10 евро эвазига сотилган клуб ҳақида
12 dec 2018 19:00
News
10 евро эвазига сотилган клуб ҳақида
Дзампаринининг уринишлари фойда бермай, бундан икки йил муқаддам жамоа Б Серияга тушиб кетганди. “Палермо” ҳамон Италиянинг юқори дивизионидан ўрин олиш учун курашиб келмоқда. “Палермо” охирги вақтларда ақлбовар қилмас ғалати ишлар қилмоқда. Бугун ана шундай воқеалардан бири ҳақида сўзлаб берамиз.
Клуб эгаси мураббий алмаштиришни яхши кўрар эди
2015/16 йилги мавсум: “Палермо”да етти маротаба мураббий алмашди (Давиде Баллардини ва Джузеппе Якини — икки марттадан). 2016/17 йилларда (“Палермо” А Серияда ўйнаган эди): Дзампарини 5 бора жамоа раҳбарини алмаштирди. 2017/18 йилги мавсум: Маурицио ва ниҳоят бир инсонга клубни ишониб топширди. У — Бруно Тедино эди. Айнан у клубни деярли А Серияга олиб чиқди. Мухлислар Дзампаринини аввалги обрўсини йўқотиб қўйгани ва мураббийларни ишдан бўшатмаяпгани учун мазаҳ қила бошлашди. Функционер эса бунга шундай жавоб берди: “Мен обрўимни йўқотганим йўқ, шунчаки бунда давом этишни хоҳламадим. Чунки менинг методларим ва фикримни тушуна оладиган идеал мураббийни топдим”.
Дзампарини айнан қандай методлар ҳақида гапиргани бироз тушунарсиз. Ўтган мавсумда “Палермо” қуйидаги сабаблар туфайли Б Сериянинг энг ёмон топ-8талиган ўрин эгаллаган эди:
1) фойдаланилган имкониятлар бўйича (ҳар ўйинда 41%);
2) тўпга эгалик қилиш бўйича (ҳар ўйинда 40,64%).
Умуман олганда, юқори дивизионга чиқа олмаслик ва аҳмоқона статистикалар Дзампарини яна эски принципларига кўра иш кўришга ундади: июндан буён жамоани Тедино эмас, Роберто Стеллоне бошқаряпти.
Бугунги кунда “Палермо” биринчи поғонани банд этиб келаётган бўлса-да, жамоа анчагина қарзга ботган (22,5 миллион евро). Электроника бўйича бизнесда омади чопмаган Дзампарини бир ўзи жамоани бошқаролмади ва клубни идиш-товоқ ишлаб чиқарадиган Голландия компаниясига бор йўғи 10 евро эвазига сотиб юборди. “Мен клубни сотишда бир қарорга келишга қийналдим. Молиявий томондан имконияти яхши ва “Палермо”нинг келажагини таъминлаб бероладиган ҳамкорни топдик”, — деганди хайрлашув пресс-конференциясида Дзампарини. У бош мураббийларни кўп бор алмаштиргани учун мухлислар ундан норози эди. Бироқ улар Дзампарини “Палермо”га ўз вақтида Кавани, Дибала, Пасторе, Микколи ва кўплаб кучли футболчиларни олиб келгани учун ундан миннатдор ҳам эдилар.
Президент — татуировка ва лимонни яхши кўради
Жамоа Б Серияга тушиб кетгунга қадар Маурицио Дзампарини “Палермо”га янгича фикрлайдиган ва ноодатий қарашларга эга мураббий керак деганди. Бу сифатларни у Поле Баккальинида кўрди ва уни жамоа президенти этиб тайинлади. Улар ўртасидаги келишувга кўра, Баккальини келгусида “Палермо”нинг эгаси бўлиши керак эди. Америкалик автобизнес орқали юқорига кўтарилди ва 5 мавсум ичида клубни сотиб олиш бўйича битим имзолашни режалаштирди. 2017 йил бошида у клубга оид барча маълумотлардан ҳабардор бўлиб туриш учун “Палермо”нинг президентлик лавозимига ўтирди.
Баккальини аввал телебошловчи бўлиб фаолият юритган. 2015 йил у спорт менеджментлиги бўйича мутаҳассисликка ўқиди. Ҳа, “Палермо” мухлислари Баккальини қайси жиҳати билан Дзампаринининг эътиборини тортганини тушунишмади. Мухлислар аввалига жамоанинг “ўзгача” президентидан норози эдилар. Чунки бунга бир қанча сабаблар бор эди. Биринчидан, бундай жиддий лавозим учун Баккальинининг ташқи кўриниши мос эмасди. Унинг қўллари, бадани ва оёқлари татуировкалар билан тўла эди. Иккинчидан, Баккальини бошиданоқ улцбни қандай бошқариш кераклигини тушунмаган эди. Илк пресс-конференцияда у икки йил ичида “Палермо”нинг даромадини ошириб, жамоага Месси ва Роналду каби юқори даражадаги ўйинчиларни олиб келишга ваъда берганди. Мухлислар севимли клублари тезлик билан Б Серияга тушиб кетаётганидан аччиқланиб, Баккальинидан ғазабланаётгандилар. Учинчидан, Баккальинининг ўзига хос қарашлари бор эди: у лимонни жуда яхши кўрарди. Шунинг учун икки йил аввал лимонларни ҳимоя қилиш акциясида иштирок этганди. Бундан ташқари, у Америка журнали учун лимонлар билан фотосессия ҳам қилган.
Аммо бу иш 5 ойдан сўнг Баккальинининг истеъфога чиқиши билан якунланди. Менеджер битта ваъдасининг устидан ҳам чиққани йўқ: барча ишлар Дзампарини орқали ҳал қилинарди, яъни президент зиммасидаги вазифаларни клуб эгаси бажаришига тўғри келарди. Бу ҳам етмаганидек, Баккальини “Палермо”ни сотиб олиш бўйича пул ўтказмаларини кечиктирди ва натижада Маурицио Дзампарини бунга дош беролмади.
"Мафия" туфайли қамалган собиқ ҳужумчи
Фабрицио Микколи — сўнгги бир неча йилда “Палермо”нинг ёрқин ўйинчидаридан бири бўла олди. Бироқ, баъзи нарсалар унинг футболдаги обрўсига путур етказди. Жорий йил бошида “La Gazzetta dello Sport” Микколини Италия футболи тарихидаги жабр кўрган ўйинчилардан бири деб атади. “Ювентус”да Лучано Моджи уни жисмоний жиҳатдан заиф деб ерга уриб, майдонда бемалол ҳаракатланишига йўл қўймасди. “Бенфика”да эса у ҳақиқатдан ҳам ажойиб ўйнади, бироқ тиззасидан жиддий жароҳат олди. Бу эса фаолияти якунигача у яхши ҳаракатланишига ҳалақит берди. Микколи “Фиорентина”ни Б Серияга тушиб кетишидан сақлаб қолган эди. Лекин флоренцияликлар қандайдир сабаблар туфайли унга иш ҳаққини беришни кечиктириб юришган. Ва охир-оқибатда, Микколи фаолияти қамоққа тушиш билан якунланди.
2017 йилда Микколига физиотерапевт дўсти қўнғироқ қилиб, яқин танишидан берган пулини ундириб олишида ёрдам беришини илтимос қилди. Микколи эса ўша одамнинг ёнига бориб, қарзни қайтаришини сўради, лекин бундан ҳеч қандай натижа чиқмади. Суд жараёнида футболчи аввалига ўзини мулойим тутиб, кейин қарздорга босим ўтказган деб айтишди. Оқибатда эса, "мафия" билан боғлиқ дўстлари Микколининг ўрнига ишни бажаришган. Яъни, улар қарздорни уриб, агар қарзни қайтармаса яқинларига ҳам шикаст етиши мумкинлиги билан қўрқитган ва керакли пулни ундириб олишган. Шундан сўнг, Микколини 3,5 йилга озодликдан маҳрум этишди.
Мухлислар ҳакамдан музқаймоқ орқали ўч олишди
"Палермо" мухлисларини ҳақиқий тифози десак янглишмаймиз. 2016 йил сицилияликлар шаҳрига “Интер” ташриф буюрганида "Палермо" мухлислари меҳмонлар трибунасига ўт қўйиб, стадиондан чиқишда жанжал қилишганди. Ўтган мавсум вақтида "Палермо" учрашувларининг бирида илк бор Пол Баккальини майдонга пайдо бўлганида, 45 дақиқа давомида бақириб, ҳуштак чалишганди. "Палермо" мухлислари ҳис-туйғуларини яшириб ўтирмайдилар. Биринчиси — “Палермо” уйда ўйнаганида стадион ярми мухлислар билан тўлади. Иккинчиси — футбол ишқибозлари жамоа мағлуб бўлса, қаттиқ тушкунликка тушиб қоладилар. Ўтган мавсумда “Палермо” рақиби “Фодже”га 1:2 ҳисоб билан мағлуб бўлди. Бундан эса мухлислардан бири жаҳлини жиловлаб ололмай, трибунадан майдонга тушди ва ҳакамнинг юзига музқаймоқ чаплади. Энг кулгилиси, интизомни сақлаш қўмитаси қоидани бузган мухлисни қидириб ҳам ўтирмади. Аксинча, “Палермо”га 10 минг евро жарима солди. Бу ҳам етмаганидек, Эудженио Аббатиста соғломман, менга ҳеч қандай зарар етмади дейишига қарамай, қўмита уни яна тиббий кўрикдан ўтишга юборган эди.
Нозима Зарипова таржима қилди
Comments