UZ

Сўнгги янгиликлар

10:28«Бавария» Алонсони қўлга кирита олмаганидан сўнг бошқа бир топ мураббий билан шартнома тузмоқчи  1 10:00ЦСКА устози РПЛнинг энг кучли футболчиси кимлигини айтди  2 09:3410 ойга четлатилган Тонали яна узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин  1 09:10«РБ Лейпциг» грандлар қизиқаётган футболчига нарх қўйди  1 08:47Златан рамзий термасини тузди ва ўзини қўшмади. Нега қўшмаганини эса Ибра супер тарзда тушунтириб берди  8 08:25Фабрицио Романо Хаби Алонсонинг келажагини очиқлади  4 07:49Про лига. Бугун учинчи тур якунланади  1 07:25Суперлига. Бугун Олмалиқ ва Қаршида ўйинлар бор  3 01:46"Фулхэм" стадион трибунасида очиқ бассейн қурмоқчи  1 01:29Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади  3 00:52Италиялик жаҳон чемпиони Қозоғистонга ташриф буюрди  8 00:35Роналдунинг либосини кийган таниқли блогер Мессига алоқадор ресторандан ҳайдаб юборилди  15 00:18Вадим Абрамов: Самарқанд — иккинчи пойтахт. Шундай экан, бу ерда яхши жамоа бўлиши керак"  18 23:37БАА футбол федерацияси ёшини сохталаштирган 18 нафар мисрлик футболчини депортация қилди  2 23:10Веско Стешивич: "Биринчи бўлимда яна битта гол урганимизда, ғалаба бизники бўларди"  1

Дерби барибир дербида ёхуд қўқонликларнинг тарихий ғалабаси ҳақида Янгиликлар

Дерби барибир дербида ёхуд қўқонликларнинг тарихий ғалабаси ҳақида

Ўзбекистон Кубогининг 1\16 финал босқичидан ўрин олган учрашувлардан марказийси шубҳасиз Қўқондаги ўйин эди.
Фарғона вилоятининг икки вакили ўртасидаги баҳс кескин курашларга бой тарзда ўтиши олдиндан маълум эди. Шу боис учрашувга бўлган қизиқиш мухлислар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланаётган эди. Амалда шундай ҳам бўлди. Дербини бевосита стадиондан кузатиш мақсадида эрталабда Қўқон томон йўлга чиқдик. Тушликдан сўнг стадион атрофида мухлислар ташрифи бошланаётган пайт. Фарғонадан ҳам мингдан ортиқ ашаддий ишқибозлар келди. Хуллас ўйинга бориб аттанг қилмадик. Бунинг учун катта иштиёқ билан ўйнаган ҳар иккала жамоа футболчиларига раҳмат айтиб қоламиз. Мен ҳаммасидан ҳам стадиондаги муҳит ёқди. Бунақасини бундан 2-3 йил олдин Наманганда кўргандим. Учрашувдаги шиддатнинг юқори бўлгани ва ўйиндан кейин бутун стадиондаги мухлисларнинг қувончини кўриб тўлқинланиб кетдим. Айнан ушбу жиҳатлар мақола ёзишимга туртки берди.

ЎЙИНДАН ОЛДИН
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мазкур учрашувга қизиқиш юқори эди. Профессионал футбол лигасининг ҳакамлар департаменти бўлими ҳам ўйинга ФИФА рефериларни тайинлади. Учрашувни бошқариб борган Валентин Коваленкога ҳамкасблари Рафаэль Илёсов, Жаҳонгир Саидов ҳамда Акмал Раҳимов ёрдам бериб бор. Агарда бу ҳакамларнинг ўрнида бошқаси бўлганида, кескин курашлар остида кечган ўйиннинг тизгинини қўлдан чиқариб юбориши ҳам ҳеч гап эмасди.

ПФЛ мутахассислари Алексей Фролов ва Олег Худойдотов ҳам ўйинни бевосита стадионда кузатганини айтиб ўтиш даркор.

Ундан ташқари Қўқон шаҳар ҳокими А.Абдуллаев ва бир қатор ҳомий ташкилот раҳбарлари ҳам учрашувга ташриф буюрди. ОАВ ходимлари ҳам шу куни кўпчиликни ташкил этди. ВИП, СИП ложалар тўлиб тошди. Айтганча, “Қўқон-1912”нинг уй стадонида WiFi интернети борлиги мен каби бошқаларни ҳам қувонтирди. EVO интернет провайдерининг Қўқондаги бош филиали раҳбари футболнинг ашаддий ишқибози бўлганлиги сабабли ҳам клуб билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Клуб қароргоҳида ҳам бепул WiFi интернети борлиги футболчиларга ёқиб тушган. Стадионда WiFi интернети борлиги бу албатта ПФЛ мутахассиси Алексей Фроловнинг ҳам эътиборидан четда қолмади. Шунингдек стадионнинг ВИП ва СИП ложаларида ўтирганларга салқин ичимликлар бериб борилиши ҳам йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, стадионда шароитлар зўр. Керак бўлса олий лиганинг айрим жамоалари қила олмаётган шароитлар яратилган.

ЎЙИН
Учрашув якка курашларга бой руҳда ўтди. Майдоннинг ҳар бир қарич ерида тўп учун футболчилар жон жаҳди билан курашди. Ғалаба қозониш учун ўйинчиларнинг қўзди ўт ёниб турарди. Бу эса баҳснинг томошабоп ўтишини таъминлади. Гарчи “Қўқон-1912” таркиб жиҳатдан рақибига нисбатан унчалик ҳам мақтана олмасада, бу жамоа ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнаётганини унутиб қўймади ва ҳужум қилишдан асло чўчимади.

Аввало мезбонларнинг ўйинига қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, дарвозада Азиз Ашуров шу куни бехато ҳаракат қилди. Кўп вазиятларда жамоасининг жонига аро кирди. Қайсидир маънода унинг олдида Хуршид Узоқбоев ва Александр Критинин бошчилигида турган мудофаа чизиғи вакиллари ҳам иқтидорли посбонга енггиллик туғдирди. Сабаби Узоқбоев ва Критининда барибир тажриба юқори эканлиги яққол кўзга ташланиб турди. Айнан ушбу ҳимоячилар меҳмонларнинг ҳужумчиларига деярли ўйин бермади. Марказда эса Нодир Қўзибоев билан Баҳодир Акрамов ажойиб жуфтлик хосил қилишганини шу куни амалда исботлаб қўйишди. Айниқса “Нефтчи”нинг собиқ футболчиси Қўзибоев шу куни икки ҳисса куч билан ўйнаганини билиниб турди. Кўпчилик Нодирнинг спорт формаси яхши эмаслигини айтаётганди. Лекин футболчининг кеча ғалабага бўлган ҳиссаси катта бўлди. Рақиб ҳужумларини бузиш билан бир қаторда шерикларини ҳам олдинга бошлаш борасида Қўзибоев фаоллик кўрсатди. Бежизга уни мавсум бошида қўқонликлар ўз таркибига қўшиб олишмаган экан. Агар шу кетишда бир маромда ўйин кўрсатса, яқин йиллар давомида Нодир яна бошқатдан олий лигада кашфиёт бўлиши шубҳасиз.

“Нефтчи”га келадиган бўлсак, жамоа мураббийлар штаби ва мухлисларнинг хурмат қилган холда шуни айтишни истардимки, жамоа ҳануз ўз ўйин услубини топиб олмаган. Ҳар холда четдан туриб кузатган менга шундай туюлмоқда. Футболчилар бир-бирлари билан тўла-тўкис тушуниб кетишмаган. Балки бу вақтинчалик холатдир. Лекин бу йил ҳисобидан шахсан ўзим “Нефтчи”нинг 3-4та ўйинини бевосита стадионда туриб кузатиб шунга амин бўлдимки, жамоа ўйинида ижобий томонга сезиларли ўсиш йўқ. Тўпни ўзида ушлаб туриш ва паслар орқали комбинацион ўйин кўрсатиш деган нарса йўқ. Биргина Руслан Мельзиддиновда шундай хусусият борлигини кўрдим. Аммо у кечаги ўйин қадномасига киритилмаганди. “Қўқон-1912”га қарши учрашувда фарғоналикларнинг эркин ўйнаб ўз ўйин услубини янада ўзлаштиришини кутгандим. Чунки қўқонликлар биринчи лига вакили ва бу ўйинда хоҳлайсизми йўқми барибир меҳмонлар биринчи рақамли эди. Гарчи иккита ҳужумчи билан ўйинни бошлаган бўлсада Носир Отақўзиев ва Зоҳид Абдуллаев тандеми айтарли ҳеч нима кўрсата олмади. Негадир Абдуллаевнинг жамоага мослашиб кетиши қийин кечаётгандек назаримда. Илгари “Металлург”да тўпурарлик маҳоратини намойиш этган Зоҳидга “Нефтчи”да нимадир етишмаяпти. Ундан кўра Рўзим Аҳмедовнинг фойдаси катта бўлмоқда. Якка курашлардан ўзини олиб қочмайдиган хоразмлик ҳужумчининг потенциали юқори.

