Биринчи лига. 5-тур олдидан кимда имконият қандай?
25 apr 2016 12:29
News
Биринчи лига. 5-тур олдидан кимда имконият қандай?
5-тур. 25 апрель (душанба)
16:00. “Ёзёвон-Лочинлари” – “Локомотив-БФК”. Имконият 50х40.
Мазкур беллашувда ғалабага бўлган имконият тенгдек кўринмоқда. Ёзёвонликлар бугун ўз майдонида ғалаба қозониш учун жиддий курашади. Ўтган турдаги аламли мағлубиятдан сўнг футболчилар бугун уч очко олий истагида астойдил харакат қилади. Таркиб бўйича олий қарайдиган бўлсак, “Локомотив-БФК” кучлироқ. Боиси “темирйўлчилар” таркибида таниқли номлар харакат қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Ушбу жамоаларнинг ўтган йилги тўқнашувида 2:2 ҳисоби қайд этилганди.
16:00. “Норин” – “Хотира-79”. Имконият 60х40.
Наманган вилояти дербисида шубҳасиз мезбонларнинг ғалабага бўлган имконияти юқори. Ҳаққулободликлар ўтган турда “Зомин”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб қайтганди. Шу боис уларда ҳозир руҳий тайёргарлик ҳам кўнгилдагидек. Лекин бугунги ўйин дерби мақомидаги учрашувдир. Биласиз дербида кескин ва муросасисз кураш кечади. Уйчиликлар ҳам табиийки очко жамғариш ниятида ташриф буюради. Ушбу жамоалар тарихда илк маротаба куч синашмоқда.
16:30. “Цементчи” – “Оқ-тепа”. Имконият 60х40.
Турнинг марказий ўйинида мезбонларнинг ғалабага бўлган имконияти юқорироқ. Чунки қувасойликлар ўз майдонида ўйнайди. Ишқибозларнинг далдаси ҳам уларга қўшимча куч бағишлаши турган гап. Тўғри, “Оқ-тепа” таркибида етакчи ижрочилар етарлича топилади. Аммо улар бугун барибир сафарда ўйнайди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Қувасойда “Цементчи” бугунги рақиби “Оқ-тепа”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этишни уддасидан чиққанди.
16:30. “УзДонгЖу” – “Косонсой”. Имконият 60х40.
Кўпинча “УзДонгЖу” ўз майдонидаги учрашувларда ғалаба қозонади. Бугунги баҳсда ҳам “бўёқчилар”нинг имконияти юқори дейиш мумкин. Ўтган турда “Динамо”дан учралган аламли мағлубиятдан кейин андижонликлар бу сафар ўз майдонида ютиш учун астойдил харакат қилиши табиий. Лекин косонсойликла ҳам қараб турмаса керак. Ўтган йили ушбу жамоаларнинг Андижондаги тўқнашувида мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
26 апрель (сешанба)
17:00. “Орол” – “Зомин”. Имконият 50х50.
Ушбу баҳс ҳам қизиқарли кечса керак. Чунки нукусликларни ғалабадан бошқаси қониқтирмайди. “Зомин”нинг айни дамдаги холати эса ҳавас қилгудек эмас. Шу боис ҳар икки жамоага ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Ўтган йили зоминликлар сафарда “Орол”ни 1:0 ҳисобда мағлуб этиб кетганди.
17:00. “Хоразм” – “Динамо”. Имконият 50х50.
Сафарда унчалик ҳам омади чопмаётган “Динамо”нинг ҳақиқий кучи ушбу турда билинади десак муболаға бўлмайди. Ўтган турда самарқандликлар “УзДонгЖу”ни пенальтидан киритилган гол эвазига мағлуб этганди. Кўрамиз бу сафар улар Урганчда ҳам ғалаба қозона олармикин. Жамоанинг ашаддий ишқибозлари шу йилнинг ўзидаёқ “Динамо”ни яна элитага қайтишини истамоқда. Урганчликларда молиявий муаммолар бўлишига қарамай футболчилар ҳар бир учрашувда очко жамғариш мақсадида астойдил харакат қилаётганини эътироф этиш лозим. Улар энди ўз уйида “Динамо”ни мағлуб этиш учун жиддий курашади.
16:00. “Нурафшон” – “Ғиждувон”. Имконият 60х40.
Эртага Бухорода ҳам дерби бўлиб ўтади. Мазкур тўқнашувда сўзсиз мезбонлар фаворит. “Нурафшон” олий лигага чиқиш учун курашмоқда. “Ғиждувон”нинг мақсади эса рақибиникидан кескин фарқ қилади. Қолаверса ўйин “Нурафшон” майдонида кечади. Ҳар томонлама улар фаворит. Лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Эхтимол ғиждувонликлар сенсация қайд этар. Ушбу жамоалар тарихда биринчи бор тўқнаш келади.
27 апрель (чоршанба)
16:30. “НБУ-Осиё” – “Машъал-2”. Имконият 50х50.
“Банкирлар” ўз уйида осонликча очко улашиб юборадиган жамоа эмас. Доимо етакчилар қаторида юришга интиладиган “НБУ-Осиё” табиийки ғалаба илинжида майдонга чиқади. Лекин муборакликлардан ҳам ҳар нарса кутиш мумкин. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Тошкентда кечган баҳсда Руфат Акрамхўжаев шогирдлари 3:1 ҳисобида “газчилар”ни мағлуб этганди. Эътиборлиси жорий мавсумни ҳам тошкентликлар таркибида ўтказаётган тажрибали Музаффар Умрзоқов ўтган йилги тўқнашувда дубл қайд этганди.
16:00. “Пахтакор-2” – “Насаф-2”. Имконият 55х45.
Икки фарм клуб ўртасида кечадиган баҳсда мезбонларнинг ғалабага бўлган имконияти бироз юқори. Аммо “Насаф-2” жамоаси ҳам сафардан камида бир очко билан қайтиш мақсадида келади. Ёдингизда бўлса, ўтган йили нурсиз дуранг қайд этилганди.
Comments