07 may 12:17
News

Шерзод Раимжонов: “Эртами-кечми “Нефтчи”да ишлашимни ҳис қилгандим”

Яқинда “Нефтчи” мураббийлар штабида иш бошлаган Шерзод Раимжонов “Футбол Экспресс” газетасига интервью берди. Қуйида ушбу суҳбатни ҳукмингизга ҳавола этамиз.
 - “Нефтчи”ни таклифини илк бор эшитганингизда қандай ўйларга берилдингиз?

- Тоҳир ака Кападзе клуб раиси этиб тайинланганидан кейин бизни таклиф қилиб, менинг биринчи ишим Фарғона футболини яхши биладиган ва бу борада ўз ҳиссасини қўшган йигитлар билан ҳамкорлик қилиш дея ишонч билан гапирди. “Нефтчи” ўзбек футболида қандай ўрин тутишини ҳаммадан ҳам кўра сизлар яхшироқ тушунасизлар деб алоҳида таъкидлади. Шунинг учун мен билан Баҳром Ҳайдаровни ишга чақирди. Энди Мурод Исмоиловга яқиндан ёрдам берамиз. Ўзингиз биласиз, бу йил жамоага 14 нафар янги футболчи келган. Уларга “Нефтчи”нинг салоҳиятини қандай эканлигини, мухлислар жамоани қанчалик яхши кўришларини тушунтиришимиз лозим. Клуб раиси биз билан ўзаро суҳбат давомида футболчилар билан раҳбарият ўртасида ўзаро кўприк вазифасини бажаришимизни айтди. Ростини айтсам, “Нефтчи”дан таклиф бўлиши мен учун кутилмаган ҳолат бўлди десам нотўғри бўлади. Футболдан бироз чекинган бўлсамда, барибир ўзимни мураббийликка тайёрлаб бораётгандим. Эртами-кечми, жонажон жамоамга қандай лавозимда бўлмасин қайтишимни ҳис қилардим.

- Бунгача муваффақиятсиз ўйнаётган “Нефтчи” иштирокидаги ўйинларни кўрганмидингиз?


- Асосан ўз майдонидаги ўйинларни кузатиб бораётгандим. Олдиндан фарғоналик мухлислар орасида шундай гап борки, Фарғонага хатто “Барселона” келса ҳам ғалаба қозона олмайди дейишади ва буни футболнинг ёзилмаган қонуни сифатида қабул қилишарди. Ўз уйимиздаги ўйинларда рақиб кучли бўлган тақдирда ҳам мухлисларнинг ажойиб даражадаги қўллаб-қувватлашлари, Фарғона ҳалқи учун жон куйдириб ўйнашимиз бизга қўшимча куч берарди. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигасидаги учрашувларда билинарди. “Нефтчи”нинг ўз анъаналари бор. Уларни ҳозирги футболчиларга сингдиришга ҳаракат қиламиз. “Нефтчи” – бу оддий сўз эмас. Унинг либосида майдонга тушган ҳар бир футболчи жонини бериб ўйнаши керак.   

- Мураббий сифатида бу дастлабки ишингиз. Шуни ҳисобга олганда, мураббий Шерзод Райимжонов ўзини қандай ҳис қиляпти?

- Мурод Исмоилов билан Алексей Евстафеев тажрибали мутахассислардан. Ёшлар жамоаси билан Сергей Ковшов яхши иш олиб боряпти. “Нефтчи” ёшлари турнир жадвалида биринчи ўринда боришяпти. Ушбу мураббийларга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз ва улардан ўзимиз учун керакли билимларни ўрганамиз. Ишонаманки, маълум вақтдан кейин жамоамиз яна ўз мавқеини тиклаб олади. Футболчи тариқасида “Нефтчи”га озми-кўпми ҳиссамиз теккан бўлса, энди мураббий бўлиб фойдамиз тегиши учун меҳнат қиламиз. Қолаверса, ташкилотчилик борасида ҳам Тоҳир Кападзедан анча-мунча нарсаларни ўргансак бўлади. Бизга катта ишонч билдираётгани учун ундан миннатдормиз. “Нефтчи”нинг ғалабали кунлари чўзилиб кетди. Тезроқ мухлислар учун муваффақиятли ўйинлар келишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

- Умуман олганда, мураббий сифатида асосий ишингиз нимадан иборат?


- Футболчиликни яқиндагина тугатганим учун ҳали ўзимни тўлиқ мураббий деб ҳисобламайман. Бунинг учун кўп ишлашим керак. Юқорида айтганимдек, биринчи вазифамиз раҳбарият билан футболчилар ўртасида кўприк вазифасини бажарамиз. Ўйинчиларнинг руҳияти турлича бўлади. Шу сабабли 30 ёшли футболчи фикрини раҳбарият ва мураббийларга етказиши мумкин, аммо 20-23 ёшли ўйинчилар нимани ўйлаётганини уларга етказа олмасликлари мумкин. Улар бизга ўз фикрини очиқ-ойдин айтишса, раҳбариятга қандай ҳолатда эканлигини ва нимани ўйлаётганини тушунтирамиз. Бутун оила бўлиб жамоани янада жисплаштиришга ҳаракат қиламиз. Бу орқали “Нефтчи”нинг салоҳиятини тиклай оламиз деб ўйлайман.

- Футбол мен учун хобби дея аввал кўп гапиргансиз. Мураббийлик сиз учун нима?

- Мураббийлик ҳам ўзига хос қизиқарли касб ва бу мен учун ҳаётимдаги синов деб қабул қиламан. Мурод Исмоилов билан илгари “Андижон”да фаолият олиб борганмиз. “Нефтчи”да ҳам маълум муддат бирга тўп сургандик. Айтмоқчиманки, уни яхши биламан. Агарда мураббийлик қилиш қўлимдан келмаганида уларга раҳмат деб таклифни қабул қилмаган бўлардим. Охирги бир йилда клубда катта ўзгаришлар бўлди. “Нефтчи”нинг яна аввалги мавқеига қайтармикин дея умид учқунларимиз сўнмаганди. Жамоа қийин вазиятга тушиб қолган пайтда биздан ёрдам сўради. Агар Фарғона футболи учун ўз ёрдамимизни аяганимизда нотўғри иш қилган бўлардик. Халқ орасида ўзимизга яраша ҳурмат эътибор қозонишимизда “Нефтчи”нинг роли катта бўлган. Клуб билан чемпион бўлдим, терма жамоаларда ўйнадим. Оғир дамларда унинг ёнида турмасак бўлмасди. Биласиз, янги стадион барпо этиляпти, академия ҳам ишга тушиш арафасида турибди. Бугунги замонавий футболда кўп қиррали мутахассислар ниҳоятда зарур. Шунинг учун нафақат мураббийликда, балки бошқа йўналишларда ҳам фойдам тегишини истайман.

- Сизнинг бунга қадар қаерда ва нима иш билан шуғулланингиз мухлислар учун қизиқ!

- Боя айтганингиздек, футбол мен учун хобби эди. Фаолиятимнинг охирги 2-3 йилини яна бирор бир жамоада ўйнасам-ўйнамасам вақт ўтказишга юрсам бўлаверарди. Лекин вақтида тўхтатдим деб ўйлайман. Фарғонада тадбиркорлик ишимни  йўлга қўйдим. Фарзандларим катта бўлаётгани боис оиламга ҳам кўпроқ эътибор қаратдим. Бир йилдан буён эса Қиргулидаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига қарашли “Нефтчи” спорт мажмуасида болаларга мураббийлик қилиб келаётгандим. Бундан ташқари ушбу мажмуанинг фаолиятини юргизишга ҳам ёрдам бериб келаётгандим. Аслида мураббийлик қилиш мақсадим бор эди. Лекин бунинг учун аввал болалар футболида ишлаб малака тўплашим керак бўларди. Бир йил ишлаганимдан кейин “Нефтчи” жамоасига таклиф қилишди. Бундан ташқари вилоят иккинчи лигасида “Динамо” клуби фаолият олиб боради. У ерда ўйновчи мураббий сифатида фаолият олиб бораётгандим.  

- Фаолиятингизда олдинга бир қадам ташлаш кузатилди, тўғрими?


- Ҳа тўғри. Ҳаётимда яна бир қизиқарли саҳифа очиляпти. Катта жамоанинг бир бўлаги бўлиш бу мен учун ёқимли. Катта масъулият борлигини ҳис қиляпман. Футболдан ташқари ҳам шахсий ишларим бор. Орадан маълум вақт ўтгач яна катта саҳнага қайтаётганимни сезиб турибман. Бу борада мени синов кутиб турибди. “Нефтчи” Ўзбекистон футболида муҳим бўғинлардан бири. Бундай жамоада ишлаш эса мен учун шараф. Шу сабабли зиммамдаги масъулиятни чуқур ҳис этиб муваффақиятлар учун ҳиссамни қўшмоқчиман. Вақти келиб жамоамиз албатта ўзини кўрсатади. Бунинг учун мухлислар қўллаб-қувватлаб туришларини истардим.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook