Биринчи лига. 4-тур ўйинларида кимда имконият қандай?
20 apr 2016 10:15
News
Биринчи лига. 4-тур ўйинларида кимда имконият қандай?
4-тур. 20 апрель (чоршанба)
“Косонсой” – “Цементчи”. Имкониятлар 45х55
Мазкур водий дербиси қизиқарли ўтиши шубҳасиз. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба мақсадида чиқади. Бу борада имконият кўпроқ қувасойликлар томонда дейиш мумкин. Чунки уларнинг таркиби бу йил яхши шаклланган. Лекин “Косонсой”га ҳам уч очко зарур. Боиси ўтган турда улар ўз уйида “Ёзёвон-Лочинлари” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Қувасойликлар ҳам ўтган турда икки очко йўқотган. Эслатиб ўтамиз ўтган йили ушбу жамоалар ўртасида Косонсойда кечган баҳсда 2:2 ҳисоби қайд этилганди.
“Хотира-79” – “Ёзёвон-Лочинлари”. Имкониятлар 55х45.
Уйчида кечадиган баҳсда мезбонларнинг ғалабага бўлган имконияти бироз юқоридек. Чунки ўтган турда улар “Цементчи”га ҳам мағлуб бўлмади. Бундан кўриниб турибдики, Рустам Дўрмонов “Хотира-79”ни курашчан жамоа сифатида шакллантира олган. Шу боис бугунги учрашувда ҳам мезбонлар ғалаба қозонса керак деган тахмин бор. “Ёзёвон-Лочинлари”га бироз тажриба етишмаяпти. Аммо Исломбек Исмоилов шогирдлари ортда қолган учта ўйинда икки очко жамғара олди. “Динамо” ва “Косонсой”га қарши баҳсларда қайд этилган дуранг футболчиларга қайсидир маънода бугунги учрашувда ҳам руҳий устунлик бағишлаши мумкин. Жамоаларнинг ўтган йили Уйчида ўтказган баҳсида нурсиз дуранг қайд этилганди.
“Зомин” – “Норин”. Имкониятлар 60х40.
Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади деган гап. Зоминликларга ўтган тур ўзига яраша дарс бўлди. Энди улар “Норин” билан ўйинда ғалаба қозониш учун астойдил ҳар жиҳатдан тайёргарлик кўрган бўлиши табиий. Ушбу жамоалар тарихда биринчи маротаба учрашади. Бўлажак ўйинда мезбонлар ғалабага яқин. Аммо Равшан Бозоров бошқарувидаги “Норин” ҳам осонликча таслим бўлмаслиги турган гап.
“Динамо” – “УзДонгЖу”. Имкониятлар 55х45
Бу ўйинда ҳам имкониятни кўпроқ “Динамо”га бердик. Чунки самарқандликлар барибир мезбон. Қолаверса таркибида етакчи ижрочилар талайгина топилади. Илҳом Шарипов шогирдлари ҳар қандай вазиятда ҳам ўз уйида ютқазмаса керак. Яна ким билади дейсиз. “УзДонгЖу” ҳам имкон қадар очко йўқотмасликка уриниши аниқ. Ушбу жамоалар 2008 йили олий лигада тўқнаш келганди.
“Машъал-2” – “Хоразм”. Имкониятлар 60х40.
Муборакликлар шубҳасиз фаворит. Чунки “Машъал-2” футболчилари ўз уйида илгари пешқадамларни ҳам мағлуб эта олган. Ўз уйида осонликча таслим бўлмайди. “Хоразм”да бир қанча муаммолар борлигидан хабардормиз. Бундай пайтда уларнинг сафарда ғалаба билан қайтишига ишониш қийин. Лекин шуни айтиш лозимки, ўтган йили Муборакда кечган баҳсда урганчликлар Мирзо Қурёзовнинг ягона голи эвазига уч очко билан қайтиб кетганди.
“Насаф-2” – “Орол”. Имкониятлар 50х50.
Қаршида кечадиган баҳсда ҳозирча имкониятлар тенгдек. Тўғри, “Насаф-2” ўтган йили ўз уйида “Орол”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган. Аммо бу йил нукусликлар ўзгача тайёргарлик билан келиши мумкин. “Орол”футболчиларини фидоий деб аташ мумкин. Гарчи ойлик маош нима эканлигини билишмасада, майдонга чиққанида жон қойитиб ўйнашларига қойил қолмасдан илож йўқ. Уларда Қорақалпоғистонга бўлган садоқат кучли.
21 апрель (пайшанба)
“Локомотив-БФК” – “Ғиждувон”. Имкониятлар 55х45.
Ҳар икки жамоа ҳам ўтган турда 3:0 ҳисобида мағлуб бўлганди. Шу боис эртанги баҳсда жамоалар очко йўқотмасликка уриниши аниқ. Мезбонларда ғалабага бўлган имконият нисбатан юқори. Лекин ғижувонликлар ҳам қараб турмайди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Тошкентда кечган учрашувда “Локомотив-БФК” эртанги рақиби бўлмиш “Ғиждувон2ни 6:1 ҳисобида таслим этганди.
“Оқ-тепа” – “Нурафшон”. Имкониятлар 50х50.
Шубҳасиз турнинг марказий учрашувидир. Ушбу жамоалар тарихда биринчи бор тўқнаш келмоқда. Ҳар иккиси ҳам ўтган туда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Эртанги ўйинда бу қайси жамоага қандай таъсир қилишини вақт кўрсатади.
Исломбек Рустамбеков
Comments