31 may 17:42
News

ЖЧга 12 кун қолди. Мексика - 1970

Англияда бўлиб ўтган мундиалдан сўнг жаҳон чемпионатида бошқа ўйнамайман деган Пеле фикридан қайтади ва жамоасини чемпионлик шоҳсупасига кўтара олади.
Мексика ёзги олимпиада ўйинларини аъло даражада ўтказгани учун ФИФА 1964 йили  бўлиб ўтган конгрессда илк маротаба ЖЧ мезбонлигини Шимолий Америкага беради. Шу  кунгача жаҳон чемпионатларига уч маротаба Жанубий Америка мезбонлик қилган бўлса,  Европада 5та ЖЧ ўтказилганди.

Бу сафар Осиё/Океания ва Африкага битта йўлланма берилади. Мусобақани ўтказиш  тартиби ўзгармаган эди. Жами 74та мамлакат саралаш баҳсларида иштирок этди.  Якунда Исроиол (Осиё), Марокаш (Африка) ва Сальвадор (Марказий Америка) илк  маротаба мундиал йўлланмасини қўлга киритади.



Сальвадор иштирокидаги саралаш ўйини ўша йиллари Сальвадор ва Гондурас ўртасида  уруш бошланишига сабаб бўлади. Аслида бу икки мамлакат сиёсий томондан келиша олмаётган бир пайтда Сальвадорнинг ғалабаси уруш бошланишига баҳона бўлади. 1969  йилнинг 14-20 июль кунлари бўлиб ўтган уруш натижасида икки томонни қўшиб ҳисоблаганда 6 мингга яқин киши ҳалок бўлади. Улар орасида тинч аҳоли ҳам кўп эди.

Кун сайин тараққиётга эришаётган мамлакатларда техника жадаллик билан ривожланиб  бораётган эди. Илк маротаба ЖЧ-1970 рангли телевизорларда намойиш этилди.  Маркетинг томонидан 70-йилларнинг ўзидаёқ такомиллашиб бўлган ЖЧ-70  ташкилотчиларини бугунги олий лигамизга чақирсак ёмон бўлмаса керак. Ўша даврнинг  ўзидаёқ барча ўйинларни ТВ орқали намойиш этиш учун ҳар бир ўйин учун мукаммал тақвим ишлаб чиқилган эди. Тўғри, бу терма жамоалар учун ноқулайлик туғдирган.  Аммо ФИФА катта даромад олиш билан бирга футбол тараққий этишида ўша пайтнинг  ўзидаёқ пойдевор қўя олганди. 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган ЖЧ барчамизнинг  ёдимизда. Футболчиларимиз иссиқда роса қизиган эдилар. Энди тасаввур қилинг,  аксарият ўйинлар маҳаллий вақт билан соат 12:00да бошланган эди.



Мусобақанинг очилиш ўйинида Собиқ Иттифоқ терма жамоаси 107 000 мухлисни ўз  бағрига олган «Ацтека» стадионида майдон эгаларига қарши баҳс олиб борган. Аммо  Мексика ўз майдонида, ўзига таниш бўлган об-ҳаво шароитида рақибларини мағлуб эта олмайди. 0:0 ҳисобида якунига етган учрашувдан кейин маҳаллий ОАВ Собиқ Иттифоқ  терма жамоаси Мексикадан кўра об-ҳавога тезроқ мослашганлигини пичинг қилиб ёзади. Бу ўйинни тарих учун яна бир аҳамиятли томони шунда эдики, илк маротаба  ФИФА жамоаларга бир ўйинда икки мартба захира футболчисини тушириш имкониятини  беради. Шу билан бирга, сариқ ва қизил карточкалардан ҳам фойдаланиш йўлга  қўйилади. Кейинги тур ўйинларида Анатолий Бишовец дубл муаллифи бўлади. Гуруҳда иккинчи ўрин Мексикага насиб этади.

Чорак финалда Уругвай терма жамоаси билан тўқнаш келган Собиқ Иттифоқ терма  жамоаси ҳакамларнинг хатоси туфайли мағлубият аламини тортади. "Ацтека" стадионида  соат 12:00да бошланган учрашувнинг асосий дақиқалари 0:0 ҳисобида якунланай деб турган бир паллада Уругвай ҳужум уюштиради. Тўп узатиш давомида тўп майдон чизиғини  кесиб ўтади. Буни кўрган Собиқ Иттифоқ терма жамоаси ва Уругвайнинг аксар ўйинчилари тўп майдондан чиқиб кетди деган қарор билан югуришдан тхтаган бир пайтда,Луис Кубилья жамоадоши Эспаррага тўпни узатади. Виктор эса ҳаракатсиз қолган  терма жамоа дарвозасини ишғол қилади.Қизиғи шундаки, ҳакамлар голни инобатга  олишади. Бу ўйиндан кейин катта машмаша юзага келади.



Мексикадаги Англия терма жамоаси 4 йил аввал чемпион бўлган таркибдан анча кучлироқ эди. Шу боисдан Европа нашрлари Англияни иккинчи марта мундиал ғолиби бўлишига ишонишаётган эди. Аммо... Аммоси шундаки, бу сафар Англияда бўлгани каби футболчилар Пелени синдириш учун ўйнамадилар. 30 ёшни қарши олган футбол қироли  энг кучга тўлган пайтида, гўёки уни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ эди. Англия билан бир гуруҳдан ўрин олган Бразилия гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритади. Ўзаро ўйинда  Жаирзиньо томонидан киритилган ягона гол Бразилиянинг ғалабасини таъминлайди. 60-йилларда юлдузли таркиб Гарринча, Диди, Куарентинья, Амарилдо ва Загаллога эга  бўлган "Ботофого" сафида фаолиятини бошлаган Жаирзиньо 1962 йили Гарринчанинг  жароҳатидан унумли фойдаланиб асосий таркибга кириб олади. Кейинчалик эса терма  жамоадан жой олади. Жаирзиньо ЖЧ тарихларида бир мусобақанинг бошидан охиригача ҳамма ўйинларида гол урган ягона футболчи бўлади.

Англия - Бразилия учрашувидан сўнг мухлису мутахассислар финалда айнан шу икки  жамоани кўришга шубҳа қилишмаётганини билдиришади, бироқ... 1/4 финалда  Германия ЖЧ-66 финали учун ўч олади. Англия ўзининг асосий футболчиларидан  бири бўлган Бэнксдан ўйиндан бир кун аввал ажралган бўлса-да, учрашувда 2:0 ҳисобида  олдинга чиқиб олади. Англиянинг ғалабсига ҳеч ким шубҳа қилмаётган бир пайтда, бугун  биз Германиянинг афсоналари деб атайдиганларимиз, Франц Беккенбауэр, Уве Зеелер  ва Герд Мюллер кетма-кет гол уриб Германиянинг ғалабасини таъминлайдилар. Бу ерда Англия терма жамоасининг бош мураббийи катта хатога йўл қўяди. Ғалабага муддатидан  аввал ишониб юборган Альфа Рамсей иккинчи гол муаллифи Бобби Чарльтонни  алмаштириб юборган эди. Айнан шу ўзгаришдан кейин немислар уч марта гол ургадилар.



1/4 финал
Германия - Англия 3:2
Бразилия - Перу 4:2
Италия - Мексика 4:1
Уругвай - Собиқ Иттифоқ терма жамоаси 1:0

Бразилия эса ярим финалда Уругвайдан 1950 йилги Мараканадаги финал учун қасос  олади. 3:1 ҳисобида зафар қучган икки карра жаҳон чемпионларини финалда Италия -  Германия жуфтлиги ғолиби билан ўйнашлари керак эди. Бу жуфтлик иштирокидаги ўйин  эс аЖЧ тарихидаги энг зўр ярим финаллардан бири бўлган. 80 000 томошабин қаршисида  кечган ўйиннинг 8-дақиқасида Бонинсенья ҳисобни очади.Учрашув якунига етган ҳам эдики, Шнеллингер 90-дақиқада Италия терма жамоасининг дарвозасини ишғол қилади.  Қўшимча таймда немислар ҳисобда олдинга чиқиб оладилар. Кейин Италия иккита гол  уради. Мюллерга 110-дақиқада ҳисобни тенглаштириш насиб этади. Аммо бир дақиқа  ўтмай Ривера гол уради ва бу гол учрашувдаги сўнггиси бўлади.

1/2 финал
Бразилия - Уругвай 3:1
Италия - Германия 4:3



Аламзада Германия учинчи ўрин учун кечган баҳсда бронза медалини Европага олиб  кетади. Шу ерда бир савол туғиларди. Ўзга қитъада бўлиб ўтаётган мундиалда кубок қаерга йўл олади, Европагами ёки Жанубий Америкага?

Финалнинг 30-дақиқасида Пеле боши билан гол уриб ҳисобни очади. Бонинсенья эса 37 -дақиқада тенглаштиради. Шундан кейинги учта голга биттадан Жерсон, Жаирзиньо ва  Карлос Алберто муаллифлик қилишади.

ФИФА қоидасига кўра кубокни уч маротаба ютган жамоага "олтин маъбуда" абадий берилиши керак бўлган. Афсуски, бу кубокни 13 йил ўтиб Бразилия футбол федерацияси биносидан ўғирлаб кетишган. Ҳа, айтгандек. Финал олдидан италиялик ҳимоячи Тарчизио ўзига ўзи Пеле бу суяк ва қора этдан бўлган оддий одам деган. Финалдан кейин эса катта хато қилганини тан олади. Пеле учта жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган ягона футболчи эди. У 1971 йил, 31 ёшида МТЖ сафида фаолиятини якунлайди.



3-ўрин учун
ФРГ - Уругвай 1:0


Финал
Бразилия - Италия 4:1
Голлар:
Пеле, 18, Жерсон, 66, Жаирзиньо, 71, Карлос Альберто, 86 - Бонинсенья, 37
Бразилия: Феликс, Брито, Пьяцца, Карлос Альберто, Клодоалдо, Жаирзиньо, Жерсон,  Тостао, Пеле, Ривелино, Эвералдо
Италия: Альбертози, Бурньич, Факкетти, Чера, Росато, Бертини (Юлиано, 74), Рива,  Доменгини, Маццола, Де Систи, Бонинсенья (Ривера, 84)


Тўпурарлар: Герд Мюллер (ФРГ) - 10, Жаирзиньо (Бразилия) - 7, Теофило Кубиляс (Перу)  - 5

Хориж материаллари асосида
Нодирхўжа Юлдашев тайёрлади.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook