлиб келаётганларгагина шундай бахт насиб этади. Эътиборлиси, бу ўринда гап қандайдир 5 ёки 10 эмас, 20 ва ундан ортиқ йилдан буён клубга ишқибозлик қилиш ҳақида бормоқда. Хуллас, «Боруссия» иштирокидаги бирор-бир ўйинни кўриш учун шунчаки, Дортмундга бориб, «Сигнал Идуна Парк»ка кириш осон эмас. Негаки, умумий сиғимнинг 65 фоизи, яъни 55 минг ўрин мавсумий абонементлар билан аллақачон банд қилиб қўйилган. Аслида шу абонементни харид қилиш ҳам катта бир муаммо. Ёзда абонементларнинг 18 минг донаси эркин сотувга чиқарилади ва уларни қўлга киритиш учун стадион кассаларида узундан-узоқ навбат кутилади. Стадиондаги қолган ўринлар эса фан-клуб аъзолари, ҳомийлар ва меҳмонларга тақсимланади.

 Медиа-ҳудудга кириш жойи «Боруссия» афсоналари суратлари билан безатилган. Улар орасида Штефан Шапюиза, Михаэль Цорк ва бразилиялик ажойиб иқтидор соҳиби Деде суратларини кўриш мумкин. Табиийки, медиа-ҳудудда осиёлик журналистлар ўзлари учун бош қаҳрамон саналган Шинжи Кагава билан суҳбатлашишга интилишади. «Боруссия» медиа-ҳудудида бўлган журналистларга яхши маълумки, жамоа устози Томас Тухель босма нашрлар - газета ва журналларга деярли интервью бермайди. Шунга қарамай, Тухель - журналистлар учун ажойиб топилма. Мисол ўрнида битта воқеани келтириб ўтиш жоиз: «Боруссия» ўтган мавсум «Дармштадт» устидан ғалаба қозона туриб, сўнгги лаҳзаларда ютуқни қўлдан чиқариб қўйди. Томас эса ўйиндан кейинги матбуот анжуманида барчаси ҳақида хотиржам фирк билдирди. Дейлик, Клопп даврида бундай эмасди. Чунки ҳиссиётларга ўта берилувчан Юрген мағлубиятли ўйинлардан сўнг йўлида учраган кишига ташланиб, муваффақиятсизликда айнан уни айблаб қолиши ҳеч гап эмасди. Медиа-ҳудудга перпендикуляр равишда жойлашган йўлак эса чимли майдонга олиб чиқади. Айтишларича, «Сигнал Идуна Парк»нинг майдон билан туташган ушбу мўъжаз йўлакчаси бундеслигада энг яхшиси экан. Тоннелнинг нимқоронғу манзараси телевидение ходимлари учун чинакам бош оғриқ эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Бироқ бу муаммо ҳозирча «Боруссия»ни ташвишга солмаяпти. Сабаби, ушбу қоронғу йўлак бўйлаб 80 минг нафар мухлис қаршисига чиқадиган ҳар бир футболчи ўзида ғоят кучли руҳий қувват ҳиссини туяди.

Клубнинг ижтимоий тармоқлар - «Фейсбук», «Твиттер», «Инстаграм» йўналишидаги саҳифалари устида кунига 5-10 нафар ходим тинимсиз меҳнат қилади. Энг муҳими, ҳаттоки, шу соҳада ҳам «Боруссия» ўз қарашларига эга. Мисол учун, яқинда дортмундликларнинг Германиядаги энг ашаддий рақибларидан бири - «Ред Булл Лейпциг»га қарши кечган ўйинда «Боруссия» модераторлари рақиб жамоанинг интернет-манзиллари ҳақида ахборот беришдан бош тортишди: «Бундеслигада 17та одатий ва битта бошқаларга умуман ўхшамайдиган жамоа иштирок этади. Биз ушбу клуб манзилларини атайин ҳавола қилмадик. Негаки, тармоқларимиздаги обуначиларнинг мисли кўрилмаган даражада кўплигини инобатга олсак, бу рақиб томон учун яхшигина реклама сифатида хизмат қилади. Биз эса бундай бўлишини асло истамаймиз». Шунақа, бу - «Боруссия»...

Энди эса матбуот марказига тўхталсак. «Боруссия» иштирокидаги ҳар бир ўйинни ёритиш учун стадионга ўртача ҳисобда камида 50 нафар журналист ташриф буюради. Матбуот марказига кираверишда мухбирлар ўйин олдидан ўз тахминларини ёзиб қолдиришлари учун махсус тахта жойлаштирилган. Дейлик, «Дармштадт»га қарши ўйин олдидан қайсидир журналист (меҳмонлар ишқибози бўлса керак) «Боруссия» 7:1 ҳисобида ютқазишини башорат қилибди. Нима дердик, у ҳисобдаги фарқни тўғри топган, ҳарқалай (бу ўйинда дортмундликлар рақибни шунчаки, «янчиб» ташлагандилар).

Яна бир муҳташам хона - матбуот анжуманлари учун мўлжалланган зал. Агар кимдир мураббий ёки футболчига савол беришни истаса, махсус тугмачани босади. Клуб медераторлари эса шу заҳоти ўша журналист қаршисидаги микрофон овозини кучайтиришади ёки бутунлай ўчириб қўйишади.

«Сигнал Идуна Парк»даги одатий ўйинларда 7-8та телекамерадан фойдаланилади. Дортмундда Юрген Клопп ва унинг бошқарувидаги  «Ливерпуль» меҳмон бўлган куни эса телекамераларнинг умумий сони нақ  28тадан ошиб кетди.

Энди мақолага қўшимча сифатида «Боруссия»нинг тижорат ишларига масъул саналган Бенедикт Шольцнинг баъзи фикрларини келтириб ўтамиз:

Клуб танлаган йўл ҳақида


- Шубҳасиз, ҳар қандай жамоа равнақида тижоратнинг ўрни ғоят улкан. Лекин бу масалада ҳам ўзига хос қарашларга эгамиз. Мисол учун, биз Англия клублари сингари битта рекорд ортидан иккинчисини ўрнатишга ошиқмаймиз. Чунки «Боруссия» дейлик, «Челси» ҳам, «Манчестер Юнайтед» ҳам эмас. «Боруссия» - ишчилар синфига тегишли клуб ва у фақат чипталар сотувигагина умид қилиши мумкин. Биз учун халқ, яъни ишқибозларга яқинлашиш муҳимроқ саналади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: аслида дунё тан олган брендлар билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин эди, аммо бунинг ўрнига Brinkhoff~s савдо белгисини танлаганмиз. Чунки у Дортмундда ишлаб чиқариладиган маҳаллий пиво брендидир. Бошқача айтганда, «ўзимизники».

Гётценинг қайтиши ва Хуммельс ҳамда Левандовски трансферлари ҳақида


- Гётце ёзуви босилган футболкалар энг кўп сотиладиган либосларнинг кучли учлигида туради. Хуммельс масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ - у аслида «Бавария» тарбияланувчиси. Левандовски эса бошиданоқ ўз режаларини  маълум қилган эди. Муҳими, у шартнома охиригача ҳақиқий профессионаллар каби сидқидилдан ўйнади.

FIFA 17 муқовасига тушган Марко Ройс ҳақида

- FIFA масаласига келсак, бу ерда ҳеч нарса бизга боғлиқ эмас. Муқовага Ройснинг сурати танлангани - аслида футболчининг меҳнатлари маҳсули. Шунинг баробарида бу жамоамиз учун ҳақиқий реклама эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Бу ўринга даъвогарлар рўйхати 5 нафар футболчидан иборат эди. Гап кимлар ҳақида кетаётганини ўзингиз яхши тушуниб турибсиз... Дарвоқе, биз Pro Evolution Soccer ўйини орқали Осиё бозорига ҳам кириб боряпмиз. Konami билан ҳамкорлик туфайли эса жамоа либоси, футболчилар ва «Сигнал Идуна Парк»ни бутун дунё таниди.

Хуллас, «Боруссия»да ўйин арафасида ана шундай қизғин ишлар кузатилади. Асосийси, юқорида тилга олинган воқеликлар Дортмундда одатий юмушга айланган. Бу борада «Боруссия»га фақат ҳавас қилиш мумкин.

И.Раҳимов тайёрлади

Rating: +7   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика