Latest news

08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  0 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  7 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  13 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  14 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  5 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  2 19:39Расман: Зоир Жўрабоев "Сўғдиёна" футболчисига айланди  0

Афсонавий Паоло Мальдини билан суҳбат News

Афсонавий Паоло Мальдини билан суҳбат

Паоло Мальдини “Милан”даги 25 йиллик фаолияти, ютуқлари ҳамда афсонавий Шевченко ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

— Сиз 16 ёшингизда “Милан”да дебют қилгансиз. Биринчи баҳсга метро орқали етиб келган экансиз. Шу ростми?

— 16 ёшимда ҳали ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ эди. Мен Миланелло машғулот марказига метро ёки автобусда борардим. Учрашувга эса клуб автобусида жамоа билан биргаликда борар эдик.

— Нима деб ўйлайсиз, Сакки футболда ҳақиқатдан ҳам янгилик қила олдими? Унинг моҳияти нимада эди?

— Сакки ростан ҳам инқилобчи. У футболни ўзгартира олди, у футболчиларни тайёрлаш борасида методлар яратди. Сакки аввал футболчилар билан ишламаган атлетика мураббийларини олиб келди. Лекин ундан ташқари яна инқилобчи бор эди — Берлускони. У эса ҳамма нарсани ўзгартириб ташлади. Айнан у Саккини танлаганди. Президент клубни янги услуб билан йўналтирди — замонавийроқ, халқаро талабларга жавоб бера оладиган қилиб. У Италия ҳимоявий ўйин кўрсатишини хоҳлади ҳамда мухлислар фикрини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида клуб мураббийлиги лавозимига Саккини таклиф қилди.

Сакки жисмоний тайёргарлик томондан кўплаб ижобий нарсалар ўйлаб топди. Ўша вақтлар жуда қийин кечган. У жуда оғир машқлар қилдирар эди. Бундай машқларга кўпчилик дош бера олмасди.

— Ван Бастен, Райкард, Гуллит — голландиялик учлик жуда яхши натижалар қайд этишарди. “Милан” қай даражада уларга боғланиб қолганди? Яъни улар жамоа учун қанчалик муҳим эди? 

— Ўша жамоанинг асоси анча олдин тиклаб бўлинганди. Сакки ҳамда Берлускони келгунча клуб таркибида Барези, Тассотти, Филиппо Галли, Эвани, Костакурта каби кучли ўйинчилар бор эди. Ҳимоя — “Милан”нинг юраги — яратилган эди. Голландияликлар Сакки услубига жуда мос келган. Ван Бастен, Гуллит ва Райкаард “Милан”ни халқаро майдонда ҳам янада машҳур қила олишди.

— Сизнинг отангиз “Милан” афсонаси бўлган. Бу сизга ёрдам берганми ёки аксинча?!

— Босим бўлган, албатта. Тўғрисини айтсам ўғилларимга қараганда, менга осонроқ бўлган экан. Чунки уларга икки авлод вакиллари босим ўтказади. Отасининг машҳур бўлиши фарзандга баъзида қийинчилик туғдиради. Бироқ бошқа томондан бундан фаҳрланасиз.

— 1998 йил отангиз терма бош мураббийи бўлган. Сиз эса жамоа сардори эдингиз. Бирга қандай ишлагансиз?

— Бу жуда қийин бўлган. Албатта, шу ёрдамида катта тажрибага эга бўлганман, бироқ анча қийналганман. Отам билан ёшлар терма жамоаси, асосий термада ҳамда “Милан”да биргаликда ишлаганман. Бундай пайтда жамоадошлар олдида ҳам ноқулай вазиятга тушиб қоласиз. Лекин у доим ҳаммага бир хил муносабатда бўлган. Ҳеч ҳам менга ён бомасди. Бу эса менга катта ёрдам берган.

— Сиз фақат “Милан”да ўйнайман деб ваъда берган экансиз. Шу ростми?

— Йўқ, бундай ваъда бермаганман. Бироқ ич-ичимдан клуб, шаҳар ҳамда мухлисларга шундай деганман - "ҳаёлимда". Буни ҳеч қачон оғзаки айтмаганман. Мен кўп нарсага эришдим деб ўйлайман — 10 ёшимда “Милан” сафида фаолиятимни бошлаб, 41 ёшимгача миланликлар билан бирга бўлдим.

— “Милан”даги ёрқин ғалабангиз?

— Биринчисининг ўрни барибир бошқа дейишадику. Шу гапга қўшилган ҳолда, бу саволингизга Чемпионлар Кубогида “Стяуа”га қарши баҳсдаги илк ғалабам деб жавоб бераман. Айнан шу ғалаба келгусидаги муваффақиятларига сабабчи бўлди десам, адашмайман. Учрашувда клубимиз ишқибозлари рақиб жамоа мухлисларига қараганда анча кўп эди. Сабаби Чаушеска режими “Стяуа” мухлислари ўйинга келишларига имкон қолдирмаган эди. Ўшанда бизни “Милан”нинг 90 минг мухлиси қўллаб-қувватлаб турган. Ҳақиқий байрамдек бўлган эди!

— Сиз Италия термаси билан Жаҳон Чемпионати ҳамда Европа Чемпионати финалларида ўйнагансиз. Лекин чемпион бўлиш сизга насиб қилмади. Шунингдек, ЖЧ-2006га бориш имконияти сизда бўлганди. Лекин рад жавобини бергансиз. Бундан афсусланмайсизми?

— Албатта, чемпион бўла олмаганимдан афсусдаман. Жуда кўп имкониятим бўлган: 4 марта ЖЧда, 3 маротаба Европа чемпионатларида иштирок этганман. Тақдир эмас экан. ЖЧ-2006дан ярим йил аввал Липпи мени термага чақирди. Аммо бундан 4 йил олдин кетган эдим. Шу сабабли қайтиш нотўғри бўлади деб ўйладим. Ахир жамоа шу поғонагача менсиз келган. Улар мундиалга чиқишга лойиқ эди.

— 1994 йилги финал. Бажо пенальтидан уролмади. Жамоанингиз жуда кучли эди. Ундан қанчалик даражада жаҳлингиз чиққан?

— Италия кучли эди, аммо менимча, Бразилия барибир биздан бироз кучлироқ эди. Бажо ярим финалда жароҳат олган эди. Биз ҳимояда яхши ўйнадик, лекин Бразилия ғалабага кўпроқ лойиқ эди.

— 1990 йил сиз Неаполдаги ЖЧнинг ярим финалида мағлуб бўлдингиз. Айтишларига қараганда, Италиядан кўра, Марадонани кўпроқ қувватлашган экан. Шу гап тўғрими?

— Италияда ҳам шундай дейишади. Ҳа, аслида шундай бўлган. Биз Неаполда ўйнадик, неаполликлар эса Марадонани жуда ҳам яхши кўришади. Ўшанда ҳаттоки, италянлар ҳам унга мухлислик қилган. Лекин бу мағлубиятимизга сабаб бўлолмайди. Бироқ бу нарса ўйинчилар руҳиятига катта салбий таъсир кўрсатган.

— Шевченкони биринчи марта кўрганингиз ёдингиздами?

— Чемпионлар Лигасида “Динамо” таркибида қандай ўйнаганини кўргандим. Ўшанда у 3та гол урган. Ҳамма у ҳақида гапирарди. У “Милан”га ўтади деган гап-сўзлар кўпайиб кетган эди.

— Шева ҳақидаги биринчи таассуротингиз?

— Аввалига унга осон бўлмаган. Бошқа тил, бошқача таомлар, бошқача қонун-қоидалар. “Динамо” ва “Милан” — умуман турлича жамоа. Унга Резо Чохонелидзе катта ёрдам берган. У Шевченко билан келган ва италянча сўзлаша оларди. Шева майдонда жуда тезлик билан ҳаракат қила оларди. Айнан шу жиҳати жамоага тез мослашиб кетишида кўмак бўлди.

— Сиз унга ёрдам беришни ўз зиммангизга олганмидингиз?

— Унга ҳамма кўмаклашган. Жамоадагилар янги ўйинчилар айниқса, легионерларга катта ёрдам беришади.

— 25 миллион доллар — 1999 йиллардаги вақт учун жуда катта пул. Бу пуллар ҳавога учиб кетиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

— “Динамо” ўйинини кўрганимизда у "супер юлдуз" бўла олишини тугшунган эдик. Машғулотларда эса у “ўзгача ўйинчи” эканини англаб етдик. У жисмонан анча бақувват эди. Кўпинча легионерлар Италиядаги машқларга чидай олмайди. Аммо Шева янада кўпроқ ишлашни сўрарди. Чунки у “Динамо” методларига кўникиб қолган эди.

— Украинада Шевченкони салоҳиятли футболчи деб ҳисоблашарди. Бу “Милан”да сезилдими?

— Шарқий Европа футболчилари Италияда ўйнашга қийналади. Аммо ўша пайт Шевада қандайдир муаммолар бўлганини эслай олмайман. У испан менталитетига тез ўрганган. Шубҳасиз, у салоҳиятини майдонда кўрсатиб бера олди. Италянчани яхши ўрганди. Бу ҳам муҳим. Чунки футболчи жамоадошлари билан маслаҳатлашиши керак.

— Эркинлик туфайли баъзи легионерлар кўплаб муаммоларга дуч келади. Шу масалада Шевченко ҳақида нима дея оласиз?

— Ҳа, эркинлик бошни айлантириб, йўлдан чалғитиши мумкин. “Милан”да ҳамма нарсага рухсат беришарди. Аммо тартиб-интизомга амал қилишлари шарт эди. Шева ҳам бундан мустасно эмас эди.

— У "Олтин тўп" ютишини билганмидингиз?

— Бунга умид қилгандик, албатта. У юқори даражадаги ўйинчи. “Милан” ҳам кўп бора ғалаба қозонарди. Унинг буюк ўйинчи бўлишини билардик. Шу сабабли, “Олтин тўп” соҳиби бўлишига шубҳа йўқ эди.

— Ўша вақтдаги “Милан” — "юлдузлар"дан ташкил топган жамоа эди. Ҳар бири “Олтин тўп”га лойиқ, аммо улардан фақат бири бунга муносиб деб топилган. Бу сизларга алам қилмаганми?

— Умуман олганда, ҳаммаси ҳам сиз айтганчалик эмас. Ҳужумда ажойиб ўйинчилар кўп эди: Индзаги, Креспо, Томассон, Ривалдо. Жамоа фақат бир ҳужумчига қараб қолмаганди. Ҳамманинг мақсади бир — ғалаба қозониш. Ш сабабли, фақат кучлилар майдонга тушарди. Биласизми, бизда ҳеч қачон Шева захирада қолиши мумкин деган гап ҳаёлимизга келмасди. Чунки у энг яхши ўйинчи эди.

— Ҳимоячилар камдан-кам ҳолатда “Олтин тўп”ни қўлга киритади. Сизда бу соврин йўқлигидан афсусланасизми?

— Энди қаранг, ҳужумчиларнинг “голлари” бор. Ҳимоячилар эса эътиборни ўзларига қаратишлари учун қандайдир ноёб иш қилишлари керак. Ҳужумчи, масалан чет эл чемпионатларидан бирида ўзини кўрсатиши осон: кўп гол урса кифоя. “Олтин тўп” — шахсий совин. Мен эса футболни — жамоавий ўйин деб ҳисоблайман. Шу сабабли, клуб билан бирга ғалаба қозонишни истаганман. Шундай экан, нима учун “Олтин тўп”им йўқлигидан афсус чекишим керак?!

— 2003 йилги финал. “Юве” қарши баҳс. Энг ёрқин хотиралар билан бўлиша оласизми?!

— Бу муҳим мавсум эди. Биз 9 йил деганда ЕЧЛ финалига қайтган эдик. “Интер”га қарши ярим финал ҳар томонлама қийин кечган: ҳам жисмонан, ҳам руҳан. “Ювентус” билан бўлган финал учрашуви руҳан яна ҳам қийин эди. Шева ҳал қилувчи пенальтини тепди, чунки у муҳим паллаларда совуққон бўлиб, ўзини йўқотиб қўймасди. Ҳакам 15-20 секунд кутишимизни айтди. Биз жуда ҳам ҳавотирда эдик. Бу муаммо бўлиши ҳам мумкин эди. Биз Шева ҳаммасини уддалаши, ўзин йўқотиб қўймаслигига умид қилдик. Лекин шукурки, ҳаммаси яхшилик билан якунланди.

— 2005 йилги финал фантастик бўлиб, тарихда ўчмас из қолдирган. Сиз биринчи дақиқадаёқ гол уришга муваффақ бўлгансиз, аммо мағлуб бўлган эдингиз. Қандай таассуротлар қолган?

— Ўша финалда мен футболнинг барча яхши ва ёмон тарафларини ҳис қилганман. Тўғри, 1-дақиқада гол урдим — бу мен учун ҳам ажойиб ҳолат. Биз 3:0 ҳисоб билан танаффусга чиқдик. Аммо иккинчи таймда рақиб жамоа ўйин тизгинини ўз қўлига олди ва ҳисобни тенлаштирди. Пенальтилар сериясида эса улар 3:2 ҳисоб билан ғалабага эришдилар. Нима ҳам дердик, ўшанда ғолиб бўлиш бизга насиб қилмаган экан. Буни тушунтириб беролмайман. Бу — футбол.

— Шева “Милан” мухлислари учун ким деб ўйлайсиз?

— Шева — мухлислар учун афсонавий футболчилардан бири. Аслида, фақат улар учун эмас, барча италияликлар ҳамда бутун дунё учун ҳам у тирик афсона. У — жаҳон миқёсидаги ўйинчи.

— Сиз — бир жамоа афсонасисиз. Узоқ йиллар давомида фақат бир клубда ўйнаш учун қаердан ғайрат-шижоат олгансиз?

— Агар футболни чиндан яхши кўрсангиз, ғайратнинг ўзи келаверар экан. Мен футболни, машқ қилишни севардим ва доим юқорига интилардим. Жисмоний тарафлама қийналмаганман. Организмим жуда кучли эди. Мен 25 йил юқори даражада ўйнашимда ота-онамнинг хизмати катта, албатта.

— Ўғлингиз ҳам сиздек “Милан” афсонаси бўлиб, 25 йил “россонери” сафида ўйнашини хоҳлармидингиз?

— Албатта. Икки ўғлимнинг ҳам фаолияти меникига ўхшашини истайман.

— Шевченко — ўғлингиз Даниэленинг кумири. У ҳам ҳужумда ўйнайдими?

— Катта ўғлим — марказий ҳимоячи. Кичиги эса — ҳужумчи. У Шева қандай ўйнаганини кўрган бўлиши мумкин. Аммо кўп баҳсларни томоша қилмаган. Тўғрисини айтсам, уларнинг хонасида “Милан”ни эслатадиган нарсалар жуда кам. Фарзандларим эндигина футболга қадам қўйишди. Улар Шевченко эришганларининг ҳеч бўлмаса ярмини уддаласа ҳам, бундан бошим осмонга етарди.

Иккиси ҳам Шевани яхши кўради. У билан кўп бора кўришиб турамиз. У болалар билан ўйнашни билади. У фарзандларимга гольф, футбол ўйнашни ўргатади.

— Шевченконинг энг яхши сифатлари?

— Футболчи сифатида — жисмоний тайёргарлиги ва кучи мукаммал даражада. У нафақат жарима майдони, балки бутун майдон бўйлаб югуриб ўйнай оларди. Ҳужум учун бир қанча имкониятлар яратиб берарди. Шунингдек, ҳар қанақасига гол ура оларди: бош билан, чап ва ўнг оёқ билан.

Инсон сифатида — жуда очиқкўнгил, қувноқ инсон. Аввалига биз билан анча қийналган. Чунки тил билмасди. Бир бир стол атрофида ўтириб, суҳбатлашсак, у фақат бир гапни такрорларди: “Хонамга киришим керак, дам оламан”. Аммо тил ўрганганидан кейин ўзи биз ҳазил қилиб ўтирадиган бўлди.

— Сиз “Милан”да анча мураббий билан ишлагансиз. Қайси бири сизда катта таассурот қолдирди?

— Бир нарса дейиш қийин. Жуда кўп буюк мураббийлар бўлган. Шу билан бирга, отам ҳам. Лидхольм 16 ёшимда менга дебют қилиш имконини берди — бу жуда муҳим. Ҳар бири менга керак пайтда келган десам, адашмайман. Омадим бор экан: Лидхольм менга ўзига ишонишни ўргатган бўлса, Сакки футболга қарашларимни ўзгартирди. Капелло эса ўз позициямдаги кучлилардан бири эканимни англатди. Фаолиятимнинг энг гуллаган ва сўнгги дамларимни Анчелотти даврида ўтказдим.

— Берлусконининг афсонавий “Милан”даги ўрни?

— У клубга келиб, уни бутунлай ўзгартириб юборди. Натижада “Милан” ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган замонавий клуб бўлди. Президент кучли ўйинчиларни сотиб олди. Ҳозир “Милан”да ишлайман ва кундан-кунга клубни ривожлантириш, мақсадга етиш жуда мушкул эканини тушуниб етяпман.

— Берлускони билан муносабатингиз қандай эди?

— Ҳаммаси бошидан аъло даражада бўлган. Сильвио менга “иккинчи отангман” деб айтарди. Унинг ўғли билан дўст эдик. Шу сабаб, уйига кўп борардим.

— Отангиз мураббий бўлган. Ўзингизни шу касбда синаб кўришни ҳеч истамаганмисиз?

— Отам қандай ишлаганини кўрганман. Шунинг учун, бундай ҳаётни истамаганман. Доим чамадон кўтариб юрарди, ҳамма нарсаси тез ўзгаради: клуб, раҳбарият, жамоа. Бу мен учун эмас.

— Шевченко — мураббий. У ҳақида Италияда нималар дейишади?

— Фақат яхши гаплар. Украина термаси Италияга қарши ўртоқлик ўйинида яхши ўйнади. Шева янги касбга тез мослашиб кетгани очиғи, мени ҳайрон қолдирди. Италияда легионерларга тактикани яхши ўргатишади. Айнан шу унга ҳозирда қўл келяпти.

— Балки келгусида Шевченко “Милан”га бош мураббий бўлар, нима дедингиз?

— Ким билсин?! Шева ҳамда “Милан” ўртасидаги муносабат доим яхши бўлган. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ахир ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой.

— Сиз қандайдир мукофот юта олмаганингиздан афсусланасизми?

— Отам мураббий, мен жамоа сардори бўлган пайт Жаҳон Чемпионатида ғолиб бўлганимда ажойиб иш бўлар эди. Аммо умуман олганда, ҳаммасидан кўнглим тўқ. Тақдир менга туҳфа этган ҳаёт ва футболчилик фаолиятимдан мамнунман.


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +22   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика