Ажойиб хаёлпараст
30 dec 2024 16:42
News
Ютуқларию камчиликларини елкасига ортганча 2024 йил бизни тарк этишга ва тарихга айланишга тайёрланмоқда.
2025 йил ўзбек футболида ҳаммаси бошқача бўлар экан...
- 2025 йилда ҳар қандай ҳисобдаги мағлубиятдан кейин матбуот анжуманига бош мураббийнинг ўзи кирар экан;
- Янги йилда матбуот анжуманлари ОАВ ходимлари билан лиқ тўла залларда ўтказилар экан;
- Терма жамоа қандай натижа қайд этишидан қатъи назар футболчилар микст зонада уларни кутиб турган журналистларнинг саволларига жавоб беришар экан;
- Суперлига ва кубок беллашувларида журналист ва фотографлар учун ҳамма шароитлар биз ҳавас қиладиган давлатлардаги каби бўлар экан;
- Футболга ихтисослашган янги телеканал очиларкан;
- Ўйинларни трансляция қилиш учун янги КТС (Кўчма телевизион студия) сотиб олинаркан;
- Суперлига ва кубок ўйинлари 12 та камерада трансляция қилинар, тасвирларни сифати кўзларни қувнатаркан;
- Ҳакамлар ВАРни эшитиш ёки кўриш учун 40 сониядан кўп сарфлашмаскан;
- ЎФА, ПФЛ ва ҳамма ўзбек клубларимиз йил охирида ОАВ орқали мухлислар учун ҳисобот конференцияси ўтказишаркан;
- Клубларимиз машғулот учун ўзлари 50 тадан тўп сотиб олишаркан, ўйинларда эса ПФЛ берадиган тўпларни янгидек сақлаган ҳолда фойдаланишаркан;
- Янги мавсумда ҳеч ким вақт чўзмасмуш, ҳамма футбол ўйнашни хоҳлармуш;
- Охирги турларга бориб ғалати ўйинлар ва натижалар йўқ бўлиб кетармуш;
- Суперлигадаги легионерларни кўриб кўз қувнармуш;
- Суперлигада тўпурар бўлган футболчи 30 та гол ураркан;
- Суперлига ва Пролига клублари футболчи ва мураббийларидан тортиб барча ходимларигача бирдек экипировка берармуш;
- Клублар хориж йиғинлари ва сафар ўйинларига матбуот котиби, фотограф ва медиа хизматидаги операторни олиб бораркан;
- Футболчиларга иккиталик премия, ходимларга эса битталик деган тушунча футболимизда йўқ бўлиб кетаркан, иккиталик бўлса бу ҳаммага бирдек амал қиларкан;
- Футболимизда майдон ташқарисидаги эмас, майдондаги интригани кўриб АПЛни кузатадиган мухлислар стадионга қайтишаркан;
- Мавсум охирига бориб палон клуб 3 ойдан бери маош бермасмуш, мукофот пулларини бермабди деган гап-сўзлар умуман йўқ бўлиб кетаркан. Гўё ўзбек футболида бундай нарсалар ҳеч қачон бўлмагандек туюларкан;
- Мухлислар 10-15 йил олдин бўлгани каби стадионга қайтаркан;
Ҳаммаси жуда яхши кетмоқда... Шу онда қулоғимга қандайдир мусиқа чалина бошлади. Будилник жиринглаётган экан. Энди аста ўрнимдан тураман ва болажонларни боғчасию мактабига ташлаб, ишга кетаман...
Comments