Арсланмират Аманов: "Ўзбекистон чемпионати ҳали олдинда"
05 jun 2019 16:15
News
Арсланмират Аманов: "Ўзбекистон чемпионати ҳали олдинда"
29 ёшли футболчи билан суҳбат Туркманистон терма жамоасининг Дубай йиғини олдидан "Ашхабад" стадионида бўлиб ўтди.
- Арсланмират, Осиё Кубогидаги Япония дарвозасига урган голингиз мусобақанинг энг чиройли голларидан бири деб тан олинди. Ўшанда тўпнинг тезлиги соатига 113 километр тезликка етган эди. Ўша вазиятни эслайсизми? Қандай қилиб 35 метр масофадан ҳисобни очган эдингиз?
- Бундай даражадаги мусобақаларда ҳар бир имкониятдан фойдаланиш керак. Ҳар бир ҳолатда охиригача ўйнашингиз шарт. Осиё Кубоги - қитъамиздаги энг нуфузли мусобақа ва унда Япония терма жамоасига гол уриш жуда ҳам ёқимли ҳолатдир. Биз Япония ва ўзимизнинг кучимизни англаган ҳолда ўйинни ҳимояда ўтказдик. Аммо бир вазиятда рақиб ҳимоясидаги чалкашликни кўрдим ва менда узоқдан бўлса ҳам зарба бериш имконияти туғилди. Зарбам жуда ҳам яхши чиқди.
- Японияга қарши 1-тур ўйинида Туркманистон миллий терма жамоаси ёмон ҳаракат қилмади. Аммо Ўзбекистон ва Уммон билан ўйинларда эса ўйинимиз чиқмади. Сизнинг фикрингизча, 2019 йилги Осиё Кубогида жамоамиз нимага заиф қатнашди?
-Биз Осиё Кубогига чиққанлигимиз мусобақа давомида ғалаба туйғусини берди. Аммо бу фақат Японияга қарши биринчи тур ўйинидагина акс этди. Ўша ўйинда салбий натижа бўлганига қарамасдан, биз ўзимизнинг ижобий сифатларимизни намойиш қила олдик. Қолган ўйинларда эса бизга тажриба етишмади. Аммо биз жуда ёмон ёки заиф ўйнадик дея олмайман. Бизда бундай бўлгани йўқ. Биз гурухдан чиқишни жуда ҳам хоҳлаган эдик. Бу мақсадга эришиш учун оҳисталик билан кучимизни тўғри тақсимлашимиз керак эди. Ўзбекистон билан бўлган ўйинда эса рақибга ўйинини намойиш этишга имконият яратиб бердик. Якунда бизга тажриба етишмаслиги панд берди.
- Осиё Кубогидан сўнг сизда Тошкентнинг "Локомотив" жамоасида ўйнаш имконияти пайдо бўлди. Ўзбекистон чемпиони сафига ўтишда қарор қабул қилиш қийин кечдими?
- Йўқ. Олдин ҳам бир неча бора Ўзбекистон ОАВ ларига берган интервьюларимда клубга ўтишимдаги энг катта сабаб - жамоанинг Ўзбекистон чемпиони бўлганлигини таъкидлаганман. Менга ҳар доим "Локомотив" клуб сифатида жуда ҳам ёққан. Бу клуб фақатгина менга эмас, Ўзбекистондаги кўплаб одамларга ҳам ёқади. "Локомотив" - мамлакатнинг амалдаги чемпиони. Жамоанинг юқори даражадаги футболчилари майдонда доим интизомли ўйин намойиш этишади. Бундай клубда ўйнаш жуда ҳам ёқимли. Шунинг учун, кўплаб жамоалардан олган таклифларимга қарамасдан, ҳеч иккиланмай "Локомотив"ни танладим.
- Сир бўлмаса, қайси давлатлардан таклифлар бўлди?
- Ўзбекистондан ташқари жуда кўп давлатлардан таклифлар келиб тушди. Фаолиятимни давом эттиришим мумкин бўлган 5та вариант бор эди дея оламан. Аммо уларнинг номини айта олмайман. Чунки бу аллақачон ўтиб кетди.
- Сиз янги клубингиздаги ўрнингиздан қониқяпсизми?
- Ҳудога шукур, ҳозир ҳаммаси жойида. Жамоа - яхши, раҳбарият мени ҳам аъло даражада кутиб олди. Бу ерда ўзимни яхши ҳис қиляпман. "Локомотив"да "Биз - бир оиламиз" деб гапирамиз. Янги футболчи жамоага келганда эса "Оиламизга хуш келибсан" деймиз. Шундай экан мослашиш жараёнида умуман муаммо бўлмади.
- "Локомотив" сафида Чемпионлар Лигасидаги дебютингиз ҳақида нималар дея оласиз?
- Бу йилги Чемпионлар Лигасида ўйимизни кўрганлар жамоа ёмон ўйин кўрсатди дея олишмайди. Бизга озгина омад етишмади. Барча ўтказиб юборган голларимиз ўзимизнинг хатоларимиз туфайли юз берди. ОФК Чемпионлар Лигаси ички чемпионат эмасдирки, унда хатоларни кейинчалик тўғирлаб бўлса. Чемпионлар Лигасида ҳар қандай хато ўйин тизгинини йўқотишга олиб келади ва жазо ҳам муқаррар бўлади.
- "Локомотив"га бу йил қандай вазифа қўйилган?
- "Локомотив" ҳар доим ўзига юқори мақсадларни қўйиб келган. Бизнинг вазифамиз Ўзбекистон чемпионати ва кубогини ютишдан иборат. Бизнинг асосий мақсадларимиздан бири эса Чемпионлар Лигасини ютиш эди, аммо аввал такрорлаганимдек, бу мусобақада бизга омад етишмади. Мамлакат чемпионати эса ҳали олдинда.
- Туркманистон миллий терма жамоаси ўйинларини соғиндингизми?
- Албатта! Терма жамоадан чақирув олиш доим ёқимли. Мен миллий терма жамоада ўйнаётганимдан мамнунман. Бу ҳар қандай футболчи учун катта шарафдир.
- 9 июнь куни бўлиб ўтадиган Угандага қарши ўртоқлик учрашуви ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳозир барча жамоалар ўртоқлик ўйинларини ўтказяпти. Туркманистон Футбол Федерацияси хорватиялик мутахассисларни жамоага таклиф этгани жуда ҳам яхши ҳолатдир. Яқинлашаётган ўйинлар ҳар бир футболчи учун янги мураббий олдида ўзининг имкониятларини намойиш этиш учун бир имтиҳон деб биламан. Бу терма жамоа мураббийлар штаби учун ҳам жамоани шакллантириш ва янги футболчиларни синовдан ўтказиш учун яхши имкониятдир. Шунинг учун Туркманистон Футбол Федерацияси ушбу халқаро ўртоқлик учрашувини ташкиллаштиргани айни муддаодир. Биз бундай учрашувларни кўпроқ ташкил этишимиз керак, шундагина йигитлар тажриба орттириб, расмий учрашувларда яхши иштирок этишади.
- Сизда хорватиялик мутахассислар қандай таасурот уйғотди?
- Бу мен учун янги мураббийлар қўл остидаги биринчи йиғин. Машғулотлар яхши ўтяпти. Қолганини эса вақт кўрсатади.
- Мураббийнинг дастлабки талабларидан сўнг терма жамоа учун яна ўйнашга тайёрмисиз?
- Албатта! Мен ҳар доим терма жамоага таклиф қилинганимда хурсанд бўламан. Яна такрор айтаман, терма жамоада ўйнаш - ҳар бир футболчи учун катта шарафдир.
Comments