06 nov 15:21
News

Ёшлар ва ўсмирлар термаларидан чиққан юлдузлар

2013 йил Туркия ва БААда ўтказилган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини кузатиш имкониятига эга бўлдик.
Бу мусобақаларда бир қатор ёш юлдузларнинг ҳаракатларини кузатиб бордик. Шу аснода охирги йилларда ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги терма жамоаларимиздан кимлар ўз клублари сафида етакчи футболчиларга айлангани ва миллий терма жамоага жалб этилганини аниқлашга эҳтиёж туғилди. Шу тариқа биз билан бир чемпионатда қатнашган Осиё ва жаҳондаги терма жамоалардан яққол ўсишга эришган футболчилар рўйхатини ҳам тузиб чиқдик.

Барчасини 2008 йил Тошкентда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан бошласак. Ўшанда ўзимиз бевосита бир қатор ёш юлдузларнинг ўйинларига гувоҳ бўлган эканмиз. Масалан, “Бавария” билан шартномаси бор бўлган ва ҳозирда “Гамба Осака” таркибида ўйнаётган Такаши Усами пойтахтимиздаги стадионларда ўйнаган. Роберт Гай бошчилигидаги ўсмирларимизнинг мундиалдан четда қолиб кетишига сабабчи бўлган Жанубий Корея таркибида бугунги кунда “Байер” сафида муваффақиятли ўйин кўрсатаётган Сон Хён Мин бўлган. 2010 йилги чемпионатда эронлик Сардор Азмун (ҳозир “Рубин”нинг асосий таркибидан ўрин олиб бормоқда), япониялик Рио Мияичи ҳаракатларини кузатиш имкониятига эга бўлганмиз. Лекин ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионати иштирокчиларининг аксарияти ҳали ёш эканликлари боис катта саҳналарда ўзларини намоён қилишга улгуришмаган. Шу сабабли ёшлар ўртасидаги қитъа ва жаҳон чемпионатларида кўпроқ юлдуз ўйинчилар қатнашганини кўрамиз. Қолаверса, 17 ёшга нисбатан 19 ёшда футболчининг имкониятлари яққол намоён бўлади.

Аҳмад Убайдуллаев бошчилигида тўп тепган ёшлар терма жамоамиздан бугунги кунда миллий терма жамоага Фозил Мусаев, Ислом Тўхтахўжаев ва Иван Нагаев сингари футболчилар таклиф этиб келиняпти. Булар орасида Ислом энг кўп ўйнаган. Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Иордания терма жамоаси сафида Одай Заҳрон, Ҳалил Бани Аттия, Саид Муржан ва Иброҳим Заваҳра ҳаракат қилган экан. Уларнинг барчаси яқиндагина бизга аламли натижани тақдим этган учрашувларда Иордания миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишди. Гарчи, ёшларимизнинг ўша авлоди финалгача етиб борган бўлишига қарамай, миллий терма жамоага футболчи етиштириб бериш борасида иорданияликлардан ортда қолибди. Иорданиянинг ўша пайтдаги ёшлари бугун бизнинг миллий термани доғда қолдиришни уддалади.

Шунингдек, эронлик Эҳсон Ҳожсафи, БААлик Аҳмад Ҳалил, япониялик Шинжи Кагава, кореялик Ким Ёнг Гвон (“Гуанчжоу Эвергранд”), Ку Жа Чол (“Аугсбург”) ва Ким Бо Кюн (“Кардифф Сити”) номлари биринчи бўлиб ўша биринчиликда мухлислар тилига тушганди. Ҳозирга келиб улар миллий терма жамоаларида етакчилик вазифасини бажаришга ўтганлар. 2010 йилги Осиё чемпионатида мундиалга йўлланма олишни уддалай олмаган жамоамиздан клубларида яхши ўйин кўрсатаётганлар бир талай ўйинчилар етишиб чиққан. Владимир Козак, Даврон Ҳошимов, Акбар Исматуллаев, Егор Кримец, Сардор Рашидов, Дилшод Раҳматуллаев, Павел Смоляченко, Алибобо Раҳматуллаев, Темурхўжа Абдухолиқов ўша жамоа сафида ўйнаганди. Уларнинг баъзилари миллий терма жамоа сафида ҳам тўп тепишга улгуришди. Рақиблар сафидан Жи Дон Вон (Жанубий Корея), Омар Абдулраҳмон (БАА) ажойиб ўйин намойиш қилишганди. Ҳозир бу футболчилар қитъамиз юлдузларига айланиб боришмоқда. Абдулраҳмонга “Арсенал” тобора қизиқиш билдиряпти. 2012 йилги биринчиликда эса Игорь Сергеев, Жамшид Искандеров ва Владимир Козак яхши ўйин кўрсатиб, кейинчалик миллий терма жамоа йиғинларига ҳам жалб этилишди. Ёшлар ва терма жамоаларимизнинг 2008 йилдан кейинги таркибидан миллий жамоагача бўлган йўлни босиб ўтган футболчилар сони 5-6 нафарни ташкил қиляпти. Бу ўртача кўрсаткич. Агар ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари мунтазам равишда ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишса, унда ўзидаги юқори савияни кейинчилик ушлаб қоладиган футболчиларимиз сони кўпайган бўлармиди. Чунки ёшлигида етакчи термалар билан тенг тўп тепаётган ўйинчиларимиз орадан 5 йил ўтгач, ўша рақибларига йирик ҳисобда имкониятни бой беришлари ҳеч гап эмас. Шу ўринда жаҳон чемпионатида ўйнагандан кейин дунёга танилган юлдузлар билан таништириб ўтамиз.

