23 dec 13:00
News

Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 6-боб (1-қисм)

Афсонавий мураббийнинг автобиографик китобининг ўзбекча таржимасини беришда давом этамиз. Бугун 6-бобнинг биринчи қисми мухлисларимизга тақдим этилади.
“Бизга миллион ва унга қўшиб Дэвид Бекхэмни ҳам беринглар”
ОЛТИНЧИ БОБ
РИО
Барчани ҳайратда қолдирган Рио Фердинанднинг саккиз ойлик дисквалификацияси, “Манчестер Юнайтед”нинг нақт юрагига пичоқ санчди. Бу қарор мени ҳалигача шубҳалантириб келмоқда. Менинг қаршилигим нафақат тест ўтказиш қоидаларига, балки бизнинг машғулотлар базамизда Риодан допинг-анализ олиш жараёни билан ҳам боғлиқ эди.
2003 йилнинг сентябрида “UK Sport” агентлигидан келган допинг-офицерлар, Кэррингтондаги базамизда эркин танлов асосида тўрт нафар футболчидан анализ олишди. Рио учун оддий машғулот ҳафтасидек бошланган кун, кейинчалик унинг ўзи, оиласи, “Манчестер Юнайтед” ва Англия терма жамоаси учун катта нохушликларга олиб келди. Машғулот тугаганидан сўнг эса Фердинанд тест учун намуна топширмасдан Кэрринтонни тарк этди (у тест учун тўрт нафар танланганлардан бири эди). Ҳамма уни излашга тушди, аммо уни топганимизда допинг-текширувчилар машғулотлар базасидан кетиб бўлишган эди. Рио кейинги куни 24 сентябрда тест топширди, лекин энди жуда кеч бўлганди. Унга допинг-тест топшириш қоидасини бузгани ва бунинг учун жазоланиши ҳақида хабар беришди.



Бунинг оқибатида Футбол ассоциацияси Рио Фердинандни 20 январдан 2004 йилнинг сентябригача дисквалификация қилди ва 50000 минг фунтга жарима солди. Бу эса Рионинг нафақат “Юнайтед” таркибида мусобақаларда иштирок этишига, балки Англия терма жамоаси сафида 2004 йили Португалияда ўтказилган Европа Чемпионатида иштирок этишига ҳам тўсқинлик қилди. Ассоциация Фердинандни 2003 йилнинг октябрида Туркияга қарши ўтказилган ўйинда ҳам майдонга тушишига йўл қўймади. Бундай ҳаракат эса сал бўлмаса терма жамоа ўйинчиларининг Ассоциацияга қарши бош кўтаришига олиб келар эди.

Ўша мудҳиш тонгда допиг-текширувчилар базамизда бемалол чой ичиб ўтиришарди ва ўз ишларини охиригача бажармай  базадан чиқиб кетишди. Улар ҳаттоки Риони излашни ҳам исташмади! Фикримча текширувчилар бизни машғулот тугагунича майдон олдида кутиб, сўнгра биз билан ечиниш хонасига боришлари керак эди. Ўша вақт оралиғида текширувчилар “Рексем”га бориб, ўғлим Дарренни ва яна икки нафар футболчини допингга текширишган.

Текширувчилар, футболчилар машғулотни тугатгунларича кутиб туришган ва улар билан ечиниш хонасига бориб, ўша ерда уларнинг пешобларидан допинг-тест учун намуна олишган. Аммо бизга келганда бундай қилишмади. Нега Рио билан Кэррингтонда шундай қилишмади?



“UK Sport”дан келган допинг-офицерларнинг базамиз атрофида юргани ҳақида биринчи бўлиб шифокоримиз Майк Стоун бизга хабар берди. Тест топширадиган тўрт нафар футболчиларимиз номи аниқ бўлганда Майк улар билан чой ичиб турган эди. Бу хабар Риогача етиб борганида, у секингина жуфтакни ростлаб қолди. Биз унинг бундай ҳаракатидан ажабланмадик, чунки унинг шунақа одати бор эди.

Рио допинг қабул қилмаган эди. Рио Фердинанд допинг қабул қилмаган эди. Шундай бўлган тақдирда биз албатта бу ҳақда хабар топган бўлардик. Допинг қабул қилган инсонни кўзларидан билиб олса бўлади. У ҳеч қачон машғулотларни ўтказиб юбормасди. Допинг қабул қиладиган футболчилар эса ора-сира машғулотларни ўтказиб юборишарди. Улар одатда ўзбошимча ва бошқалар фикрига қаршилик қилишга уринишади. Рио ҳеч қачон допинг қабул қилмас эди, чунки у спортдаги ўрнини ва жамоадаги обрўйини барча нарсадан устун қўярди. Рио ақилли аммо салгина бепарво йигит эди. Албатта у допинг-офицерлар сингари хатога йўл қўйган эди. Чунки улар ҳам бунинг олдини олиш учун ҳеч нарса қўллашмади. Улар Риони машғулотлар тугагунича майдон олдида кутиб туришлари керак эди.



