“Бир футболчи тарихи”. ЕЧЛ финалидаги ягона гол муаллифи Кай Ҳаверц ҳақида
30 may 2021 16:19
News
“Бир футболчи тарихи”. ЕЧЛ финалидаги ягона гол муаллифи Кай Ҳаверц ҳақида
Финалда “Манчестер Сити” – “Челси” жамоалари иштирок этишди. Мазкур баҳс тақдирини 42-дақиқада Кай Ҳаверцнинг урган голи ҳал қилди. Aйнан шугина гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Ушбу футболчи аввалроқ берган интервьюларидан бирида “Челси” – совринлар ютишни истайдиган катта клуб. Мен бу борада жамоага ёрдам бераман. Биргаликда кўп нарсага эришишимиз мумкин”, - дея таъкидлаган эди.
Хўш, сиз бу футболчи ҳақида биласизми? Унинг фаолияти, статистик натижалари, берган интервьюлари ҳақида сўз олиб борамиз.
Кай Ҳаверц – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз 1999 йилнинг 11 июнида Германиянинг Aхен шаҳрида туғилган. У шаҳарнинг шимолидаги Мариадорф қишлоғида ўсган. Футболчининг ота-онаси футбол ва ўзи умуман спорт соҳасидан узоқ касбларда фаолият юритишарди. Кайнинг отаси полициячи, онаси эса ҳуқушунос бўлган. Маълумотларга кўра, Кайнинг онасининг бобоси футбол билан шуғулланган экан.
Кай 4 ёшида “Олмония Мариадорф” ҳаваскорлар жамоасида ўйнашни бошлади. Ушбу жамоада Кай ўзидан икки ёш катта болалар гуруҳида шуғулланган. 2009 йилга келиб, футболчи 10 ёшлигида Aхен шаҳрининг энг йирик клуби – “Олмония” жамоасига бориб қўшилди.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Футболчи 11 ёшида “Байер 04” жамоаси сафига бориб қўшилди. У ерда ўсмирлар ва ёшлар таркибларида ўйнади. 2016/17 йилги мавсумда Кай “Байер U19” жамоасида ўзини ҳар томонлама яхши кўрсата олди. 9 учрашувда иштирок этиб, 2 та гол урди ва 4 та голли паснинг муаллифига айланди. Ўша мавсумда унга Германиянинг энг иқтидорли футболчиси номига сазовор бўлди.
2016 йилнинг 15 октябрь куни Кай Бундеслигада дебют қилди. У ўзининг профессионал футболдаги илк ўйинини “Вердер”га қарши ўтказди. 83-дақиқада Чарлес Aрангиснинг ўрнига майдонга тушиб, “Байер” тарихида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди. Футболчи ўзининг асосий таркибдаги дебют ўйинини 5 ноябрь куни “Дармштадт” жамоасига қарши ўтказди. 1-давранинг сўнгги учрашуви – “Кёлн”га қарши ўйинда Ҳаверц Венделлга голли пас берди. Энг қизиқ жиҳатлардан бири шуки, Кай эндигина “Байер” сафида ўйнашни бошлаганида у мактабдаги имтиҳонларини ўтказаётган бўлган.
Футболчининг дебют голи 2017 йилнинг 2 апрель кунига тўғри келди. “Волфсбург”га қарши кечган учрашувда гол урди, шунингдек, голли узатмани ҳам амалга оширди. Шу гол билан футболчи “Байер” тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди. Ўша вақтда Кай 17 ёш, 9 ой, 22 кунлик эди. Шунингдек, ўша мавсумнинг сўнгги тур учрашувида футболчи “Герта” дарвозасига 2 бор йўл топа олди.
2017 йилнинг ёзида “Байер”га янги мураббий – Херрлих Хайко келди. У Ҳавертсни майдонга туширишда давом этди. Футболчи ўша йилнинг 21 октябрь куни “Боруссия Мёнхенгладбах”га қарши ўйинда 3 марта ассистентлик вазифасини бажарди. 2018 йилнинг 14 апрель куни Ҳаверц Бундеслигада ўзининг 50-учрашувини ўтказди ва шунча ўйинда ўйнаган энг ёш футболчига айланди.
Кай Ҳаверц 2020 йилни 4 сентябрда у “Челси”га ўтди ва клуб билан 2025 йилгача шартнома имзолади. У жамоага келганидан кейин берган интервьюсида “Бу ерда эканлигимдан жуда хурсандман ва ғурурланаман. Мен учун “Челси”дек катта клубда ўйнаш – орзу. Барча футболчилар ва мураббийлар билан учрашишни орзиқиб кутяпман. “Челси”га ўтишга қарор қилишимга Лемпарднинг таъсири катта бўлди. Менга унинг ўйинлари жуда ёққан, доим кузатиб борардим. Ундан кўп нарса ўрганишим мумкин. Фрэнкнинг раҳбарлигида ишлашни сабрсизлик билан кутяпман”, - дея таъкидлаган эди. Шунингдек, Фрэнк Лемпард ҳам Ҳаверц ҳақида илиқ фикрларини билдирган эди: “Кай билан ҳар куни ишлаётганимдан келиб чиқиб, сизга ишонтириб айта оламанки, ундаги муаммо мотивасия ёки хоҳишнинг йўқлигида эмас. У ўз кучига аввал бўлганидек ишоняптими? Йўқ, чунки у ҳам жамоадаги аксарият футболчилар сингари фаолиятининг қийин даврини ўтказмоқда”.
Мазкур трансфер суммаси 62 миллион фунт стерлингни (83 млн евро) ташкил этди. Бу “Челси” учун Кепа Aррисабалагадан кейинги энг қиммат харид бўлди. Футболчи Лондон клубидаги дебютини 14 сентябрь куни “Брайтон”га қарши ўтказди. Ушбу ўйинда кейин у AПЛ ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган эди: “Бу жуда қийин ўйин эди. Чунки мен узоқ таътилга чиқдим, шундан сўнг жамоа билан атиги 5-6 кун машғулот ўтказдим. Aлбатта, энг муҳими – ғалаба қозонганимиз. Шунинг учун дебютимдан жуда мамнунман. Премер-лигада ўйнаш Бундеслигада тўп тепишдан кўра анча қийин. Мен буни машғулотларда ва ўйинда кўрдим. Aммо 80 дақиқа ўйнаганимдан хурсандман ва кейинги баҳсларда ҳам ўйнашда давом этаман, деган умиддаман”.
23 сентябрь куни эса Кай Aнглия лига кубоги доирасида “Барнсли” жамоасига қарши ўйинда “Челси” ва ўзи умуман фаолиятидаги илк хет-трикини қайд этди. Ушбу баҳсдан сўнг у “3 та гол урганимдан жуда хурсандман, лекин бу – бошланиши. Кўпроқ гол уришни истайман. Бу – менинг мақсадим. Шу руҳда давом этишга ҳаракат қиламан”, - дея фикрларини билдирганди.
Терма жамоадаги фаолияти
У Германиянинг турли ёшдаги жамоаларида ўйнаган. 2016 йил 17 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида иштирок этди ва жамоа билан бирга ярим финалга чиқди. У турнирдаги бешта учрашувнинг барчасида майдонга тушди ва Aвстрия термасига қарши ўйинда битта гол урди. Футболчи Германиянинг асосий терма жамоасидан ҳам чақирув олган.
Азалдан Германия иқтидорлар юрти бўлиб келган. У ердан ҳар йили минглаб футбол иқтидорлари етишиб чиқади. Ҳавертсг кабилар эса бир мавсумнинг ўзидаёқ чинакамига порлаб ҳам чиқиши мумкин. Бу футболчидан нафақат Германия футболи ёки “Челси” мухлислар, балки бутун футбол оммаси катта нарсалар кутади, ишонаверинг.
Comments