А Серия. Бугун "Лацио" - "Милан" ёхуд "Наполи" "Кьево" дарвозасига нечта гол ура олади? Превью.
25 nov 2018 17:00
News
А Серия. Бугун "Лацио" - "Милан" ёхуд "Наполи" "Кьево" дарвозасига нечта гол ура олади? Превью.
Наполи vs Кьево
Анчелотти жамоаси Генуяда бўлиб ўтган турда базўр ғалаба қозонишганди. “Интер”нинг мағлубиятидан фойдаланиб, неаполликлар иккинчи поғонага чиқиб олишганди. “Наполи” ҳозирда пешқадам “Ювентус”дан 6 очкога ортда қолмоқда. Чемпионлик учун кураш хали тугагани йўқ, шундай экан интрига ҳам ҳали тирик.
Анчелотти ЕЧЛдаги ўйинлари орқали топ рақиблар билан кураша олиши ва ҳаттоки, туринликлар билан куч синаша олиши мумкинлигини кўрсатди.
Меҳмонлар эса етти турда бор йўғи 1 очкога эга бўлган. Ҳозирча “Кьево” жамоасида жиддий ўзгаришлар йўқ. Хавфли зонадан чиқиб олиш мушкул бўлади.
Вероналиклар элитани тарк этиш учун асосий номзодлардан бирилигича қолмоқда.
“Наполи” бугунги ўйинда фаворит эканига шубҳа йўқ. Бироқ, савол: у “Кьево” дарвозасига нечта гол ура олар экан?! Келаси ҳафта “Наполи” Чемпионлар Лигасида иштирок этади, буни ҳам ёддан чиқармаслик лозим.
"Кьево" “Сан-Паоло”да бўлган 7та ўйиннинг 5тасида мағлубиятга учраганди. 1 мартта дурранг ва 1 маротаба ғалаба қозонган.
Эмполи vs Аталанта
Бош мураббий ўзгариши "Эмполи"га жиддий таъсир қилди. Тўғри, тан олиш ҳам керак, рақиб жамоа унча ҳам кучли эмасди (“Удинезе” 2:1 ). Лекин бу тосканияликлар учун 10та турдан бери эришилган биринчи ғалаба ва мавсумдаги бор йўғи иккинчи омадли ўйин эди. Шу биргина муваффақиятли баҳс мезбонларни 19 ўриндан юқори поғонага кўтарилиши ва элитадан чиқиб кетмаслиги учун замин яратди.
“Аталанта” эса қаторасига 4 мартта ғалаба қозонди. Ҳаттоки, сўнгги турда “Интер” жамоасини 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган эди. Таъкидлаш лозим, Гасперини шогирдлари миланликларга мавсумдаги биринчи йирик мағлубиятни “совға” қилдилар. Мураккаб бошланган чемпионатдан сўнг, Бергамо жамоасининг ўзига бўлган ишончи ортганди. Шундан сўнг, улар турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаган эди.
Бугунги ўйин меҳмонларга унчалик ҳам қийинчилик туғдирмаса керак. Лекин мезбонлар нима қилиб бўлса-да, ғалаба қозонишга ҳаракат қилишлари аниқ. Сўзимиз исботи сифатида: “Ювентус” (2:1) ва “Лацио” (1:0), “Милан” (1:1) билан эса дуранг билан якунланган ўйинларни келтириш мумкин.
Лекин сўнгги турларга назар ташласак, бергамоликларнинг тўхташ нияти йўқ ва улар чемпионатдаги бешинчи ғалабага яқин турибдилар десак, муболаға бўлмайди. Аслида нима бўларкин, вақт кўрсатади.
Лацио vs Милан
Охирги вақтларда римликлар унчалик ҳам ишончли ўйин намойиш эта олишмаяпти. Ўтган мавсум билан солиштирсак, фарқ сезиларли даражада. Олдинги турда жамоа "Сассуоло"ни ҳам енга олмади (1:1), ундан аввалроқ эса "бургутлар" "Интер" билан ўйинда йирик ҳисобда (0:3) мағлуб бўлишганди.
"Милан" эса ғалабали сериядан сўнг, "Юве"га ютқазиб қўйди. Унгача бўлган серияни ҳам ишончли эди деб бўлмайди, сабаби рақиблар ичида кучли жамоаларни қидириб топиш мушкулроқ вазифа эди. Жамоанинг деярли ҳар бир чизиғида муаммо мавжуд. Ҳимоячиларга ҳам саволлар етарли, қўшимчасига ўйинга танланаётган режаларни ҳам тушуниб бўлмаяпти. Қатор жароҳатланганлардан ташқари, ўйинни қизил карточка туфайли, жамоанинг энг яхши тўпурари Игуаин ўтказиб юборади.
Ўтган ўйинда аргентиналик ҳакамдан норозилигини яшириб ўтирмади ва унинг "адресига" ўзининг "шириндан-шакар" сўзларини йўллаб қўя қолди.
Ҳар икки жамоа мусобақа жадвалининг юқори қисмидалар. Миланликлар "бургутлар" билан елкама-елка кетишмоқда. Римда бўлган охирги 7та ўйиннинг 4 тасида "Лацио" ғалаба қозонган, 2 бор дуранг қайд этилган ва "Милан" бор йўғи бир бор зафар қучган. Россонери қийналиши аниқ. Қўшимчасига жароҳатлар Гаттузо жамоасини мушкул аҳволга солиб қўймоқда.
"Бургутлар"нинг фақатгина топ командаларга қарши ўйинлардаги (омадсиз) статистикасини "Милан" фойдасига келтириш мумкин.
Шунингдек, бугун:
Парма vs Сассуоло
Болонья vs Фиорентина
Женоа vs Сампдория
Нозима Зарипова тайёрлади
Comments