Азиз Ибрагимов: “Менга Эрон чемпионати маъқул келди”
13 apr 2017 13:59
News
Азиз Ибрагимов: “Менга Эрон чемпионати маъқул келди”
Афсуски клубнинг ишлари яхши кетаётгани йўқ. Жамоа Эрон чемпионатининг охирги поғонасида бормоқда. Биз Ибрагимов билан боғланиб қисқа интервью олдик.
- Февраль ойидан буён Эронда ўйнаяпсиз. Форс чемпионатидан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Эрон про-лигаси Осиёда кучли чемпионатлар қаторига киради. Таассуротларим ажойиб. Тўғриси бу ерда футболни бунчалик яхши кўришади деб ўйламаган эдим. Бу ернинг одамлари фақат футбол билан яшашар экан.
- Эрон чемпионатидаги қайси жиҳатлар Ўзбекистон олий лигасида ҳам бўлишини истардингиз?
- Бу ерда жамоалар асосан тезкор футбол ўйнашади. Учрашувлар яккакурашларга бой ўтади. Шунинг эвазига ҳам клублар кам гол ўтказишади ва кам гол уришади. Кўплаб клублар майдонга биринчи навбатда гол ўтказмаслик учун тушишади.
- Эронлик мухлислар ҳақида қандай фикр билдирасиз?
- Ўзингиз ҳам билсангиз керак Эрон чемпионати баҳсларига минглаб одамлар ташриф буюришади. Айниқса дербиларда стадионлар тўлиб-тошади. Мухлислар ҳайқириғи остида ўйнаш футболчиларга ҳам қўшимча куч бағишлайди. Футбол аввало шу мухлислар учун ўйналади.
- Эрон мамлакатида сиз нимага кўника олмадингиз?
- Бу ерда машиналар жуда кўп экан. Доим тирбандликлар вужудга келиши асосий муаммолардан бири. Қолган жиҳатларга кўникиб кетдим.
- Демак клуб алоҳида машина берганми?
- Йўқ, машина бермаган. Лекин клуб ҳайдовчиси мени машғулотларга олиб боради ва олиб келади. Шунда тирбандликларда анча вақт қолиб кетамиз.
- Клуб алоҳида уй берганми ёки меҳмонхонада истиқомат қилаяпсизми?
- Ҳозирча меҳмонхонада яшаяпман.
- Эронда футбол матбуоти қандай ишлар экан?
- Матбуот яхши иш олиб боради. Чемпионат ўйинлари турли каналларда намойиш этилади. Ҳар куни Эрон терма жамоаси, Эрон чемпионати ва Европа футболини таҳлил қилишади. Футболга оид турли газета ва журналлар ҳам кўп экан.
- Матбуот ҳамда мухлислар Эрон терма жамоасини Жаҳон чемпионатига чиқиб бўлди деб ҳисоблаяптими?
- Ҳа шундай. Сабаби Эрон айни пайтда жуда яхши ҳолатда ва ўз майдонида иккита ўйин ўтказади. Битта ғалаба уларни мундиалга олиб чиқади.
- “Машина Сози” олий лигада қолиш учун имконияти қандай?
- Тўғриси буни бажариш жуда ҳам қийин. Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Охиригача курашамиз. Лекин негадир маҳаллий футболчилар етарли истаксиз майдонга тушишмоқда.
- Агар клуб олий лигани тарк этса жамоада қоласизми?
- Клуб билан шартномам мавсум охирида тугайди. Ҳозирча кейинги тақдирим маълум эмас. Лекин менимча агар “Машина Сози” олий лигани тарк этса легионерларни ўз сафида олиб қолмаса керак. Аммо ўзим Эронга қолишга ҳаракат қиламан.
- Бундан келиб чиқади Эронни бошқа клубларидан қизиқиш борми?
- Бор лекин, ҳозирча оғизаки қизиқиш бор холос. Менга Эрон мамлакати ва чемпионати маъқул келди. Мавсум тугашини кутамиз ва барчаси шундан кейин маълум бўлади. Ҳозирги мақсадим “Машина Сози” билан чемпионатни имкон қадар юқорироқда якунлаш.
- Эронда ўйнаётган Сервер Жепаров билан кўришиб турасизми?
- Бошқа-бошқа шаҳарларда яшаймиз. Шу боис фақат бир марта ўзаро ўйнаганимизда кўришдик холос. Бироқ телефон орқали гаплашиб турамиз.
- Эронда маҳаллий футболчилар бўш вақтини қандай ўтказишар экан?
- Худди бизда бўлгани каби кўпчилик футболчилар оила даврасида хордиқ чиқаришар экан.
- Ёзда Эрон - Ўзбекистон учрашуви бўлади. Ниманинг эвазига Ўзбекистон ғалаба қозониши мумкин деб ўйлайсиз?
- Жуда ҳам муҳим ўйин бўлади. Иккала жамоа учун ҳам. Эрон ютса тўғридан-тўғри Россиядаги мундиалга йўлланмани қўлга киритади. Ўзбекистон ғалаба қозонса иккинчи ўрин учун имкониятини яхшилаб олади. Эрон терма жамоаси яхши ҳимояланади, лекин ҳужум қилишда оқсайди. Шу боис кўплаб ўйинларда Кейруш шогирдлари қарши ҳужумда ўйнашади. Фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистон миллий терма жамоасига мазкур ўйинда ҳам, кейин баҳсларда ҳам омад тилайман.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Comments