Latest news

00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  2 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  22 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1

АРХИВ. Мирко Йеличич: "Пахтакор"ни Англиянинг "Челси" клубига ўхшатаман" News

АРХИВ. Мирко Йеличич: "Пахтакор"ни Англиянинг "Челси" клубига ўхшатаман"

2006 йил биринчи бор Мирко Йеличичдан интервью олгандим.

Бунгаям ҳаш-паш дегунча 12 йил бўлибди. Маълумки, ҳозирда австралиялик мутахассис "Локомотив"да катта мураббий сифатида фаолият олиб боряпти. 2006 йилда эса "Пахтакор"да жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишларди. 

Ўтган ҳафта шанба куни архивдан Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашувидан олдинги интервьюсини чоп этгандик. Бугун эса Мирко Йеличичнинг 2006 йил июлда берган дастлабки катта интервьюсини эътиборингизга ҳавола қиламиз.  

- Жаноб Йеличич, ишларингиз жойидами? Ёлғиз ўзингиз зерикмаяпсизми?
- Раҳмат, ҳозирча ҳаммаси кўнгилдагидек кетяпти. Айни дамда "Ўзбекистон" меҳмонхонасида истиқомат қиляпман. Гарчи ёлғиз яшаётган бўлсам-да, зерикишга ҳожат йўқ. Меҳмонхонада асосан кечки пайт бўламан, кундуз кунлари иш, баъзан шаҳар айланиш деганларидек. Бундан ташқари, тез-тез севган қиз ўртоғим билан учрашиб тураман.

- Гапингизни бўлганим учун узр. Қиз ўртоғим дегандек бўлдингизми?
- Ҳа. Эсингизда бўлса, Тошкентга биринчи бор ўтган йил ёзда келгандим. Ўшанда бир аёл билан дўстлашиб олганман. Шундан бери учрашиб турамиз.

- Наҳотки? Яна бу гапдан хотинингизнинг хабари йўқми?
- Агар турмуш ўртоғим бўлганида, бундай қилмаган бўлардим. Чунки мен ҳали уйланмаганман.

- Қизиқ. Ундай бўлса, ҳозир неча ёшдасиз?
- Билмадим, бунга ишонасизми-йўқми, мен 41 ёшдаман. Шунга қарамай, ҳали-бери уйланиш ниятим йўқ.

- Сизни кўриб ёшроқ деб ўйлагандим.
- (кулиб). Ҳозир ҳам ёшимга нисбатан бироз ёш кўринаман, тўғрими? Агар сиз ҳам мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланиб турсангиз, ёшгина йигитдек бўлиб юраверасиз. Шунингдек, кимки уйланса тез қариб қолгандек бўлади. Чунки оила ташвишлари шунга мажбур қилади. Қиз ўртоғимга келсак, у ҳам ўзбек аёли. Битта фарзанди бор, аммо мендан эмас, аввалги турмуш ўртоғидан. Ҳозир улар ажрашган.

- У билан турмуш қурмоқчимисиз?
- Шу йилнинг декабрь ойида ўзим билан Австралияга олиб кетаман. Кейин бир гап бўлар.

- Келинг, энди оилавий масалаларни бир четга суриб, ишингиз ҳақида суҳбатлашсак.
- Бажонидил. Мени биринчи марта ўтган йили Қувайтга қарши баҳсдан олдин бу ерга таклиф қилишганди. Ўшанда қисқа фурсат ичида йигитларни жисмоний тарафдан тайёрлаш вазифаси қўйилганди. Мен терма жамоа устози Боб Хоугтонга ёрдамлашиб футболчиларни ўз дастурим асосида шуғуллантира бошлаганимда дастлаб бироз қийинчиликка дуч келдим. Сабаби, ўйинчиларнинг аксари оғир машқларни бажаришга тайёр эмасди. Улар шу пайтгача қийин машғулотларни ўташмагани учун аввалига қийналиб қолишди. Кейин эса Хоугтон шундай деди: "30 ёшдан ошган футболчиларни кўп қийнама. Улар қийин бўлмаган машқларни бажаравериб шунга ўрганиб қолишган. Организм аллақачон мослашиб бўлган. Яхшиси, уларнинг жисмоний аҳволи қандай бўлса, шундай иш тут".

- Ўшанда футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати қандай эди?
- Яхши эди, бироқ Тошкентга иккинчи марта келганимда қарасам "Пахтакор" ўйинчилари ўзларини олдириб қўйишган экан. Натижада ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келди.

- Нима сабабдан бир неча ой кўринмай кетдингиз?
- Шартнома жуда қисқа муддатга тузилган бўлиб, Баҳрайн билан кечган баҳслардан сўнг ниҳоясига етди. Боб Хоугтон вазифасидан кетгач, мен ҳам юртимга қайтиб кетдим. Терма жамоага янги бош мураббий этиб Валерий Непомняший тайинланганидан сўнг менга қўнғироқ қилиб яна ишлашга таклиф этишди.

- Ҳозирги пайтда футболчиларнинг жисмоний ҳолати сизни қониқтиряптими?
- Унчалик эмас. Улар биринчи даврада кўп ўйин ўтказиб жуда чарчашди. Мени хафа қилаётган бошқа жиҳат эса ўйинчилар машғулотда ўзларини кўрсатиб, бир-икки учрашувда яхшироқ ҳаракат қилишса, бутун мавсум мобайнида зўрман деб юришади. Аслида эса ундай эмас, футболчи ҳар доим назорат остида бўлиши керак. Чунки инсон организми темир эмас доимо бир хилда ишлайдиган. Яна шунингдек, баъзи мураббийлар тайёргарлик учун мавсум аввали ва оралиғи энг зўр пайт деб ўйлашади. Бироқ футболчи юз фоиз тайёр бўлиши учун йил давомида жиддий машқ қилиши лозим. Шундагина ўсиш сезилади.

- "Пахтакор"да узоқ вақт ишлаш учун келдингизми?
- Амалдаги шартнома мавсум якунлангач тугайди. Агар клуб раҳбарлари шартномани узайтириш борасида музокара олиб боришса, уни кўриб чиқишга тайёрман. Негаки менга бу ерда ишлаш ёқяпти.


- Сиз қилаётган меҳнатнинг самарасини кўриш учун қанча вақт керак бўлади?
- Баъзан бир ҳафта ҳам етади. Лекин якуний хулоса чиқариш учун камида уч йил керак. Бу ерга биринчи бор ташриф буюрганимда атиги олти ҳафталик шартнома тузгандим. Биласизми, олти ҳафта ичида ҳам ниманидир ўзгартирса бўлади.

- Ўтган йил мавсум ниҳоясига етганидан сўнг юртингизга қайтиб кетдингиз. Бу вақт оралиғида нималар билан машғул бўлдингиз?
- Боб Хоугтон миллий терма жамоадан кетгач, мен "Пахтакор"да ишлашда давом этдим. Мавсум поёнига етганидан кейин федерация раҳбарлари шундай дейишди: "Ҳозир ҳам "Пахтакор", ҳам миллий терма жамоани бошқарадиган мураббий излаяпмиз. Агар истасанг, шу ерда қолиб кут". Мен эса ўйланиб қолдим: хўп қолдим ҳам дейлик, мабодо янги мураббийга керак бўлмай қолсам, унда нима қиламан? Ваҳоланки, ўша пайт бошқа жойлардан ҳам қўнғироқ бўлаётганди. Кейин раҳбарларга кетишим лозимлигини, мабодо зарур бўлиб қолсам, яна қайтиб келишимни айтиб, тўғри Австралияга учдим. У ерда тўрт кун тургач, Сингапурга йўл олдим.

- Нима учун Сингапурга?
- Чунки менга шу юртнинг бир жамоасидан таклиф тушганди. Бу мамлакатда етти ой маҳаллий клублардан бирига мураббийлик қилдим.

- У ерда футболга бўлган эътибор қандай экан?
- Сингапурда футболни ипидан игнасигача тушунадиган мутахассислар ниҳоятда оз. Бу ердаги клубларнинг аксариятига давлатнинг ўзи ҳомийлик қилади. Одамлари эса худди роботга ўхшаб яшашади. Иш-уй, иш-уй, ортиқча иш қила олмайсан. Футболчилар эса шунчаки пул учун ўйнашади. Баъзи машғулотларни ортиқча деб билишади. Мамлакат аҳолисининг кўп қисми малайзиялик ва хитойликлардан иборат. 

Хитойликлар болаларини деярли футбол мактабларига беришмайди. Улар фарзандларини институтда ўқиб, олий маълумотли бўлишини хоҳлашади. Шу сабабдан футбол билан асосан малайзияликлар шуғулланади. Аммо улар ҳам жуда дангаса бўлиб, ортиқча иш бажаргилари келмайди. Сингапурда ишлаётганимда агентим қўнғироқ қилиб, яна Тошкентга чақиришаётганини айтиб қолди. Кейин эса қайтиб келдим.

- Бошқа давлатларда ҳам ишлаганмисиз?
- Австралиядан ташқари Малайзиянинг "Саба" жамоасида бир йил фаолият олиб борганман. Малайзияда иқтидорли футболчилар кўп, лекин маркетинг ва менежмент ишлари яхши йўлга қўйилмагани туфайли клублар Осиё қитъасида юқори натижаларга эриша олишмаяпти.

- Терма жамоалар билан ҳам ишлаб кўрганмисиз?
- 2002 йилги жаҳон чемпионатида Хитой терма жамоаси бош мураббийи Бора Милутиновичга ёрдам берганман.

- Саралаш баҳсларида хитойликлар биз билан бир гуруҳда кураш олиб боришганди.
- Бундан хабарим йўқ. Мени фақат Хитой мундиал йўлланмасини қўлга киритганидан кейин таклиф этишди. Ўшанда менга футболчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилиш вазифаси топширилганди.

- ЖЧ-2002да Хитой терма жамоаси гуруҳдаги барча ўйинларда мағлубиятга учради.
- Ҳа. Биз Бразилия, Туркия ва Коста-Рика билан битта гуруҳда бўлиб, ҳар учаласи рақибга имкониятни бой бергандик. Бунга сабаб, биринчидан таркибда жаҳон миқёсидаги ўйинчилар йўқ эди, иккинчидан футболчилар мусобақага жисмонан тайёр эмасдилар. Мен терма жамоа Жанубий Кореяга жўнаб кетганидан сўнг бориб қўшилдим. Бу пайтга келиб вақт ўтиб бўлган, ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш учун айтарли ўзгариш қила олмасдик.

- Нима сабадан бу йилги жаҳон чемпионатида Осиё жамоалари ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишмади?
- Мусобақа бир ой ичида бўлиб ўтишини инобатга олсак, мана шу вақт давомида терма жамоалардан катта ҳажмдаги ишни бажариш талаб этилади. Лекин қитъамиз вакиллари ҳозирча бунга тайёр эмаслар. Бундан ташқари, Осиё номидан майдонга тушган терма жамоалар сафида Европанинг номдор клубларида ўйнайдиган футболчилар жуда кам. Масалан, Жанубий Кореяни олайлик. Эҳтимол, улар сафида шундай футболчилар бордир, аммо уларнинг сони ҳам нари борса уч-тўрт нафарни ташкил этади. 

Шунингдек, Осиё жамоалари жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишгандан сўнг вазифа бажарилди деб ўйлашади ва мусобақага жиддий тайёргарлик кўришмайди. ЖЧ-2002да кореяликлар ҳозиргига нисбатан кучли тайёргарлик олиб боришганди. Бош мураббий Гус Хиддинк тузиб чиққан дастурни кўриб ҳайрон қолганман. Голландиялик мутахассис нима қилиш кераклигини яхши билади. Худди АҚШ термаси каби Жанубий Корея ҳам мундиал бошланишига тўрт ой қолганда тайёргарликни бошлаган ва натижада ҳар иккала жамоа ҳам шов-шув кўтарганди.

- Замонавий футболда қай бири устун туради: техниками, тактиками ёки жисмоний тайёргарликми?
- Буларни бир-биридан алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин. Лекин биринчи галда жисмоний тайёргарлик бўлмаса, жамоа қандай футболчилардан иборат бўлишига қарамай, узоққа бора олмайди. Хусусан Австралия ва Гана термалари айнан жисмоний тайёргарлик эвазига гуруҳдан чиқишди. Техник ва тактик жиҳатдан яхши шаклланган жамоа ҳам 90 дақиқа тинмай югурадиган футболчиларга ютқазиб қўйиши мумкин.


- "Пахтакор" бу мавсум чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмади. Бунинг сабаби футболчиларнинг жисмоний ҳолати кўнгилдагидек эмасди дейиш мумкинми?
- Мен ўйинларни кўрмаганим учун олдиндан аниқ бир нарса дея олмайман. Негаки бу вақтда Сингапурда ишлаётгандим. Маълум бўлишича, ўшанда футболчиларни италиялик ҳамкасбим тайёрлаган экан. Албатта, ҳар бир мураббийнинг ўзига хос иш дастури бўлади. Мен шу соҳада институтда етти йил ўқиганим учун замонавий методларни қўллашни афзал кўраман. Баъзи мураббийлар эса ҳамон 10-15 йил аввалги машғулот ўтказиш усулини маъқуллашади. Лекин бундай усул аллақачон эскирган, сабаби футбол борган сари такомиллашиб боряпти.

- Нима сабабдан футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати яхши эмас?
- Бунга бир қанча сабаблар бор. Асосий муаммо шундаки, футболчини ёшлигидан жиддий чиниқтиришмайди. Ҳаммасини махсус футбол мактабларидан бошлаш керак. Катта бўлгандан кейин ўйинчидан ортиқча машқларни талаб қилишнинг фойдаси йўқ. Фараз қилинг, тезлиги 100дан ошмайдиган машинани соатига 150 км. тезлик билан ҳайдашнинг иложи борми? Йўқ. Инсон организми ҳам шунақа. Олий лигада тўп сураётган футболчилар машғулотларни бир хил тарзда ўтказавериб, шунга ўрганиб қолишган. Машинанинг тезлигини ошириш учун янги баллон, мотор ва бошқа эҳтиёт қисмларини қўйсангиз бас. Лекин инсон организмини ўзгартириб бўлмайди-ку. Шунинг учун барчасини ёшликдан бошлаш зарур.

"Пахтакор" футболчилари жисмоний тайёргарликка асосий эътиборни қатратмаса ҳам ички биринчиликда зафар қучаверади. Чуни миллий чемпионат савияси жуда паст, бундан ташқари бу ерда "Пахтакор"га мавсум бўйи жиддий қаршилик кўрсатадиган жамоанинг ўзи чиқмаяпти. Мен бу клубни Англиянинг "Челси"сига ўхшатаман. "Челси"да Жозе Моуриньо икки-уч ўйинда мураббийлик қилмаса-да, жамоа ғалаба қозонишдан тўхтаб қолмайди. Чунки таркиби кучли футболчилардан иборат. "Пахтакор"да ҳам шундай. Бу клубда иш бошлаганимдан бери қилган меҳнатим самарасини ҳозирча аниқ кўрмаяпман, чунки мен бўлмасам ҳам "Пахтакор" турнир жадвалининг юқори поғонасида юрган бўлади. Қачонки, ўртамиёна жамоалардан бирида ишласам ўсиш ёки пасайиш бўлганини сезишим мумкин.

- Одатда дарвозабонлар алоҳида машғулот ўтказишади. Улар ҳам жамоа билан бирга шуғулланса кўпроқ фойда келтирмайдими?
- Йўқ. Дарвзоабонлар учун алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Шу боис улар машғулотларни ўзлари ўтказади. Умуман олганда ҳар бир чизиқ вакиллари алоҳида тайёргарлик кўргани маъқул. "Милан", "МЮ" сингари клубларда ҳимоячи, ярим ҳимоячи, ҳужумчилар билан бошқа-бошқа мураббийлар шуғулланишади. Иложи бўлса, бизда ҳам шундай методни қўллаш керак. Айтганча, бир пайтлари Янги Зеландияда дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаганман.

- Футбол Австралияда биринчи рақамли спорт турими?
- Бизда ўзимиз ўйлаб топган Австралия футболи бор, ҳам қўлда, ҳам оёқ билан ўйналади. Ўша биринчи рақамли спорт тури. Футбол эса иккинчи-учинчи ўринларда туради. Бизда Марк Видука, Гарри Кьюэлл сингари футболчилар унчалик машҳур эмас.

- Кейинчалик бош мураббий бўлиб ишлаш ниятингиз борми?
- Ўз вақтида Ғарбий Австралиянинг ярим профессионал клубида ҳам бош мураббий, ҳам жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлаганман. Ўшанда жамоам штат биринчилигида иккинчи ўринни қўлга киритган. Яқинда аргентиналик Габриэль Батистута билан телефон орқали гаплашганимда Австралиядаги жамоалардан бирини сотиб олмоқчи ёки бўлмаса футбол мактаби очмоқчи экан. У билан анчадан бери гаплашиб тураман. 

Бош мураббий бўлишга келсак, бундан кейин бош мураббий бўлиб ишлаш ниятим йўқ. Тўғриси, ўқув курсларига қатнаб, мутахассисларнинг маърузасини эшитиб ўтиришга тоқат қилмайман. Футболга нисбатан менинг ҳам ўз қарашларим бор, ҳозирча бировнинг маслаҳати керак эмас. Ундан кўра севимли ишим билан шуғулланганим маъқул, негаки касбимни жуда севаман. Мабодо ишсиз қолсам ҳам, пулсиз қолмайман. Чунки Австралияда ижарага бериб қўйган олтита уйим бор. Ўшанинг орқасидан пул келаверади. Мен қаерда ишламай, фақат ўз ишимни ёқтирганимдан бировга фойдам тегсин деб ишлайман.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Rating: +5   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика