UZ

Сўнгги янгиликлар

13:57Серу Гирасси учун курашга яна бир клуб қўшилди  0 13:35Ҳусанов, Файзуллаев ва бошқалар. Бугун яна қайси легионерларимизнинг ўйинлари бор?  1 13:13Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг тахминий таркиби билан танишинг  3 13:02Модрич Лунинга "Манчестер Сити" футболчиси пенальтини қаёққа тепишини олдиндан айтиб берган  12 12:29Зидан "Манчестер Юнайтед"даги вазиятни кузатиб бормоқда  4 11:58"Севилья" "Реал" ва "Барселона" ўйинчиларини ижарага олмоқчи  0 11:28«Милан» ёзда Пиолини истеъфога чиқаради. Унинг ўрнига ким бош мураббий бўлиши маълум  8 11:04«Реал Мадрид» Начонинг ўрнига кимни олиб келиши маълум  6 10:42U-23 Осиё кубоги. Қатар - Австралия учрашувини ўзбекистонлик ҳакам бошқаради  5 10:38Ёзда «Барселона»ни тарк этадиган Хави Европанинг номдор жамоасига бош мураббий бўлиш учун асосий даъвогар  9 10:35Кувайт U-23 бош мураббийи: "Футболда барча ғалаба қозонишни хоҳлайди, лекин биз етарли тажрибага эга эмасмиз"  9 10:11Ўзбекистон U-23 — Кувайт U-23 ўртасидаги учрашувни суриялик ҳакам бошқариб боради  4 09:44Салоҳнинг «Ливерпуль»даги келажаги маълум  0 09:20ПСЖ собиқ устози «Барселона»ни бошқариши мумкин  15 08:55Дилшод Раҳматов: «Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Мақсадимиз – чемпионлик!»  1

Ўзбекистон – “Навбаҳор” ўйини ҳақида Янгиликлар

Ўзбекистон – “Навбаҳор” ўйини ҳақида

Аввало шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бу фақатгина Осиё ўйинларига борадиган ўйинчилардан иборат терма жамоа.
1991 йил туғилган ва ундан кичик ёшдаги футболчилардан ташкил топган.

Миржалол Қосимов бош мураббийлик қилаётган терма жамоа илк бор йиғилди ва айни пайтда Тошкентда дастлабки 9 кунлик йиғинни давом эттиришмоқда. Ушбу машғулотлар давомидаги илк назорат ўйини олий лига вакили Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига қарши ўтказилди.

Биринчи бўлим


Миржалол Қосимов ўйинни 4–4–2 схемасида бошлади. Биринчи бўлим давомида терма жамоа вакиллари устунликни ўзларида ушлаб туришди. Жамоа ҳимояланаётганда тўрт ҳимоячи ўз ўрнида ҳаракат қилган бўлса, терма жамоа ҳужумга ўтаётган паллада 3–5–2 схемаси ишга тушди. Бунда ўнг қанот ҳимоясида ўйнаган Азамат Исроилов олдинга ўтиб ҳаракат қилди. Азаматнинг ҳужум пайти ўнг қанот ярим ҳимоясига ўтиши эса Жамшид Искандеровнинг марказга силжиб Козакка ёрдам беришига шароит яратди.

Бу ҳолатда қанотлардан икки ўйинчи, марказдан ҳам иккита ҳужумкор ярим ҳимоячилар ва олдинда иккита ҳужумчи рақиб дарвозаси томон хавф солиб турди. Шунингдек, таянч “зона”да ўйнаган Дилшод Жўраев ҳам олдинроққа сурилди. Ҳужум пайти майдоннинг Элдор Суюнов қўриқлаётган қисмида “страховка” учун уч ҳимоячи қолди. Яқиндагина якунланган Бразилиядаги жаҳон чемпионатида мураббийлар уч ҳимоячи тактикасини кўп бор қўллашди. Айниқса, Луи Ван Гал Голландия термасида бу услубнинг энг яхши вариантларини кўрсатиб берди. Аслида, фақат Исроилов эмас, балки чап қанотга жавобгар бўлган Жавлон Мирабдуллаев ҳам тез–тез ҳужумга қўшилиши керак эди. Аммо, у баъзи вазиятларда ўзини йўқотиб қўйди ва шерикларини қийин аҳволга тушириб қўйди.

Шунинг учун ҳам Қосимов биринчи бўлимнинг ўзидаёқ унинг ўрнига чап қанот ҳимоясига Диёр Туроповни туширди. Диёр ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, керак пайтда ҳимояда ҳам ўйнаб бера олди. Марказий ҳимояни қўриқлаган Кримец ва Исматуллаев деярли бехато ҳаракат қилишди. Фақатгина “Навбаҳор” гол урган вазиятда Кримец ҳаводан келаётган тўпга ета олмаганининг эвазига наманганликлар голли вазиятга чиқиб кетишди. Лекин, ўша вазиятда тўп Кримецнинг бўйидан бир қарич юқоридан ўтиб кетганини ҳисобга олсак, голда уни айблаб бўлмайди. Агар икки қадам орқага юриб тўпни қайтаришга уринганида ўз “зона”сини очиб қўярди.

Бу эса ҳимоячилар учун энг катта хато ҳисобланади. Мураббийлар ҳимоячиларга ўзлари қўриқлаши керак бўлган жойни бўш қолдириш мутлақо мумкин эмаслигини уқтиришади. Шундан келиб чиқсак, Кримец ўша вазиятда ўз жойини ташлаб кетмай тўғри қилди. Лекин, ўзи қўриқлаётган рақиб ҳужумчиси Руслан Качурни охиригача ушламай хато қилди. Бўш қолган Качур тўпни бўш қолган дарвозага жойлаб кетди.



Голгача ҳам, голдан кейин ҳам устунликни ушлаб турган терма жамоа ўйинчилари буни ҳисобда кўрсатиб бера олишмади. Шу куни Жамшид Искандеров ўрганганимиз каби ёрқин кўринмади, бунинг устига бўлим ўрталарида нафаси қисиб қолди (бизга шундай туюлди) ва мураббийдан ўзини алмаштиришини сўради. Унинг ўрнига тушган Улуғбек Дадабоев ўйинни кучайтириб юбора олмади, лекин бузиб ҳам қўймади.

Чапроқдан ҳаракат қилган Сардор Рашидов эса кўп ҳолатларда ўйинни ўзига олишга уринди. Дастлабки дақиқаларда у иккита жуда хавфли вазиятларни ўзига ўзи яратиб якунни ҳам сал бўлмаса гол билан тугатиши ҳам мумкин эди. Лекин, бўлимнинг сўнгги 15 дақиқасида Рашидовда “брак”лар кўзга ташлана бошлади. Хусусан, унинг охирги иккита зарбаси дарвоза тўрига эмас, стадионни қуршаб турган симли деворга бориб тегди. Таянч ва марказни бирдек ёпиши керак бўлган Дилшод Жўраев ҳамда Владимир Козак ўз ишларини аъло даражада бажаришди. Дилшод орқароқда рақиб ҳужумларини аъло даражада бузиб турган бўлса, Козак олдинроқда ҳужумларни бошлаб турди. Яъни, ҳужумларнинг қай тарзда ривожлантирилиши кўп ҳолларда Козак орқали ҳал қилинди.

Ҳужумда туширилганлардан Шахзод Нурматов илиқ таассурот қолдирди. У якка курашларда ҳам охиригача борди, узоқдан ҳам зарба берди, гол ҳам урди, керак пайтда ҳимоячилар эътиборини чалғитиб турди. Хуллас, у ўзидан кутилган ўйинни намоиш этиб берди.



Игорь Сергеев эса гол урмади, ярқ этиб кўзга ташланмади ҳам. Лекин, кўп ҳолларда у ҳужумдаги қора ишларни бажарди. Кўпчилик уни охирги пайтларда ўзини кўрсата олмаётган бўлишига қарамай, клубда ҳам, терма жамоада асосий таркибда тушаётганига этироз билдирмоқда. Бизнингча эса мураббийлар унинг универсаллигини қадрлашади. Сергеев айрим эпизодларни инобатга олмаганда яққол марказий ҳужумчи ролида деярли кўринмаяпти. Ундан кўпроқ ҳужумчи ортида ҳаракат қилувчи сифатида фойдаланишмоқда. Зарур бўлиб қолса чап қанот ярим ҳимоясига ҳам ўтиб ўйнайверади. Шунингдек, у тўпни ўзида яхши сақлайди, бу эса марказий ҳужумда эмас, кўпроқ орқароқда асқотади.

Иккинчи бўлим

Иккинчи бўлимда терма жамоада мутлақо бошқа таркиб майдонга тушди. Дастлабки 45 дақиқаликда ўйнаганлар эса майдон бўйлаб енгил югуришди. Иккинчи бўлимда терма жамоа ҳимоячиларига унчалик ҳам кўп иш топилмади, шунинг учун ҳимояда ўйнаган Салим Мустафоев, Бобур Йўлдошев, Шерзод Файзиевнинг ҳаракатларига ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз. Ўнг қанот ҳимоясида тушган Сардор Рахмоновга эса тўхталмай иложимиз йўқ. Кўпчилигимиз уни марказий ҳимояда кўриб ўрганганмиз, лекин шу куни ўнг қанотда ўйнаган Сардор ўзини аъло даражада кўрсата олди.

Доимий равишда ҳужумга қўшилди, Наврўз Олимовнинг иккинчи голига ва Алибобо Рахматуллаевнинг голига голли пас берди. Иккала тўп узатишни ҳам ўнг қанотдан кириб бориб оширди. Алибобога зарба бериш учун энг қулай баландликда тўп оширган бўлса, Наврўз Олимовга гол уриш учун биргина ҳаракатнинг ўзи кифоя қиладиган даражадаги пас берди. Унинг ҳужумга қўшилган паллада қанотдан узатишларида хилма–хиллик бор, ҳар ҳолда фақат бир хил “навес”ларни ижро этмади. Сардорнинг ҳаракатларида креативлик борлиги сезилди.

Иккита қанот ярим ҳимоясига тушган Алибобо Рахматуллаев ҳамда Фаррух Сайфиев ҳам тез–тез хавфли вазиятларни содир этиб туришди. Алибобо битта гол уриб, битта голли пас оширган бўлса, Сайфиевнинг бир сафар Иньеста услубида ташлаб берган кесма пасини Смоляченко голга айлантириш ўрнига ёнга узатиб юборди ва шу билан имконият бой берилди.



Таянч ва марказий ярим ҳимоя чизиғида учта ўйинчи алмашиб ҳаракат қилди. Булар: Азим Аҳмедов, Сардор Собирхўжаев ҳамда Сардор Мирзаев. Улардан Сардор Мирзаев асосан олдинроқда ҳужумни кескинлаштирувчи паслар амалга ошириладиган нуқтада ҳаракатланган бўлса, Аҳмедов ҳамда Собирхўжаев орқага ва олдинга жойларини ўзгартирган ҳолда ўтиб туришди. Сардор Мирзаев эса иккинчи бўлимнинг ёрқин ўйинчиларидан бири бўлди. Наврўзнинг биринчи голини айнан Мирзаев ҳаводан узатган Хави услубидаги тўп узатиши билан бошлаб берган эди.

Бошқа вазиятларда ҳам у фаол бўлди. Ва ниҳоят, иккинчи бўлимда биргина ҳужумчи сифатида ўйнаган Наврўз Олимов ҳақиқий ҳужумчиларга ҳос ҳислатларга эга эканлигини кўрсатиб берди. Керакли вақтда, керакли жойда пайдо бўлди, керакли ҳаракатни амалга оширди ва иккита гол урди. Унинг ҳар икки голи ҳам ҳужумчиларга ҳос ҳислат эвазига киритилди. Бу ўйини билан асосий таркибга лойиқ эканлигини исботлагандек гўё. Лекин, Осиё ўйинларигача ҳали вақт бор ва мусобақага ким қандай етиб боришини билмаймиз.

Умумий хулоса

Дарвозамиз ишончли қўлда, Элдор Суюнов миллий терма жамоа даражасига етиб олган дарвозабон. Марказий ва ўнг қанот ҳимоясида рақобат жуда кучли. Ўнг Исроилов ва Раҳмонов бирдек яхши таассурот қолдирди, марказда Кримец, Исматуллаев, Йўлдошев асосий таркиб учун рақобатлашишлари кўриниб турибди. Чап қанот ҳимоясида эса муаммолар борга ўхшамоқда. Мирабдуллаев муҳим паллада панд бериб қўйиши мумкин, биргина Мустафоев варианти қолмоқда.

Унга нимадир бўлса ким ўйнайди чапда? Менимча, ушбу терма жамоага жалб этиладиган 3 нафар ёши катта ўйинчиларимиздан бири айнан чап қанот ҳимоячиси бўлади. Бундан ташқари, майдонга марказига ҳам катта футболчиларимиздан бири чақирилади. Чунки, замонавий футболда майдон марказидаги устунлик жуда кўп нарсани белгилаб беради. Футболда шундай гап бор: “Менга марказдаги ўйинчиларингни кўрсат, мен сенга жамоангни имкониятларини айтиб бераман”.

Ҳужумкор ярим ҳимоячилар борасида Қосимовда яхшигина танлов бор: Рашидов, Искандеров, Туропов, Рахматуллаев, Сайфиев, Аҳмедов. Бундан ортиқ танлов шарт бўлмаса керак?

Ҳужумда Олимов вазиятдан фойдаланиш даражаси юқори бўлгани учун асосий таркибга асосий номзод. Унга бироз орқароқда курашувчан шерик керак, бу кўп эҳтимол билан Сергеев бўлса керак. “Пахтакор” форварди кескин курашларда қатнашиб тўпни ютиб берса, Олимов энг олдинда ҳаракат қилади.

Толибжон Қосимов
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика