"Қандай ўйин кўрсатишимизни мавсум бошлангач билиб оласиз" - "Динамо"нинг сербиялик мураббийи Предраг Роган билан интервью
15 фев 2022 18:01
Новости
"Қандай ўйин кўрсатишимизни мавсум бошлангач билиб оласиз" - "Динамо"нинг сербиялик мураббийи Предраг Роган билан интервью
Куни кеча "Динамо" жамоасининг машғулотларига борган ходимимиздан бири Абдулазиз Искандаров бош мураббий Предраг Роган билан суҳбат уюштиришга эришди. Клубда иш бошлаганига кўп бўлмаган сербиялик мутахассис интервью давомида "Динамо"га қандай келганлиги, футболчиларга талаблари ва жамоаси қандай ўйин кўрсатиши борасидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Жаноб мураббий келинг дастлаб "Динамо"га келишингиз тарихи билан ўртоқлашсангиз. Ўртада рол ўйнаган инсон ким? Клуб раҳбарияти тўғридан-тўғри таклиф билан чиқдими ёки агентлар орқалими?
- Ўз вақтида Ўзбекистонда муваффақиятли тўп тепган футболчи Боян Миладинович ҳозирда агент бўлиб ишламоқда. Бир жамоада фаолият олиб борганмиз. Кейинчалик "Динамо" спорт директори Андрей Шипилов, клубнинг раҳбарлари билан кўришдим. Якунда шартномага қўл қўйдим.
- Ҳар қандай мураббий янги жойга келаётганда ўша мамлакатни ўрганади, маълумотлар қидиради. Ўзбекистон чемпионати сиз учун қанчалик жумбоқ бўлиб туюлди?
- Камгина бўлсада, маълумотларга эга эдим, дея оламан. Боян менга қўнғироқ қилгач кўпроқ нарсаларни қидиришни бошладим. Шартнома тузганимиздан кейин футболчилар, мураббийлардан сўрадим. Жамоани қабул қилиб олишимдан олдин мамлакатингизга келдим. Ўйинларни томоша қилдим. Мен яхши дўст, профессор, Катанецнинг ёрдамчиси Владо Родманович билан гаплашдим, у эса мени Сречко билан таништирди.
- Хорижлик мураббийдан истаймизми-йўқми янгилик олиб кириши кутилади. "Динамо"да нимани ўзгартирмоқчисиз ва қандай услубни татбиқ қилишни режалаштиряпсиз?
- Мавсум бошлангач бизнинг иштирокимиздаги ўйинларни томоша қилган ҳолда қандай янгилик кўрганингизни менга айтасиз (кулади). Ўйин услубимизни чемпионат давомида кўришингиз мумкин. Ҳақиқий баҳони эса кузда яъни ноябрь ойида берамиз.
- Олдингизга қандай мақсадлар қўйилди? Балки Суперлигага қайтган жамоа сифатида бу борада катта вазифалар белгиланмас...
- Умумий қилиб айтганда "жўжани кузда санаймиз". Ҳеч қайси мураббий жамоасининг пастки ўринларда юришни истамайди.
- Охирги йилларга келиб чемпионатимизга сербиялик футболчиларнинг оқими ниҳоятда кўпайди. Ушбу мамлакат футболчи етиштириш бўйича Европада ўзига яраша обрўга эга эканлиги сир эмас...
- Фақат Самарқандда эмас, кўп вилоятларда майдонлар муаммо экан. Сербияга келинг ва иш қандай йўлга қўйилганини кўринг. Иқтидорлар жуда кўп. Ўзбекистонда ҳам етарлича. Лекин нимадир етишмайди.
- Туркиядаги йиғин ва футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқяпсизми?
- Биринчи ўринда клуб раҳбарларига шундай шароитни яратиб беришгани учун катта раҳмат айтаман. Икки эмас, уч ҳафта йиғин ўтказамиз. Меҳмонхонамиз ва майдон ўртасида катта масофа йўқ. Барчаси жуда қулай.
- Чемпионатни "Пахтакор"га қарши ўйин билан бошлайсизлар. Амалдаги чемпионга қарши очилиш ўйинидаги босим сизни хавотирга солаётгани йўқми?
- Йўқ. Мухлислардан ўша куни стадионга ташриф буюришларини сўраб қоламан. Футболчиларимдан ҳар бир ўйинда юракдан, борларини бериб ўйнашларини талаб қилмоқдаман.
Комментарии