2009 йил ўсмирлар ўртасидаги мундиалда кўплаб машҳур футболчилар ҳаракат қилганлар. Нигериялик Онази (“Лацио”), германиялик Тер Штеген (“Боруссия” М), Марио Гётце (“Боруссия” Д), Бернд Лено (“Байер”), бразилиялик Веллингтон (“Шахтёр”), Фелипе Коутиньо (“Ливерпуль”), Неймар (“Барселона”), Каземиро (“Реал”), япониялик Рио Миячи (“Уиган”), швейцариялик Гранит Шака (“Боруссия” М), голландиялик Бруно Мартинс Инди (“Фейеноорд”), Луис Кастаинос (“Твенте”), испаниялик Коке (“Атлетико”), Икер Муниаин (“Атлетик”), Иско (“Реал”), Алваро Мората (“Реал”), италиялик Маттео Перин (“Женоа”), Стефан Эл Шаарави (“Милан”) сингари жаҳон юлдузлари ўша мундиалда порлаган. Ҳозирги кунда бу футболчилар ўз клублари ва терма жамоалари сафида майдонга тушиб, мухлисларни қувонтириб келишмоқда.

Худди ўша йили Мисрда бўлиб ўтган ёшлар мундиалида испаниялик Сезар Аспиликуэта (“Челси”), Хорди Альба (“Барселона”), Фран Мерида (“Арсенал”), Оскар Де Маркос (“Атлетик”), германиялик Ларс (“Боруссия” М) ва Свен Бендер (“Байер”), Люис Холтби (“Тоттенхэм”), ганалик Андре Айю (“Марсель”) ва Агеманг Баду (“Удинезе”), венесуэлалик Соломон Рондон (“Рубин”), уругвайлик Гастон Рамирес (“Саутгемптон”), БААлик Омар Абдулраҳмон (“Ал Айн”), Али Мабҳут (“Ал Айн”), Ҳамдан Камоли (“Ал Ваҳда”), бразилиялик Алекс Тейшейра ва Дуглас Коста (“Шахтёр”) жуда яхши ўйин кўрсатишганди. Ҳозирги пайтда бу ўйинчиларнинг аксарияти миллий терма жамоада ўз ўринларига эга бўлишга улгуришган. Ёки фаолиятларини Европанинг кучли биринчиликларида давом эттиришяпти. 2011 йилги ёшлар жаҳон чемпионатида франциялик Лаказетт ва Гренье (“Лион”), испаниялик Марк Бартра (“Барселона”), Ориел Ромеу (“Челси”), Серхио Каналес (“Валенсия”), Иско (“Реал”), Коке (“Атлетико”), Кристиан Тельо (“Барселона”), нигериялик Аҳмад Муса (ЦСКА), бразилиялик Оскар (“Челси”), Коутиньо (“Ливерпуль”), Каземиро (“Реал”), мисрлик Муҳаммад Салоҳ (“Базель”) ва аргентиналик Эрик Ламела (“Тоттенхэм”) кўпчиликнинг ёдида қолган. Ўсмирлар ўртасида Мексикада ўтказилган чемпионатда голландиялик Жетро Уильямс (“Фейеноорд”), аргентиналик Лукас Окампос (“Монако”), франциялик Курт Зума (“Лион”), инглиз Раҳим Стерлинг (“Ливерпуль”), германиялик Эмре Жан (“Байер”), финляндиялик Виктор Фишер (“Аякс”), бразилиялик Маркиньос (ПСЖ) ва Лукас Пиазон (“Витесс”) сингари футболчилар бутун жаҳонга танилган. Шу икки йил ичида Маркиньос “Рома”дан ПСЖга ўтиб, Европа даражасида энг яхши ҳимоячилардан бирига айланашни уддалади. Шу йил Туркияда ўтган мундиалда Франциядан Погба (“Ювентус”), Кондогбиа (“Монако”), Товен (“Марсель”), Хорватиядан Ливайя (“Аталанта”), Анти Ребич (“Фиорентина”), Жим Варела (“Манчестер Юнайтед”) илиқ таассурот қолдиришганди. Кўриб турганингиздек, ўсмирлар ва ёшларимиз билан бир мундиалда ўйнаган футболчилар ичидан юлдузлар етишиб чиқди. Биз эса ҳамон бу борада оқсаяпмиз. Бир инсон бажарган юмушни бошқа одам ҳам бажара олади. Фақат бунинг учун интилиш, иштиёқ ва қунт бўлса кифоя. Умид қиламизки, ҳозир ўсиб келаётган авлод бу таққослашлардан ўзи учун тўғри хулоса чиқаради.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook