АПЛ клубларига машғулотда ниқоб тақишни тавсия қилишмоқда. Улар қандай бўлади ва ниқоб билан машқ қилишнинг иложи борми?
09 may 2020 20:00
News
АПЛ клубларига машғулотда ниқоб тақишни тавсия қилишмоқда. Улар қандай бўлади ва ниқоб билан машқ қилишнинг иложи борми?
Ўтган ҳафтада ОАВ Англия Премьер-лигасининг "Қайта бошлаш лойиҳаси" (Project Restart) - мавсумни давом эттириш глобал программаси доирасида тузилган машғулот протоколи ҳақида маълумотга эга бўлишди. 7 саҳифали талаблар орасида қуйидагилар бор эди: Тўп, бурчак байроқчалари ва барча буюмларни дезинфекция қилиш, футболчиларнинг машиналарини маълум бир масофада тўхташ жойига жойлаштириш, тупуришни тақиқлаш.
Шу билан бирга машғулот вақтида футболчиларга ниқоб ёки спортчилар шарфини тақиш тавсия қилинди. Кундалик ҳаётда одат бўлишга улгурган бу пункт саволларга сабаб бўлди: Бу ниқоблар қандай бўлади ва интенсив жисмоний юкламаларда ҳалал бермайдими?
"Брайтон" форварди Мюррей ниқоб тақиш ҳақидаги тавсияни "бемаъни" деб атади. Эдинбург университети профессори расмий учрашувларда ҳам ниқоб тақиш "тўғри иш" бўлишини айтди
"Брайтон" ҳужумчиси Гленн Мюррейга машғулотларда ниқоб тақиш ғояси ёқмади: "Премьер-лига ўйин ва футболчилар даражаси туфайли дунё миқёсидаги брендга айланди. Уларни ниқобларга ўхшаш камчиликлар жаҳлини чиқаради, бу табиий бўлмайди. Машғулот давомида ниқобни ечиб ташлашади. Бу беъманилик. Одамлар нега футбол тезроқ қайтишини истаётганини тушуняпман - мен ҳам уларнинг сафидаман, аммо бу тўғри йўл билан ва керакли вақтда содир бўлиши лозим".
Энди Эдинбург университети эпидемиологи доктор Роуланд Као фикри билан танишамиз. АПЛ ниқоб ҳақидаги маълумотларни эълон қилишидан бир ҳафта аввал у эҳтиёт бўлиш кераклигини ва Ҳатто ўйинларда ҳам ниқоб тақиш кераклигини айтган эди: "Ниқоблар ўзини эмас, ўзгаларни ҳимоя қилиш учун тақилади. Улар қай даражада ҳимоя қилиши борасида маълумот йўқ, аммо максимал даражада эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Агар 300-500 киши бир жойда йиғилса (жамоалар, телевидениячилар, стадион ходимлари, расмий шахслар), инфекция манбалари кўпайиши эҳтимоли катта".
Европанинг кўплаб мамлакатларида жамоат жойларида ниқоб тақишни мажбуриятга айлантиришди. Бироқ Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти сайтидаги кўрсатмаларга кўра, ниқоблар инсон саломатлигига фойдаси ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган.
АПЛ клублари тоғ ҳавоси шароитини тақдим қилувчи ниқоб ишлаб чиқарувчиси - Altitude Mask компаниясига мурожаат қилишди. Улар махсус ниқоб яратишди
АПЛ футболчилари биз тақиб юрган ниқобларда машғулот ўтказишини тасаввур қилиш қийин.
"Sky Sports"нинг ёзишича, Премьер-лиганинг талаблари билан танишган бир қатор клублар Дубайнинг Altitude Mask компанияси билан боғланишибди.
Altitude Mask спорт оламида ўзининг махсус "чидамлилик ниқоблари" билан машҳур. Ушбу ниқоб ичига чекланган миқдорда кислород кириши натижасида тоғ атмосфераси каби эффект пайдо бўлади ва спортчилар у орқали ўпка ва меҳнатга лайоқатлигини кучайтиришади. Гарет Бэйл, Деле Алли, Маркус Рэшфорд ва боксчи Энтони Жошуалар ушбу ниқобларда машғулот ўтказишган.
Пандемия туфайли компания Altitude 95 номли ниқоб ишлаб чиқарди. Сайтдаги маълумотларга кўра, фильтрларини алмаштирса бўладиган маска нафас олиш органларини 95% ҳимоя қилади ва машғулот давомида COVID-19 юқишидан сақлайди.
Унинг нархи - 80 фунт.
N95 фильтри: камида 95% ҳимояни таъминловчи бир марталик респираторли фильтр.
Клапан кислород киришини маълум даражада чеклайди
Силикон асос маскага ҳаво киришига қаршилик қилади ва ниқобнинг шаклини сақлаб туради
Унинг камари ниқобни юзда ишончли ушлаб туради
Altitude Mask асосчиси "Sky Sports"га берган интервьда шундай деди: "Уч кун ичида талаб ошиб кетди, асосан Бундеслига ва АПЛ клубларидан, компаниянинг маҳсулотини Англиянинг 6-7 жамоасига жўнатдик".
Энди таббиёт бўйича блогер Артём Риженко фикрларига эътибор берамиз:
"95% ҳимояни таъминлаши худди маҳсулот сотилиши учун айтилган маркетинг сўзларига ўхшайди. Аслида эса бу кўп марта фойдаланса бўладиган, оддий ниқобдек ишлаши мумкин.
Иккинчиси: Ҳатто ниқоб ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳам бу маҳсулотни гипоксик машғулотлар учун яратган. Яъни ниқоб тоғдаги каби ҳаво босимини яратади ва организмни кислород етказиб берувчи захираларни ишга солишга ундайди. Фирма ўз маҳсулотини керакли барча ускуна билан таъминлаган бўлсада, нафас олишда қийинчилик бўлиши аниқ.
Ниқобда юрганингизда буни ҳис қилган бўлишингиз керак. Вирус билан ишлайдиган ҳамкасбларимнинг айтишича, бу турдаги ниқобларда нафас олиш қийин, чунки унинг ҳаво ўтказиш йўли чегараланган. Топ лигаларнинг машғулот жараёни ҳақида гапирадиган бўлсак, интенсив машғулот жараёнида у фойдали бўлиши ва ҳимоя қилишига шубҳам бор.
Мени ҳавотирлантираётган яна бир жиҳат мавжуд. Футбол - тўқнашувлар кўп содир бўладиган спорт тури. Агар ниқоб ёки спортчилар шарфи (снуд) касалликни ҳаво-томчи йўли билан юқишини олдини олса, контакт нима бўлади? Масалан, футболчилар тўп учун курашиб, бир-бирига тегиб кетса, уларнинг бир қисми вирус юқтириб олиши мумкин.
Бу борада тупиришларни бекор қилиш лозим. Мантиқни тушунтирай. Агар зарарланган футболчи чимнинг бирор жойига тупирса, масалан, бошқа футболчи ўша жойда йиқилиб, унга қўли билан тегиб, кейин юзи ёки кўзини артса - у касалланиши мумкин.
Кийиниш хонасини ҳам эсдан чиқармаслик керак. У ерда ҳаво айланиши идеал даражада бўлмайди ва футболчилар жуда яқин масофада бўлишади.
Машғулотларда ҳаммаси оддий - ҳар бир футболчини текшириш ва уларни базада изоляция қилиш осон, аммо ўйин кунлари матбуот, стадион ходимлари бор куни нима қиласиз? Рақиб жамоа йўл-йўлакай вирус юқтириб олган бўлсачи? Ҳар куни тест ўтказасизми? Ёки касалланган футболчи билан сўнгги икки ҳафта давомида машқ қилганларни карантинга оласизми? Бу жуда қийин".
Демак, умумлаштирамиз.
1. Ниқоблар вирус тарқалишини чеклашга ёрдам беради, аммо уларда нафас олиш қийин. Айниқса футбол ўйинида. Агар Altitude Mask ишланмаси ҳақиқатдан ҳам 95% ҳимоя қилса ва нафас олишни чекламаса, бу ҳақиқатдан ҳам асосий ечим, бироқ ниқоб маркетинг йўли бўлишига шубҳа бор.
2. Тупиришни тақиқлаш - тўғри қарор.
3. Ўйин пайтидаги контактлар борасида нима бўлиши тушунарсиз.
Comments