Александру Оника минг ҳаракат қилмасин барибир марказда Мансур Саидов ўрнини боса олмаяпти. Саидовда жамоадошларини олдинга етаклаш хусусияти мужассам эди. Оникада бу нарса кўринмаяпти. Фарғоналикларнинг ҳимоя чизиғидан ҳам кўнгил тўқ дейиш қийин. Хусусан кеча кўп холларда мудофаа чизиғи вакиллари кўпол хатоларга йўл қўйди. Фомин, Бобохонов ва Клецков аксарият вазиятларда кутилмаганда тўпни ўз жарима майдони ичида олдириб қўйган холатлар учраб турди. Бундай хатоларни олий лиганинг бошқа клублари кечириб ўтирмайди.

УСТОЗ ШОГИРДНИ МАҒЛУБ ЭТДИ
Дербида устоз ва шогирд мураббийлар илк бор расмий тўқнаш келди. Тоҳир Кападзени ўзига устоз деб биладиган Мурод Исмоилов шанба оқшомида мураббий сифатида биринчи бор Тоҳир Кападзе жамоасига қарши ўйин ўтказди. Мезбонлар устози бутун ўйин давомида майдон четида тик турган холда шогирдларига кўрсатмалар бериб турди. У кишида шу куни катта ҳаяжон бор эди ва мухлислар учун ҳам ғалаба қозонмаса бўлмаслигини яхшигина тушуниб турганди. Шу сабабли ҳам “Нефтчи”нинг уюштирган ҳавфли ҳужумларидан кейин Кападзе соатига қараб турарди. Шуни айтиб ўтиш керакки, “Қўқон-1912” мураббийи ўйиндан олдин ўзи истаган таркибни майдонга тушира олмади. Бунга сабаб “Нефтчи”дан ижарага олинган Умиджон Қодиров ва Абдуллажон Мирзаев каби ўйинчиларни фарғоналиклар майдонга тушишини тақиқлаганди. Бу ўйин куни тушлик пайтида аниқ бўлгач, бош мураббий олдида бир қатор муаммолар келтириб чиқарди. Шу боис ихтиёридаги бошқа ўйинчилар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлди. Шунда ҳам Кападзе ўзини кўрсатди ва олий лигага вакилини мағлуб эта олди. Мураббий ўйинчиларни алмаштиришда ҳам шошилмади. Асосий таймларнинг биринчи бўлимидан сўнг Маъруф Зокиржонов ўрнига Рустам Абдуҳамидов туширилди. Кейинги икки нафар ўйинчи алмаштириш имтиёзи эса ушлаб турилди. Асосий таймларда ҳисоб очилмагач, қўшимча таймлар бошланди. Шунда мураббий бироз чарчаб қолган жамоа сардори Азиз Тўхтабоев ўрнига Лазиз Сафоевни майдонга туширди. Учинчи ўзгариш ҳам яна бироз сақланиб турди ва қўшимча таймларда ҳам ҳисоб очилмаслиги аниқ бўлиб бораётган бир пайтда Тоҳир Кападзе учинчи ўйинчини ҳам алмаштиришни лозим топди. Бутун учрашув давомида барқарор ўйин кўрсатган Ашуров ўрнига тажрибали Андрей Бакланов туширилди. Бу тактик ўзгариш эди ва вазият пенальтилар сериясига етиб боришини билган қўқонликлар Баклановнинг бу борада маҳорати юқори эканлигини олдиндан билганди. Амалда эса шундай ҳам бўлди. Тажрибали посбон пенальтилар серияси бошланганда ўзини биринчи тўп тепилаётгандаёқ кўрсатди. “Нефтчи” вакили Павел Смольяченко томонидан тепилган 11 метрлик тўпини Бакланов маҳорат кўрсатиб қайтаришга эришди. Бу пайтда стадион ларзага келди. Буни оддий сўзлар билан ифодалаб бериш қийин. Бутун стадион ҳайқирмоқда. Наҳотки бугун “Нефтчи”ни ютсак дея қўқонликлар футболчиларини қўллаб-қувватламоқда. Фарғоналикларнинг иккинчи пенальтисини тепган Носир Отақўзиев эса тўпни тепага тепиб юборди. Ана энди мухлислар ғалабага ишона бошлади. Қўқонликлар эса барчасини бехато амалга оширди ва кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.

АНШЛАГ
Шу куни ўйинга қизиқиш юқори бўлганлиги учун ҳам баҳс бошланишидан 3 соат олдин стадионга мухлислар келиши бошланганди. Соат 14:30лар чамаси стадионга етиб борганимизда ҳамма чипта сотиб олиш билан овора. Чипта нархи бир хилда 3000 сўмдан қилиб чиқарилган. Фарғонадан келган мухлислар салқин жойда стадионга киришга руҳсат берилишини кутиб ўтирганди. Расмий равишда 8000 мухлисга мўлжалланган стадион трибунаси тўлиб-тошишини таҳмин қилгандим. Амалда шундай ҳам бўлди. Ўйиндан сўнг учрашув назоратчи қайдномага 9221 нафар томошабин ташриф буюрганини ёзибди. Аслида ундан кўп эди. Чипта ололмасдан ташқарида қолиб кетганлар ҳам жуда кўп бўлди. Стадион ичига кириб олиб, тик туриб бўлса ҳам ўйинни кўрсам бўлгани деган ишқибозларни айтмайсизми, қани энди фотоаппаратим бўлганида шуларни расмга тушириб сизларга тортиқ этардим. Эххх, бунақаси фақат водийда бўлади! Ишонинг водийда!

Учрашув 17:00да бошлангани учун ҳам қўшимча таймларни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, қоронғу тушганди. Ҳар бир ишқибоз ўз телефонида чироқларини ёқиб олганди. Мана ҳақиқий мухлислик мана ҳақиқий дерби. Ўйин ҳам шунга мос бўлди. “Қўқон-1912” ғалаба қозониш учун ҳимояда “ётиб” олгани йўқ. Аксинча ҳар икки жамоа навбатма-навбат тинимсиз ҳужум уюштиришга эътибор қаратди. Ўйиндаги жозиба ҳам мухлисларни тўлқинлантириб юборди. Айниқса бу каби дерби ўйинларида вазият пенальтилар сериясига қадар етиб борса, ЕЧЛ ўйинларининг ҳам кераги йўқ. Шахсан мен учун шундай!

Қўқонликлар пенальтилар сериясида ғолиб бўлгач, стадиондаги ҳайқириқларни кўрсангиз эди. Мухлислар учун жамоа ҳудди олий лигага чиққандек гуё. Ҳамма бир-бирини хурсандчилик билан табрикламоқда. Раҳбарлару, футболчилар. Ўйинчилар бир-бирига қўлларни бериб, ҳар бир секторга бориб қарсак чалиб келишмоқда. Ишқибозлар салкам 30 дақиқа тинимсиз уларни қўллаб-қувватлаяпти. Стадиондан чиқаверишда эса кўчаларга автомашиналар юриши тақиқланган бўлиб, кўча тўла одам. Ҳамма уйига хурсанд бўлиб кетмоқда. Қўқон ахлига ушбу ғалаба ҳақиқатдан ҳам байрамдек бўлди! Айниқса “Нефтчи” устидан эришилган ғалаба улар учун тарихий эди.   
   
Энди улар кейинги босқичда олий лига пешқадами “Пахтакор”га қарши кечадиган ўйинни сабрсизлик билан кутишмоқда.

Исломбек Рустамбеков Қўқон шахридан махсус.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика