30 ёшга тўлган "сариқ иблис" ҳақида
24 oct 2015 17:58
News
30 ёшга тўлган "сариқ иблис" ҳақида
Бугун ўзининг 30 ёшини нишонлаётган Уэйн Руни ҳеч қачон "Олтин тўп"га эга чиқа олмайдиган футболчилардан бири бўлса керак. Сабаби Криштиану Роналду ва Лионель Месси каби юлдузларнинг соясида қолиб кетмоқда. У айни пайтда "Манчестер Юнайтед"нинг сардори, Англия терма жамоасининг энг яхши тўпурари бўлиб олди. Ҳали узоқ йиллар давомида Уэйн футбол мухлисларини ўз голлари билан қувонтириши аниқ.
Англия шимолидаги ишчилар оиласида туғилган Уэйн Руни 2002 йил 16 ёшида "Эвертон"нинг асосий таркибида ўйнашни бошлаган. Ўша йил сентябрь ойида юзи сепкилли сап-сариқ болакай кимсан "Арсенал" дарвозасига гол урганди. Ўша пайтда Руни ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаганди. Ажойиб бошланиш шундай эмасми?
Эртаси куни Уэйн юлдуз бўлиб уйғонди. "Канонирлар"нинг мағлубиятсиз сериясига баҳрам беришдан ташқари ўша пайтда "Эвертон" клуби сафида гол урган энг ёш футболчига айланганди. "Эвертон"даги илк мавсумида Руни 37та ўйин ўтказиб 8та гол урган ва жамоа билан профессионал шартнома тузганди. 17 ёшли болакай Ҳафтасига 13 минг фунт маош оларди.
Руни ўз ўйини билан Англия миллий терма жамоаси устозларининг эътиборига тушди. 2003 йил февраль ойида 17 ёш 111 кунлигида Австралияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушганди.
2003 йил сентябрь ойида Македония дарвозасига урилган гол Рунини терма жамоанинг энг ёш гол урган футболчисига айлантирди. Руни ЕВРО-2004га бориш ҳуқуқини қўлга киритди.
Португалиядаги Европа чемпионати Рунини ҳақиқий юлдузга айлантирди. Вундеркинднинг тўртта ўйинда тўртта гол уриши барчани лол қолдирди. Жамоа чорак финалга қадар етиб борганди. Уэйн жароҳат туфайли Португалияга қарши ўйинни охиригача ўйнай олмаганди, "уч шерлар" пенальтилар сериясида мезбонларга ютқазиб мусобақани тарк этишганди.
Ўша мусобақадан сўнг "Манчестер Юнайтед" 18 ёшли ҳужумчини 27 миллион фунт эвазига сотиб олганди. Сэр Алекс Фергюссоннинг бу хариди ҳамон ўзини оқлаб келаётганини ҳеч кимга туштиришнинг кераги бўлмаса керак.
"Дастлаб биз Рунини 14 ёшида ўз жамоамизга олиб келмоқчи бўлгандик, бироқ у "Эвертон"да қолишни истади. 16 ёшида яна бир бор ҳаракат қилиб кўргандик", - дейди Фергюсон. "У билан гаплашганимизда яна рад жавобини берди. Шундан кейин унинг "Арсенал"га урган голини барча кўрган бўлса керак. Бу ўйинчи "Юнайтед"га ўтиши шарт эди.
2004/2005 йилги мавсум клуб мухлислари учун ёмон хотиралар билан қолган. МЮ Чемпионлар лигасида 1/8 финалидан чиқиб кетганди, АПЛда учинчи бўлган ва Англия кубоги финалида "Арсенал"га ютқазиб қўйган. Бироқ Руни "қизил иблислар" сафидаги илк мавсумида 17та гол уриб клуб тўпурари бўлганди.
30 ёшли Руни ҳозирга қадар 5 марта Англия чемпиони, Чемпионлар лигасида, уч марта Лига кубоги соҳиби, премьер-лигада йилнинг энг яхши футболчиси ва яна кўплаб совринлар соҳиби бўлди.
Нарзулла Сайдуллаев
Comments