"Ал Ҳилол"нинг таслим этилиши, Антонио Конте ва ғалабалар сири" - "Истиқлол"нинг амалдаги бош мураббийи Виталий Левченко билан суҳбат
26 apr 2021 13:52
News
"Ал Ҳилол"нинг таслим этилиши, Антонио Конте ва ғалабалар сири" - "Истиқлол"нинг амалдаги бош мураббийи Виталий Левченко билан суҳбат
Унда Тожикистон чемпиони қитъа гранди ҳисобланган "Ал Ҳилол"ни 4:1 ҳисобида таслим қилди. Умуман ОЧЛ гуруҳ босқичида дебют мавсумини ўтказаётган "Истиқлол" 4та ўйиндан 7 очко тўплаб гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ютуқларнинг замирида клуб бош мураббийи Виталий Левченконинг хизмати катта. Тўғри Левченкода ПРО лицензияси йўқлиги боис ОЧЛда "Истиқлол" бош мураббийи сифатида Мубин Эргашев рўйхатдан ўтказилган. Бироқ барча ишни айнан Виталий Левченко амалга оширади. Championat.asia сайти украиналик мураббий билан суҳбатлашишга қарор қилди.
- "Ал Ҳилол"дек Осиё грандини, ўз майдонида 4:1 ҳисобида мағлуб этиш жуда катта натижа. Бунга қандай эришдингиз?
- Ўзбекистон халқига салом йўллайман! Албатта "Ал Ҳилол"ни мағлуб этилиши биз учун катта ютуқ. Лекин бу ютуқ осонликча етгани йўқ. Бунгача жуда кўп меҳнат қилдик ва хатоларимиз устида ишладик. Ўйинда қандай ҳаракат қилсак, ижобий натижага эришиш мумкинлигини йигитларга тушунтирдик. Таркибида Европа даражасидаги юлдузлар ўйнаётган жамоага қарши муносиб ўйнадик ва ғалабага эришдик.
- Биринчи ўйинда "Ал Ҳилол"га ютқаздинглар, иккинчи ўйинда йирик ғалаба. Иккинчи ўйинда қандай ўзгаришни амалга оширдингиз?
- Иккинчи ўйиндан олдин хатолар устида ишладик. "Ал Ҳилол" ниманинг эвазига ҳужумлар қилиши ва босим қилишини тушунтирдим. Рақиб катта куч билан ҳужум қилади ва ҳимояда бўш жойлар қолади, қарши ҳужумдан фойдаланишга имконият бўлади. Ҳимоядан ҳужумга ўтиш бизнинг тактикамизда жуда муҳим аҳамият касб этади.
- "Истиқлол" қарши ҳужумда ажойиб ўйнамоқда. Европадаги қайси жамоалардан намуна олишга интиласиз?
- Таркибимиздаги футболчилардан келиб чиқиб ўйнаймиз. Европадан Антонио Контенинг иш услуби ва тактикаси менга кўпроқ ёқади. Бу мураббий бошчилигидаги жамоалар қандай ўйнашлари, қандай қарши ҳужумга ўтишлари ва прессинг қилишлари мен учун эталон. Шундай экан Антонио Конте мен учун ҳақиқий намуна.
- Мураббийликдаги идеалингиз ким?
- Айни пайтда Киевда УЕФАнинг ПРО лицензияси учун таҳсил олаяпман. Тактика бўйича маърузаларни Андрей Шевченко билан бирга ишлайдиган италиялик мураббийлар ўқишмоқда. Улар тактикага жуда катта аҳамият беришади.
- Осиё чемпионлар лигасидан олдин 3 футболчи жароҳат олди, кейинроқ япониялик футболчи ҳам жароҳат олди. Йўқотишлар ўрнини қандай босдингиз?
- Тўғри, Саудия Арабистонига келишдан олдин уч нафар футболчимиз жароҳат олиб сафдан чиқди. Албатта бу биз учун катта йўқотиш бўлди, таркибни ротация қилишда ҳам қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари япониялик футболчи Рёта Нёма ҳам жароҳат олди. Аммо имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Биз ёш футболчиларимизга ишонамиз ва улар ҳар бир ўйинда жамоамизга фойда келтиришларига умид қиламиз.
- Мусобақа кашфиётларидан бири бўлаётган дарвозабон Рустам Ятимов ҳақида қандай фикрдасиз?
- Албатта Рустам Ятимов бизнинг ютуқларга катта ҳисса қўшмоқда. У билан ишлаётган дарвозабонлар мураббийи Фарруҳ Бердиев ҳам яхши ишлмоқда. Бундан ташқари мураббийлар штабида Анвар Норқўлов ҳам бор. Барча ўз ишини бажармоқда ва бир мақсад йўлида бирлашганмиз. Ёрдамчиларимнинг профессионал фаолиятига шубҳа қилмайман. Ятимов эса футболчи сифатида ўсаётгани дарвозабонлар мураббийи ва ўзининг меҳнати сабаб бўлмоқда. Худо хоҳласа Рустам ўз ишининг энг ёрқин вакилларидан бирига айланади.
- 19 ёшли Манучеҳр Сафаров "Ал Ҳилол" билан ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. У ҳақда қандай фикрдасиз?
- Бизнинг футболчиларни алоҳида эътироф этишаётгани қувонарли. ОФК ҳам рамзий терма жамоага ўйинчиларимизни киритгани хурсанд қилади. Манучеҳр Сафаровга келсак у майдонда каттагина ҳажмдаги ишни бажаради, агар шундай ишлашда давом этса бутун қанотни ёпа оладиган етакчи футболчига айланади. Фақат юлдузлик касалига чалинмаслиги ва меҳнат қилишда давом этиши керак.
- "Истиқлол"нинг ғалабалари замирида нималар ётибди?
- Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Осиё чемпионлар лигасига январь ойидан бошлаб тайёргарлик кўрдик. Рақибларни ўргандик, уларнинг кучли ва кучсиз томонларини билиб олдик. Сифатли йиғин ўтказдик. Шу боис "Истиқлол"нинг натижалари мураббийлар штабида қандайдир шубҳа уйғотмаяпти. Ўйиндан-ўйинга ҳаракат қилаяпмиз. Ўйлайманки олдимизда турган иккита ўйинда янада яхши ўйнаймиз.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Comments