Андреа Пирло - италиялик "жавоҳир"
03 jul 2016 15:05
News
Андреа Пирло - италиялик "жавоҳир"
Ушбу футболчи жаҳон футболи тарихидаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бири ҳисобланади. Унинг жарима зарбалари, оширмалари, узоқдан берадиган зарбалари аниқлиги билан барчани ҳозиргача ҳайрон қолдириб келади.
Пирло 16 ёшлигида "Брешиа" сафида А Серияда дебют қилади. Андреа икки йил давомида ушбу клуб таркибида 47 маротаба Италия чемпионатида майдонга тушиб, рақиб дарвозасини 6 маротаба аниқ нишонга олади. 1998 йилда "Интер" 18 ёшли италияликни харид қилади, аммо Пирло уч йил ичида миланликларнинг А сериядаги 22та учрашувида майдонга тушади ва 1999 йилда "Интер" уни "Режина"га, 2001 йилда эса "Брешия"га ижарага бериб юборади. Брешиядаги ижарадан сўнг "Интер" Пирлони 10 млн. АҚШ доллар эвазига "Милан"га сотиб юборади ва "маэстро" бу клубда асосий таркиб футболчисига айланади.
Андреа 10 йил давомида "Милан" шарафини ҳимоя қилиб А Сериянинг 284 учрашувида майдонга тушади ва ўз ҳисобига 32та гол ёздириб қўяди. Андреа "Милан" билан икки маротаба ва Чемпионлар лигасини ва яна шунча скудетто ютиб олади.
2011 йил 18 май куни Андреа Пирло мавсум охирида "Милан"дан кетишини маълум қилади. Олтин кундан сўнг у "Ювентус" билан уч йиллик шартнома имзолайди. Пирло "Ювентус"да янада ёшаргандек кўринади. Янги жамоада Андреадан жуда кўп нарсани кутишади, лекин Пирло уларнинг кутганидан ҳам ортиқроқ бўлиб чиқади. У туринликлар сафидаги биринчи учрашувидаёқ ўйинни ўз қўлига олади ва бошқа қўйиб юбормайди. Антони Контенинг бир қарча экспериментидан сўнг Пирло ўзининг севимли жойига қайтади. "Ювентус"нинг деярли ҳар бир ҳужуми Андреа орқали ўтар эди. Плеймейкер А Сериядаги биринчи мавсумида 3та гол уриб, 13та голли пас беради. Пирло 2643та оширма амалга оширган эди, унинг энг яқин таъқибчиси эса Пирлодан 500та кам пас оширган эди. Тўп оширишларининг аниқлиги 86,8%. Бу натижа бўйича фақат Хави "Юве" ярим ҳимоячисини ортда қолдирган эди.
2015 йилнинг 26 апрелида Пирло "Торино" дарвозасига жаримадан гол уриб, А Серия тарихидаги энг кўп жарима зарбасини аниқ амалга оширган футболчига айланиб олади. 6 июль куни Андреа Пирло АҚШнинг "Нью-Йорк Сити" сафига қўшилади.
Терма жамоа
Пирло Италия терма жамоасидаги ўзининг биринчи ўйинини 2002 йилнинг 7 сентябрида Озарбайжонга қарши ўтказади. Евро-2004даги иккинчи ўйинидан сўнг у миллий жамоанинг марказига эгалик қила бошлайди.
2000 йилда у ёшлар биринчилигида Европа чемпионига айланади, 2004 йилда Афинада ўтган Олимпия ўйинларида бронза медали соҳиби, 2006 йилда эса жаҳон чемпиони бўлади.
2008 йилдаги Европа чемпионатида у Италия терма жамоасининг деярли барча учрашувида майдонга тушади. Францияга қарши ўйинда иккинчи сариқ карточкани олган Пирло Испанияга қарши ҳал қилувчи баҳсни ўтказиб юборади.
Евро-2012да Пирло кумуш медаль соҳибига айланади. Андреа шу кунгача Италия терма жамоаси сафида 115та ўйинда иштирок этиб, 13та гол уришга улгурган.
Шахсий ҳаёт
Пирлонинг биринчи ва ягона муҳаббати Дебора бўлган, Андреа уни 18 ёшлигида учратиб қолган. Аммо Андреа "Интер"га ўтиши муносабати билан Миланга кетишга мажбур бўлади, Деборанинг отаси эса қизини қўйиб юбормайди ва севишганлар баъзи-баъзида учрашиб туришар эди. Ушбу жуфтлик 2001 йилнинг ёзида турмуш қуришади. Пирлонинг биринчи фарзанди Никколо Брешияда дунёга келади. 2006 йилда Пирло иккинчи маротаба ота бўлади ва қизалоққа Анжела деб исм қўйишади. Пирлолар оиласи сураткашларни жуда ёмон кўради ва бу оилани кечки байрамларда ҳам учратиш қийин.
Comments