Бахтиёр Ашурматов: "Улуғбек Бақоевни ўйин охирида майдонга чиқаришга мажбур бўлдим"
15 aug 2015 22:16
News
Бахтиёр Ашурматов: "Улуғбек Бақоевни ўйин охирида майдонга чиқаришга мажбур бўлдим"
"Ўйиндан иккин кун олдин жамоа мухлислари билан учрашгандик. Улар кўплаб яхши ниятлар билдиришганди. Мухлисларимиз жамоа ғалаба қозонишини исташганди. Уларнинг тилакларини ва фақат ғалаба кераклигини йигитларга етказгандим. Шогирдларим керагидан ортиқ руҳланиб кетишди. Шунинг учун ҳис-хаяжон сезилиб турди ва ўйин биз истаган даражада чиройли бўлмади. Учрашув асабий кечди. Мухлисларимизнинг охиригача бизни қўллаб-қувватлашлари натижасида ўзимиз учун керакли бўлган натижани қўлга киритдик. "Нефтчи" бежизга етакчилар қаторида юрмаганини исботлади. Фарғоналиклар бугун чиройлик футбол намойиш этишди, хавфли вазиятлар содир этишди. Шунинг учун иккала жамоа аъзоларига ташаккур билдираман.
Улуғбек Бақоевни ўйин охирида майдонга чиқаришга мажбур бўлдим. Бу қайсидир маънода таваккалчилик бўлди. Улуғбек ишончимизни оқлаб, керакли гол муаллифига айланди. Бақоев жамоадошларини руҳлантириши ва уларда жанговорликни кучайтириши кутилганди. Бу ўзгаришимиз тўғри бўлиб чиқди. Биринчи даврага нисбатан ҳозир "Навбаҳор" ахилроқ. Жамоа ахиллиги эвазига керакли очколарни қўлга киритмоқда деб ўйлайман. Даврон Исоқов бугун майдонга чиқишга тайёр эди. Аммо, ўйиндан аввал "Нефтчи" бешта ҳимоячи билан ўйнашини билардик. Шунинг учун яккакурашларда ғолиб чиқа оладиган бўйдор футболчилар хизматидан фойдаланишни лозим топдик. Шу сабабли Даврон бугун учрашув қайдномасига киритилмади. Кейинги ўйинларда бизга Исоқовнинг фойдаси тегади деб ўйлайман. "Нефтчи"нинг "Шўртан"га қарши Ғузорда ўтган ўйинини ўйингоҳдан кузатиб бордим. Уларнинг "Локомотив" билан кечган ўйинини ҳам кўриб чиқдик. Рақибимиз кучли ва кучсиз тарафларини билардик. Акмал Холматовнинг қандай ажойиб холатда эканидан хабаримиз бор эди. Шунга қарамай дарвозабонимиз Акмал Ортиқов ишончли ўйин кўрсатди. Тенг курашлар остида кечган ўйинда омад биз томонимизда бўлди".
Comments