Latest news

00:36Клаудио Раньери "Рома"га келаётганини тасдиқлади. Тез орада клуб мураббийни таништиради  2 23:52Машарипов ва Турғунбоев сафга қайтди. Ўзбекистон МТЖ Қатарга қарши муҳим ўйин олдидан расмий машғулот ўтказди  1 23:29Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши муҳим ўйин олдидан расмий машғулот ўтказди  2 22:54Флик "Барселона"га "Байер" ҳимоячисини олиб келмоқчи  1 22:30Умар Эшмуродов ФИФА сайтига интервью берди  4 22:02Тебас: "Мбаппе "Реал"га келганда, энди уларни мағлуб қилиб бўлмайди дейишганди. Футбол математика эмас"  8 21:35Қатар термаси бош мураббийи Маркес Лопес: "Ўзбекистоннинг кучли ва заиф томонларини алоҳида ўргандик"  11 20:57Ансу Фати яна жароҳат олди. Футболчи бу сафар қанча муддатга сафдан чиқди?  6 20:30"Рома" Туркия бош мураббийи билан алоқага чиқди  3 20:02Бентанкур корейслар ҳақидаги хазили туфайли 7 ўйинга четлатилиши мумкин  0 19:41Киммих "Бавария"дан кетадими? Футболчи жавоб берди  0 19:14Тедеско бош мураббий экан Куртуа Бельгия термасига қайтмайди  2 18:38Ўзбекистон терма жамоасининг Қатарга қарши ўйин олди матбуот анжумани (тўлиқ)  54 18:09Мойес Англия Премьер-Лигасига қайтиши мумкин  0 17:45Сульшер қайси жамоа учун мураббийликка қайтишини айтди  1

2014 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИСИ КИМ БЎЛАДИ? News

2014 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИСИ КИМ БЎЛАДИ?

Яна бир неча кундан сўнг Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан мамлакатимизнинг энг яхши футболчиси ва мураббийини аниқлаш учун махсус сўровнома чиқади.
Унда ЎФФ томонидан тан олинган ОАВ вакиллари йилнинг энг яхшиларига овоз берадилар. Шунингдек, мана иккинчи йилдирки, ПФЛ ҳам ўз яхшиларини аниқлайди. Бу танловда “Пахтакор” менежери Самвел Бабаян ва жамоа ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров энг яқин таъқибчиларидан анча ўзиб кетишган. Айнан шу иккиси ПФЛ йўналишида олий лиганинг энг яхшилари бўлишади. Қолаверса улар, биринчи маротаба “championat.asia” сайти томонидан ўтказилган танловда ҳам биринчиликни қўлга киритдилар. Эндиги навбат нафақат олий лиганинг, балки Ўзбекистоннинг энг яхшиларини аниқлашга. Айни пайтда энг яхши мураббий ва энг яхши ҳакам ким бўлиши ҳақидаги савол деярли ёпиқ. Бу унвонга Самвел Бабаян ҳамда Равшан Эрматов йил давомида унга ҳақли эканликларини исботлаб бўлдилар. Шундай экан, бу мавзуга нуқта қўйган ҳолда, келинг, энг яхши ўйинчи ким бўлиши ҳақида мулоҳаза юритсак.

Терма жамоа ва клубда тутган ўринидан келиб чиқиб, қуйидаги футболчиларни танлаб олдик. Булар, терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров, “Краснодар”нинг мавсумдаги энг яхши харидларидан бири бўлган Одил Аҳмедов, “Ал Шабаб”нинг “калит” ўйинчиси Азиз Ҳайдаров, “Ворскла”нинг асосий таркибидан муқим жой олган Санжар Турсунов, Москванинг энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири Виталий Денисов ва Ўзбекистондан олий лига безаклари Сардор Рашидов, ундан кейин Жамшид Искандеров. Яна “Локомотив” сафида энг яхши бўлган Жасур Ҳасановнинг каттаси.





Одил АҲМЕДОВ (“Краснодар”, Россия)
2014 йил Премьер лигасида ўтказган ўйинлари сони – 24.
МТЖ сафида ўтказган ўйинларининг сони: 6 та ўйин, 476 дақиқа (ўртача 79 дақиқа), 2та гол.

Жорий йилнинг энг яхшиси бўлиш учун Одилда бошқаларга нисбатан имконият бироз каттароқ. “Анжи”нинг 2013/14 йилдаги омадсиз иштироки унинг руҳияти ва мақеига жиддий таъсир ўтказди. Бир йил аввалги мавсумдан келиб чиқиб, мухлислар орасида аввалги Одил Аҳмедовни йўқотдик деган гап-сўзлар ҳам кўпайди. Аксига олиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам ЖЧ -2014 саралаши финишида омади чопмади.
2014 йил эса Одил учун аввалгисидан анча яхши келди, худди 2012 йилдаги каби. Россия Премьер лигасининг биринчи даврасида (2013 й.) бирорта ўйинда ғалаба қозона олмаган “Анжи”га (0-7-11) янги йил бироз омадли келди. Таркибда баъзи бир ўзгаришлар бўлди, Аҳмедов эса яна асосий ролга чиқди. “Анжи” йилни ғалаба билан бошлади (3-3-5).  Аммо поезд аллақачон кетиб бўлган эди. “Анжи” қуйи лигага тушиб кетганидан кейин, Аҳмедов Ўзбекистон футболи тарихидаги энг қиммат футболчиси сифатида доғистонликлар сафидан “Краснодар” таркибига бориб қўшилди (8 миллион евро). Галицкий жамоасида футболчимиз асосий таркибнинг муқим ўйинчисига айланиш билан бирга, яна аввалги ҳолатига қайта олди. Бу эса унинг терма жамоадаги ўйинларига ҳам таъсир қила бошлади ва у яна эски Аҳмедов сифатида мухлисларни қувонтира бошлади. “Краснодар” 2014 йилни Россияда кучли учлик қаторида якунлади. Айни пайтда жамоа ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб боряпти. Агар жамоа иккинчи ўринни қўлга кирита олса, Аҳмедов 2015/16 йилги мавсумда ўз орзуларидан бирига эришиши мумкин.
Ундан ташқари сўнгги икки йилда уни терма жамоамиз мураббийлари гоҳ ҳимояда, гоҳ таянч ярим ҳимоясига қўйиб, унинг асил кучидан фойдаланмай келаётган эдилар. Бугун эса Олег Кононов ва Миржалол Қосимов уни ўз нуқтасига қўймоқдалар ва у ишончни оқлаяпти. Айниқса, Осиё Кубогидан аввал Янги Зеландия ва БААга қарши ўтказган ўйинлари жуда яхши чиқди.





Сервер ЖЕПАРОВ (“Сеонгнам”, Жанубий Корея)
2014 йил “К-Лига”да  ўтказган ўйинлари сони – 24.
МТЖ сафида ўтказган ўйинлари сони: 4 та ўйин, 324 дақиқа (ўртача 81 дақиқа), 2та гол.

Гарчанд, Осиёнинг икки маротаба энг яхши футболчиси бўлган Сервер Жепаров энг яхши бўлиш йўлида фаворит бўлмаса-да, унинг ҳам имкониятлари маълум фоизда мавжуд. Балки, Жепаровнинг ёши ўтиб бораётган бўлиши мумкин, аммо уни терма жамоада тўлиқ алмаштириб юборадиган футболчи олий лигада яққол кўзга ташланмаяпти. Йил давомида Корея матбуоти томонидан танқид қилинган футболчимиз, аслида жамоанинг яхшиларидан бири эди. Мураббий ўз мағлубиятларини у билан боғлашга уринди. Агар футболчининг маҳорати гол уриш билан баҳоланадиган бўлса, Жепаров шубҳасиз жамоасининг биринчи рақамли футболчиси. У Жанубий Кореяда 2014 йилги мавсумда ўтказилган жами ўйинларда (Кубок ва чемпионат) 24 маротаба майдонга тушди ҳамда 7та гол урди. Жамоа ҳужумчилари Донг Суб Ким (34та ўйин, 4та гол), Донг Хи Ким (32та ўйин, 5та гол) ва  Эу Жо Хуанг (28та ўйин, 4та гол)каби маҳаллий футболчилар билан солиштирадиган бўлсак, Жепаровнинг уларга қараганда фойдаси анча кўп бўлди. Қолаверса, у Жанубий Корея Кубоги финалида жамоасига муҳим ғалабани қўлга киритишида муносиб ҳисса қўша олди. Чемпионатда омади чопмаган клуб, Кубокда зафар қучиш баҳонасида янги мавсум учун ОЧЛ йўлланмасини нақд қилиб олди.





Виталий ДЕНИСОВ (“Локомотив”, Россия)
2014 йил Премьер лигасида ўтказган ўйинлари сони – 27.
МТЖ сафида ўтказган ўйинлари сони: 3 та ўйин, 262 дақиқа (ўртача 87 дақиқа).

Виталий мазкур совриннинг амалдаги ғолиби саналади. Дарҳақиқат, 2013 йили Денисов Россия премьер-лигасидаги энг яхши ўтишлардан бири бўлган эди. “Локомотив” чемпионатнинг биринчи даврасида ажойиб ўйин намойиш этди ва узоқ йиллардан сўнг чемпионлик пойгасидаги асосий даъвогарга айланди.
Аслида Денисов ва унинг жамоаси учун янги йил омадли бошланганди. Дастлабки учта ўйинда ғалаба, аммо шундан кейин ҳар бир ғалабанинг орасида биттадан дуранг бўлди. Камига, чемпионат тугашига уч тур қолганида, “Локомотив” “рельс”дан чиқиб кетди. 28-тур, “Локомотив” – “Зенит” ўйини чемпионатнинг финали бўлиши керак эди. “Локомотив” - “Анжи” ўйинини кўриш учун Москвага ташриф буюрганимда, жамоанинг матбуот хизмати вакиллари билан Денисов билан интервью ўтказиш борасида суҳбатлашгандик. Ўшанда ҳамкасбларимиз, “Зенит”га қарши ўйин чемпионлик масаласини ҳал қилиши ҳақида айтиб ўтишган эди. Афсуски, чемпионат якунида “Зенит” билан уйда дуранг натижа қайд этилди, кейин “Ростов”га имконият бой берилди. Бу орада ЦСКА ҳам анча кўтарилиб олди. 30-турда Москва дербиси, ЦСКА- “Локомотив”. Питерликларни қувиб етиб бўлмайди, “Локо” ғалаба қозонса ЕЧЛга чиқади, ЦСКА эса чемпион бўлиши мумкин. Бу ўйинни мухлисларимиз яхши ёдга олсалар керак, “армиячилар” 1:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритгандилар.
Янги мавсум Денисов учун омадли бошланган эди. 3та ўйинда 7 очко. “Локомотив” - “Ростов” (2:1) баҳсидаги иккала голга ҳамюртимиз ассистентлик қилди. Аммо шундан кейин “Локомотив”ни омад тарк этди. 5та ўйинда бор-йўғи икки очко ишланди. Чемпионлик пойгасидаги асосий рақиблар, “Зенит” ва ЦСКАга имконият бой берилди. Йилнинг тўртинчи чораги эса жамоага самарали келди ва “Локомотив” медаллар учун курашадиган жамоалар қаторига қўшилди.
Аммо Денисов терма жамоада у қадар кўп ўйин ўтказа олмади. Ҳозиргача ўтказилган 9та ўйиндан учтасида майдонга тушди.





Азиз ҲАЙДАРОВ (“Ал Шабаб”, БАА)
2014 йил БАА ПРО лигасида ўтказган ўйинлари сони – 17.
МТЖ сафида ўтказган ўйинлари сони: 4 та ўйин, 360 дақиқа (ўртача 90 дақиқа).

Ҳайдаров терма жамоада ўтказган барча тўрт учрашувида майдонда тўлиқ ҳаракат қилди. “Ал Шабаб” сафида эса 2014 йил ҳисобидан 20та ўйин ўтказди. 2013/14 йилги мавсум “Ал Шабаб” учун у қадар омадли келмади. Кучли учлик учун кураш олиб борган жамоа якунда тўртинчи ўрин билан чекланди. “Бунёдкор”нинг плей-оффдаги рақиби “Ал Жазира” бор-йўғи 1 очкога орада қолдириб “Ал Шабаб”ни тўртинчи ўринга тушириб қўйди. Агар ҳозир “Ал Жазира” эмас, “Ал Шабаб” учинчи ўринни олганида, плей-оффда Азиз Ҳайдаров ўзининг собиқ жамоасига қарши Тошкентда майдонга тушиш имкониятига эга бўларди. Бу йил эса Азиз ва унинг жамоаси ишлари юришяпти. Аксар ўйинларда жамоасини сардорлик боғичи остида майдонга олиб тушаётган Ҳайдаров таянч ярим ҳимоячиси бўлишига қарамай, “Ал Иттиҳод” (Калба), “Эмирейтес” ва “Шаржа”га қарши кечган кетма-кет учта ўйинида биттадан жами учта гол урди. Айниқса, “Эмирейтес”га қарши ўйин 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб турган жамоасини Вильянуэва билан бирга “олиб” чиқиб кета олди. Ҳозирча “Ал Шабаб” пешқадам “Ал Ваҳда”дан бор-йўғи уч очко ортда боряпти, шуни таъкидлаш лозимки, “Ал Шабаб”нинг ҳисобида “Ал Айн”га қарши битта қолдирилган ўйин бор.
Азизнинг терма жамоада тутган ўрни ҳақида ҳаммамиз яхши биламиз. У билан Аҳмедов марказ ва таянч ярим ҳимоясидан жой олсалар, бошқалар учун анча жиддий рақибга айланамиз.





Санжар ТУРСУНОВ (“Ворскла”, Украина)
2014 йил Украина Премьер лигасида ўтказган ўйинлари сони – 25.
МТЖ сафида ўтказган ўйинлари сони: 4 та ўйин, 296 дақиқа (ўртача 74 дақиқа).

2012 йил Санжар Турсунов Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилганди. Ўша йили уни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида урган муҳим голлари ғолиблар қаторига олиб кирганлигини унутганингиз йўқ. Пулдан кўра сифатни устун қўйган Турсунов араб ва Хитой клубларидан тушган таклифларнинг барчасига рад жавобини берган ҳолда, Украинанинг ўртамиёна жамоаси сафига бориб қўшилди. “Ворскла”даги дастлабки мавсумида Турсунов Украина чемпионатини 8-ўринда тугатди.





Жамшид ИСКАНДЕРОВ (“Пахтакор”, Ўзбекистон)
2014 йил олий лигада ўтказган ўйинлари сони – 25
МТЖ сафида ўтказган ўйинларининг сони: 5 та ўйин, 183 дақиқа (ўртача 36 дақиқа).

Агар легионерларимиз бўлмаганида, бу унвонни қўлга киритиш йўлида иккита номзоддан бири айнан Искандеров бўларди. 2014 йил Жамшид терма жамоамизнинг 18талик таркибидан муқим жой олди. Олий лиганинг эса шубҳасиз энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Осиё ўйинларидан қайтгач, у жамоасининг муҳим ўйинларида майдонга тушиб, “Пахтакор”ни бирин-кетин эришган ғалабаларига ўзининг муносиб улушини қўшди. Олий лигада жами 8та голга асистентлик қилиб,  6 марта ўзи рақиблар дарвозасини ишғол қилди.
У урган голларнинг аксарияти жамоасига очколар келтирди. Муборакда кечган баҳсда айнан унинг ягона голи “Пахтакор”га уч очкони келтирганди, “Насаф” – “Пахтакор” (1:1) ўйинида ҳам хоразмлик футболчи ҳисобни очганди. Чемпионатнинг сўнгги туридан ўрин олган, “Бунёдкор” – “Пахтакор” учрашувида эса жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган ҳам “Жама” бўлади. Аввалига у 79-дақиқада Сергеевнинг голига ассистентлик қилди, кўп ўтмай ўзи ҳисобни тенглаштирди. Якунда Сергеев яна битта гол уриб “Пахтакор”нинг ғалабасини таъминлагани ёдингиздан чиқиб улгурмаган бўлса керак.
Агар терма жамоамиз Инчеонда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритганида, шубҳасиз, Искандеров йилнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритган бўларди. Айни пайтда у жорий мавсум учун иккита шахсий ютуққа эришиб бўлди. Биринчиси, Искандеров “Championat.asia” сайти томонидан олий лиганинг “Энг яхши футболчиси” деб топилди, гарчанд расман эълон қилинмаган бўлса-да, энг кўп очко йиққан футболчи ҳисобида, ПФЛ йўналишида ҳам у “Йилнинг энг яхши”си деб топилди.





Сардор РАШИДОВ (“Бунёдкор”, Ўзбекистон)
2014 йил олий лигада ўтказган ўйинларининг сони – 21
МТЖ сафида ўтказган ўйинлари сони: 9 та ўйин, 333 дақиқа (ўртача 37 дақиқа).

Агар Осиё ўйинлари бўлмаганида, Рашидов ва “Бунёдкор” анча яхши натижани қўлга киритган бўлардилар. “Локомотив” – “Бунёдкор” ўйинидан кейин Рашидов 1 ойга терма жамоа ихтиёрига кетди ва олий лиганинг 5та ўйинини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Бу орада “Бунёдкор” ўзи учун керакли очколарни йўқотди. Сардор Рашидов аллақачон жамоанинг асосий кучи бўлиб улгургани шундан кейин ўз исботини топди. Чемпионат тўпурари бўлган Артур Геворкян 26та учрашувда 18та гол урди, Сардор эса 21та ўйинда майдонга тушди ва 10та гол урди. Қолаверса, Геворкян 6та голини пенальтидан урди, Рашидовнинг барча голлари ўйиндан урилган. Агар Сардор шу темпни ушлаб қолса, янги мавсум тўпурари бўлиши аниқ.
“Бунёдкор” – “Машъал” ўйини Рашидов учун энг яхшиларидан бири бўлди. 5:0 ҳисобида якунига етган ўйинда у ўз фаолиятидаги биринчи хет-трикини нишонлади. Голлардан иккитасини у жарима зарбасидан урган эди. Унинг тўпга зарба бериши, машҳур Роналдуни эслатади.
Яна Рашидов, терма жамоанинг йил давомида барча ўйинларида майдонга тушишга муваффақ бўлди, унинг ҳар бир ўйинда ўйнаган ўртача дақиқалари сони 37ни ташкил этди.


Мен юқорида санаб ўтган футболчилар шунчаки, йил давомида кўрсатган ўйинларидан келиб чиқиб, “Йилнинг энг яхши” футболчиси бўлиши учун номзодлар, холос. Бу унвонга рўйхатдан жой олмаган бошқа футболчилар ҳам кириши мумкин, аммо реал вазиятга таянадиган бўлсак, бу энг оптимал номзодлар рўйхати бўлади.

Овозлар декабрь ойида қабул қилиниб, катта эҳтимол билан терма жамоамизнинг Австралиядаги Осиё чемпионатидан қайтиб келганидан кейин эълон қилинади. Боиси, 2014 йил сўнггида  тадбир ўтказилиши ҳақида ҳозирча бирор гап йўқ.


Нодирхўжа Юлдашев
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика