Аббос Файзуллаев: "ЦСКАда ходимларнинг профессионализми ҳайрон қолдирди". Москва клубининг янги етакчиси билан катта суҳбат
08 nov 2023 19:56
News
Аббос Файзуллаев: "ЦСКАда ходимларнинг профессионализми ҳайрон қолдирди". Москва клубининг янги етакчиси билан катта суҳбат
— Болалигинг қандай ўтган?
— Мен Сирдарёдаги кичик шаҳарчада туғилганман. Қиғизи, шаҳар номини ўзбек тилидан таржима қилсангиз, у "соҳиллар шаҳри" деб номланади, аммо у ерда соҳиллар йўқ! Нега бундай номланганини ҳеч қачон тушунмаганман. Ўн ёшимгача ўша ерда яшаганман. Сўнгра тоғам мени Тошкентга олиб келган ва "Пахтакор"да келиб қолганман.
— Тошкентга ота-онангсиз кетганмисан?
— Ҳа, тоғамнинг оиласида яшаганман ва шаҳарга келган пайтим ҳалигача ўша ерда яшайман. Унинг болалари менинг укаларимдир.
— Ота-онадан ажралиш қийин бўлганми?
— Тўғрисини айтсам — жуда қийин. Ҳаммомга кириб йиғлардим, сабаби уларни жуда ҳам соғинардим. Аммо, тоғамнинг оиласи мени жуда илиқ кутиб олган, мен улар билан ҳақиқатдан ҳам бахтли эдим. Биз ака-укалар битта уйда ўсганмиз ва уларни иккинчи оилам деб ҳисоблайман.
— Битта хонадонда кўп инсон яшаганмисиз?
— Жами беш нафар — мендан ташқари яна уч бола ва битта қиз. Бизда доим қизиқарли бўлган. Тўртинчи қаватда яшардик. Тоғам хотини билан Сирдарёга кетганда ўзимиз қолардик ва бирдан футбол ўйнашни бошлардик. Бир қават пастда бир буви яшардик, у доим бизнинг устимиздан арз қиларди (кулади).
— Деразалар ёки қандилларни синдирганмисиз?
— Бўлган (кулади).
— Футболга қандай кириб келдинг?
— Болаликда футболдан бошқа ҳеч нарсага қизиқмаганман. Ўзимни танирканман, доим тўп билан юрганман. Болалар боғчасидаёқ ўйнашни бошлаганман. Уйимиз атрофида эса чуқур бор эди, унда футбол майдони жойлашганди ва биз болалар билан эрталабдан кечгача тўп ортидан қувлардик. Ёнимизда мактаб жойлашганди, ўқувчилар ҳам дарсларини тугатиб бизга қўшилишарди. Ҳатто отам ҳам ишдан кейин биз билан ўйнарди ва дарвозага турарди. Унинг атайин гол уриш қийин бўлиши учун кичик дарвоза қўйганини ҳали ҳам эслайман.
— Сенинг шаҳрингда футбол бўйича махсус ихтисослашган секциялар бормиди ёки фақатгина Тошкентда профессионал шуғулландинг?
— Етти ёшимдан тўққиз ёшгача Сирдарёда шуғулланганман, Иброҳим Умматов илк мураббийим. Аммо, барчамизнинг ёшимиз ҳар хил бўлган, барча кетма-кет ўйнарди — тенгқурларим ҳам, ўзимдан беш ёш катталар ҳам. Ҳатто турнирларда ҳам иштирок этганмиз.
Бир марта Сирдарёга яқин бўлган вилоятдаги шаҳар Янгиерга ўйин учун борганмиз. У ерда кучли футбол академияси бор эди, кўплаб яхши ўйинчилар ўша ердан чиқишган. Ўша ўйиндаги барча мендан катта эди, мен эса икки таймда яхши ўйнадим ва якунда кейинги йили мени ўша ерга чақиришди. Таклиф қилишганидан жуда ҳам мамнун бўлдим. Аммо, режалар бирдан ўзгариб кетди ва мен "Пахтакор"га ўтдим. Бу яхшиликка бўлган деб ўйлайман.
— Якунда у ерга қандай бориб қолганинг ҳақида гапириб бер.
— Тўғрисини айтсам, барча жараёнларни билмайман. Ўшанда қиш бўлгани ва қаттиқ қор ёғганини эслайман. Кунлардан бирида отам кутилмаганда шундай деди: "Уч кундан сўнг Тошкентга борамиз. Сени "Пахтакор"га чақиришди. Ўшанда шокка тушганман. Бирдан интернетда топган финтимни ўзлаштиришга тушдим.
Икки ҳафталик кўрикдан сўнг мен қайтариб юборишмоқчи эканлигини тўсатдан эшитиб қолдим. Аммо, мураббий фикридан қайтди ва мени ўртоқлик ўйинида синаб кўришга қарор қилди. Мен эса ишга тушдим ва биз 6:0 ҳисобида ғалаба қозондик, мен эса бешта тўп киритдим. Шундан сўнг мени қолдиришди.
У ерда менинг мураббийим таниқли футболчи Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Ан бўлган. Фурсатдан фойдаланиб мени ўстиришгани ва ҳозирги даражамга келишда ёрдам бергани учун унга ва Иброҳим Умматовга катта раҳмат айтмоқчиман.
— Ота-онанг футболдаги йўлингда ёрдам беришганми?
— Онам профессионал ўйинчи бўлишимни хоҳламаган. У бу йўл жуда қийин бўлишини тушунган ва соғлигим учун жуда хавотирланган. Ҳар қайси футболчи ҳар бир ўйинда оёғига зарбалар олади ва мен ҳам истисно эмасман. Шу сабаб онам доим ҳар бир ўйиндан сўнг қўнғироқ қилиб ўзимни қандай ҳис қилаётганим, жароҳат олган ёки олмаганимни сўрайди.
Айнан шу сабабли у футболга боришимни хоҳламаган. Аммо, мен қайсарман ва доим ўйнашни хоҳлаганман. Отамга раҳмат, у барчасида менга ёрдам берган. Биз болалигимдан биргаликда турли мусобақаларни кўрганмиз ва ўйнаганиз. 2010 йилги Жаҳон чемпионати очилиш ўйини яхши эсимда қолган, ўшанда учрашувни ҳамюртимиз Равшан Ирматов бошқариб борган.
— Ота-онанг ким бўлиб ишлашади?
— Отам уйимизда жойлашган дорихонада ишлайди, онам эса уй бекаси.
— Уларни Москвага олиб келишни режалаштирмаяпсанми?
— Йўқ, улар хоҳлашмайди. Улар ўз шаҳримизда ўзларини жуда қулай ҳис қилишади, шу сабаб яшаш учун ҳатто Тошкентни ҳам кўриб чиқишмайди. Сирдарёда кўплаб танишлар ва яқинларимиз бор, бу улар учун муҳим.
Аммо, улар яқинда бу ерга келишди, онам "Крилья" билан ўйинда, отам эса "Зенит"да бўлишди. Кетма-кет келишга қарор қилишди.
— Болаликдаги кумиринг ким бўлган?
— Лео Месси. Уни нафақат ўйинчи сифатида, балки инсон сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. У четдан камтар ва жуда хотиржам кўринади. У каби бўлишга ҳаракат қиламан. Агар клуб ҳақида гапирсак, "Барселона"ни қўллаб-қувватлайман, деярли ҳар бир ўйинни кўраман. Менинг позициямда ўйнайдиган ўйинчилардан ўзим учун нимадир олишга ҳаракат қиламан.
— Ўзбекистонда машҳур бўлганингни ҳис қиласанми?
— Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан сўнг кўплар танийдиган ва уйга келадиган бўлишди. Аммо, тўғрисини айтсам, у ерда кам бўламан (кулади). Аммо, сабаби бу эмас, шунчаки тақвим тиғиз.
— Келганингдан кейин ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизни ўзбекистонликлар портлатишяпти. Сен иштирокингдаги ҳар қандай постга минглаб ватандошларинг изоҳ қолдиришяпти. Нега бундай эканлигини тушунтира оласанми?
— Бизда доим шундай! Улар хорижда ўйнаётган барчани кузатишади, ижтимоий тармоқларда ва шахсийда доим фаол бўлишади. Бу бизнинг қонимизда борга ўхшайди.
— Сен эслаб ўтган мураббийинг Дмитрий Ан сени шундай таърифлаганди: "Агар унга қаттиқ бақирса хафа қилиб қўйиш мумкин, шу сабаб унга кўпроқ қўллаб-қувватлаш билан мурожаат қилиш керак. У бақириш мумкин бўлмаган ўйинчилардан, кейин у майдонга чиқади ва барчани йўқ қилади". Вақт ўтиши билан бу ўзгардими?
— Болалигимда шундай бўлганман, аммо вақт ўтиши билан ўзгарди. Дмитрий Михайлович менга кўп бор бақирган дейлик. Бир марта ундан хафа бўлганман ва бу ўйинимда акс этган. Ўша вазиятни тезда ҳис қилганим ва ўз шижоатимни ўзгартира олганим яхши бўлган. Агар хафа бўлсам ёмон ўйнайман. Ҳозирда ҳар қандай бўлмасин, танқидни тўғри тушунаман ва хафа бўлмайман.
— Ўзбекистон ва Россия чемпионатлари ўртасида қандай муҳим фарқларни кўрдинг?
— Футбол ватанимда кўпроқ техникага асосланган деб ўйлайман, кўплаб жамоалардаги ўйин қисқа паслар орқали қурилади. Россия чемпионати кўпроқ кучга асосланган, бу ерда майдоннинг ҳар бир қарич ерида кўп курашни кўриш мумкин. Агар куч ҳақида гапирсак, албатта, РПЛ кучли, жумладан интенсивлик бўйича ҳам.
— Бизда кўплаб кучга асосланган курашларни қайд этиб тўғри айтдинг. Гавдангни ҳисобга олганда сенга бу ерда қанчалик қийин?
— Илк ўйинлар мен учун жуда ноодатий бўлди, аммо ҳозирда барчаси яхши. Мен курашга боришдан ва тўқнашувлардан қўрқмайман.
— ЦСКА ПФКга ўтишда сени нима ҳайрон қолдирди?
— Одамларнинг ишга бўлган жуда профессионал муносабати. Ходимлар ҳам "Пахтакор"дан кўра кўпроқ.
— Ходимларимизнинг профессионализми нималарда намоён бўлади?
— Турли майда нарсаларга кўпроқ эътибор беришади. Менга кўп қайғураётганларини ҳис қиляпман.
— Жамоада кимлар билан дўстлашдинг?
— Кўп вақтимни Давила, Саша Зделар ва ёш ўйинчилар билан ўтказаман. Жамоага тезроқ кўникиш учун барча билан гаплашишга ҳаракат қиляпман. Бу ердаги йигитлар жуда яхши ва мени ажойиб кутиб олишди. Бахага алоҳида раҳмат айтмоқчиман, у илк кунларда менга жуда катта ёрдам берди ва барча билан таништирди. Биз ҳозир ҳам у билан гаплашамиз, у Туркияга кўникмоқда, унга яна бироз вақт керак.
— Давила билан қайси тилда гаплашасан?
— Инглиз тилида гаплашишга ҳаракат қиламиз, у ҳозирда айнан ушбу тилни ўрганиш билан шуғулланмоқда. Аммо, кўпроқ таржимон орқали.
— Сенинг тўртта тилни билишинг ҳақида ёзишганди. Бу ростми?
— Йўқ, ҳозир фақат учта — рус, ўзбек ва инглиз. Аммо, аста-секин испан тилини ўрганишни бошлаяпман, Витадан (Давила) тез-тез айрим сўзларни сўраяпман. Ҳозирча репетиторсиз шуғулланяпман, аммо тез орада тил билан чуқурроқ шуғулланаман деб ўйлайман.
— Инглиз тилини қачон ўрганишга улгурдинг?
— Тахминан уч-тўрт ой олдин репетитор билан шуғулландим. Тоғам тилни жуда яхши билади, у тадбиркор ва Америкада ўқиган. Шу сабаб унинг болалари ҳам ажойиб гаплашишади, биз ҳатто уйда ҳам бир-биримиз билан инглиз тилида гаплашганмиз.
— Ўзингдаги қайси сифатларни кучли деб ҳисоблайсан.
— Қатъият ва тил топишиб кетиш.
— Ўзингдаги нимани ўзгартиришни ёки кучайтиришни хоҳлардинг?
— Жисмоний жиҳатдан кучлироқ бўлишни ва яна кўпроқ тилларни ўрганишни хоҳлайман.
— Майдондан ташқарида қанақа хоббиларинг бор?
— Шаҳар бўйлаб сайр қилиш, дўстларим билан боғга бориш, плейстейшн ўйнаш, шунингдек сериаллар кўриш. Охиргисидан Бекхем ҳақида ҳужжатли фильм кўрдим, жуда ҳам ёқди! Уни жаҳон чемпионатидан сўнг қаттиқ танқид қилишгани ва унинг бундай босимга дош бера олгани ҳайрон қолдирди. Унинг янада ҳам мухлиси бўлдим.
— ЦСКА ПФКдаги илк ойларинг қандай ўтганидан қониқдингми?
— Ҳа, аммо ўз голли узатмаларим ва голларим билан жамоага янада кўпроқ фойда келтиришни хоҳлайман. Шерикларим билан ўзаро тушуниш яхшиланаётганини ҳис қиляпман ва майдонда бир-биримизни кўпроқ тушуняпмиз.
Павел Гуревич суҳбатлашди
Алишер Остонов таржимаси
Comments