"Бельгия чемпионлик йўлида фаворит. Украина ва Шевченко кашфиёт бўлади". Евро-2020 старти арафасида Суперлига мураббийларидан ажойиб баҳс-мунозара
10 jun 2021 15:40
News
"Бельгия чемпионлик йўлида фаворит. Украина ва Шевченко кашфиёт бўлади". Евро-2020 старти арафасида Суперлига мураббийларидан ажойиб баҳс-мунозара
Мусобақа олдидан чемпионатимизда фаолият олиб бораётган Суперлига ва Про лига мураббийларини мусобақа олдидан баҳс-мунозарага таклиф қилдик. Улар турнирда қайси терма жамоага мухлислик қилишлари, кашфиёт терма жамоа ва мураббийлар ҳақидаги фикрларини билдиришди.
Ҳамид Актамов ("Қизилқум" жамоаси бош мураббийи) - Бельгия Европа чемпионати фаворити. Роберто Мартинес бошчилигидаги белгияликлар турнирга жуда яхши тайёргарлик кўрди. Футболчилари ажойиб спорт формасида. Мусобақада уларга мухлислик қиламан. Бельгияга рақобатчи? Фикримча, Италия. Гуруҳ босқичидаги Финляндия, Дания, Россияни осонликча ютади. Барчага ёқимли томоша тилайман.
Ёрқин Назаров ("Андижон" бош мураббийи) - Европа чемпионатида Германияга мухлислик қиламан. Якунда немислар чемпионликни тантана қилади, деб ўйлайман. Турнир кашфиёти? Андрей Шевченко Украина билан кутилмаган совға тақдим қилади.
Жасур Абдураимов ("Металлург" бош мураббийи) - Испания терма жамоасининг мухлисиман. Уларнинг услуби ёқади. Ўлим гуруҳи ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, "Ф" гуруҳида Германия, Франция, Португалия учтаси тенг кучли жамоалар. Венгрия ҳам бўш келмайди. Лекин юқоридаги учта жамоада ҳам кейинги босқичга йўл олиш имкони бор. Германия гуруҳдан чиқа олади. Иккинчи ўринни Португалия ёки Франция эгаллайди.
Александр Хомяков ("Машъал" бош мураббийи) - Европа чемпионатини диққат билан кузатиш режаларимдан ўрин олмаган. Шу боис бирор бир жамоадан хавотир олишга асос йўқ. Фақат битта нарса, Россия терма жамоасини узоқроққа боришни истардим. Бельгия терма жамоасида чемпионлик учун имкониятлар юқори. Мен учун Уэльс сирли жамоа бўлиб қолмоқда. Балки улар яна 2016 йилги Европа чемпионатида бўлгани каби кўпчиликни ҳайрон қолдиришар.
Шуҳрат Мақсудов ("Бунёдкор" бош мураббийи) - Мен одатда Ўзбекистонга мухлислик қиламан. Бевосита Европа чемпионатига келадиган бўлсак, Франция ва Бельгия терма жамоаларида мусобақани ютиш имконияти катта.
Виктор Жалилов ("Навбаҳор" бош мураббийи) - Умуман олганда, бизга собиқ иттифоқ, яъни, Россия ва Украина терма жамоалари яқин. Шу боис, бўлажак Европа чемпионатида мазкур терма жамоаларга мухлислик қиламан. Ушбу жамоалар ўз анъанасига эга ва уларнинг ушбу турнирда муваффақиятли иштирок этишини тилаб қоламан. Таъкидлаш жоизки, кўпроқ Украина футболини ёқтираман. Бунга эса мазкур мамлакатдан кўплаб маҳоратли футболчилар, Олег Блохиндан тортиб, Игорь Беланов, Андрей Шевченкогача бўлган “Олтин тўп” соҳиблари етишиб чиқишгани ҳам сабаб бўлган. Имконият даражасида Украина чемпионатини кузатаман. Айни пайтда ҳам у ерда маҳоратли футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Албатта, имконият даражасида ўйинларни кузатаман. Масалан, Россия термаси ҳимояда кўпроқ 3 нафар, айрим пайтларда эса 4 нафар футболчи билан ҳаракат қилади, яъни ўйин услубини ўзгартириб туради. Украина термаси таркибидан эса кўплаб маҳоратли, шу жумладан, Италия, Германия ва Австрия чемпионатларида тўп сураётган футболчилар ўрин олишган. Мазкур ўйинчилар эса ўз клубларининг етакчилари саналишади. Шу боис, Украина термасининг Европа чемпионатидаги ўйинларини кузатиш қизиқарли бўлади. Башорат қилишни ёқтирмайман. Менимча, Евро-2020 да энг кучли терма жамоа чемпион бўлади (кулади).
Баҳром Ҳайдаров ("Сурхон" бош мураббийи) - Бельгия терма жамоасига мухлислик қиламан. Чунки уларнинг таркиби бир неча йилдан бирга. Ҳар бир турнирда Бельгияда ўсиш кўрмоқдаман. Ҳозирги авлоднинг катта натижа кўрсатадиган пайти келди. Мураббийлар орасидан эса Португалия устози Фернанду Сантушни иш услубини кузатаман. Ушбу мутахасисс турнирда ҳар бир рақибга турлича тактикани қўллаши билан ажралиб туради. Мусобақада Бельгия ва Германия тўқнаш келса жуда қизиқарли учрашув гувоҳи бўлар эдик.
Багуслав Баниак ("Турон"нинг польшалик бош мураббийи) - Польша терма жамоаси ҳам Европа чемпионатида иштирок этади. Дастлабки турда Словакия билан ўйнаймиз. Умуман бу сафарги турнир аввалгиларидан фарқ қилишини кутяпман. Боиси учрашувлар янгича форматда турли шаҳарларда бўлиб ўтади. Польша сафида етакчилар Кшиштёф Пёнтек, Роберт Левандовский, Аркадиуш Миликдан кўп нарса кутиштмоқда. Лекин Милик ва Пёнтек жароҳат сабаб сафдан чиққанини ҳисобга олсак фақат Левандовский қолмоқда. Ҳозирдан ким биринчи ўринни олишини тахмин қилмоқчи эмасман. Биринчи турдан сўнг қисман бу борада фикр билдириш мумкин. Польшадан Европа чемпионатида менимча Зелиньский кашфиётлардан бири бўлиши мумкин. Криховьяк ҳам ўзини кўрсатади.
Comments