Азимжон Аҳмедов: “Навбаҳор”да совринларни ютиш учун қолдим”
07 feb 2020 12:09
News
Азимжон Аҳмедов: “Навбаҳор”да совринларни ютиш учун қолдим”
Жумладан, тажрибали ярим ҳимоячи Азимжон Аҳмедов жамоа билан янги шартнома имзолади ва бу йил ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.
Хабарингиз бор, наманганликлар айни пайтда ўз ўқув-машғулот йиғинларини Туркияда ўтказишмоқда. Мазкур сафар олдидан Азимжон Аҳмедов билан суҳбат уюштириб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
Қуйида тажрибали ярим ҳимоячининг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Машғулотлар, ўртоқлик баҳслари, легионерлар борасида
- Наманганда бўлиб ўтган машғулотларда асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилди. Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинида эса тактик-техник тайёргарликка кўпроқ урғу берилади. Шунингдек, у ерда ўтказиладиган назорат-синов баҳслари спорт формамизни тиклашимиз, янги мавсумда намойиш этадиган ўйинларимизда муҳим аҳамият касб этади.
Жамоамизда кўплаб легионерлар кўрикдан ўтишди ҳамда ўтишмоқда. Албатта, улардан энг маҳоратлиларини мураббийлар штаби танлаб олишга интилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, хорижлик футболчи маҳаллий ўйинчидан камида бир бош баланд бўлиши керак. Мураббийлар штаби шунинг учун легионерларни астойдил синовдан ўтказмоқда.
Бошқа клублардан таклифлар, “Навбаҳор”да қолиш қарори, етакчилик ҳақида
- Менга шу йил бошида Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Хитой давлатлари, шунингдек, араб мамлакатлари клубларидан молиявий тарафдан жуда қулай ва яхши таклифлар бўлди.
Аммо Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбаевич Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззақов ҳамда “Навбаҳор” клуби вице-президенти Ойбек Арифович Саматов билан суҳбатлашганимдан сўнг, бўлажак мавсумда жамоанинг олдига юксак мақсадлар қўйилаётгани, жумладан, “Навбаҳор” Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш олиб бориши лозимлигидан воқиф бўлганимдан кейин, вилоятимизнинг бош жамоасига ушбу ниятни амалга ошириш йўлида ёрдам беришга аҳд қилиб, “Навбаҳор” билан янги шартнома имзоладим, яъни жамоада совринларни ютиш учун қолдим.
Фурсатдан фойдаланиб, Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлари, клуб раҳбариятига биз – футболчиларга барча шароитларни яратиб беришаётгани учун ўзим ҳамда жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Янги мавсумда биз уларнинг ишончларини оқлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз.
Жамоа етакчиларидан бири сифатида клуб раҳбарияти менга ишонч билдирди. Албатта бу номни оқлаш осон эмас ва бутун мавсум давомида барча оғирлик етакчиларга тушади.
Аммо биз тажрибали ҳамда етакчи футболчилар ёш ҳамкасбларимиз билан келишиб олдик ва янги мавсумда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад йўлида бирлашишга аҳд қилдик.
Худо хоҳласа, мен ҳам ёш футболчиларни қўлимдан келганича қўллаб-қувватлаб, уларга ўз маслаҳатларимни бериб тураман.
Таркибдаги ўзгаришлар, Канчельскис, акаси Одил Аҳмедов тўғрисида
- Жамоамизнинг ўтган йилги таркиби ўзаги сақлаб қолинди ва сафимизга бир қатор тажрибали ҳамда маҳоратли футболчилар қўшилишди. Туркиядаги йиғин давомида ҳам таркибга яна бир қатор ўйинчиларнинг қўшилишлари таъкидланмоқда.
Ҳозирги таркибимиз ҳам ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга қодир. Лекин янги футболчиларга барибир жамоанинг ўйинига киришиб кетишлари учун бироз вақт керак.
“Навбаҳор”да таркибнинг ҳар йили ўзгаравериши жамоанинг ўйинларига салбий таъсир ўтказганлиги барчага маълум.
Худо хоҳласа, ушбу таркиб билан ўз олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз, деган умиддаман.
“Навбаҳор”нинг айни пайтдаги мураббийи Андрей Антанасович Канчельскис анча қаттиққўл ва талабчан мураббий. У ўз эътиборини кўпроқ жисмоний тайёргарликка қаратади.
Андрей Антанасович Европа футболини кўрган тажрибали мутахассис ҳамда ундан кўп нарса ўрганса бўлади.
Канчельскиснинг қўл остида ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга интиламиз.
Акам Одил Аҳмедовни барча мухлислар яхши билишади. У шу даражага ўз меҳнатлари билан эришди. Акам машҳурлигига қарамай, анча камтар ва мендан ҳам ўз маслаҳатларини аямайди.
Жумладан, миллий чемпионатимиз баҳслари пайтида ҳар бир ўйиндан олдин ва кейин қўнғироқ қилиб, учрашувдан олдин қандай ўйнаш кераклиги борасида маслаҳат беради, ўйиндан кейин эса камчиликларимни айтади. Унинг маслаҳатлари албатта, футболчилик фаолиятимда асқотмоқда.
Бунинг учун фурсатдан фойдаланиб, акам Одил Аҳмедовга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Мухлисларга тилаклар
- Мухлисларга тилакларим, биз - футболчиларнинг бахтига барчалари соғ бўлишсин. Бизни доимо қўллаб-қувватлаб туришсин.
Яна ишқибозлардан шуни илтимос қилардимки, ўйинчиларнинг ортидан ёмонлаб, улар ҳақида салбий фикрларни билдиришмасин. Бу ўша футболчига негатив таъсир кўрсатади. Аксинча, ҳар бир ўйинчини мақтаб, олқишлаб, қўллаб-қувватлашса, ўша футболчи бундан руҳланиб, ўйини янада очилиб кетади.
Мухлислардан ушбу фикрларимни инобатга олиб, янги мавсум баҳслари давомида бизни муносиб тарзда қўллашларини тилайман.
Биз – футболчилар эса уларнинг ишончларини оқлаш, қувонч улашиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Бахтимизга улар доимо соғ-саломат бўлишсин.
Маълумот учун
Азимжон Аҳмедов - 1992 йилнинг 4 январида Наманган вилояти, Наманган туманида туғилган.
Футбол билан 6 ёшидан шуғулланишни бошлаган.
Биринчи мураббийи – Маликжон Турдиев.
Наманган вилоят 15-сонли футбол мактаб-интернати, республика олимпия захиралари коллежини тамомлаган.
Амплуаси – ярим ҳимоячи.
Ўйнаган жамоалари: “Навбаҳор” (Наманган, 2010 – 2015 йиллар), “Пахтакор” (Тошкент, 2016 – 2018 йиллар).
2019 йилдан яна “Навбаҳор”да.
Оилали, 2 фарзанднинг отаси.
Мухлис қиладиган жамоаси: “Реал” (Мадрид)
Ҳавас қиладиган футболчилари: Ўзбекистондан акаси Одил Аҳмедов, хориждан “Реал” клуби ярим ҳимоячилари - Тони Кроос ва Лука Модрич.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Comments