АПЛ. Шимолий Лондон дербисида "Арсенал" "Тоттенхэм"ни мағлуб этди
26 sep 2021 22:29
News
АПЛ. Шимолий Лондон дербисида "Арсенал" "Тоттенхэм"ни мағлуб этди
"Арсенал" — "Тоттенхэм" 3:1
20.30, "Эмирейтс"
Арсенал – Рэмсдейл, Томиясу, Габриэл, Уайт, Тирни, Джака (Локонга, 82), Парти, Эдегор, Смит-Роу (Нуну Тавареш, 88), Сака (Мэйтленд-Найлз, 87), Обамеянг.
Тоттенхэм – Льорис, Танганга (Эмерсон, 46), Дайер, Санчес, Регилон, Хейбьерг, Алли (Скипп, 46), Ндомбеле (Хиль, 70), Сон Хын Мин, Лукас Моура, Кейн.
Огоҳлантиришлар: Скипп (67), Эдегор (88), Локонга (90).
УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ! "Арсенал" мағлубиятлар ортидан АПЛдаги кетма-кет учинчи ғалабасини қўлга киритди.
"Арсенал" мухлислари бугун шаҳридаги ресторанларни бойитишса, ажабмас.
90+2. Моура "Аякс"га қарши ўйинни эслаб юборди. Унинг моҳир зарбасига Рэмсдейл моҳирона жавоб берди. Ҳисоб ўзгармади.
Учрашувга 5 дақиқа қўшиб берилди.
87. "Арсенал"да ўзгариш. Жака ўрнига Локонга майдонга тушди, Сака учун ҳам бугунги баҳс якунланди, Нуну-Тавареш ўйинга қўшилди.
84. Оқ рангли футболкадагилар камбэк амалга ошира олармикан буёғига?
Чап қанотдан бошланган ҳужум натижасида тўпни марказда турган кореялик ҳужумчига узатди. Сон эса орадаги фарқни қисқартирди. "Тоттенхэм" ""Арсенал"дан қандай гол уриш кераклигини ўзлаштириб олди ҳамда худди шу усулда "тўпчилар"ни жазолади.
79. Гоооллл! Ҳисоб қисқарди. Сон жамоасини "уйқу"дан ўйғотмоқда.
75. Сака шикастланган кўринади. Эски жароҳатини янгилаб олмаган бўлса бўлгани.
73. "Арсенал" майдонда эркин қуш мисоли ҳаракат қилмоқда. Сакадан ажойиб зарба. Льорис жамоасини хўрланишини истамади.
70. "Тоттенхэм"да ўзгариш. Ндомбеле ўрнига Хиль ўйинга қўшилди.
68. Стандарт вазият яхши амалга оширилди, бироқ Обаменянгнинг зарбасига Льорис ҳушёрлигини намойиш этди.
67. ОГОҲЛАНТИРИШ. Скипп рақибига нисбатан қўпол ўйнагани учун жазоланди.
"Тоттенхем" сўнгги 18 йил ичида илк марта АПЛда кетма-кет 3 ўйинда ўз дарвозасидан 3 ва ундан кўп гол ўтказиб юбормоқда
62. КЕЙН! Унинг учун ҳаммаси муҳайё қилиб берилганди, бироқ ҳужумчи дарвозабон устидан тўпни аниқ йўллай олмади. Устига-устак офсайд ҳолати қайд этилди.61. Кейн яна ўз омадини синаб кўрди, Рэмсдейл эса гол ўтказмасликка онт ичиб майдонга чиққан шекилли.
60. "Тоттенхэм" жарима зарбаси ишлаб олди. Сон тўғри дарвоза томон зарба берганди, аммо дарвозабон учун бу қийинчилик туғдирмади.
56. "Тоттенхэм" нималардир қилишга уринмоқда. Кейн рақиб майдони ичида йиқитилди, ҳакам эса ҳеч нарса бўлмаганини таъкидлади.
53. Мезбонлардан хавфли ҳужум! Тўпни ҳимоячилар қийинчилик билан қайтарди, "тўпчилар" пенальти сўрамоқда.
53. "Арсенал" бурчак тўпи ишлаб олди, бироқ ҳужум қайтарилди
Санту: "Арсенал"дан кутмаган эдим, мен дардимни кимга айтаман...
47. Таймни кутилганидек меҳмонлар эмас, гол уриб тўймаётган "Арсенал" ҳужумлар билан бошлади.
ИККИНЧИ БЎЛИМ БОШЛАНДИ. "Тоттенхэм" учрашувнинг қолган ярмида нима каромат кўрсата олишини томоша қиламиз. Биратўла икки ўзгариш билан бошлади "шпорлар". Алли ўрнига Скипп , Танганга ўрнида Эмерсон ҳаракат қилади.
БИРИНЧИ ТАЙМ СТАТИСТИКАСИ
Тўпни эгаллаб туриш — 55-45%
Зарбалар — 5:4
Аниқ зарбалар — 4:1
Сейвлар — 1:1
Қўполликлар — 6:7
Бурчак зарбалари — 1:2
Офсайд — 1:2
БИРИНЧИ БЎЛИМ ЯКУНЛАНДИ.
45. Биринчи бўлимга 2 дақиқа қўшиб берилди.
44. "Арсенал" сўнгги 5 та ўйинда 2 та гол урганди, "Тоттенхэм" билан эса 35 дақиқада 3 та гол урди.
42. Томиясу Регилонга нисбатан қўпол ўйнади.
Артета яқин ойлар ичида бунчалик хурсанд бўлмаган бўлса керак.
39. ЗАРБА! Бурчакдан узатилган тўпни ўзини айбдор ҳис қилаётган Кейн бош билан дарвозага жойлаб қўймоқчи эди, аммо унинг зарбаси аниқ бўлмади.
38. Меҳмонлар тушкун кайфиятда.
Рақиб майдонида Кейн тўпни олдириб қўйди. Тезкор қарши ҳужум натижасида тўп ўнг қанотдаги Сакага келиб тушди. Жарима майдонига ёриб кираётган футболчини айнан Гарри тўхтатишга ҳаракат қилди, бироқ "канонирлар" вингери охиригача ҳаракат қилиб, таблога ўз номини ёздириб қўйди.
34. Гоооллл!!! 3:0! Сака! "Арсенал"дан ажойиб томоша! "Тоттенхэм" ўзига кела олмаяпти.
Қарши ҳужум натижасида тўп майдон марказидаги Обаменянгга келиб тушди, у эса заргарона пас билан чап қанотдаги Смит-Роу олдинга бошлади, дастлабки гол муаллифи тўпни шеригига қайтарди, Эрик эса тўпни тўхтатмасдан худди биринчи голдаги сингари дарвозага жойлаб қўйди. Машғулотларда ишланган комбинация натижаси.
27. Гоооллл! Обамеянг! 2:0! "Арсенал"дан ҳам шундай ўйинлар кўрар эканмиз-ку!
26. Сакадан сўнг Жака диққат эътиборимизда, фақат у рақибга нисбатан қўполлик ишлатди.
25. Сака ўнг қанотдан олдинга борганди, Регилон уни зарарсизлантирди.
24. Кейн узоқдан зарба бериб кўрди, бироқ тўп унинг ўйлаганидан анча баландлаб кетди.
22. ЗАРБА! Сон чап қанотдан рейд уюштириб, чап оёғида кучли зарба берди. Рэмсдейлдан дастлабки сейв.
21. "Тоттенхэм" ўнг қанотдан ҳужум уюштирганди, Алли тўпни олдириб қўйди.
Учрашувни Германия терма жамоаси мураббийи Ханс-Дитер Флик кузатиб бормоқда.
17. "Арсенал" голдан илҳомланмоқда, кетма-кет зарбалар Льорисни қийнаб қўймоқда.
Ўнг қанотдан оширилган тўпга ҳимоячилардан эпчилроқ ҳаракат қилган Смит-Роу зарба берди ҳамда ҳисобни очди.
12. Гоооллл! Мезбонлар ҳисобни очди! 1:0! Смит-Роу!!!
7. ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! Майдон марказидан бошланган ҳужум чап қанотга кўчди, кейинчалик марказга узатилган тўпга Обамеянг зарба берганди, Льорисдан сейв. Бироқ ҳакам офсайд ҳолатини қайд этди.
5. Яна майдон марказида қўполлик, бу сафар мезбонлар жавоб қайтарди.
3. Майдон марказида "Арсенал" футболчисига нисбатан ўйин қоидаси бузилди.
"Арсенал" айни дамда 6 очко билан 14-поғонада, "Тоттенхэм" эса 9 очко билан 10-ўринда бормоқда. "Тўпчилар" бугун ғалаба орқали рақибларига етиб олиш имкониятига эга.
1. УЧРАШУВНИ МЕҲМОНЛАР БОШЛАБ БЕРИШДИ.
Жамоалар майдонга тушиб келишди. Иккала клуб ҳам ғалаба билан ташриф буюрган. Хўш, бугун кимнинг қовоқлари уюлар экан.
"Тоттенхэм" "Арсенал"га қарши сўнгги 8 ўйиннинг 6 тасида мағлуб бўлмаган. Кўрамиз, меҳмонлар бу сафар ҳам ҳамшаҳарларининг майдонини яхши кайфиятда тарк этармикан.
Жамоаларнинг сўнгги 33 учрашувида "канонирлар" 11 бор шляпаларини осмонга отишган бўлса, "шпорлар"да атиги бир ғалаба кам. Яна 12 учрашувда томонлар муроса кўчасини танлашган. Кўриниб турибдики, бу жамоалар ўртасидаги тўқнашувлар доимо шиддатли кечган.
Ассалому алайкум, қадрли футбол ишқибозлари! Яқин 90 дақиқа давомида Шимолий Лондон дербисини биргаликда кузатиб борамиз.
Comments