Абдуқаҳҳор Маъруфалиев: “Пахтакор” ОЧЛда кучли таассурот қолдирди
23 apr 2016 16:10
News
Абдуқаҳҳор Маъруфалиев: “Пахтакор” ОЧЛда кучли таассурот қолдирди
"Кейинги турдаги рақибимиз “Пахтакор” жамоаси бўлганлиги боис тошкентликларнинг Осиё чемпионлари лигасидаги охирги учрашувини синчковлик билан кузатиб бордим. Ростини айтиш керак, пахтакорчилар менда жуда илиқ таассурот қолдирди. “Ал Жазира”га қарши ўйинда жамоанинг барча чизиқлари фаоллик кўрсатишди. Айрим хатолар бўлди, бироқ якуний натижа клуб раҳбариятини ҳам, мухлисларини ҳам тўлиқ қаноатлантирди. “Пахтакор”да плей-оффга чиқиш учун реал имконият пайдо бўлди.
Пахтакорчиларнинг ғайрат-шижоати, майдоннинг ҳар бир қаричи ва ҳар бир тўп учун фаол курашганликлари таҳсинга сазовор. Олдинги учрашувларидан “Ал Жазира”га қарши ўйини тубдан фарқ қилди. Айниқса, дарвозабон Никита Рибкинга алоҳида таҳсин айтиш керак. жамоанинг муваффақиятида унинг ҳиссаси катта бўлди. Менга шунингдек, жамоа таянч ярим ҳимоячилари Шерзодбек Каримов, Жавоҳир Соҳибов, Жалолиддин Машарипов, ҳужумчи Игорь Сергеевларнинг ҳаракатлари ҳам маъқул бўлди.
Футболчилик фаолиятининг катта қисми “Пахтакор” сафида ўтган. Мамлакатимизнинг бош жамоаси стадионига ҳамиша улкан ҳаяжон билан қадам ташлайман. Зеро бу ўйингоҳ минглаб, миллионлар чарм тўп ишқибозларимизнинг хурсандчилик онларига шоҳид бўлган. Не не юлдузлар бу ерда тўп суришмаган дейсиз. Шу маънода муқаддас стадиондаги муҳит, таассуротлар доимо ўзгача, юракдан ва самимий бўлади.
Бевосита “Металлург”нинг амалдаги чемпионга қарши ўйинига тайёргарлиги ҳақида тўхталадиган бўлсам, учрашувга жиддий ҳозирланяпмиз. Пахтакорчилар таркиби жуда кучли ва уларга қарши ўйин биз учун осон кечмайди. Бундан ташқари бизнинг таркибимизда ўтган йилгига нисбатан сезиларли ўзгаришлар бўлди. Таркиб ёшарди дейиш мумкин. Янги, ёш ўйинчилар билан эса чемпионга қарши туришнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, “Пахтакор” кетма кет дуранглар туфайли пешқадамлардан бироз ортда қоляпти. Тошкентликлар бу ёғига ҳар битта ўйинга икки ҳисса куч билан тушишлари аниқ. Бизни хурсанд қиладиган жиҳат Жаҳонгир Абдумўминовнинг дисквалификацияси тугаб, сафга қайтганлигидир. Сафимизда жароҳатланганлар йўқ. Насиб бўлса барча ўйинчиларимиз бор куч ва маҳоратларини намойиш этишади. Ижобий натижа учун тўп сурамиз", - дейди Маъруфалиев.
"Металлург" матбуот хизмати
Comments