23 jul 11:28
News

"Сен терма жамоа учун нима қилдинг?"

Бундан кейин шу шиорга амал қилиб ишлашга тўғри келади.
“Пахтакор”ми, “Бунёдкор”ми кетма-кет беш марта чемпион бўлмасин, Кубокни ҳам қайсидир жамоа қаторасига уч-тўрт марта ютмасин, агар терма жамоалар олдига қўйилган вазифалар уддаланмас экан, ҳаммаси бекор кетган бўлади. Миллий терма жамоамизнинг бу сафар ҳам жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқа олмаганидан кейин яна бир карра мана шу ҳақиқатга гувоҳ бўлдик. Одамларга энди олий лиганинг қизиғи бўлмай қолди, фақат ўша жамоаларда ишлаётган кишилардан ташқари. Стадионларга келаётган мухлисларни ҳам зўр футбол кўрамиз умидида келмаётгани бор гап. Кўпчилик вақтини шунчаки ўтказиш ёки шериги билан икки оғиз чақчақлашиш учун стадионга боряпти. Олий лига ўйинларини ҳеч ким маза қилиб кўраётгани йўқ. Чунки курашнинг ўзи йўқ, қолаверса, баъзи ўйинлардан олдиноқ қайси жамоанинг ғалаба қозониши маълум бўлиб қоляпти. Энди мухлис учун ўша ўйинларнинг қизиғи қолмади, ишқибоз ҳаттоки ўйиннинг қнадай ҳисобда якунига етишининг ҳам фаҳмига боряпти.

КАШФИЁТЛАР ҚАНИ?

Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги иштирокидан минг марта такрорланган ҳақиқатни яна бир бора тушуниб етдик. Терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқмагунча ҳаммаси бекор экан. Ўзбекистон – Қатар ўйинига ҳатто 200 минг сўм сарфлаб билет олган одамларнинг олий лига учун минг сўм кетказишга кўзи қиймаяпти. Тўғри-да, бундай футболнинг кимга кераги бор? Клублар фаолияти-ку алоҳида масала. Аксарият клублар нима учун мавжуд бўлиб туришганини ҳатто ўзлари билишмайди. Жуда кўп клубларда 4-5 йилга мўлжаллаб тузилган режалар йўқ. Бизнес план дейилаётган нарса фақат ОФК сўрагани учун тузиб бериляпти. Хўш, нега шу аҳволга келиб қолдик? Нега шашти баланд футбол кишилари вақт ўтган сари ланж бўлиб боришяпти? Афсуски, ҳозирги футболда жуда бепарво одамлар кўпайиб кетди. Энг ачинарлиси - сен менга тегма, мен сенга тегмайман ақидаси борган сари илдиз отмоқда. Тўғрисини айтганда, ҳозирги ўзбек футболида лоқайд, бепарво, фақат ўз тинчимни ўйласам бўлгани, ит ҳурар – карвон ўтар қабилида фикрлайдиган кишилар кўпайиб кетди.

Охирги гал ЎФФда бўлиб ўтган йиғилишда ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов бундай кишиларни туяқушга ўхшатди: хавф сезилиши билан бошни қумга тиқиб олади. Магометов тўғри таъриф берди, аммо таърифнинг ўзи камлик қилмаяптими? Мадомики, футболимизда шунақа одамлар бор экан, уларнинг ёстиғини қуритиш, керак бўлса футболдан умуман четлатиш бир томондан Магометовнинг ҳам зиммасидаги иш ҳисобланмайдими? Магометов биринчи лигада келишилган ўйинлар кўплигини гапирди, лекин айнан қайси учрашувлар келишув остида ўтгани ҳақида лом-мим демади. Нима учун? Ё Магометовнинг ўзи ҳам билмайдими қайси ўйинлар келишилган эканини? Ёки билиб туриб омма олдида айтишдан тоняптими? Келишилган ўйинларни йўқотишнинг иложи борми? Бор албатта, бўлиб ҳам бунинг йўли бизда қийин эмас. Фалончи шахс келишилган ўйинни ташкил қилиб бергани учун фалон йилга қамалибди дейилса борми, бу бошқаларга таъсир кўрсатмайди деб ўйлайсизми?

Эътибор беряпсизми, олий лиганинг биринчи давраси тугаши биланоқ чемпионлик ва элитада қолиш учун курашадиган жамоалар номи маълум бўлиб улгурди. Бундан ташқари, биринчи лигада ҳам шу аҳвол. Шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг ярим финалига чиққан жамоаларга эътибор қаратинг: “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Насаф” ва “Пахтакор”. Бунга табиий ҳол сифатида қарашимиз керак. Чунки бошқа клубларнинг шароити ярим финалдан уёғини кўтармайди. Лекин мана шу тўрт жамоа Кубок ва чемпионлик учун курашмоқда. Хўш, бу жамоаларнинг ўйини чемпионликка муносибми? Чемпионликни қўлга киритиш бошқа, чемпионликка муносиб ҳолда уни нишонлаш бошқа. Қолаверса, бизда Ўзбекистон чемпиони бўлиш нимани беради? Мухлисларни кўпроқ ўйинчиларнинг савия жиҳатдан қанчалик ўсишга эришаётгани қизиқтиради. Масалан, терма жамоага келаётган ўйинчиларни олайлик. Улар орасида савия жиҳатдан кимлар ўсди? Озгинадан Олег Зотеев билан Шоҳруҳ Гадоев бўлса керак. Лекин бошқаларнинг ўйини ўша-ўша.

Ёки бўлмаса яқинда Туркияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бизга кимларни танитди? Биргина Диёр Туроповни бўлса керак. Ахир биз Козак, Искандеров, Махсталиев, Сергеев каби футболчиларни олдиндан билардик ва улар бошқача ўйин намойиш этишгани йўқ, шу ўзларининг олдинги ўйинларини кўрсатишди холос. Шу боис ҳам кашфиёт сифатида биргина жиззахлик Диёр Туроповни кўрсата оламиз. Аслида мана шундай мусобақалар бир нечта кашфиёт ёки топилмаларни очиб бериши керак. Аммо биз Аҳмаджон Мусаевнинг ишида биттадан ортиқ кашфиётни кўрмадик. Қолаверса, эшитишимизча, Диёр Туроповни ҳам термага Мусаевнинг ўзи топмаган экан. Энди оддий математикага ўтамиз. Терма жамоамиз Туркияда бешта ўйин ўтказиб қайтди. Шундан иккитасида ғалаба қозондик, бир марта дуранг ўйнаб, икки бор мағлубиятга учрадик. Биз ютган Янги Зеландияни гуруҳдаги ҳамма ютди. Грецияни чиройли ўйин орқали мағлуб этганимизни ҳисобга олмаганда Уругвай билан Францияга бир хил 0:4 ҳисобида имкониятни бой бердик. Тўғрироғи, уларга жангсиз таслим бўлдик. Футболда ютқазишни ҳам билиш керак. Ютқазди деб ана Ироқни айтса бўлади. Уругвай билан охиригача курашди, лекин пенальтилар сериясида мағлуб бўлди. Биз-чи? Ахир 10-дақиқадаёқ кучимиз Францияга етмаслиги ошкор бўлиб қолди-ку. Нима учун биз турнир давомида ўйиндан ўйинга ўсиш ўрнига пастга оға бошладик? Масалан, Ироқни олайлик (улар ҳам Осиёда бўлгани учун эътибор қаратишга мажбурмиз), бу жамоа борган сари кучайиб борди. Бизда эса мувозонат йўқолиб қолди. Грецияга қарши ўйнаган таркибдан Францияга қарши асар ҳам қолмади-ку. Табиийки бунда мураббийларнинг айби катта. Чунки зукко мураббий жамоасини ўйиндан ўйинга кучайтириб бориши лозим. Ҳисоблаб чиқсак, жаҳон чемпионатига бориб келган ёшларимиздан бор-йўғи 9 нафари ўзини кўрсатибди, холос. Булар – Максимилиан Фомин, Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Аббос Махсталиев, Владимир Козак, Жамшид Искандеров, Диёр Туропов ва Игорь Сергеев. Қолганлар ўз маҳоратларини намойиш эта олишмадими, демак, бош мураббий ўшаларнинг очилмаган қирраларини очиш устида ишламаган кўринади.

Бу ҳам майли, ёшларимиз қайтиб келгач, кўпчилик энди футболчиларга қанақа машина берилади деб сўрай бошлади? Одамлар ҳам жуда мазахўрак бўлиб кетибди-ку! Футболчига машина керакми? Марҳамат, клубида яхши ўйнаб кўп пул топсин ва хоҳлаган машинасини сотиб олсин. Ахир терма жамоада ўйнашнинг ўзи шараф эмасми? Қолаверса, футболчиларимиз машина оладиган даражада ҳали ҳеч нимани қойил қилишгани йўқ. Кучли саккизликка кирган билан ўтказилган бешта ўйинда 10та гол ўтказиб қайтиб келишнинг ўзи уят.

ҚОСИМОВ ТЕРМА ЖАМОАДАН КЕТИШИ КЕРАКМИ?

Миллий терма жамоамизнинг тўғридан тўғри чиқа олмагани  мухлислар кайфиятига ўткир зарба берди. Ҳамманинг кўнгли совуб кетди десак ҳам хато бўлмайди. Шундан сўнг Қосимовни термадан бўшатиш керак, ўрнига Абрамовни қайтариш лозим деган фикрлар янграй бошлади. Ҳал қилувчи босқичда 14 очко тўплаганимиз ҳам роса муҳокама қилинди. Гап қанча очко тўплашда эмас, гап вазифа бажарилдими-йўқми, шунда. Қосимов терма жамоа учун борини бериб ҳаракат қиляпти, лекин унинг бир пайтнинг ўзида “Бунёдкор”да ишлаётгани барибир ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Айтайлик, миссия бажарилмагани учун Қосимов термадан кетди ҳам дейлик, лекин ўрнига келган одам нима қилиб бериши мумкин? Олий лигани кузатиб номзодлар ахтарай деса, ҳар етти-саккизта ўйиндан учтаси келишилган бўлиб чиқади, буёқда Осиё чемпионлар лигасида иштирок этган клубларимиз ҳам аллақачон ўз юришларини тўхтатган бўлса. Биринчи лигани-ку гапирмаса ҳам бўлади. Хўш, янги мураббий нимани кузатади? Қайси футболчини кўз остига олиб қўяди? Кузатиши мумкин, фақат четда тўп сураётган легионерларни. Лекин шунда янги мураббийнинг чет элдан бери келмасдан ишлашига тўғри келадими?

Шу боис Қосимов терма жамоадан кетса ҳам, кетмаса ҳам нимадир ўзгаришига одамлар ишонмай қўйишди. Вазият олдинги ҳолатичалик қолаверади. Токи ўзбек футболидаги иш юритиш тизими тубдан ўзгармас экан, (булар ичига келишилган ўйинларни йўқотиш, қоғозбозликни бас қилиш, болалар футболида ёш кичрайтиришга қатъий чек қўйиш, ҳакамларга таъсир ўтказиш, уларни сотиб олишга уриниш, телефон орқали жамоага фалончининг тўп тепишни билмайдиган ўғли, невараси ё жиянини таклиф этишга барҳам бериш, мураббийларнинг букмекерлик контураларига футбол ўйинлари учун пул тикишини умуман йўқотиш кабилар киради), ўзбек футболида жарга қуласа қулайдики, ҳеч вақт олдинга силжимайди.

Эътибор беринг, терма жамоа тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига чиқа олмади-ю, лекин бу борада муҳокама, йиғилиш, ёки катта мажлис ўтказилмади. Нима сабабдан ҳар ой ўтказиб келинаётган мураббийларнинг терма жамоалар маркази раҳбарига ҳисоботи бу сафар амалга ошмай қолди? Ёки улар ҳисобот топширишди-ю, биз бундан бехабар қолиб кетдикми? Ахир ЎФФ расмий сайти ҳар ойда мураббийларнинг ҳисоботини маълум қилиб бораётганди-ку. Ёки буларнинг барчаси кўзбўямачилик, бошқача айтганда, Асқар Толибжоновнинг мана биз ишлаяпмиз-ку қабилида ўзини халққа, айниқса, раҳбарларга кўз-кўз қилиши учунмиди?

Мана шунинг учун ҳам бемалол айтишимиз мумкин, Қосимов кетгани билан токи мавжуд системадан таг-томири билан воз кечилмас экан, эски ҳаммом – эски тослигича қолаверади.

“СЕН ТЕРМА ЖАМОА УЧУН НИМА ҚИЛДИНГ?” – ЎФФНИНГ БОШ ШИОРИ БЎЛИШИ КЕРАК

Олий лигамизда 14та клуб қатнашяпти. Биринчи лигада жами 24та клуб билан маувсум бошланди ва мана энди уларнинг сони 16та қолди. Шунда ҳам мавсумнинг иккинчи ярми жами 30та жамоа билан давом эттирилади. Нега олий ва биринчи лигани қўшиб ҳисоблаганда клублар сони 30та бўлгани билан терма жамоага дурустроқ номзод чиқмаяпти? Бу ҳақда кимдир ўйлаб кўриши керакми-йўқми? Масалан, жаҳон чемпионатида қатнашиб келган футболчиларнинг қайси клубдан эканлигига эътибор берайлик. Фомин, Махсталиев, Козак, Искандеров, Сергеев – булар “Пахтакор” вакиллари. Бобур Йўлдошев “Локомотив”дан, Диёр Туропов “Олмалиқ”, Сардор Собирхўжаев эса “Бунёдкор” футболчиси. Сардор Раҳмонов айни пайтда “Локо”да тўп сураётгани билан аслида “Машъал” тарбияланувчиси. Қани номи улуғ “Нефтчи”, “Навбаҳор”, “Динамо”, “Насаф”, “Металлург”, “Бухоро”дан футболчилар? Ёки бу жамоалар терма жамоа учун ўйинчи етиштириб беришни аллақачон йиғиштириб қўйишдими?

Бундан кейин ЎФФ олий ва биринчи лигада қатнашаётган ҳар бир клуб олдига “Сен терма жамоа учун нима қилдинг?” шиорини бош вазифа қилиб қўймаса бўлмайди. Фарҳод Магометов ҳар йиғилишда фалон жамоалар ҳалигача ПФЛга пул ўтказиб бергани йўқ демасдан, клуб раҳбари ёки мураббийини шартта ўрнидан турғазиб, “Эй, сен, нима учун беш йилдан терма жамоага бирорта ҳам футболчи етказиб бермаяпсан?” деган саволни кўндаланг ташласа, ўйлаймизки, ҳамманинг боши қотади. Тўғри-да, ёшлар, ўсмирлар, олимпия, миллий терма жамоа учун хизмат қилмаётган клубларнинг боридан йўғи яхши эмасми? 

Мураббий – ўз номи билан устоз, педагог, тарбиячи деганидир. Унинг вазифаси бирламчи навбатда шогирд тарбиялашдан иборат бўлиши керак, ҳар хил тотализаторга керак бўлса жамоасининг мағлубияти учун пул тикмасдан. Лекин бизнинг фтуболчилардан устозинг ким деб сўранг, олий лигада тўп сураётган саноқли футболчиларгина клубларда ишлаётган бош мураббийларни шу киши менинг устозим деб баралла айта олишади. Кўпчилиги “э, битта тренер-да” деб қўя қолади. Аммо бунинг учун ўйинчиларни айблашга ҳаққимиз йўқ, мураббийларнинг ўзи билими ва иши орқали ўзларига мана шундай ном орттириб олишяпти.

Ўлкамизда футбол ривожланишини, барча ёшдаги терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатида мунтазам қатнашишини барчамиз хоҳлаймиз. Ҳатто ўша олди-берди ўйинларни ташкил қилишда бевосита бош-қош бўлаётган кишилар ҳам терма жамоанинг жаҳон чемпионатига боришини хоҳлайди. Лекин бугунги кунда фақат хоҳиш билан иш битмаяпти. Аввало футболимизнинг эртаси учун ёниб яшаш керак. ЎФФдан талаб қилинадигани эса клублар олдига “Сен терма жамоа учун нима қилдинг?” деган шиорни шартта кўндаланг қўйиб, жамоаларни астойдил енг шимариб ишлашга чақириш ҳисобланади. Клублар аввало терма жамоа ҳамда ўзбек мухлисларининг хурсандчилиги учун мавжуд эканликларини тушуниб етишади. Муҳтарам юртбошимиз томонидан мамлакатимизда футболни ривожлантиришга доир бир нечта муҳим қарорлар чиқарилди, тўғрими? Энди бу қарорларнинг узлуксиз назорати ЎФФ қўлида ҳисобланади. Қарорга мувофиқ олий лиганинг ҳар бир клубига юқоридан тайинли ҳомий бириктирилган, демак, ЎФФнинг олий лиганинг ҳар бир клубига “Сен ўзи терма жамоа учун нима қилиб беряпсан?” деб сўрашга ҳаққи бор. Ана шундагина клуб раҳбарлари ва мураббийлари шошиб қолишади, ҳадеб олий лигада сичқон-мушук ўйнагандан кўра натижани унутмаган ҳолда футболчи тарбияси билан машғул бўлишади ва фақат Ватан учун ишлаш кераклигини тушуниб етишади. Бу эса ўз навбатида футболимиз равнақига хизмат қилмай қўймайди.

Хайрулла ХОЛИҚОВ.

Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook