“Бир футболчи тарихи”. 19 ёшида ота бўлган Фил Фоден ҳақида
11 feb 2021 12:53
News
“Бир футболчи тарихи”. 19 ёшида ота бўлган Фил Фоден ҳақида
“Манчестер Сити”нинг ярим ҳимоячиси Фил Фоден ўзининг ҳаракатлари билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига торта олди. Бугун биз ушбу футболчи ҳақида ёзишга қарор қилдик.
Фил Фоден – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз 2000 йилнинг 18 май куни Aнглиянинг Стокпорт шаҳарчасида дунёга келди. Фил ёшлигидан “Манчестер Сити”нинг мухлиси бўлган. У 4 ёшида айнан “шаҳарликлар”нинг футбол мактабига келиб қўшилди. 2016 йилда футболчи Хосеп Гвардиола мураббийлиги остида ЕЧЛ дориасидаги ўйинда илк бор қайдномага киритилган.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Фоден “Манчестер Сити”даги дебют ўйинини 2017 йилнинг 21 ноябрь куни Чемпионлар лигаси доирасида “Фееноорд”га қарши ўйинда ўтказди. Ўша баҳсда у Яя Туренинг ўрнига майдонга тушди. Шу орқали Фил Чемпионлар лигасида майдонга тушган энг ёш футболчилари орасида тўртинчи бўлди (17 ёш, 177 кун). Премьер-лигадаги биринчи ўйинини эса 2017 йилнинг 16 декабрь куни “Тоттенхэм”га қарши ўтказди. Ушбу учрашувда ҳам Фоден захирадан майдонга тушди, 83-дақиқада Илкай Гюндоган ўрнига.
2018 йилнинг 5 август куни Aнглия Суперкубоги доирасида “Манчестер Сити” – “Челси” жамоалари ўзаро ўйнашди. Мазкур баҳсда Фоден асосий таркибда майдонга тушди ва Aгуеронинг голига ассистентлик қилди. Жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшиб Aнглия Суперкубоги соҳиби бўлди. Фоден жамоасидаги илк голини 2019 йилнинг 6 январь куни “Ротерем Юнайтед” дарвозасига урди. Шундан сўнг, Фоден “Манчестер Сити”нинг асосий футболчига айлана борди. Бир неча ўйинларда гол ва голли узатмалари жамоада ўрнини топишга ёрдам берди. Хосеп Гвардиола Фоден ҳақида: “Яқин 10 йил ичида Фил “Манчестер Сити”нинг асосий футболчиси бўлади” деган эди.
Фоден Премьер-лигадаги илк ўйинини “Тоттенхэм”га қарши ўтказган эди. Илк голини ҳам айнан “Тоттенхэм”га қарши баҳсда урди. У шу голидан сўнг Мика Ричард ва Даниел Старриждан кейин гол урган учинчи энг ёш футболчига айланди.
Фоден бугунги кунга қадар “Манчестер Сити” сафида 102 ўйинда 25 та гол уришнинг уддасидан чиққан. Гвардиола ўз интервюларининг бирида Фоден ҳақида шундай деган эди: “Ёш футболчилар ҳақида яхши гапларни гапириш хавфлироқ, чунки улар ҳали ёш ва ўсишлари керак. Улар кўп нарсаларни ўрганишлари керак. Биз Фоденнинг потенциалга эга бўлган йигит эканлигига ишонамиз”.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
Фоден Aнглиянинг турли ёш жамоалари таркибида ўйнади. 2017 йилнинг май ойида U-17 сафида УЕФA Европа чемпионатида қатнашди. Мусобақанинг финалида гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Ўша йилнинг октябр ойида U-17 Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди. Футболчи турнирда “энг яхши футболчи” дея топилди. 2019 йилда эса U-21 сафида Европа чемпионатида иштирок этди.
2020 йилнинг 25 август куни Гарет Саутгейт Фоденни илк бор Aнглия терма жамоасига жалб қилади. Дебют ўйинини 5 сентябрь куни УЕФA Миллатлар лигаси доирасида Исландияга қарши ўйинда ўтказади. Терма жамоадаги биринчи голини ноябрь ойида Исландияга қарши баҳсда киритади.
Терма жамоадан ҳайдалгани ҳақида
Фил Фоден ва “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Мэйсон Гринвуд Англия миллий жамоаси сафидан четлатилишди. Ушбу футболчилар миллий жамоа ихтиёрида карантин қоидаларини қасддан бузишган. Қайд этилишича, Исландияга қарши ўйиндан кейин ёш футболчилар миллий жамоа жойлашган меҳмонхонага кўнгилхушлик учун енгил табиатли қизларни чақиришган. Меҳмонлардан бири ижтимоий тармоқда бу ҳақда сурат жойлагач, ёш футболчиларнинг яширин ҳатти-ҳаракати ошкор бўлган.
Ўша воқеадан сўнг "Манчестер Сити" клуби Англия терма жамоаси сафида карантин қоидаларига амал қилганмагани учун четлаштирилган Фил Фоден борасида баёнот берган эди: "Филнинг ҳаракатларини умуман оқлаб бўлмайди. Биз Англия Футбол Ассоциацияси (ФA)нинг жиддий қарорини қўллаб-қувватлаймиз", — деб ёзилади "шаҳарликлар" баёнотида.
Фоденнинг ўзи ҳам бу ҳақида шундай деган: "Мен хатойимни аллақачон тушуниб етгандим. Биз Мейсон билан барчадан узр сўраб чиққанмиз. Лекин фақатгина бу билан кайфиятим жойига туша олмас эди. Мен ўз голларим билан айбимни ювишга ҳаракат килдим ва кеча бунинг уддасидан чиқдим. Бош муррабийимга шунчаки респект. У менинг асабий ҳолатимни ўз вақтида тушунган. Шундан кейин мени Гаретда қарзим бор эди ва голларим билан уни уздим".
Шахсий ҳаёти
Фил Фоденнинг севгилиси Ребекка Кук. Жуфтликнинг бир нафар фарзанди бор. 2019 йилнинг январь ойида уларнинг оиласида ўғил фарзанд дунёга келди.
Фил Фоден иқтидорли футболчи. У ўз ўйини билан “Манчестер Сити”нинг асосий футболчи бўлиб бормоқда. Яқин йилларда ҳозирги даражасидан янада устунроқ ўйнай олишига ишонч комил. “Манчестер Сити” мухлислари қай даражадаги ярим ҳимоячи суюкли жамоаларида ўсиб бораётганини сезаверишсин.
Оғабек Самисов тайёрлади
Comments