Latest news

08 oct 12:19
News

Шукурали Пўлатов: “Насаф”га қарши ўз ўйинимизни кўрсата олмадик”

Ўтган шанба куни олий лиганинг 21-туридан ўрин олган марказий ўйинлардин бири Қаршида бўлиб ўтди. Бунгача бўлиб ўтган ўйинларни кўтаринки руҳда ўтказган “Нефтчи” чемпионлик учун курашаётган “Насаф”нинг меҳмони бўлди.

Муросасиз руҳда ўтиши кутилган ўйинда “аждарлар” 2:0 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувдан сўнг, фарғоналикларнинг асосий ҳимоячиларидан бири Шукурали Пўлатовнинг фиклари билан қизиқдик.

- “Насаф” – “Нефтчи” қарама-қаршилиги турнинг марказий ўйини эди. Кўпчилик мухлислар “Нефтчи”нинг ҳақиқий кучи “Насаф” билан ўйинда билинади деган фикрда эди. Аммо мазкур ўйинда жамоангиз имкониятни бой берди. Учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?

- Қаршиликлар бу йил муносиб иштирок этишмоқда. Шунинг учун бу ўйиндан 4-5 кун олдин Тошкентдаги “Геофизика” қароргоҳига бориб жиддий тайёргарлик кўргандик. “Насаф”ни кучли ўйин кўрсатишини билардик. Аммо шу куни ўзимиз хоҳлаган ўйинни намойиш эта олмадик. Бунгача яхши ўйнаб келаётгандик. Аммо Қаршида негадир ўйинимиз ўзимиз истагандек чиқмади. Учрашув яхши ўтди. Рақиб жамоа ҳар бир бўлимда биттадан тўп киритиб, ғалаба қозонди.  

- Ўтказиб юборилган голларда, кўпроқ кимнинг хатоси бўлди?

- Биринчи голни стандарт вазиятдан кейин киритишди. Икккинчи гол биз ҳимоячиларнинг йўл қўйган хатосидан кейин юз берди. Бу вазиятда айбни ўз зиммамизга оламиз.

- “Насаф” сизлар кутгандек кучли ўйин кўрсатдими?

- Ҳа, айтиб ўтганимдек бу жамоа охирги йилларда анча кучайган. Лекин ўйнаса бўлади. Биласизми, иккинчи таймда бош ҳакам Носир Отақўзиевни майдондан четлатганидан сўнг устунлик тўлиқ рақиб томонга ўтди. Бунгача майдонда асосан тенг кураш кечаётганди.

- Дарвоқе, “Нефтчи” устози Амет Мемет ҳам учрашувдаги ҳакамликдан қониқмаганини айтиб ўтди.

- “Насаф” ўз майдонида ўйнади. Бундай ўйинларда ҳакамларнинг мезбонларга қандайдир кўмаги бўлади. Коваленко ҳужумчимиз Носир Отақўзиев биринчи сариқни бермаса ҳам бўладиган вазият эди, менимча. Айнан ушбу йўқотишдан сўнг, биз ҳам руҳий ҳам жисмоний жиҳат бўйича тушкунликка тушиб қолгандек бўлдик. Олдинги ўйинларимизни кузатган бўлсангиз, жамоамиз биринчи таймдан кўра кўпроқ иккинчи бўлимни юқори суръатда ўтказмоқда. Аммо “Насаф” билан ўйиннинг иккинчи бўлимида жисмоний ва руҳий томондан рақибга имкониятни бой бердик.

- “Нефтчи”да мураббийлар штаби янгиланганидан сўнг сиз мудофаа чизиғида янги футболчилар билан ўйнаб келмоқдасиз...

- Ҳимоядаги шерикларимнинг ҳаммасини ҳам янги футболчилар дея олмайман. Чунки Дилёр Эрматов ва Шавкат Насибуллаев бунга қадар ҳам жамоамиз аъзолари саналарди. Фақатгина иккинчи даврада “Шўртан”дан Вячеслав Пономарёв келиб қўшилди. Буларнинг барчаси билан бир-биримизни тушуниб ўйнамоқдамиз.

- Амет Мемет бошчилигида “Нефтчи”нинг ўйини бироз жонлангандек туюлмоқда. Айтингчи бу мутахассис билан жамоа қаддини ростлай оладими?

- Амет Абдуллаевич тажрибали мураббий. У киши келганидан кейин жамоа ўйини анча ўсишга эришди дейиш мумкин. Ҳамма позицияда рақобат кучайтирилди. Энг муҳими тактик ўйин услуби ўзгарди. Шу боис кейинги йилларда ҳам ушбу мутахассис иш олиб борса яхши натижалар қайд этилади деб ўйлайман.

- Олдинда яна 5та ўйин қолди. Уларнинг учтаси сизлар учун сафарда бўлиб ўтади. Айтингчи “Нефтчи” бу йилги мавсумни нечанчи ўринда якунласа, бу сизларни қониқтириши мумкин?

-Раҳбарият томонидан чемпионатни 5-ўринда якунлаш вазифаси қўйилган. Буни амалга ошириш учун бор кучни ишга соламиз. Тўғри, бизни олдинда “Пахтакор”, “Металлург” “Локомотив” каби кучли жамоаларга қарши ўйинлар кутиб турибди, лекин мақсадга эришиш учун охиригача астойдил курашамиз.

- 5-ўрин учун курашда “Олмалиқ” ва “Металлург” ҳам осонликча таслим бўлмаслиги аниқ...

-  Албатта улар ҳам жиддий курашади. Лекин уларни ҳам қийин учрашув кутиб турибди. Бўлажак 5 тур ҳеч бир жамоа учун осон кечмаслиги турган гап.

Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.


Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook