10 dec 16:45
News

Вадим Абрамов: “Мени руҳшунос деганлар адашади, мен футболни тушунаман!” (2-қисм)

“Кеча, Бугун, Эртага” лойиҳасининг бу сафарги меҳмони, сиз кутган мутахассис – Вадим Абрамов бўлди.
Суҳбатнинг дастлабки қисмини сизларга тақдим этдик. Навбат интервьюнинг иккинчи қисмига.

- Нима учун бугунги кунда мураббийларимиз ёшларнинг имкониятидан унумли фойдалана олмаяптилар?
- Мураббий ақлли бўлиш билан бирга ўз номига ҳам эга бўлиши керак. Роналду учун Анчелотти шахс. Кучли, аммо номи чиқмаган мураббий "Реал"га келса, у Роналдуни захирага ўтказиб қўя оладими, йўқ. Херардо Мартино Мессидаги чарчоқни кўриб жамоа ва унинг ўзини фойдаси учун захира футболчисига алмаштирди. Месси - юлдуз. Унинг ўйнагиси келади, лекин мураббий футболчи манфаати йўлида шундай қарорни қабул қилди. Аммо Месси бундан хафа бўлди. Агар вазият шундай давом этса, клуб президенти кимнинг фойдасига қарор чиқаради, миллионлаб пул олиб келаётган футболчими ёки мураббий? Шунинг учун мураббий ном жиҳатидан футболчидан устун бўлиши керак.

- Рўйхатимда шу мазмундаги савол бор эди. Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганингиздан кейин аксар футболчиларимиз, аввалига сизни менсимадилар. Кейин эса барчаси ўз изига тушиб кетди. Ҳаттоки ОАВ ва мутахассислар ҳам сизга паст назар билан қараган эдилар.
- Терма жамоа билан биринчи ишим Арманистондаги ўйинга тайёргарлик кўриш билан бошланди. Бир эпизодни айтиб бераман. Шунга ўхшаш ҳолат бўлганди. Йигитларга юзланиб айтдим: сиз мен бошқарган "Трактор"ни ютгансизлар. Лекин бу "Трактор" эди. Ҳалқаро майдонда биронта ютуққа эга чиқмадинглар, тўғрими? Бирон бир катта титулингиз ҳам йўқ. Шундай экан, мени эшитганингиз маъқул. Дастлабки ўйинлар ўхшамади. Арманистонга ютқаздик, кейин Саудия Арабистонига. Араблар билан бўлган ўйинда ҳакамлар бизга қарши ишладилар. Кейин эса ҳаммаси ўз изига тушиб кетди. Биз учун битта ғалаба керак эди ва Баҳрайн билан ўйинда бунга эришдик.



- Нима деб ўйлайсиз, ёшларга эътибор берадиган мутахассис сифатида олий лигада ёш футболчини туширишни мажбурий қилиб қўйиш вақти келмадими?
- Фойдаси ҳам, зарари ҳам бор. Бу йўлни сунъий амалга ошириш керак деб ўйламайман. Яхши мураббий, ҳар доим яхши ёш футболчини топа олади. Унинг учун мажбурий қоида шарт эмас. Яхши мураббий эртани ўйласа, у албатта ёш футболчини қидиради. Агар мураббий ёш футболчини кўра олмаса, у мажбуран битта футболчини доимий равишда майдонга туширади. У эса табиийки асосий таркибда майдонга тушишини билиб бузилиши мумкин.

- Балки ёшлар лигасини жиддий назоратга олиш керакдир?
- Менимча мураббийларни тарбиялашни тўғри йўлга қўйишимиз керак!

- "Астана"га бош мураббий этиб тайинланганингиздан кейин Қозоғистоннинг "vesti.kz" сайтида мақола чиқди. У ердаги мақолада "Астана" раҳбарлари Ван Гални вада қилиб, Абрамовни олиб келишганлиги баён этилган. МТЖ билан ҳам худди шундай бўлганди. Қозоғистонда сизга осон бўлмайди.
- Аслида ҳеч қаерда осон ишнинг ўзи йўқ. Мен Ван Гал бўлишни истамайман, Абрамов бўла қолай. Вақт ҳамма нарсани кўрсатади. Ҳозир катта нарсаларни ваъда қила олмайман, аммо ишончим комилки, "Астана"нинг ўйини мухлисларга ёқадиган бўлади.



- Сизнинг энг кучли жиҳатингиз футболчилар билан яқин муносабатда бўла олишингиздами?
- Кўпчилик мени мураббий эмас, психолог ташкилотчи деб айтишади. Лекин мен футболни ҳам яхши тушунаман. Менга бир нарса алам қилди. Нима учундир ҳеч ким Ўзбекистон терма жамоасини январь ойида муваффақият қозонганини ёзмади. Аслида мартгача бўлган вақт ўзбек футболи учун оғриқли ойлар ҳисобланади.

- Осиё Кубогидан ёрқин хотиралар қолган бўлса керак?
- Албатта. Ёдимда, Қатар билан бўлиб ўтган ўйиндан олдин бизни мағлубиятга учратиб бўлишганди. ТВда бизга шарҳ беришар экан, гол ўтказиб юборсак ғалаба қозона олмаслигимизни айтишарди. Қатар билан ўйиндан аввал журналистлар Қатарга қарши қандай ҳимояланмоқчисиз деган саволни беришди. Мен эса Ўзбекистон эмас, яхшиси Қатар ҳимоя ҳақида ўйласин, биз ҳужум қиламиз дедим. Бу эса уларнинг кулгусига сабаб бўлди, якунда эса... Афсуски, улар бизни Тунисда ўтказган машғулотларимизни кўришмаган эди. У ердаги ўртоқлик учрашувларида биз бир қатор учрашувларни ўтказган эдик. Уларнинг барида ўйинларимиз кундан-кунга такомиллашиб борган.

- Ишонч футболчининг ҳаётида қандай роль ўйнайди? Осиё Кубогида Бақоев кўпроқ ўзига ишончи борлиги учун Крушельницкийга алмаштирганмидингиз?
- Футболчининг ўзига бўлган ишочи катта роль ўйнайди. Лекин Крушельницкийни алмаштиришимга сабаб бу эмасди. Сўнгги кунгача мен Ярасловга имкон бердим. Аммо мен истаган ҳолатга чиқа олмади. Уни захирада ушлаб ўтиришдан наф йўқ эди. Қолаверса, биз чемпионатда ҳужумкор ўйин кўрсатишни режалаштираётгандик. Шу сабаб уни Бақоевга алмаштиришга қарор қилдим. Бақоев эса бизга нимчорак финалдан бошлаб ёрдам бериши лозим бўлган. Кейин режамга кўра, ярим финалда Галиулиндан умидим катта эди. Афсуски, у мусобақа бошланиши билан жароҳат олди.

- Осиё Кубогида ҳимоя чизиғимиздан асли ярим ҳимоячи бўлган Андреев, Аҳмедов ва Карпенко жой олдилар. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳужумни ҳимоядан бошлаш эдими?
- Шубҳасиз. Футболни футбол ўйнашни биладиганлар ўйнаши керак. Биздаги энг катта муаммо ҳимоячиларни тарбияламаётганимизда. Мактабларда гол уришни билмайдиган футболчини ҳимояга қўйиб муаммони ечишяпти. Аслида ҳимоячига алоҳида таълим бериш керак. Ҳимоячи ўз амплуасидан ҳужумни бошлай олиши керак.



- Бир воқеа ёдимда. Қатарда Исмоиловга қарата, мана энди сен футбол ўйнашни ўргандинг деб айтган эдингиз. Анзур ўз пайтида "Трактор" жамоасидан чиққан эди...
- Афсуски, у мен "Трактор" бош мураббийи бўлганимдан кўп ўтмай "Пахтакор"га ўтиб кетди. Бу унинг фаолиятидаги энг катта хатоси. Ўзбек футболида ҳимоячига мос бундай кўрсаткичга эга футболчи 100 йилда бир маротаба туғилади. Агар у ўзига мос мураббийга учраганида, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги биринчи рақамли футболчиси бўлган бўларди.

- Олимпия терма жамоаси бошқарувини қўлга олишингиздан мақсад у ердаги футболчиларни МТЖ услубида тарбиялаш бўлди. Бугунга келиб турли терма жамоаларимиз, турли тактикаларда ўйнашяпти?
- Мантиқан ҳам шундай бўлиши керак. Аммо шундай мутахассислар борки, терма жамоаларимизни турли туман тактикаларда ўйнашларини маъқул кўришяпти.

- Сизнинг ўз ўйин услубингиз бор. Ўз устингизда қандай ишлайсиз?
- Ҳар бир жамоада ўзим учун катта мактабни ўтаганман. Мана энди Қозоғистонга кетаяпман, балки у ерда ҳам ниманидир ўрганаман. ТВ ривожланган даврда кўриб ўрганиш осон бўляпти. Чет эл жамоаларининг ўйинларини кўриш орқали бирон нарса олишга ҳаракат қиламан.

- "Астана"га ўтишингизда футбол агентларининг ҳиссаси бўлдими?
- Йўқ.

- МТЖдан кетганингиздан сўнг 1,5 йил давомида ҳеч қаерда фаолият олиб бормадингиз. Бу вақт хато ва камчиликлар ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

- Балки баландпарвоз кўринар, аммо шуни айтишим мумкинки, катта глобал хатога йўл қўймадим. Нима қилсам ўзбекистонлик футбол мухлислари учун қилдим. Бугун 1991 йилда таваллуд топган терма жамоадан ўрин олиши мумкин бўлган футболчиларни 3 йил аввал олимпия терма жамоасида синовдан ўтказишга улгургандим.



- 1,5 йил давомида ҳеч қайси жамоада фаолият олиб бормадингиз. Шу вақт ичида Ўзбекистон клубларидан таклифлар бўлдими?
- Балки ғалати туюлар, аммо бирорта жамоадан таклиф тушмади. Хориждан бўлди, аммо ўзимизникидан йўқ.

- Ўзбекистон - БАА олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин, ўйин натижаси шубҳа остига қўйилди...
- Замонавий футболда ҳеч нимани сир сақлаб бўлмайди. Ироққа қарши плей-офф ўйини олдида шунга ўхшаш мақола чиқди. Аввало ҳаммага Худо ҳакам. Агар биз Олимпиадага йўл олганимизда, мени Ўзбекистонда ҳозиргидан анча кўпроқ ҳурмат қилишган бўларди. Футболчиларимизни дунё танирди. Буни бутун жамоа бўлиб тушуниб тургандик. Ўйинни сотиб олган киши бир кун келиб бу ҳақда ҳисобот беради. У эса дўстига айтади ва бу хабар бутун дунёга чиқади. Шундай бўлдими? Чунки бизни мухлислар олдида виждонимиз тоза. Ҳамма ғалаба қозонишни истаган эди.

Яна бир ҳолат ҳақида айтиб бераман. Япония билан ўйиндан кейин 4 кун ўтиб Ўзбекистон олимпия терма жамоаси муҳим ўйинга тайёргарлик кўриш учун Туркияда йиғин ўтказиши керак эди. БАА билан ўйинга қадар 16 кун вақт бор эди. Япониядаги футболчиларнинг баъзилари билан мен жамоани кутиб турган футболчилар билан Туркияга учишим керак эди. Аммо Токиода менга хабар келдики, йиғин бекор қилинди. Бундан мен ғазабландим. Хуллас Ўзбекистонга қайдтик, 4 кун давомида Туркияга учиб кетиш учун шайланиб турган футболчиларни уйларига қўйиб юбордик. Ким "Пахтакор"га, ким "Олмалиқ"қа кетди. 2 ҳафтадан кейин футболчилар машғулотга келишди. БАА билан ўйинга 3 кун қолган. Маълум бўлдики, баъзи футболчиларимиз, бўлганда ҳам асосий таркиб аъзолари ҳаттоки ўз клубларининг асосий таркибида машғулот ўтказишмаган. Баъзилари эса бу вақт оралиғида 3та ўртоқлик учрашувида майдонга тушган эдилар.



- Мураббийнинг хабарисиз футболчини ўзи ўйин натижасига таъсир кўрсатиши мумкинми?
- Футболда 5та футболчи ўйинни келишса, ундан хабари йўқ 6 футболчи натижани жамоаси фойдасига ҳал қила олади. Биздаги энг катта муаммо, аксар мураббийларнинг ҳамкасби ҳақида яхши гапирмаслиги. Мураббийлар кўп, жамоа эса кам. Шундан кейин турли миш-мишлар чиқаверади. Агар ғалаба қозонсак, сотиб олдик, мағлубиятга учрасак, сотдик. Бир тарафдан тўғри, катта пул тўлаб ПРО олгандан кейин клубда бош мураббий бўлгинг келади. Клублар эса кам...

- Ҳақиқатдан ҳам бизда мураббийлар иноқ эмас. Аксар мураббийлар ўз ҳамкасбининг ишдан кетишидан манфаатдор.
- Нима учун дунё бўйлаб серб мураббийлари кўпайиб боряпти? Сиз битта сербдан иккинчиси ҳақида сўрайсиз. У ўйлаб туради-да, ҳа мен уни биламан. У ажойиб мутахассис дейди. Нима учун бундай қилишади? Улар билади-ки, ўша мутахассисни Хитой клуби олади, уни ҳозир эгаллаб турган ўрни унга ўтади. Ундан кейин ўзи кетади ва бошқа сербга жойини қолдиради. Шу тариқа улар дунё бўйлаб кўпайиб бораяпти. Зўр-а!? Бизда эса бирорта мураббий, иккинчисининг орқасидан яхши гап гапиряптими?

- Фаолиятини якунлаётган футболчи мураббий бўлсам дейди. Лекин футболда мураббийдан бошқа касблар қанча? Мен ҳарчанд уринмай, 20 йил тўп тепган футболчи каби уни ҳис қила олмайман. Клуб ва федерацияларда бошқа ишлар ҳам кўп-ку!?
- Ҳар доим ҳам хобби учун пул тўлашмайди. Футболчилар шундай бахтли инсон тоифасига кирадиларки, ўз хоббилари учун жуда катта пул оладилар. Нима учун улар кичик ишдан иш бошламайдилар? Чунки улар катта пулга ўрганиб қолишган, озгинасидан бошлагилари келмайди. Баъзиларда эса бунга истеъдод етмайди. Футболда истеъдод катта роль ўйнайди. Мен Иброҳим Раҳимовни 4 марта сотганман. Ҳар бир футболчининг кучли томонларидан фойдалана олиш мураббий учун муҳим. 



- Сиз ҳар доим мураббийлар штабингизни алмаштириб келгансиз, аксар мураббийларнинг ўз жамоаси бўлади.

- Мен ўз билимимни бошқаларга ҳам раво кўрганман. Ўз пайтида олимпия терма жамоасига Шквирин ва Қосимовни ўзимга ёрдамчи қилиб олган эдим.

- Ўзбек футболидаги қайси мутахассисни алоҳида ҳурмат қиласиз?
- Менга Дилшод Нуралиевнинг иш услуби ёқади. Мураббийга минг ўқитиб, 10та ПРО дастуридан таълим бермайсизми, агар унда истеъдод бўлмаса фойдаси йўқ. Бу Худо томонидан бериладиган истеъдод. Шу билан бирга зўр мурббий бўлиш учун киши аввало мураббийлик касбига "фанат" бўлиши керак. Федуннинг интервьюсини ўқиган эдим. Унинг айтишича, мураббийнинг футболдаги ўрни 10 фоиз экан. Балки шунинг учун анчадан бери "Спартак" чемпионликка эриша олмаётгандир? Мен Бесковни жуда ҳурмат қилардим. Агар имкони бўлганида, ҳозир унинг олдига пиёда юриб борган бўлардим. Унинг қўл остида ҳамма ўйнаб кета оларди. Уни кумирим деб айта оламан. Бошқа жамоаларда ўйнаб кета олмаган футболчилар Бесков қўл остида муваффақиятли тўп тепардилар.

- Футболчиларни ёшартириш ҳақида гап кетаяпти, мутахассисларни ҳам ёшартириш керакдир?

- Ҳозир ҳамма ерда шу гап. Ёшлар Гонконг билан яхши ўйнадилар. Лекин кучли терма жамоаларга қарши ҳам шундай ўйнайдиларми? Улар ҳам бир кун келиб қарийдилар, лекин қаригунча шу формада етиб борадиларми?

- Бугунга келиб футболимиз сезиларли ютуқларга эришди. Бунда аввало кимнинг хиссаси катта деб биласиз?
- Аввало ҳукуматимиз президентининг футболни ривожлантириш тўғрисидаги қарорларининг роли катта бўлди. Қолаверса, ЎФФ доим ҳам ўзи учун керакли раҳбарга эга бўлганлиги.

- Қозоғистонда "Шахтёр" муваффақият қозониш мумкинлигини исботлай олди, табиийки "Астана"дан ҳам шу нарса талаб қилинади.
- Бу мен учун ҳам қизиқ бўлади. Албатта, жамоа олдига катта мақсад қўйиляпти. Мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш баробарида Eвропа лигада саралаш босқичидан ҳам муваффақиятли ўтиш.



Абрамов интервью сўнггида ўзи билан ишлаган футболчилардан рамзий терма жамоа тузиб берди:

Дарвозабон: Игнатий Нестеров
Ҳимоячилар: Шавкат Муллажонов, Одил Аҳмедов, Ислом Тўхтахўжаев, Виталий Денисов.
Ярим ҳимоячилар: Санжар Турсунов (захирада Виктор Карпенко), Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров.
Ҳужумчилар: Александр Гейнрих, Улуғбек Бақоев.


Бир ярим йил давомида мураббийлик лавозимидан четда юрган Вадим Карленович, шу вақт ичида ҳеч кимга эксклюзив равишда интервью бермаётган эди. Бу унинг руҳий ҳолати билан ҳам боғлиқ бўлди. Ўз навбатида Абрамовни мақтаган журналист, Қосимовга қарши деган мантиққа зид тамғага эга бўла бошлади. Аслида ҳамма мураббийнинг ўз ҳурмати ва ўз мухлиси бўлади. Аммо ҳар биримизнинг Ватанимиз битта, у ҳам бўлса Ўзбекистон! Шундай экан, аввало Ватан, МТЖ ва миллион-миллион мухлисларимиз ҳурмати аҳил бўлайлик!


Нодирхўжа Юлдашев.
Фото: Толибжон Қосимов.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook