Latest news

19:16Серхио Агуэро 4та ўйинга дисквалификация қилинди1 19:10Футболчилар ижтимоий тармоқларда2 18:45Гризманн: "Бавария" ўйин борасида Гвардиола давридагидек кучли эмас"2 18:45Гризманн: «Бавария» по игре уже не так сильна, как во времена Гвардиолы0 18:14Гиггз: "Гвардиола жамоаси билан биринчи баҳсдан сўнг фаолиятимни якунламоқчи эдим"7 18:14Гиггз: думал завершить карьеру после первой встречи с командой Гвардиолы0 17:57Olamsport.com: Спортчилар ижтимоий тармоқларда6 17:43Хави: "Реал"нинг голи ноҳақликдек кўриниши мумкин, аммо улар ҳам ҳаракат қилишди"14 17:12Хави: гол «Реала» может казаться несправедливым, но они также старались0 17:12Киберспорт. Фаолияти давомида деярли 900 000 доллар ишлаб топган 20 ёшли ўзбекистонлик7 17:08"Шерлар"ни ким яралади?21 16:46Чемпионатларимизнинг 25 йиллик умумий жадвали ҳақида23 16:45Харт "Тоттенхэм" футболчисига айланиши мумкин3 16:19ФОТО. Дмитрий Сычев и Павел Смоляченко на просмотре в Малайзии0 16:16Верратти: "Реал" ёки "Барса" Францияда 5-6 тадан гол кирита олмайди"10

09 aug 17:25
News

Самога сочилган юлдузлар

Болалигим Сурхон воҳасининг қишлоқларидан бирида ўтган.
Отам узоқ йиллар жамоа хўжалигида техник-механик, муҳандис вазифаларида меҳнат қилганлар. Уйимиз шундоққина хўжалик идораси яқинида бўлгани туфайли раҳбарлар, фаоллар хонадонимизга жуда кўп ташриф буюришарди. Айниқса, “Пахтакор” жамоаси ўйнайдиган кунларда ҳовлимиз меҳмонлар билан тўлиб-тошарди... Шундай кунларни биз болакайлар зўр орзиқиш билан кутардик. Айниқса, “Пахтакор” ютса, уйимизда катта байрам бўларди.

Ҳамон эсимда. 1979 йил 8 август. Шу куни Тошкентда пахтакорчилар собиқ иттифоқ олий лигасининг навбатдаги учрашувида Ворошиловграднинг “Заря” футболчиларини қабул қилганди. Унда “Пахтакор” рақибини 3:1 ҳисобида енгган. Хонадонимизга йиғилган меҳмонлар севимли жамоамизнинг чиройли ғалабасини ўзига хос тантана қилиб, зўр кайфиятда “ювишганди”. Ўша вақтда жамоа хўжалиги пахтачилик бўлими бошлиқларидан бири, ашаддий ишқибоз (охиратлари обод бўлсин) Бегимқул Оқназаров ўйин тугагач, отамга юзланиб “Ҳали кўрасан, шу зайлда ўйнаверса, “Пахтакор”имиз бу йил албатта кучли учликка киради”, деганлари эсимда...

Афсус ва надоматлар бўлсинки, бу орзу ҳамда тилак рўёбга чиқмади. Аниқроғи, орадан бир неча кун ўтар-ўтмасдан миллионлаб ишқибозлар қалбини чуқур қайғуга солган мудҳиш фалокат рўй берди. Кундан кун кучга тўлиб, чиройли ва ҳужумкор ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозониб бораётган севимли “Пахтакор” жамоаси 1979 йил 11 август куни осмону фалакда икки ҳаво кемасининг тўқнашиб кетиши оқибатида ҳалокатга учради. Гарчи, бу шум хабар тезда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинмаган бўлса-да, халқимиз қалбини чуқур қайғуга солди, юрагини ларзага келтирди.

Ўша воқеа содир бўлгач, биз болакайларга яхши таниш бўлган, хонадонимизда зўр кайфиятда телевизорда футбол томоша қилган амакилар кейин ҳам ташриф буюришгани, турфа миш-миш ва тахминлар асосида “Пахтакор-79” воқеасини ўзларича муҳокама қилишганини яхши эслайман.Ачинарлиси, юз берган авиаҳалокат ҳақиқат эди.

Кейинчалик эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, воқеа шундай юз берган: 1979 йил 11 август. Соат 13.38. Тошкент — Гурьев — Донецк — Минск ҳаво йўналиши бўйича 65816 рейс билан парвоз қилаётган ҳаво кемаси 8400 метр баландликда Челябинск — Кишинёв маршрутидаги 65735 рақамли рейсдаги бошқа ҳаво лайнери билан тўқнашади. Даҳшатли ҳалокат иккала самолётдаги 178 йўловчи ҳамда экипаж аъзоларини ҳаётдан олиб кетди. Улар орасида жонажон “Пахтакор”имизнинг истеъдодли ўн етти ўғлони ҳам бор эди...

Орадан икки ҳафта ўтиб, бошқалар қатори “Пахтакор” жамоасини Еврокубок баҳсларида кўришни орзу қилиб юрган Бегимқул ака қўлида бир тутам газеталар билан пайдо бўлдилар. Кайфиятлари ниҳоятда тушкун бўлсалар-да, газеталардан бирини қўлимга тутқазиб, “Мана қарагин, “Пахтакор”нинг қандай ўйинчилари бор эди-я?! Газетадан авайлаб, қайчи билан ҳар бирининг расмини кесиб альбом тайёрласа бўларкан, неварам”, деганлари ҳалиям қулоқларим остида жаранглайди. Бугун ашаддий ишқибозлардан бири бўлган бу инсон ҳам орамизда йўқ. Аммо у менга тақдим этган газетадан чиройли қилиб кесиб олинган суратлар ёпиштирилган альбом варағини ҳамон асраб авайлаб келаман. Оҳори учиб, сарғайиб қолган бўлса-да, улардан боқиб турган ўн етти пахтакорчи гўё тирикдек. Ўша пайтда уларнинг фақатгина фамилияларини ёддан билган бўлсам, эндиликда барчасининг исми-шарифи яқин қадрдонларимдек хотирамга бир умр муҳланиб қолган:
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, спорт устаси Идгай ТАЗЕТДИНОВ,
Монреаль олимпиадаси бронза медали совриндори Владимир ФЁДОРОВ,
Ёшлар ўртасида Европа чемпиони Михаил АН,
Спорт усталари:
Олим АШИРОВ, Александр КОРЧЁНОВ, Сергей ПОКАТИЛОВ, Равиль АГИШЕВ, Николай КУЛИКОВ, Юрий ЗАГУМЕННИХ, Владимир МАКАРОВ, Константин БАКАНОВ, Виктор ЧУРКИН,
Спорт усталигига номзодлар:
Шуҳрат ЭШБЎТАЕВ, Владимир СОБИРОВ, Сирожиддин БОЗОРОВ,
Жамоа шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Владимир ЧУМАКОВ,
Жамоа админстратори Мансур ТОЛИБЖОНОВ.

Эндигина саккиз ёшга тўлган бўлсам-да, “Пахтакор-79” ҳалокати менга ҳам қаттиқ таъсир қилганди. Сўнгра пахтакорчиларнинг ўйинларини қолдирмасдан кузатадиган ашаддий мухлислар сафига қўшилдим. Мактабни битириб, журналистика соҳасини танладим. Тақдиримни спорт журналистикаси билан боғлашимга ҳам аслида “Пахтакор” сабабчи бўлган, десам адашмайман.  

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)га ўқишга киргач, биринчи қилган ишим — пойтахтимизнинг Боткина қабристонида пахтакорчилар номини абадийлаштириш мақсадида қад ростлаган хотира мемориалини зиёрат қилиш бўлган. Уларнинг номи билан аталган кўчаларни айланганман.

Талаба бўлиб, қишлоққа қайтгач, Бегимқул ака мени тарбиклар эканлар, “Сендан бир илтимосим бор. Агар иложини топсанг, телевидениега бор. Архивда шу пахтакорчилар ўйнаган ўйинлар сақланади, деб эшитганман. Ҳеч бўлмаса, бирорта ўйинидан нусха кўчириб келсанг, роса дуо қилардим”, дегандилар.

Бу илтимосни бажариш ниятида таниқли футбол шарҳловчиси, спортимиз фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар устози Ахбор Имомхўжаевга учрашдим.

Қанийди, иложиси бўлса, у пайтларда телевидениенинг техник имкониятлари чекланган эди, — дедилар Ахбор ака. — Бундай кўргуликлар юз бериши етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган. Ҳатто, “Пахтакор-79” жамоасининг охирги ўйини туширилган тасмалардан кўп ўтмай бошқа тасвирларни суратга олишда фойдаланиб юборилган. Шу боис, бирорта ҳам ўйинни архивда сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Афсуски, ҳамқишлоғимнинг илтимосини амалга ошира олмадим. Гарчи, аввалига Бегимқул ака мендан бироз ранжигандек бўлса-да, кейин “Начора, иложимиз қанча?! Лекин уларнинг ўйинлари тасмаларда эмас, одамларнинг юрагида муҳрланиб қолганини ҳеч қачон ёдингдан чиқармагин”, деганлари мени янада таъсирлантирди.

Бугунги кунда ҳам ҳукуматимиз ва кенг спорт жамоатчилиги “Пахткор-79” хотирасини абадийлаштириш ва эъзозлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ҳар йили мамлакатимиз пойтахти ва турли вилоятларда уларнинг хотирасига бағишлаб анъанавий турнирлар ташкил этилади. Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри (Николай Куликов), Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани (Сирожиддин Бозоров), Бухоро шаҳри (Равиль Агишев ва Владимир Собиров), Навоий шаҳри (Шуҳрат Эшбўтаев), Тошкент вилояти (Михаил Ан, Олим Аширов, Владимир Фёдоров)да мунтазам ўтказилаётган мусобақалар ана шулар жумласидандир.

Яқинда хизмат сафари билан Навоий шаҳрида бўлдим. Спорт фахрийлари, ҳамкасблар ҳамроҳлигида Шуҳрат Эшбўтаев қабрини зиёрат қилдик. Навоийлик футбол мутахассислари, фахрийлар ҳамда Шуҳрат Эшбўтаевнинг қариндошлари билан суҳбатлашдик, уни яна бир бор хотирладик, ёдга олдик.  

Диққатга молик томони, навоийлик бир гуруҳ футбол фидоийлари маслаҳатлашиб, марҳум пахтакорчи ўсиб-улғайган маҳаллада “Шуҳрат” жамоасига асос солишибди. Бир неча йилдирки, мазкур жамоа аъзолари вилоят биринчилигида муносиб қатнашаётганлигини эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди...

Яна бир неча кундан кейин “Пахтакор-79” жамоасининг авиаҳалокатга учраганига ўттиз тўрт йил тўлади. Аммо марҳум пахтакорчилар хотираси футболсевар халқимиз қалбида бир умр яшайди ва порлайди!

Бундан бир неча кун муқаддам телефоним жиринлади. Олсам, “Пахтакор-79” жамоаси мураббийи Идгай Тазетдиновнинг аёли Алла Сергеевна экан.

Сизни 11 август куни Боткина қабристонидаги хотира мемориалида кутамиз, — деди салом-аликдан сўнг, Алла Тазетдинова. — “Пахтакор” футбол клуби ва футболимиз фидойилари ҳамкорлигида ёдгорлик хиёбони қайта таъмирланди. Кенг футбол жамоатчилиги, марҳум пахтакорчиларнинг барча яқинлари йиғилади. Келсангиз фақат хурсанд бўламиз.

Хотира — уйғонса гўзалдир. Футболимиз саҳифаларида ёрқин ва ўчмас из қолдирган инсонларни ёд этиш, улар хотирасини эъзозлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз!...

Эркин ХОЛБОБО
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook