29 oct 14:05
News

Хитойда ёшлар футболи қандай ўсмоқда?

Жаҳонда энг кўп аҳолига эга бўлган Хитойда футболга эътибор катта. Охирги йилларда суперлига беллашувларига ташриф буюраётган мухлислар сони ўсиб бормоқда, ушбу чемпионат энг кўп ташрифга эга кучли 15 биринчилик қаторига кириб бўлган.
Клублар катта бюджетга эгалик қилиб, кўзга кўринган футболчиларни Хитойга таклиф этишяпти. Шунингдек, мамлакатда ёшлар футболини ривожлантиришга юқори даражада эътибор қаратилган. Осиё Кубоги даврида ўзим танишган икки хитойлик журналистдан бу борада қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида баъзи маълумотлар тўплаб беришни истимос қилганимда, улар бунга ижобий жавоб қайтаришди. Демак, “Чин” юртида ёшлар футболи қандай ўсаётгани тўғрисида ушбу мақолада тўхталиб ўтамиз.

1994 йил АҚШда мундиал бўлиб ўтган пайтда Хитой ФИФА рейтингида 50-поғонани банд этганди, Япония эса эллик бешинчи. Ҳозирга келиб японлар рейтингда кучли 20талик атрофида боришаётган бўлса, Хитой юзлик сари қулаган. Миллий терма жамоаларнинг ўзгариш жараёни Япониянинг қандай муваффақият билан ишлаганини кўрсатиб турибди. Бунга уларнинг ёшлар билан ишлашни тўғри йўлга қўйгани сабаб бўлган. Шунингдек, миллий қарашлар ҳам. Хитойда спортга яхши ўқишга ёрдам берадиган ёрдамчи куч сифатида қарашади. Айниқса, футболда бу яққол кўзга ташланади. 2011 йилги маълумотларга қараганда, Хитойда 13 ёшдан 19 ёшгача футболчи сифатида рўйхатдан ўтган болалар сони 7000 нафардан иборат. Аҳоли бўйича хитойликлардан бир неча баравар орқада бўлган Японияда эса худди шу ёш тоифасида футболчилар миқдори 500 мингдан иборат!

Хитойда ёшлар футболи сезиларли тарзда ортга кетаётгани маълум бўлгач, 2009 йил Хитой мактаблари футбол дастури ишлаб чиқилди. Бу шундай руҳда ишланган илк лойиҳа эди. Унга кўра, 10 йил ичида 3 босқичли тизимда зарур вазифалар бажарилади.

1-босқич: 2009 йил июндан 2013 йил августгача.
2009-2011   Бошланғич мактаб (4-6 синфлар) ва ёшлар юқори мактаби (7-9 синфлар) дастури бошланиши.

2012-2013   Катталар мактаби (10-12 синфлар) ва коллеж дастури бошланиши.
2-босқич: 2012 йил сентябрдан 2014 йил августгача.

Дастурни ривожлантириш ва келажакда ўсиш учун сифатли назоратни таъминлаш.
3-босқич: 2013 йил сентябрдан 2018 йил августгача.

Болалар, ота-оналар ва мактаблар ҳамкорлигида дастурнинг ўсиб боришини таъминлаш, ривожланиш йўлини яратиш.

Ҳозирда бу дастур доирасида 120 шаҳар, 6000дан ортиқ мактаб ва 2,3 миллион бола иштирок этмоқда. Бу болалар ҳар ҳафта 3 соат мобайнида футбол билимларини ўзлаштиришади. Улардан 10 фоизи эса ҳафтасига 3-4 марта машғулот ўтказадиган жамоаларга аъзо қилиб танлаб олинган. Хитойда мактаблар ёрдамида ёшлар футболини ўстириш дастур сифатида танланди. Албатта, бу жуда фойдали йўлдир.

Қилинаётган ишларни кузатиб бориш мақсадида провинция ва шаҳарлар федерация билан, мактаблар эса шаҳарлар маъмурияти билан алоқада бўлиб туради. 2012 йил август ойида “Т3” компанияси Хитой мактаблари футбол дастурининг бош техник маслаҳатчиси деб эълон қилинди. Ушбу компания Японияда болалар ва ёшлар футболи ривожланишида катта хизмат кўрсатган. Улар энди бу йўлни Хитойда қўллаб кўришга уринишмоқда.

Бу лойиҳаларнинг фарқи шундаки, Хитойда дастурнинг ўсиши ортида бевосита ҳукумат турибди. Японияда эса бундай бўлмаганди. “Кунчиқар ўлка”да фақат тижорий лойиҳа сифатида иш бошланганди. Айни пайтда 100дан ортиқ мактабларда 16000 нафардан кўпроқ болалар таҳсил олишяпти. Хитойда бу янаям самаралироқ бўлиши мумкин. Чунки ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши кўп нарсаларни енгиб ўтишда куч беради. Қолаверса, Япониядаги тажриба туфайли бу компания энди янада фойдалироқ иш кўриш имкониятига эга. Хитой танлаган йўлни кўплаб Европа мамлакатлари аллақачон босиб ўтишган. Яъни, ёшлар футболини ривожлантириш учун биринчи навбатда умумтаълим мактаблари ва коллежларнинг ўрни катта. Махсус спорт мактабларида нари борса 1000 хоҳловчидан биттаси таълим олиши мумкин. Қолганларнинг иқтидори йўқолиб кетмаслигида эса мактаблар жамоалари ва уларнинг ҳаваскор мусобақалари катта аҳамият касб этади.

Бу лойиҳа доирасида телевидение, газета ва журналлар, микроблоглар ва турли порталларнинг ҳиссасига таянилмоқда. Яъни, мамлакатда футболнинг оммавийлигини кўтариш учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Жорий мавсумда “Гуанчжоу Эвергранд”нинг ОЧЛда ғолиб чиқиши Хитойда футбол ривожланишига янада катта туртки бўлиши табиий.

Болалар мураббийлари таълими яхшироқ бўлиши мақсадида турли вебсайтлар очиб, уларни қандай машқлар ўтказиш кераклиги ҳақида маълумот ва видеофайллар билан бойитиб бориляпти. Техник имкониятларни ошириш учун 36 хил машғулот ўтказиш зарурлиги ва уларнинг видеолари мураббийлар ихтиёрига ҳавола этилган. Бундан нафақат мураббийлар, балки ота-оналар ёки болаларнинг ўзлари ҳам фойдаланишлари мумкин.

Японияда ҳам ишлар шундан бошланганди. Биринчи навбатда болаларнинг техникасини ўстиришга эътибор қаратилган. Натижада бугунга келиб японлар қитъа футболида етакчиликни қўлга олишган. Хитой эса кеч бўлса-да, шу йўлни танлаш лозимлигини тушуниб етди. Японияда ёшликданоқ футболчиларнинг қобилиятларини ўстиришга имконият берилди, яхши ва ёмон футболчилар ўртасидаги фарқ деярли йўққа чиқарилди. Улар барчани юқори савияда ўйнай оладиган руҳда тарбиялашни эплашди. Япония футболидаги энг яхши муваффақият шу бўлди. Хитойда биринчи навбатда шу ҳолатни йўлга қўйиш зарур. Хитой мактаблари футбол дастури айнан шу вазифаларни амалга ошириш учун ишлаб чиқилган.

Мактаблардаги дастур ёрдамида футболни ривожлантиришни ҳукумат қўллаётгани энг ажойиб ҳолатлардан бири ҳисобланади. Девид Бэкхемнинг шундай мактаблардан бирига ташрифи болаларнинг футболга бўлган қизиқишини анча ошириб юборди. Ҳозирги кунда хитойликлар ушбу дастур ёрдамида мамлакат футболи савиясини ошириб, маҳаллий ва жаҳон миқёсида ижобий натижаларга эришишни асосий мақсад этиб белгилашган. Бу йўлда катта суммадаги пуллар сарфланмоқда. Яқин йиллар ичида муваффақиятлар қўлга киритилишига уларнинг ишончи комил.

Ушбу мақолани бежизга ёзиб ўтганимиз йўқ. Бизда спорт ва футбол мактабларига эътибор қатта бўлгани ҳолда мактаблар ёки болалар ўртасидаги ҳаваскор чемпионатлар ҳамда турнирларга бўлган эътибор жуда тушиб кетди. Буни яхши ҳолатга келтирмасдан туриб янги юлдузлар етиштириб чиқариш ҳақида ўйлаш қийин. Чунки кўча-куйда тўп тепиб юрган болалар орасида футбол мактабларида таҳсил олаётганларга қараганда иқтидорлилари учрайди.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook