“Футболда ўзи кўп нарса мантиқсиз. Масалан, тўп тўсинга тегиб дарвозага кириб кетади-ю, бошқа бир вазиятга тўсинга тегиб қайтиб кетади. Буларнинг барчаси учун мураббий жавобгар бўла олмайди-ку. Футбол шуниси билан ҳам қизиқарли. Миллионлаб инсонлар айнан шунинг учун футболни севишади. Масалан, Осиё Кубогидаги Қатар билан ўйиннинг иккинчи бўлими бошида нима бўлгани эсингдами?”, – деди Катанец.
- Биз гол урганимизми? Қатар дарвозабонининг Файзуллаевга нисбатан ишлатган фолими ёки Шукуровнинг хавфли зарбаси?
- Йўқ. Сен ҳали ёшсан, аммо кўп нарсани эсингдан чиқариб юборибсан. Биз иккинчи бўлимни кучли прессинг билан бошлаган эдик. Бир вазиятда Қатар терма жамоаси ҳаводаги тўпга курашаётган чоғида жароҳат олганди ва унга тахминан бир дақиқа вақт давомида ичида ёрдам кўрсатилган эди. Шу вақт ичида Қатар терма жамоаси бош мураббийи футболчиларни ўз ёнига чақириб, маслаҳатлар берган эди. Шундан сўнг Қатар ўз услубини ўзгартирди. Тасаввур қил, ўйин давом этаётган чоғи бундай қилиш қанчалик тўғри? Бош ҳакам албатта ушбу вазиятга эътибор бермаган. Лекин бу адолатсизлик.
Мен бундай айёрликларга қаршиман. Симуляция қилиб вақтни чўзиш ҳам мени ғазаблантирди. Ҳеч қайси бир футболчига ўзидан-ўзи атайлаб вақтни чўзишга йўл қўймайман. Мен бундай нарсаларга қаршиман. Майдонда футбол бўлиши керак. Афсуски, БААга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларда йигитлар атайлаб вақтни чўзишди.
- Ҳа, аммо ўзингиз билсангиз керак. Бундай симуляциялар ва вақтни чўзишлар арабларга хос жиҳат. Уларни бизни йиллар давомида мана шундай қилиқлари билан мағлуб этиб келган. Мен симуляция қилиш яхши демоқчи эмасман, аммо БААга қарши учрашувда симуляция қилишга ҳаққимиз бор эди деб ўйлайман.
- Ҳа. араблар ўта айёр. Эронликлар ҳам ҳар доим жанжал келтириб чиқаришга, провокация қилишга ҳаракат қилади. Бундай қилиқлар футболни шунчаки ўлдиради.
Ҳакамлар ҳам бундай вазиятда ожиз. Ўзи мен ҳакамларнинг қарорларини яхши тушунмайман. Бир учрашувда бундай қарор, бошқа бир ўйинда эса худди шундай вазиятда бошқача қарор. VAR ҳам ҳар доим ҳар хил қарор чиқаради. Хуллас, ҳакамларнинг ўйинга кўпроқ аралашиши футболни безамайди, менинг назаримда.
- Жаноб Катанец, футболчилик фаолиятингиз ҳақида бир саволим бор эди...
- Эшитаман.
- Футболчилик фаолиятингиз давомида бир неча маротаба Марадонага қарши ўйнагансиз. Футбол тарихидаги энг яхши футболчилардан бирига қарши ўйнаш, уни тўхтатиб қолиш қанчалик қийин бўлган? Энг қизиғи, интернетдаги расмларда Марадона сиздан тўпни олиб қўяман деб, йиқилиб қолган кадр бор.
- Ҳа, Марадона билан бир неча маротаба тўқнаш келганман. Сен айтаётган сурат, УЕФА Кубогининг 1989 йилги финали. Мен ўшанда "Шттутгарт"да ўйнар эдим. Финалда "Наполи" билан тўқнаш келганмиз ва икки ўйин натижасига кўра Неаполь клуби ғолиб бўлган. Финалда Марадона тўпни қўли билан тўхтатиб, пенальти ишлаб олган эди. Иккинчи голда ҳам қоидабузарлик бўлган ва ҳужум гол билан якунланган эди. Ўша учрашувда ҳакамнинг иккита қўпол хатоси туфайли мағлуб бўлган эдик. Ўша баҳснинг видеосини очиб кўришинг мумкин, ҳакам йўл қўйган яққол хатоларни кўриб оласан.
Марадона билан кейинчалик "Сампдория" ва терма жамоа таркибида ҳам ўйнаганман. Мен "Сампдория"да ўйнаган вақтим, клуб ўзининг энг муваффақиятли даврларини ўтказган ва "гегемон" бўлган. Тўғрисини айтаман, Марадонага қарши ўйнаш қийин эди. У жуда кичкина ва тезкор ҳаракатланувчан ўйинчи бўлган, аммо "Наполи"даги сўнгги йилларида у аввалги спорт формасида эмас эди. Марадонага қарши ўтказган дастлабки ўйинларим ва сўнгги баҳсни солиштирсак, орада фарқ катта. Лекин Марадона, барибир Марадона эди ва даража сезилиб турарди. Шунчаки сўнгги йилларда у кўпроқ футбол ҳақида эмас, бошқа ишлар билан банд бўлганди.
- Демак, сиз икки хил Марадонани кўргансиз, тўғрими?
- Йўқ, у ҳар қандай ҳолатда "қўрқинчли" ўйинчи эди. Гап Марадона ҳақида кетмоқда, дунё тарихидаги энг кучли ўйинчилардан бири. Чапақай Марадона. Ўзи чап оёқли спортчилар ўзига табиатан бошқачароқ бўлишади. Масалан, Месси ва Марадона. Биласанми, биз Месси даврида яшаётганимиз бизнинг ҳақиқий омадимиз. Шундай буюк атлетнинг фаолиятини тўлиқ кўргансан. Пеле, Кройф ва Марадона - уларнинг барчаси чапақайлар. Билмайман, бунга сабаб нима, лекин чапақай спортчилар тезроқ қарор чиқаради. Уларнинг мияси бошқачароқ ишлайдигандек. Ушбу феноменни фан билан машҳур инсонлар чуқурроқ ўрганишлари керак деб ҳисоблайман.
Биласанми, Марадона нега бунчалик буюк? У бутун фаолияти давомида "қўпол" ҳимоячиларга қарши ўйнаб келган. Мен футбол ўйнаган давримда футбол анча қўполроқ эди, ҳимоячилар футболчиларни "финиш" ("чопиш"-таҳририят) уялишмас эди. Бу нормал ҳолат эди. Масалан, мен ҳам Марадонани "финиш" қилишга ҳаракат қилганман. Ў вақтларда ҳакамлар ҳам бошқача қарор чиқарар эди. Масалан, дарвозабон билан бирга-бир чиқаётган ҳужумчини ортдан чалиш ва тўхтатиш учун сариқ карточка кўрсатилар эди. Ҳозир эса бундай фол муҳокама қилинмайдиган қизил карточка. Юқори техникали футболчилар ҳар доим кўп жароҳат олишган ва уларнинг оёқлари ўйиндан сўнг аянчли ҳолатда бўларди. Ҳеч ким тўпга эгалик қилаётган футболчининг оёғига зарба беришдан уялмас эди. Марадона шуларнинг барчасидан ўтиб келган ва ҳимоячиларни доғда қолдирган. Ўтган асрдаги футбол ўта хавфли эди.
Мен таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнаганман ва кўпроқ ҳимояланишга жавобгар эдим. Фаолиятим давомида бир қизиқ воқеа рўй берган. Югославияда ҳарбий хизмат мажбурий эди ва мен тахминан бир ярим йил давомида ҳарбий хизмат ўтадим ва шундан сўнг яна майдонга қайтдим. Ҳарбий хизматдан кейинги дастлабки учрашувимда жамоа бош мураббийи мени ҳужум чизиғига қўйган. Соф ҳужумчи позицияси. Тасаввур қиляпсанми, мен бутун фаолиятим давомида майдон марказида ўйнаган, энди эса бўйим баланд бўлгани сабабли ҳужумчи сифатида ўйнашим керак. Мен мураббийга мени бу позицияга қўйманг, дея олмас эди. Чунки бунга ҳаққим йўқ эдим. Табиийки, яхши ўйнай олмаганман. Хуллас, мен футбол ўйнаган вақтларда шундай ғалати қарорлар бўлиб турарди. Умуман, олганда даврларни солиштириш ҳам бироз нотўғри. Ҳозир биз умуман бошқа даврда ва дунёда яшамоқдамиз.
- Месси ва Марадона ҳақида гапирдингиз. Улар чапақай ва аргентиналик. Улар ўртасида қандай боғлиқлик бор деб ўйлайсиз. Икки футболчининг бунчалик буюклигининг сабаби нима бўлиши мумкин?
- Шубҳасиз талант. Улар алоҳида бир дунё. Биз уларнинг ўйинини кўриш бахтига муяссар бўлган инсонлармиз. Бу бизнинг омадимиз деган бўлардим. Бироқ яна бир жиҳатга эътибор бериш керак. Аргентина ва Бразилия дунёга шундай талантларни етказиб берадиган мамлакатлар. Нега айнан ушбу икки мамлакатда бундай спортчилар туғилишини билмайман. Европада эса Сербия ва Хорватия. Словения, Югославия даврида шундай эди, ҳозир иқтидорли атлетлар сони камайиб кетди. Масалан, Новак Жокович, Лука Дончич, Лука Модрич, Звонимир Бобан ва бошқалар. Бундан олдин эса Милутинович каби буюк мураббийлар бўлган. Ҳозир Словенияда Лука Дончич ва альпинист Янья Гарнбрет бор. Гарнбрет ҳозирги кунда ўз йўналишида дунёдаги энг биринчи спортчи. Дончич эса дунёга машҳур. Хуллас, дунё харитасидаги иккита нуқта дунёга энг кўп иқтидорли атлетларни етказиб берган. Ушбу мамлакатлар ҳам феномен ҳисобланади.
- Бразилия, Аргентина ва собиқ Югославия мамлакатларидан бунчалик кўп спортчилар чиқишининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Бу ҳам бир феномен ва бунинг сабаби ҳеч кимга ноаниқ деб айтиб ўтдим-ку. Билмайман нега, лекин айнан ушбу иккита нуқтадан буюк спортчилар кўп пайдо бўлади.
Умуман олганда, спорт тарихидаги буюк спортчилар жуда кўп. Уларнинг катта қисми Аргентина-Бразилия ёки Сербия-Хорватиялик. Мен кўпгина спортчиларни ҳурмат қиламан, аммо узоқ вақт давомида тўп тепадиган спортчилар алоҳида эътирофга лойиқ деб ўйлайман. Сабаби, мен ўзим жароҳат туфайли фаолиятимни 31 ёшимда тугатишга мажбур бўлганман. Шу сабабли узоқ йиллар давомида тўп тепадиган футболчиларга ҳавас қиламан. Масалан, Лука Модричга жуда ҳавас қиламан ва унинг ўйини менга ёқади.
- Тўғри, аммо ҳозир тиббиёт ҳам анча ривожланган-ку. Модрич ўз фаолиятини узайтира олганинг муҳим сабабларидан бири шу.
- Ҳа, лекин барибир 40 ёшгача ўйнаш осон эмас. Унинг учун ҳақиқий атлет бўлиш ва инсон организми бунга тайёр бўлиб бориши керак.
- Жаноб, Катанец, ўзи футболдан ташқари қайси спорт турини кўп кузатиб борасиз?
- Деярли барча спорт турларини томоша қиламан. Теннис, Формула-1ни имкон қадар ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Баскетбол ҳам ёқади, ёшроқ вақти баскетбол ҳам ўйнаб турганман.
- Терма жамоани деярли тўрт йил давомида бошқардингиз. Ушбу вақт ичида МТЖга қанчалик шароитлар яратиб берилди? Ушбу жабҳада камчиликлар кўзга ташландими? Масалан, бундан аввалги ЖЧ саралаш циклларида терма жамоамизга етарлича шароит яратиб берилмаган. Сизнинг даврингизда УФА шароит масаласида қандай иш олиб борди?
- Кўзга кўринарли ҳеч қандай камчилик бўлмади. Терма жамоа учун барча шароитлар тақдим этилди ва шу сабабли ҳам биз натижага эриша олдик. Ҳеч қандай муаммо бўлмади деб айта оламан.
- Шароит масаласида барчаси яхши бўлди дедингиз, аммо Ўзбекистон терма жамоаси сафар ўйинларига кўпгина ҳолатларда оддий рейсда учади. Терма жамоа учун чартер рейс йўқлиги қанчалик муаммо туғдиради? Менинг фикримча, МТЖ ҳар доим чартер рейсда учиши керак. Европа терма жамоалари учун бу оддий ҳол. Масалан, БАА ва Қатар ҳам чартер рейсда учади. Бизнинг жамоа эса аввалга Дубай тўхтаб, кейин эса яна бир рейс амалга оширади...
- Биринчи навбатда, бундай шароитлар мамлакатнинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб йўлга қўйилиши мумкин. Масалан, сен БАА терма жамоаси ҳақида гапирдинг. БАА анча бой мамлакат ва улар ўз терма жамоасини бир дона самолёт билан таъминлаб бера олади. Улар бу муаммо эмас. Барчаси мамлакат ва федерациянинг имкониятларига боғлиқ. Қайсидир мамлакат ушбу нарсани йўлга қўя олади, кимдир эса йўқ. Бу нормал ҳолат.
Умуман олганда, оддий рейсда учиш одатий ҳол. Мен буни нормал қабул қиламан. Тўғри, бош мураббий ёки яна кимдир алоҳида "бизнес" классда учиши мумкин, аммо бу нормал ҳолат. Мен кўпроқ бундай нарсаларга эмас, майдондаги ўйин ва машғулотларга кўпроқ кучимни сарфлашга ҳаракат қиламан.
- Тимур Кападзе қўл остида терма жамоа намойиш этаётган ўйин сизнинг даврингиздаги ўйин билан қанчалик фарқ қилади? Терма жамоада ўйин услубида ўзгариш сездингизми?
- Тимур терма жамоани қийин вазиятда қўлга олди. Шу сабабли, катта ўзгаришлар қилишга улгурмади. Терма жамоада ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади. Чунки бунга вақт йўқ эди. Саралаш босқичи якунланганидан сўнг ва йил якунига келиб, қандайдир ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Ҳозир эса ҳали рўй бермаган нарсалар ҳақида гапириш ва уларни муҳокама қилиш маъносиз.
- Сиз терма жамоани бошқарган даврингизда Файзуллаев ва Ҳусанов каби футболчилар МТЖда дебют қилишди. Шундай иқтидорларни етиштириш учун нималар қилини керак? Уларнинг клубдаги фаолиятлари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ёш футболчилар ўсишда давом этишлари керак. Тўғри, улар иқтидорли, аммо Аббос ҳам, Абдуқодир ҳам хатоларга йўл қўйишмоқда. Улар ҳали ёш, шундай хатолар орқали тажрибали тўпланиб боради. Уларнинг фаолияти кўплаб жиҳатларга боғлиқ, футболчи ким билан бирга бўлиши, клуби. Унинг атрофидаги инсонлар, қайси мураббий қўл остида ўйнаши ва бошқа факторлар. Футболчи ҳар куни қабул қилаётган оддий қарор, унинг фаолиятига таъсир ўтказади. Улар ҳозирги вақтда ҳар куни футбол ҳақида ўйлашда давом этишлари керак.
- Барча мураббийлар футбол тез ўзгармоқда ёки замонавий футбол ҳақида кўп гапиришмоқда. Умуман олганда, собиқ футболчи ва узоқ йиллик мураббий сифатида футболдаги янги тенденциялар ҳақида нималар дея оласиз?
- Биринчи навбатда, бир нарсани тушунишимиз керак. Футболда ҳеч қачон бир хил сценарий бўлмайди. Ҳар бир учрашув ўзгача сценарийга эга. Масалан, минглаб услублар ва тактикалар. Тўпга эгалик қилиб турган футболчи бир вазиятда минг хил қарор қарор қабул қилиш вариантига эга. Бошқа спорт турларида эса бундай эмас. Масалан, баскетболда тўпни олиб қўйдинг ва жамоадошингга узатишинг керак ёки саватни пойлаш. Футбол эса умуман бошқа даражада.
Шу сабабли, тенденция ёки ўзгариш деганда айнан қайси деталлар ҳақида гапираётганимизни аниқлаштириб олишимиз керак. Тактиками? Футболчининг ҳаракати ёки бошқаси.Бир нарсани аниқ айта оламан. Футболдаги рақобат кундан кунга кучайиб бормоқда. Эсингда бўлса, ЖЧ-2022 саралашида Эрон Камбоджа билан тўқнаш келган эди. Эрон дастлаб 10:0, кейин эса 14:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу галги саралашнинг иккинчи босқичидаги энг йирик ҳисоб 6:0 бўлди, адашмасам.
Ҳозирги кунда барча мамлакат футболни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. 10-15 йил аввал Ўзбекистон йирик ҳисобда мағлуб этган жамоалар, ҳозирги кунда Ўзбекистонга қарши борини беришга ва очко олиб қўйишга ҳаракат қилади.
- Ҳозирги кунда нималар бандсиз? Оддий кун тартибингиз қандай? Қаерда истиқомат қиляпсиз?
- Мен Люблянада яшайман, аммо ҳозирги кунда кўп вақтимни Хорватияга чегарасига яқин қирғоқ бўйидаги шаҳарчада ўтказяпман. Люблянадаги уйимдан машинада бир ярим соатлик масофа. Словения табиати гўзал мамлакат. Чиройли тоғлар ва кўллар.. Аҳолимиз ҳам кам, бор-йўғи 2-3 миллион. Ҳозир бор вақтимни оилам билан ўтказмоқдаман.
- Жаноб Катанец, анча қизиқарли ва илиқ суҳбат бўлди. Кейинги сафар қачон кўришишимизни билмайман, аммо ўша кун имкон қадар тезроқ келишини истайман.
- Барча барчага омад ва соғлиқ. Сени ишларингга омад.
Сречко Катанец билан самимий суҳбат. Илк ҳиссиётлар ва саралаш босқичи ҳақида
Сречко Катанец билан самимий суҳбат. Мундиалга тайёргарлик ва саралашдаги рақиблар ҳақида (2-қисм)
Сречко Катанец билан самимий суҳбат. Мухлисларга маслаҳат ва танқидлар ҳақида (3-қисм)