Ўз ўзимга допинг-офицерлар текширувни қаттиқ бузишганини такрор-такрор айтсамда, лекин ҳали ҳамон Фердинандга нисбатан бундай жазо қўллашганига ишонгим келмайди. Ўз ўйинчиларингга оиланг сифатида қарасанг, уларнинг бирор хатога йўл қўйганликларига ишонгинг келмайди. Нима ҳам қилардик, ҳаёт синовлари шунақа.

Адвокатимиз Морис Уоткинс, бу ишни ютиб чиқишимизга ишонтирди, чунки текширувни раҳбариятнинг ўзи расман бошқармаган эди. Фикримча аксарият ҳолларда “Манчестер Юнайтед”дан яққол мисол сифатида фойдаланишаётган эди. Эрик Кантона билан 1995 йилда бўлиб ўтган воқеа, биринчи хатомиз бўлди. Ўшанда Кантона мухлисга нисбатан “кунг-фу” ишлатгани учун икки ҳафта қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди (кейинчалик жазо 20 соат оммавий ишларга жалб этишга ўзгартирилган). Бундан ташқари унга тўққиз ой давомида майдонга тушмаслик жазоси ҳам берилди. Кейинроқ 2008 йилда Патрис Эвра “Стэмфорд Бриж” майдонидаги ишчи билан жанжаллашгани учун Ассоциация томонидан жазоланган эди. Барча уйга кетиб бўлганида, Патрис майдон ишчиси билан муштлашгани учун 4 та ўйинга дисквалификация қилинган эди. Одамлар ҳар доим “Юнайтед”га нисбатан бошқача муносабатда бўлишган. Аслида эса барчаси тескари эди.

Узоқ юридик текширувлар натижасида, Тартиб-интизом қўмитаси 2003 йилнинг декабрида “Рибок Стэдиум”да 18 соат давом этган Рионинг ишига тегишли жазо ҳукмини ўқиб эшиттирди. Ўша куни текширув ўтказилганига 86 кун бўлган эди. Мен эшиттиришда Рио томонида туриб уни ҳимоя қилган одамлардан бири эдим. Бироқ уч кишидан иборат айбловчилар гуруҳи Фердинандни қоидани бузганликда айблади. Морис Уоткинс қарорни “нотўғри ва ноҳақ” деб айтди. Дэвид Гилл эса Риони ноҳақ айблаётганларини таъкидлади. Профессиональ футболчилар ассоциацияси ижроия директори Гордон Тэйлор, қарорни “дракон қонунлари”га ўхшатди.



Бу воқедан сўнг тезда Рионинг онасига қўнғироқ қилдим, - бечора руҳан синиб қолган эди. “Юнайтед” учун Риони йўқотиш шубҳасиз оғир эди, лекин жамоадан кўра унинг онаси кўпроқ жабр кўрди. Женис телефонда роса йиғларди, мен уса сўнги тўрт ой давомида бўлиб ўтган воқеалар Рио билан алоқаларимизга ҳеч ҳам таъсир қилмайди деб уни тинчлантирардим. Биз унинг айбсиз эканини, ўшанда ёш болаларча иш тутганини ва бунинг учун жуда ҳам қаттиқ жазога тортилганини яхши билардик.

Дастлабки натижалардан сўнг “Юнайтед” апеллацияга бериш имкониятларини кўриб чиқаётган эди, лекин ишни ютиб чиқишимизга ҳеч қандай имконият йўқлиги яққол кўриниб турарди. Мен ҳеч қачон допинг-тестдан бош тортиш, ундан ўта олмасликдек қаттиқ жазога тортилишини билмаган эдим. Бироқ допинг қабул қилганингизни тан олсангиз, сизни умуман оқлашлари ҳам мумкин. Биз ўйинчи ҳақ гапираётганини сезиб турсакда, тизим уни ёлғон гапираётганини кўрсатарди. Бундан ташқари биз Футбол ассоциациясидан маълумотларнинг ОАВгача етиб бораётганидан жуда хафа эдик. Фиримизча, бу ерда конфеденциаллик қоидалари бузилган эди.



Болтондаги эшиттиришларда мен Рионинг натижаларидан қатъий назар у “Тоттенхэм”га қарши ўйнашини айтиб ўтдим. Рио, Микаэл Сильвестр билан жуфтлик асосида ўйнади ва биз “Уайт Харт Лейн”даги ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик. 8 ойлик дисквалификациядан олдин Рио бизнинг 2004 йилнинг 17-январида “бўрилар”га қарши мағлубитга учраган (0:1) ўйинимизда иштирок этди ва 50-дақиқада жароҳати туфайли ўзгартирилди. Унинг ўрнига Уэс Браун тушди, Кенни Миллер эса ўйиндаги ягона гол муаллифига айланди.

Мен Риони узоқ муддатга йўқотаётганимдан қаттиқ хавотирландим. Бизнинг муносабатларимиз, Фердинанднинг инглиз футболчилари орасида энг қиммат ўйинчилардан бири бўлишидан олдин бошланган эди. 1997 йили дўстим Мэл Мачин Борнмутдан менга қўнғироқ қилиб, ижара асосида ўйнаётган “Вест Хэм”лик ёш футболчи тўғрисида гапирди.



-Уни сотиб ол, - маслаҳат берди Мэл.

-Исми нима?

-Рио Фердинанд.

Мен бу исмни эшитган эдим, чунки у Англия ёшлар терма жамоасида ўйнар эди. Мэл талабчан эди. Албатта у “Вест Хэм” бош мураббийи Харри Реднаппга яқин эди, шу сабабли унинг Рио ҳақида айтган гапига ҳеч қандай шубҳам йўқ эди. Мен Мартин Эдвардс билан биргаликда “Борнмут” ижарага олган ёш ва иқтидорли ўйинчи масаласини кўтариб чиқдим. Биз футболчини ишда синаб кўриб, қуйидаги фикрга келдик: ўйини енгил, тўпни ўзига бўй сундира оладиган ва такрорланмас ҳаракатларга эга ўйинчи. Кейинчалик унинг аввалги натижаларини текширдик ва Мартин “Вест Хэм” бошқарув раиси Терри Браунга қўнғироқ қилиб, Риони сотиб олиш истагини билдирди. Террининг жавоби эса қуйидагича бўлди: “Бизга миллион ва унга қўшиб Дэвид Бекхэмни ҳам беринглар”. Бошқача қилиб айтганда: “У сотилмайди!”
Ўша пайтда Яап Стам ва Ронни Йонсен ҳимоямиз марказида катта девор ўрнатишганди. Уэс Браун эса бизга умид учқунларини бағшлаётган эди. Кейинроқ Рио 18 миллион фунт эвазига “Лидс”га ўтди ва “Лестер Сити”га қарши ўзининг биринчи ўйинида жуда ёмон ўйин кўрсатди. Ушбу ўйинни кузатар эканман, кўнглимда енгиллик ҳис этдим ва ҳалигача шу ўйинни эсласам кулгим келади.

“Худога шукур, хайрият бу ўйинчини олмаган эканмиз”, - деб ўйлардим. Бироқ кўп вақт ўтмай Рио ўзини кўрсата бошлади.
Марказий ҳимоячилар “Манчестер Юнайтед”нинг асосий таянчи ҳисобланишарди. Бу позицияда менга ҳар доим барқарорлик ва доимийлик керак эди. Мана масалан Стив Брюс ва Гари Паллистерни олайлик. Уларни топишимдан олдин, жамоамиз танг аҳволда эди. Пол Макграт ҳар доим жароҳат олса, Кевин Моранни доим боши ёриларди. Мен, Рон Йейтс “Ливерпуль”нинг асосий жосуси сифатида ташриф буюрган Норвегиядаги ўйинга бордим.



-Ўтган ҳафта Моранни “Блэкберн”да кўрган эдим, - деди Рон.
Ундан шундай деб сўрадим:

-У қандай ўйнади?

У эса шундай жавоб берди:

-У тахминан 15 дақиқача ўйнади. Сўнгра бошидан оғир жароҳат олиб майдонни тарк этди.

-Ажабланарли жойи йўқ, - дедим.

Грэм Хог биз талаб қилган даражага етиб бора олмади, шунинг учун мен ҳар доим директорлар кенгашига: “Бизга ҳар ҳафта ўйнай оладиган марказий ҳимоячилар керак. Улар бизга барқарорликни, кетма-кетликни ва доимийликни таъминлаб беришади” деб айтардим.

Оқибатда ҳар доим бир хил ўйин кўрсатадиган ва жароҳат олмайдиган Брюс ва Паллистерга дуч келиб қолдик. “Ливерпуль”га қарши ўйиндан бир кун олдин, жума куни ўтказган машғулотимизни ҳалигача эслайман. Брюс тиззасини ушлаганча машғулотлар базаси атрофида айланарди ва мендан эртанги таркибни эълон қилмасдан туришимни айтди. У ўтган ҳафта ўтказилган ўйинда жароҳат олган эди. Лекин мен ҳар доим жума кунлари бўлиб ўтадиган машғулотларда асосий таркибдаги 11 та ўйинчи билан стандарт вазиятлар устида ишлар эдим.



-Нималар деяпсан? – деб сўрадим.

-Ҳаммаси жойида бўлади, - деди Стив.

-Ахмоқ бўлма, - деб жавоб бердим.

Шундан сўнг у база атрофида югуришда давом этди. Стив ҳаммаси жойида эканлигини кўрсатиш учун база атрофини икки маротаба айланиб чиқди. Бу яхши эди албатта, аммо у “Ливерпуль”га қарши ўйинда Иан Раш-Жон ҳужумчини ёпиши керак эди. База атрофида югурар экан, Брюс тиззасида жиддий муаммо борлигини кўрсатиб қўйди.

Улар ўша учрашувни ажойиб ўтказишди. Стив ва Палли жуда яхши ўйнашди. Кейинчалик Стам ҳам ўйинимизга шундай ишонч ва мустаҳкамликни олиб кирди. Фердинанд ва Видич ҳам худди шундай ўйин кўрсатишди. “Юнайтед”нинг дастлабки таркибидан бошлаб, амалдаги таркибигача бўлган вақтни анализ қилсангиз, жамоада марказий ҳимоячилар асосий ролни ўйнашларини тушуниб етасиз.
Айнан шунинг учун 2002 йилнинг июнида Фердинандни сотиб олиниши, жамоада – марказий ҳимоячилардан асос яратишимга олиб келди. Биз у учун жуда кўп пул сарфладик (20 миллиондан ортиқроқ), лекин ушбу нархни 10 ёки 12 йилдан сўнг олиб қарасак, жуда яхши келишув бўлганини кўриш мумкин. Албатта бу маблағ эвазига бошқа даъвогарларни ҳам сотиб олишимиз мумкин эди. Бироқ улар етарлича яхши номзод эмасдилар. Фикримча бир нечта ўртача футболчини сотиб олгандан кўра, битта яхши ўйинчини сотиб олган маъқулроқ. Биз Рой Кин учун 3,75 миллион фунт сарфладик. Рой эса бизга 11 йил давомида ажойиб ўйинларини совға қилди. Жамоадаги фаолиятим давомида мен жуда кўплаб ўйинчиларни сотганман, лекин уларнинг кўпчилиги захирадаги ёш ўйинчилар бўлгани сабабли, одамлар уларни танишмасди ҳам. Яқинда Шотландиянинг ғарбига уюштирган саёҳатимда (сўнгги мавсумим охирида), МЮда бир мавсум давомида ўртача 5 миллион фунтдан камроқ  маблағ сарфлаганимни ҳисоблаб кўрдим.

Рио бизнинг жамоага келиб қўшилганида, унга шундай дедим:

-Сен баланд бўйли ва катта говдали ёш боласан!
Бундай бўлишига у айбдор эмаслигини айтди.
-Сен бўй-бастингдан оқилона фойдаланишинг керак. Шунинг учун жамоанинг ҳар бир ўтказиб юборган голи, сенинг виждонингга бўлади, мен эса сени кузатишда давом этавераман!



У жиддий эмасди. Баъзан у тезлигини шундай оширардики уни ҳаттоки тўхтатиб бўлмасди. Мен ҳеч қачон 189 сантиметрли бўйга эга бўлган футболчининг бунчалик чаққон ҳаракат қилганини кўрмаганман. Аста-секинлик билан унинг ўйини яхшилана борди. У ўз олдига мақсад қўярди ва мақсадига эришишга жон-жаҳти билан курашарди. Бундан ташқари Рио Фердинанд жамоаси олдида жавобгарлик ҳисини сезиб турарди.

Ёш ўйинчини сотиб олиб, сиз ўша куниёқ унинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмайсиз. Уни астоидил тарбиялаб, йўл-йўриқ кўрсатиш керак. Рио жамоага катта таҳдид сола олмайдиган кучсиз клубларга қарши ўйинларда майдонга туширилмас эди. Ўйин қанчалик муҳим бўлса, у шунчалик майдонга тушишига интиларди.

Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). Кириш

1-боб  (1-қисм)  (2-қисм)

2-боб  (1-қисм), (2-қисм), (3-қисм), (охири)

3-боб (1-қисм), (2-қисм), (охири)
 
4-боб (1-қисм), (2-қисм)

5-боб (1-қисм), (2-қисм)

6-боб охири яқин кунларда сайтимиздан ўрин олади. "CA"ни кузатиб боринг.


Муродов Миразиз таржимаси.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook