Беларусь чемпионати тўпурари Бобир Абдихолиқов: "Бир умр марказий ҳужумда ҳаракатланганман, аммо "Рух" бош мураббийи мени ўнг қанотга қўйди..."
08 may 2022 17:50
News
Беларусь чемпионати тўпурари Бобир Абдихолиқов: "Бир умр марказий ҳужумда ҳаракатланганман, аммо "Рух" бош мураббийи мени ўнг қанотга қўйди..."
- Ҳозир журналистлар деярли ҳар бир учрашувдан кейин сизга мурожаат қилишади. Ўзбекистонда ҳам шундай эътибор бўлганми?
- Ҳа. Тўғриси мен узоқ интервью бериш, кўп гапириш тарафдори эмасман. Ўйиндан кейинги қисқа мулоқот формати менга маъқул келади.
– Қашқадарё вилояти Косон шаҳрида туғилгансиз. У ер нимаси билан машҳур?
– Бу вилоят маркази Қарши шаҳридан ўттиз километр узоқликда жойлашган туман маркази. Аҳолиси? Бир неча йил олдин Косонда етмиш мингдан камроқ одам яшарди. Вилоятимизда, мамлакат жанубида гўшт энг яхши тайёрланади. Тандир деган таом бор. У тандирда пиширилгани учун шундай номланади. Тандирга гўштнинг бутун бир қисми қўйилади ва ҳеч қандай қўшимчаларсиз пиширилади. Кўп одамлар тановвул қилиш учун келишади. Ҳаммага ёқади!
- Палов пишира оласизми?
- Йўқ. Аммо онам яхши тайёрлайдилар. Ўзбекистонда палов асосий таом ҳисобланади. Уни тайёрлашнинг барча сирларини биламиз - нима қўшиш лозим, уни қандай пишириш керак ва ҳоказо. Минскда иккита ўзбек чойхонаси мавжуд бўлиб, уларда миллий таомлар тайёрланади. У ерда ҳам ош яхши қилинади. У ерга "Энергетик"даги юртдошларимиз билан бориб турамиз.
- Бир неча кун олдин Рамазон ойи тугади. Рўза тутдингизми?
- Йўқ, чунки соғлиқ имкон бермади. Ўтган йили ошқозоним оғрий бошлади. Ва шифокор тез-тез овқатланиш кераклигини айтди - кунига беш марта. Эҳтимол, оз-оз, лекин мунтазам равишда. Акс ҳолда, бу ошқозон муаммолари ёмонлашиши мумкин. Агар соғлиқ рўза тутишга имкон бермаса, бу жоиздир.
- Келинг, мамлакатингиз мавзусига қайтсак. Косонда футбол жамоаси борми?
- Ҳозир йўқ. Илгари Биринчи лигада бўларди. Адашмасам, ўн йилча олдин. Номи бир неча марта ўзгартирилганди.
- Футбол ўйнашни қаерда ва қандай бошлагансиз?
- Косонда болалар шуғулланиши учун футбол мактаби йўқ эди. Бизни бошланғич синфда жисмоний тарбия устозимиз шуғуллантирган. Туман мактаблари ўртасидаги мусобақада қатнашардик. У ерда мени пайқаб қолишган ва Қарши шаҳридаги вилоят мактаб-интернатига чақиришган. Бу тўртинчи синфда эди.
- Ота-онангиз сизни қийинчиликсиз қўйиб юборишганми?
- Ҳа. Биринчидан, Косондан унчалик узоқ эмасди. Иккинчидан, ўқитувчимиз улар билан гаплашиб, ҳаммасини тушунтирган. Учинчидан, улар менинг футбол ўйнаш истагим ва спортга бўлган меҳрим кучли эканлигини кўришган. Шунинг учун мени қўллаб-қувватлашган.
- Оилангизда бошқа спортчилар ҳам борми?
- Йўқ. Мен ягонаман. Ота-онам нима иш қилади? Отамнинг ўз бизнеси бор. Онам – ўқитувчи. Шунингдек, акам ва опам бор.
- Қаршидаги фаолиятингиз қандай кечди?
- Бир йил мактаб-интернатда ўқидим. Кейин эса унинг ўрнига шаҳарда футбол мактаби очилди ва мени ўша ерга ўтказишди. Бу "Насаф" академияси эди, орадан тўрт йил ўтиб, шу клуб ўринбосарлари таркибида ўйнай бошладим. Тўғри, дастлабки олти ойда умуман ўйнамадим – мураббий менга имконият бермади. Шунақаси ҳам бўлиб туради, бу ҳар бир футболчи билан содир бўлиши мумкин. Лекин бу менинг фойдамга ишлади. Хафа бўлмадим ва аксинча, янада жиддийроқ машқ қила бошладим. Мақсадингиз бўлса ва бирор нарсага эришмоқчи бўлсангиз, янада кўпроқ ишлашингиз даркор. Ўшанда худди шу ҳолатга тушиб қолган дўстларим футболни шунчаки тарк этишганди. Мен 2015 йилнинг ёзида ўринбосарлардан асосий таркибга ўтдим ва кўп ўтмай асосий жамоада дебют қилдим.
- Ўтган йил февраль ойида "Насаф"дан Украинанинг Львовига – "Рух" клубига ўтдингиз. Аммо у ерда ўйнамадингиз. Мураббий билан муносабатларингиз яхши эмаслигини айтгандингиз. Айнан нима бўлганди?
- Бунгача мураббийлар билан сан-манга бормаганман. Мен бир умр марказий ҳужумда ҳаракатланганман, аммо "Рух" бош мураббийи мени ўнг қанотга қўйди. Унга у ерда ўзимни ноқулай ҳис қилаётганимни, чунки ҳеч қачон бу позицияда ўйнагаманимни тушунтирдим. Нафақат Қаршидан, балки умуман Ўзбекистондан кетиб, шу ерга келгандим. Мослашиб кетишим осонроқ бўлиши учун мени қўллаб-қувватлаши керак эди. У эса... Бир куни мураббийга шундай дедим: "Мени марказий ҳужумчи сифатида қўйинг. Мен болалигимдан ўша чизиқда ўйнаб келаман. Бу позицияда қаерга югуриш ва майдонда нима қилиш кераклигини биламан".
У эса менга: "Ўринбосарлар сафида ўйна ва гол уриб исботла", деди. Яхши, муаммасиз.
Ўринбосарлар жамоасида 1 та гол урдим ва 1 та голли пас узатдим. Кейин мураббий имкон тақдим этишини айтди. Аммо кейинги ўйинда ҳатто захирада йўқ эдим! Мен унга бошқа нарсани гапириб, умуман бошқа нарса қилгани ҳақида сўрадим. Ва у мен билан гаплашишни буткул тўхтатди.
- Шундан сўнг "Рух"ни тарк этиш вақти келганини тушундингиз...
- Мен шунчаки вақтни беҳуда сарфлашни хоҳламадим. Кўряпманки, мураббий менга имконият ҳам бермоқчи эмас.
- Нима учун ҳозир чемпионатимиздаги кўрсаткичингиз ўтган йилгидан юқори?
- Чунки Украинада ярим йил ўйнамадим. Ёзда Минскга келганимда эса жисмонан умуман тайёр эмасдим. Қолаверса, олдинги қишдагидек жамоа билан тўлақонли йиғин ўтказа олмадим. Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистонда ҳам шундай бўлганди. 2018 йилда 13 та гол билан чемпионатнинг тўртинчи тўпурари бўлдим. 2020 йилда янада яхшироқ натижа бўлди: 17 та гол ва "мерганлар" рўйхатида иккинчи ўрин. Бу мавсумлар орасида эса ундай бўлмади. Чунки тайёр эмасдим. Чемпионат олдидан жароҳат олиб, "Насаф" йиғинида у қадар яхши қатнаша олмадим, уч ой майдонга тушмадим ва бор-йўғи учта гол урдим. Кейин мавсумлар оралиғида устимда кўп ишладим ва самарадорлик қайтди! Йиғинларсиз жуда қийин бўлади. Менимча, фақат менга эмас, ҳаммага.
- Қишда "Энергетик"даги ҳамма юкламалардан воз кечишни хоҳламадингизми?
- Футболни яхши кўраман, шунинг учун уни тарк этишни хоҳламайман. Ҳа, жуда қийин дамлар эди. Айниқса, қишда. Чунки мавсумлар оралиғидаги юкланма бутунлай бошқача – энг юқори даражага чиқади. Биз кунига икки марта машғулот ўтказдик. Сиз сабрли бўлишингиз ва ишлашингиз керак. Ота-онам менга шундай дейишади: "Фақат олдинга интилиш керак. Аган футбол сенинг касбинг экан, бошқа йўл йўқ". Отам шундай деганлар: "Агар имконият бўлса, машғулотдан кейин ҳам ишла. Бу фақат фойда бўлади. Сен ҳужумчисан, дарвозага тез-тез зарба беришинг керак".
- "Торпедо-БелАЗ" билан ўйинда бурчак тўпидан сўнг бош билан дарвозани ишғол қилдингиз. Бу сизга хос бўлмаган гол...
- Нега? Бунақаси Ўзбекистонда тез-тез содир бўларди. "Насаф"да Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам икки марта бўлганди. Ҳа, мен бундай ҳоллагда кўпроқ имкониятга эга бўладиган баланд бўйли футболчилар сирасига кирмайман. Аммо бу ерда сиз тўп қаерга учишини ҳис қилишингиз керак. Рақиб жарима майдончасида позиция танлай олишингиз лозим.
- "Торпудо-БелАЗ"га қарши ўйинда бўлгани каби майдон марказидан ҳам гол урганмисиз?
- Йўқ, бу биринчи марта.
- Нега ўшанда ҳар эҳтимолга қарши дарвозага яқинлашавермадингиз?
- Дарвозабонни алдаб ўтганимда ўнг томондан рақиб югуриб келаётганини кўрдим. Яна озгина ҳаракат қилса, мени тўсиб қўйган бўларди. Тактик фоль ишлатарди, тамом. Шунинг учун дарҳол зарба беришга қарор қилдим. Шунчаки тўпни ўнг оёғимга тўғриладим ва зарба йўлладим.
- "Энергетик"да тўлиқ пенальти тепишга жавобгар футболчига айландингиз. Ўзбекистонда ҳам шундаймиди?
- Ҳа. Тўғри, 2020 йилда икки марта пенальти тепдим – иккисида ҳам муваффақиятсизликка учрадим. Устун ва тўсин!
- Шундан сўнг "нуқта"га яқинлашишни тўхтатганмидингиз?
- Йўқ. Шундан кейин бизда пенальти бўлмади. Агар шундай бўлганда, йигитлар барибир уни менга беришарди. Чунки ўшанда чемпионат тўпураридан бир-икки гол орта қолаётгандим ва унга етмб олишни жуда хоҳлагандим.
- "Энергетик"даги бошқа юртдошларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Сиз уларни жамоадаги ҳаммадан яхши биласиз...
- Абдуқодир Ҳусанов билан ўтган ёзда Минскга келганимда шу ерда танишганман. Ўшанда машғулотларда бу йигит Беларусь чемпионатининг, балки Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши ҳимоячиси бўлиши мумкинлигини англагандим. У яқинда 18 ёшга тўлди, унинг келажаги буюк бўлиши мумкин. Уни бежиз Олимпия терма жамоасига чақиришмаяпти.
- Шоҳруҳ Абдураҳмонов-чи?
- Уни Беларусга келишидан олдин ҳам билардим. Аммо ҳозиргидек яқиндан эмас. Чунки аввал Ўзбекистонда бир-биримизга қарши ўйнагандик. Меҳнатсевар, ўз устида астойдил ишлайдиган футболчи. У таянч ярим ҳимоясида ўйнайди. Жуда кўп қора ишларни бажаради – тинмай югуради, тўпни олиб қўяди ва ҳоказо. Кейин Аббос Жумақулов ҳам бор. У ҳозирча асосий таркибда эмас – фақат ўринбосарлар жамоасида. Бироқ тез орада жамоага албатта ёрдам беради деб ўйлайман. У инсайд. Тўп билан яхши ишлайди, ажойиб пас бера олади.
- "Энергетик" сафида ҳаракатланиб, чемпионат тўпурари бўлган Жасурбек Яхшибоевни ҳам яхши танийсиз...
- Биз у билан 2016 йилда ўсмирлар терма жамоасида учрашганмиз. Икки йил ўтгач, Олимпия термасида Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиқдик. Кўп ўтмай, деярли бир вақтнинг ўзида мамлакат асосий жамоасида дебют қилдик. Меҳмонда Уругвайга қарши меҳмон учрашувида захирадан майдонга тушдик. Рақиб сафида марказда Бентанкур, ҳужумда – Суарес ва Кавани ўйнаганди. Ҳимояда Касарес, Годин, Хименес ва Перейра ҳаракатланган бўлса, дарвозани Муслера қўриқлаганди.
- Улар сизга қарши ўйнаган энг юлдуз футболчиларми?
- Ҳа. Шунингдек, "Тоттенхэм"нинг жанубий кореялик ҳужумчиси Сон Хён Мин номини ҳам айтишим мумкин. У билан 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида йўлларимиз кесишган эди.
- Яхшибоев Чемпионлар Лигасида "Реал" дарвозасига тўп киритди. Аммо "Шериф" еврокубокни тарк этганидан кейин у Молдова чемпионатида умуман ўйнамаяпти. Нега?
- Аниқ билмайман. Менимча, у ҳозир бахтли эмас. Чунки унинг савияси Молдова чемпионати даражасидан юқори. Эҳтимол, бутун йилни "Легия"да ўтказганида, унга Польшада осонроқ бўларди.
- БАТЭ сафида майдонга тушмаётган Шаҳбоз Умаровнинг ҳозирги аҳволи қандай?
- Унда бир йил аввал мен билан Украинада содир бўлган вазият кузатилмоқда. Сабрли бўлиши ва ўз вақтини кутиши керак.
- Бегона давлатда сизга кўпроқ нима етишмайди?
- Оиламдан, яқинларимдан узоқда эканлигим ноқулайлик туғдиради. Уларни жуда соғинаман. Қишда фақат икки ҳафта уйда бўлдим. "Энергетик"да таътиллар кўп эмас.
- Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
- Ўйин ўйнайман. Баъзида кинолар томоша қиламан. Юлдуз футболчилар – Бензема, Левандовски, Холанд роликларини кўраман.
- Чемпионлар Лигасини қайси жамоа ютади?
- Менимча, "Ливерпуль". У ҳозир дунёдаги энг яхши клуб. Улар қандай югуришади, қандай ҳимояланишади, қандай прессинг қилишади! Болалигимдан мухлислик қиладиган жамоам "Челси"дан ҳам "Ливерпул"нинг ўйини кўпроқ ёқади.
- "Энергетик"нинг эрталабки машғулотларига уйғониш қийинми?
- Бу ерда асосий нарса – кўникиш. Эрта туриш аксинча, яхши. Чунки сиз эрта ухлайсиз – соат ўнда. Бу шуни англатадики, сиз яхши ухлайб, тикланиб оласиз.
- "Энергетик" табиий майдонда ўйнай бошлади. Синтетикада қандай эди?
- Яхши. Қаршидаги академияда бизда сунъий қоплама бор эди, шунинг учун бу менга таниш. Аммо барибир: агар сиз синтетика устида машқ қилиб, табиий майдонда ўйнасангиз, ўйиндан кейин оёқларингиз жуда оғрийди. Ҳозирги кунда ҳам шундай бўляпти – Брест ва Гроднодаги ўйинлардан кейин. Лекин бу нормал ҳолат. Бир ёки икки кун оғрийди, кейин ўтиб кетади.
- Чемпионат бошланишидан олдин қанча гол уришни режалаштирган эдингиз?
- Камида 15 та. Кўпи билан 20 та атрофида. Ҳужумчи сифатида мен учун бу яхши натижа бўларди.
- Хўш, энди режаларингиз ўзгардими?
- Сиз ҳар доим ўз олдингизга энг юқори мақсадларни қўйишингиз керак. Биринчи давра якунига тўққизта ўйин қолди. Шу вақт ичида 12 та, иложи бўлса, 15 та гол урмоқчиман.
- Ёзда, масалан, "Шахтёр"дан қўнғироқ қилишса, нима қиласиз?
- Агентим билан яхшилаб маслаҳатлашиб кўрамиз. Чунки фаолиятимда иккинчи марта хатога йўл қўйиб, яна бир йил аввалги Украинадагидек вазиятга тушиб қолишни истамайман. Буни тузатиш жуда қийин бўлади. Апрель ойида 25 ёшга тўлдим ва менга доимий равишда ўйнайдиган жамоа керак.
- Анатолий Юревич нима дейди?
- Бўшашмаслик кераклиги, ишлашда давом этишни айтади. Вазифанг – гол, гол ва янга гол уриш дейди.
- Албатта, чунки у сизни юлдузлик касаллигига чалинишингизни хоҳламайди...
- Мен ундай эмасман. Айниқса, менинг барча учрашувлардаги натижам ҳам яхши эмас. Турли хил ўйинлар бўлади. Бирида ўхшайди, иккинчисида йўқ. "Слуцк" ва "Ислоч"га қарши ўйинларда имкониятлар бўлди, аммо гол ура олмадим. Ҳужумчи учун тўпни унга етказиб берадиган яхши инсайдлар муҳим. У бўлса, ҳар доим вазиятлар бўлади – шунчаки ундан самарали фойдаланишингиз керак. Кўп имконият кўп гол демакдир.
Comments