UZ

Сўнгги янгиликлар

06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   4 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  4 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  2 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  1 00:10"Жиззах" бош мураббийи: "Таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан иборат экани мени хурсанд қилади"  2 00:05Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ироқ - Ўзбекистон 1:4   0 00:00Саидазамат Мирсаидов: "Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  0 23:45Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бугунги машғулоти. Эртанги рақиб - Қувайт  1 23:29Ўзбекистон U-23. Навбатдаги машғулот қандай ўтди? Мирсаидов ва Одиловдан интервью  0 23:23U-23 Осиё Кубоги. Саудия Арабистони Таиландга бешта гол урди, Япония БААга имконият қолдирмади  1 22:52Элдор Шомуродов "Ювентус"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлайди!  26

Жаҳон футболининг молиявий гранди - "Бавария" Янгиликлар

Жаҳон футболининг молиявий гранди - "Бавария"

Бир йилда кўп пул ишлаб топиш бўйича етакчи бўлмаса-да, Мюнхеннинг “Бавария” клуби энг кўп фойда олиш борасида жаҳондаги биринчи рақамли жамоа ҳисобланади.
Бошқа жамоалар қарзларини тўлаш билан банд бир пайтда “ФК Голливуд” ҳисоб рақамида 100 млн евродан кўпроқ маблағ туради. “Бавария” футбол жамоалари фақат зарарга ишлайди деган қарашларни йўққа чиқарган дастлабки клубдир. Охирги 20 йил ичида мюнхенликлар йилни фақат фойда билан якунлашга муваффақ бўлишди.

Мюнхенликлар ишлаб топаётган пул миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2012 йил 368,4 миллион евро топган “Бавария” бу йил маблағ миқдорини 432,8 миллионга етказишга эришди. Ўсиш 17 фоизни ташкил қилди. Исталган компания учун бу жуда яхши рақам саналади. Ушбу йилдаги соф фойда 22,5 миллион евродан иборат бўлди. Яъни, барча харажатлар ва солиқларни тўлашдан ташқари жамоа ҳисоб рақами шунча маблағ билан бойиди. Мюнхен жамоаси ҳомийлик шартномаларидан 100 миллион, атрибуткалар сотуви ҳамда мукофот пуллари орқали 83 миллион, трансляциялар учун телевидениедан 100 миллион, ўйин кунги тушумлардан 150 миллион евро ишлаб топди.
“Бавария” фақат футбол жамоаси эмас. Шахмат, гандбол, баскетбол, гимнастика, боулинг, стол тенниси, ҳакамлар тайёрлаш мактаби ва футбол клубларига 1100 нафардан ортиқроқ аъзолар мавжуд. Клуб ўз стадиони, машғулотлар маркази, тиббий тикланиш марказига эга. Европанинг қолган етакчи жамоалари Германия грандига фақат ҳавас қилишлари мумкин. Стадионни ижарага бериш орқали ҳам клуб маълум миқдорда пул ишлаб топади. “Мюнхен-1860” жамоаси “Альянц Арена” стадионидан фойдаланади. Ҳозирда бу жамоа иккинчи бундеслигада ўйнаяпти. Лекин “Бавария” ҳамшаҳар клубдан фойда кўришнигина кўзламайди. Бир неча йил аввал “Мюнхен-1860” иқтисодий инқирозга тушган бир вақтда “Бавария” ушбу жамоани танг вазиятдан қутқариб қолган. Ўшанда талаб қилинган бир неча миллион еврони ҳамшаҳар клубга совға қилган. Акс ҳолда, Мюнхеннинг иккинчи жамоаси ҳозир умуман йўқ бўлиши ҳам мумкин эди. “Бавария” Дортмунднинг “Боруссия”сини ҳам шу йўсинда қутқариб қолган. Ўшанда дортмундликлар қарзларни тўлай олмагани туфайли банкрот деб эълон қилинишлари зарур эди. Лекин талаб қилинган 2 миллион евро миқдоридаги маблағни мюнхенликлар ўтказиб беришган. Шу воқеа рўй бермаганда биз ҳозирги “Боруссия”ни кўрмаган бўлардик. “Бавария”дан ёрдам олиб, ёпилиб кетиш хавфидан қутулган яна бир жамоа Ростокнинг “Ганза” клубидир. Бошқа ҳеч бир мамлакатда бундай ҳодисани кузатмаганмиз.



“Бавария” ўйин кунги тушумлардан 150 миллион евро ишлаб топган. Бир мавсумда мюнхенликлар ўз майдонларида тахминан 25 учрашув ўтказишади. Ҳар бир учрашувда стадион ишқибозлар билан тўлади. Лекин чипта нархлари унчалик қиммат эмас. Бу борада Мюнхен клуби мухлисларга ён берган. Клуб вакиллари ҳамиша ишқибозлардан “соғин сигир” ўрнида фойдаланмаслик кераклигини таъкидлаб ўтишади. Айтайлик, Англияда “Манчестер Юнайтед”нинг кубокда оддий жамоа билан тўқнашувига чиптани энг камида 50 долларга харид қиласиз. Германияда эса чемпионатнинг марказий ўйинига чиптани бемалол 20 еврога топса бўлади. Агар “Бавария” чипталар нархини икки баравар оширган тақдирда ҳам барибир “Альянц Арена” тўлишда давом этади, бироқ бу жамоа учун мухлисларни мушкул аҳволга тушириб қўймаслик муҳимроқ саналади. Ўйин кунги тушумлар миқдорига стадионни ижарага бериш ҳам киритилган. Шунингдек, стадионга келган мухлислар атиги 7 евро эвазига карточкани харид қилиб, егулик ва ичимликларни истеъмол қилишлари мумкин. Бу умумий пакет ҳисобланади. Англияда эса фақат бир стакан чой ёки кофени деярли 4 еврога харид қиласиз. Шундан ҳам кўриниб турибдики, мюнхенликлар ишқибозларга турли жабҳаларда ён бериб келадилар.

Бундеслига трансляциялар ҳуқуқини сотиш борасида кучли бешликда фақат Франциядан олдинда холос. Яъни, топиладиган маблағ миқдори жуда катта эмас. “Бавария” бундеслига ва кубокдаги ўйинларни қўшиб ҳисоблаганда 100 миллион еврога яқин даромад кўради. Келаси йилларда бундеслига жамоалари трансляциялар ҳуқуқидан кўпроқ пул олишади. Чунки мавсумдан-мавсумга шартномалардаги суммалар миқдори ортиб боряпти. Чунки охирги йилларда Германия клублари катта ўсишга эришдилар. Қолаверса, ЕЧЛдан олинадиган пул миқдори ўсади. Жорий йилда атрибуткалар сотуви ҳамда турли мусобақалардан олинган мукофот пуллари 83,5 миллион еврони ташкил қилди.

“Бавария”нинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, жамоа ҳомийлик шартномалари тузишда клуб анъаналарига риоя қилади. Масалан, турли бизнес соҳаларидан фақат биттадан компания билан шартнома имзолайди. Бошқа жамоаларда бир соҳанинг ўзидан 2-3 компаниялар ҳамкор эканлигини кўриш мумкин. Мюнхенликлар узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётган фирмалар билан катта бўлмаган миқдордаги суммалар эвазига шартнома тузишлари мумкин. Шу сабабли “Бавария”нинг ҳомийлик шартномаларидан олаётган даромади 100 миллион евродан иборат. Жамоа бу рақамни сезиларли даражада ўстириш салоҳиятига эга.

Клуб бошқарув тизимига назар ташласак, уни мухлислар бошқаришини кўрамиз. 81,8 фоиз акциялар 233 минг ишқибозга сотилган. Бир пайтда шунча мухлис клуб эгалари саналади. Бошқача айтганда, акцияларнинг шунча миқдорига клуб ўз ишқибозлари орқали эгалик қилади. 9,1 фоиздан акцияларга эса “Adidas” ва “Audi” компаниялари хўжайин саналади. “Adidas” 2002 йил 9,1 фоиз акцияни 77 миллион евро эвазига харид қилган. Бу пуллар “Альянц Арена”ни барпо этишга сарфланган. “Audi” эса 2009 йил 90 миллион еврога ўз улушини сотиб олган. Бу маблағни клуб стадион қуриш учун ижарага олинган майдонни сотиб олишга сарфлаган. Ҳар икки ҳолатда клуб тутган уддабуронликка қойил қолса арзийди.

Жамоа ҳомийлар билан уч пакетда иш олиб боради. Асосий, premium, classic. Асосий ҳамкорлардан “Telekom” 40, “Adidas” 29 миллион евро тўлаши маълум. Қолган компаниялар билан хизмат эвазига реклама ёки маълум миқдордаги пул ҳисобига реклама шартларига амал қилинади. Клуб ҳомий ва ҳамкорлари рўйхати билан танишиб олинг.



Асосий ҳамкорлар
Telekom – асосий ҳомий, компания номи жамоа футболкасига жойлаштирилган
Audi – жамоа акциядори ва машиналар етказиб бериш бўйича ҳамкори
Adidas – жамоа акциядори ва спорт маҳсулотлари бўйича ҳамкори
Allianz – жамоа ҳамкори, стадион номига эгалик қилади
Premium ҳамкорлар
HypoVereinsBank – Германияда фаолият кўрсатувчи банк
Imtech – Германияда техник хизматлар олиб борувчи компания
Lufthansa – Германия авиакомпанияси, жамоани ҳар бир сафар ўйинига олиб боради
Man – юк машиналари ишлаб чиқарувчи компания
Paulaner – спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи компания
Samsung – электротехника компанияси, жамоанинг техник ҳомийси
Yingli Solar – энергия билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи
Bwin – тотализатор хизматлари кўрсатувчи компания

Classic ҳамкорлар
Adelholzener
Bayern 3 Beer – Мюнхендаги пиво ишлаб чиқарувчи компания
Coca Cola – салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи
Ehrmann
Flyeralarm
Hublot – Швейцарияда соат ишлаб чиқарувчи компания
Lego – ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи компания
Schaeffler – ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фирма
Sir Oliver – кийим-кечак ишлаб чиқаради
Schower
Siemens – техник маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компания
SPG – турли хизматлар кўрсатувчи фирма
Thomas Sabo
Viagogo – онлайн чипталар савдоси билан шуғулланади
MF - озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи.

“Бавария” ҳар йили ўртача 23 фоиз маблағни ўйин кунги тушумлардан ишлаб топади. Бу Европанинг бошқа етакчи клублари билан солиштирганда унчалик юқори рақам эмас. Тик туриб кўриладиган секторларга мавсумий чипта нархи 104 фунтни ташкил этади, 150 евро атрофида. Бундай нарх Англия, Испания ёки Италиянинг етакчи клублари ишқибозларини ажаблантириши мумкин. Ўзбекистон валютасига ўгирадиган бўлсак, шундай секторларда бир ўйинни кузатиш ўртача 27 минг сўмга тушар экан. Бу пул эвазига сиз Нойер, Лам, Данте, Боатенг, Кроос, Мюллер, Швайнштайгер, Роббен, Рибери, Манжукич сингари юлдузлар ўйинларидан баҳра олишингиз мумкин. Ёки “Бавария”нинг “Боруссия”, “Байер” ёки “Шальке”га қарши учрашувларини ўтириб кўрадиган секторларда 50-60 минг сўмга томоша қилиш имкониятига эгасиз.

Охирги икки мавсумда “Бавария” таркибини сезиларли тарзда кучайтирди. Бунда футболчиларнинг ўта қиммат нархидан кўра уларнинг жамоага келтирган фойдасини алоҳида таъкидлаш мумкин. Аввалги мавсумда 90, жорий мавсумда эса 50 миллион евро ортиқроқ маблағ янги футболчиларни харид қилишга сарфланди. Хави Мартинес, Данте, Нойер, Манжукич, Гётце каби янги ўйинчилар жамоага осонликча киришиб кетиб, улардан аксарияти аввалги мавсум ЕЧЛ бош совринига эга чиқишда катта ёрдам беришди. Шу билан бирга жамоада ёшлар тизими орқали асосий таркибга юқори савияда ўйнайдиган футболчиларни етиштириб бериш яхши йўлга қўйилган. Айнан шу жиҳат бўйича мюнхенликлар катта миқдордаги маблағни иқтисод қилишади, ўзларида олиб қолишади. Лам, Швайнштайгер, Мюллер, Кроос, Алаба, Бадштубер асосий таркибга клуб академиясида тарбия олиш орқали босиб ўтишган. Уларнинг ҳар бири бугунги кунда камида 30 миллион евро атрофида нарх билан баҳоланади. Германия футболидаги бир жиҳат ҳам эътиборимизни тортади. Ушбу мамлакатда футболчилар анча арзон баҳоланади. Айтайлик, Англияда ўртамиёна футболчи 20 миллион еврога сотилади.

Германияда эса ўша футболчидан 4 баравар кучлироқ ўйинчини бундан арзонроқ нархга сотиб олиш мумкин. Бунга асосий сабаб Германияда клуб академияларининг жуда яхши ишлашида ва маҳаллий ёшлардан кўплаб иқтидорларнинг етишиб чиқишидир. Англияда эса маҳаллий ўйинчилар деярли топилмас, камёб инсонлар тоифасига айланиб улгурган.



“Бавария” футбол академиясига йилига 6,5 миллион доллар сарфлайди. Тизимда 185 нафар ёшлар таҳсил олишади. Мураббийлар, терапевтлар, докторлар ва ходимлар уларни доимий равишда кузатиб боришади. Мюнхенликлар академиясининг фойдали иш коэффиценти охирги йилларда “Барселона” билан бир миқдорда ишлади дейиш мумкин. Асосий таркибга ўтган футболчилар сони борасида фақат “Аякс”гина яхшироқ кўрсаткичга эга. Амстердамликлар бу борада жаҳондаги етакчи клуб саналишлари ҳеч кимга сир эмас.

Мюнхенликлар 22 фоиз маблағни телетрансляциялар орқали ишлаб топишади. Айнан ушбу мавсумда бундеслига янги шартномага эга бўлди. Бу эса кейинги йил сарҳисобини чиқаришда “Бавария”да кўриладиган фойда кўпроқ бўлишини англатади. Ушбу кўрсаткич энг кўп пул топаётган жаҳондаги беш клуб орасида энг паст кўрсаткич. Шунга қарамай, “Голливуд” клубининг ҳар йилни фойда билан якунлашига бу ҳолат халал бермаяпти. 55 фоиз даромадни эса тижорий фаолият келтирмоқда. Бу ерда ҳомийлик шартномалари билан бирга мухлислар орқали келаётган даромад ҳам киритилган. Мерчандайзинг орқали топилаётган пул миқдори 60 миллион еврога етиб бўлган. Реклама шартномаларидан кўрилган фойда эса 10 миллион еврога ортди.

“Бавария” билан шартнома имзолашни хоҳловчи фирмалар сони энди янада кўпайиши турган гап. Жамоанинг сўнгги йиллардаги муваффақиятлари компанияларни бунга чорламоқда. Қолаверса, “Бавария” ўз мамлакатида яққол гегемон саналади. Энг узоғи билан 3 йил ичида аввалги ҳолатига қайтиб, чемпионликка эриша олиши шартнома имзолаш истагидаги компанияларни ўзига жалб қиладиган яна бир сабаб ҳисобланади. Европа футболи чўққисига чиққан “Бавария”ни тахтдан тушириш ҳеч бир клубга осон бўлмаслиги табиий. Молиявий тарафлама эса ҳали бери ҳеч бир клубга насиб этмайди.

Агар имконият бўлганда ўзбек клубларидаги маркетинг ва тижорий фаолият бўйича ходимларни айнан Мюнхен клубидаги ишлар билан танишиш учун юбориш жуда фойдали бўларди. Афсуски, бизда клублар маркетинг нима эканлигини ҳали тўлиқ англаб етишмаган. Баъзи жамоаларда шундай ходимлар номига фаолият юритишади холос. Бу эса бизни фақат ва фақат афсусланишга ундайди. Клубларимизнинг аксарияти эса боқиманда бўлиб юришда давом этишади. Улар бошқача яшай олишмайди.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика