Бекободни катта футболсиз қолдирманг
25 dec 16:05
News
Бекободни катта футболсиз қолдирманг
Лекин бунда жамийки тирикликдаги мавжудотлар ичида энг онглиси, тафаккурлиси инсоннинг сира айби йўға? Қизиқ. Зеро бир неча йил олдин академияни йўлга қўйган ҳам, энди эса клубни йўқ қилаётган ҳам инсон томонидан амалга оширилди.
Жамоа сўнгги 27 йилда бунчалик ҳор бўлмаганди
Бекобод жамоаси 1998 йилдан буён узлуксиз Суперлигада ўйнаб келаётган экан. Бу вақт ичида жамоанинг энг ёмон натижаси 2007 йил қайд этилган бўлиб, 16 та жамоа орасида мавсумни 15-ўринда тугатган ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолганди. Яъни жамоа 26 йил ичида бирор маротаба бундай ҳолатга тушмаган, Суперлигада мунтазам иштирок этиб келган. Бу вақт ичида жамоани энг узоқ бошқарган мутахассис Рустам Мирсодиқов ва Андрей Шипилов бўлди. Майли, клуб структурасида, раҳбариятда ўзгариш қилиш, янада кучлироқ кадрлар олиб келиш мумкин эди лекин бутунлай йўқ қилиб юбориш эмас. Бошқа жамоалар пулларни кўкларга совураётган бир паллада "Металлург" бир неча йил олдин хомийларнинг кўмагида академия, ўзи учун база қуриб олганди. Бу пайт ичида жамоа юлдузларни олиб келмади, фақат асосий жамоага пулни сарфламади. Балки инфратузилмани йўлга қўйиб олди. Бу Тошкент вилоятидаги ягона замонавий ва бугунги кун талабларига мос академия, база ҳисобланарди. Мазкур даврда асосий жамоа юқори ўринларда юрмади. Совриндорлар қаторига кирмади. Лекин тўғри ишни бажарди. Баъзида клубга баҳони фақат асосий жамоага қараб баҳо бериш нотўғри ҳисобланади.
Суперлигада ўз кучи билан қолди
Бир пайтлар айрим жамоалар қулоғидан тортиб олиб чиқиб қўйилган ёки жавоб бермайди деб тушириб юборилган ҳолатларга дуч келганмиз. Спорт принципларига кулиб қўйган ҳолда Суперлигага истаган жамоани жалб қилишганини ҳам кўрганмиз. "Металлург" эса барчасини тўғри бажарди. Охиригача курашди, спорт принциплари асосида ўз кучи билан элитада ўрнини сақлаб қолди. Дастлабки ташланган қадам Колосовский бошчилигидаги мураббийлар штабининг кетгани бўлса, иккинчиси маҳаллий мутахассис Илёс Қурбоновнинг охирги ўйинларда жамоани қайта уйғота олгани ва учинчиси футболчиларда кейинги йил Суперлигада ўйнашга бўлган ишонч. Аммо чучварани хом санабман деганлар ҳақ бўлиб чиқди.
Тўғри йўлга кираётган клубни "чопишди"
Юқорида айтганимиздек академия маҳсули секин-аста самара беришни бошлаётганди. Клубнинг U-19 жамоаси 2023 йилни Шуҳрат Йўлдошев бошчилигида чемпион сифатида якунлаган бўлса, 2020 йил карантин шароитида ўринбосарлари чемпионликни қўлга киритди. Қолган ёш тоифасидаги жамоалар ҳам кейинги 5 йиллик учун захира сифатида етилиб бораётганди. Майли футболчи бошқа жамоага ўтиб кетади. Лекин академияда, клубда ишлаётган персоналларчи? Қишнинг совуғида қаерга боради? Қолган ёш тоифаларидаги жамоаларнинг тақдиричи? Қачонгача Бекободдаги йигитлар ўзида эмас бошқа жамоалардан қўним топади? Битта дарахтни кўкартириш осон эмас. Унга ҳам сув, ўғит ва бошқа минералларни бериб туриш керак. Бунинг учун мана шу нарсаларни тушунадиган эга зарур. Агар у тушунмаса мағзава сувни ҳам тўкаверади. Якунда ўша ниҳол қурийди.
Бекобод осмонида қайта порлаган юлдуз Забиҳилло Ўринбоев
Шундай футболчилар бўладики битта жамоа айнан унинг услубига, ўзига қолипдек мос тушади. Ўзини кўрсатиши осон кечади. Забиҳилло Ўринбоев учун "Металлург" айни биз айтган вазифани бажарди. Бу йил иккинчи даврада сафга қайтган футболчи 11 та ўйинда қатнашди 1 та гол урди ва плей-офф учрашувида ҳам дарвозани ишғол қилди. Қисқаси қайта кашф қилинди.
2023 йил. 23та ўйин 7та гол
2022 йил. 25та ўйин 3та гол
2021 йил. 22та ўйин 1та гол
2020 йил. 23та ўйин 3та гол
2018 йил. 18та ўйин 2та гол
Бекободга катта футбол керак эмасми ёхуд футболимиз раҳбарларнинг қўлида
Бизнинг менталитет шундайки қайси худудда раҳбар, ҳоким, завод эгаси футболга қизиқсагина ўша ерда футбол бўлади. Нуриддин Зайниевдан сўнг "Насаф" анча қийналди. Лекин вақтида қилиб олган пойдевори сабаб барқарор юрди. Толибжон Қосимов айтганидек Бекободда футболдан бошқа овунчоқ, кайфият манбаи йўқ. Шундай экан Бекободни футболсиз қолдирманг. Балки энди шаҳардаги катта стадионда Суперлига бўлмас, балки ўрнини турли томошалар, шоулар эгаллар. Лекин бундан футбол, мухлис ютмайди.
Comments