10 apr 10:59
News

Рустам Акрамов: “Қосимовнинг қарорини қўллаб-қувватлайман”

Ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Миржалол Қосимовнинг “Бунёдкор”ни тарк этгани билан боғлиқ бўлди.
Бундан буён у бор эътиборини миллий терма жамоадаги фаолиятига қаратишни лозим топди. Табиийки, унинг бундай қарори кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Футбол профессори, терма жамоалар марказида фаолият кўрсатиб келаётган Рустам Акрамов ҳам Қосимовнинг ушбу қарорини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари яна айрим долзарб масалаларга ўз муносабатини билдирди. 

- Миржалол Қосимов “Бунёдкор”ни тарк этиб асосий эътиборини терма жамоадаги ишига қаратадиган бўлди. Бу борада сизнинг муносабатингиз қандай бўлди?
- Миржалол Қосимов тўғри қарор қабул қилди. Унга охирги пайтларда қийин бўлаётганди. Чунки “Бунёдкор” олдига ҳам ўзига яраша пухта ва жиддий мақсадлар қўйилган. Бу жамоа ҳамиша ижобий натижалар кўрсатишга одатланган. Ўтган йили чемпионликни ва Кубокни қўлга киритди. Бу йил суперкубокда муваффақиятга эришди. Умуман, янги мавсумда ҳам Қосимов олдига жиддий вазифалар қўйилганди. Ўз навбатида терма жамоада ҳам унинг олдига янада катта ва улкан мақсадлар қўйилган. Сентябрда Жанубий Кореяда Осиё ўйинлари бўлади. 2015 йилнинг январ ойида эса Австралияда Осиё Кубоги ўтказилади. Ундан кейин 2018 йилги жаҳон чемпионати учун саралаш учрашувлари бошланади. Битта мураббийга иккита жамоада ўта жиддий вазифаларни бажариш бу хаддан ортиқ мушкул иш. Ҳозирги кунда жаҳон футболида тендеция рўй беряпти. Баъзи жамоалардаги ўйинчилар терма жамоаларда ўйнашни унчалик хоҳлашмаяпти. Германиядаги маълумотни кўриб очиғи ҳайрон қолдим. У ерда тўп сураётган футболчиларнинг 65 нафари ўз терма жамоаларида ўйнашга қаршилик билдиришган. Бундай ҳолатлар жаҳон футболида учраб турибди. Бундай салбий нарсаларнинг олдини олиш учун биз ҳам ички чемпионатимиздаги футболчиларга янада кўпроқ эътиборни оширишимиз лозим. Бунинг учун эса улар доимий кузатувда бўлиши шарт. Шунинг учун Қосимовнинг қарорига қўшиламан ва ҳурмат қиламан. Ана энди Миржалол Қўшоқович ички чемпионатимиздаги футболчиларни кўпроқ кузатиш имконига эга бўлади. Биз ҳам унга эрталабдан кечгача ёрдам берамиз.

- Нима деб ўйлайсиз, Миржалол Қосимов ушбу қарорга эртароқ келиши керакмиди ёки бунинг фурсати энди етмиди?
- Тўғри айтасиз, балки эртароқ кетиши ҳам мумкин эди. Лекин ўша пайтда “Бунёдкор” билан муваффақиятларга эриша олармиди? Қолаверса, у футболчиларни ўзи тарбиялаб, ўзи тайёрлади ва барчаси унинг учун фарзандидек бўлиб қолганди. Қилган меҳнатларининг самарасини кўришни хоҳлагани ҳам табиий. Мураббий учун бундай қарорга келишнинг ўзи қийин қарор. Миржалол Қўшоқович бу борада кўп ўйлагандир, ички хиссиётларига қулоқ солгандир. Энди бутун масъулият билан терма жамоада ишлайди. Унинг ортида 30 миллион халқимиз турибди. Нима бўлган тақдирда ҳам барибир мураббийга ҳар томонлама ёрдам берамиз.

- Терма жамоалар марказининг бундан кейинги режалари нималардан иборат?
- Режаларимиз жуда кўп. Декабр-январ ойларида алоҳида режалар ишлаб чиққандик. Энди эса режаларимизни ўзгартиришимиз керак. Сентябрда Осиё ўйинлари ўтказилади. Терма жамоамиз яхши натижа кўрсатиши учун тайёргарликни ҳам шунга яраша яратиб беришимиз даркор. Ўртоқлик учрашувларини ҳам кўпроқ ташкил этмоқчимиз. Осиё ўйинларидан сўнг асосий эътибор ўз-ўзидан Осиё Кубогига қаратилади. 

- Жанубий Кореядаги Осиё ўйинларида олимпия терма жамоамиз Шуҳрат Мақсудов бошчилигида қатнашиши кўзда тутилганди. Энди эса ушбу турнирга жамоани Миржалол Қосимов тайёрлаб унинг ўзи бошчилик қиладими?  
- Кимнидир алоҳида айтмоқчи эмасман. Миржалол Қосимов билан Шуҳрат Мақсудов биргаликда иш олиб боришади. Унинг ёки бунинг жамоаси деб бўлмайди. Муҳими, ҳамма бир жамоа сифатида аҳиллик билан ишлайди.

- Миллий терма жамоамизнинг ўртоқлик ўйинларидаги рақиблари хусусида маълумотлар берилмоқда. Сиз бу ҳақида нима дея оласиз?
- Асқар Толибжонов билан Миржалол Қосимов яқинда Австралиядан келишди. Ўртоқлик учрашувларини ўтказиш борасида 4-5та жамоалар билан гаплашиб қўйишган. Бу борадаги рақиблар жиддий деб айта оламан. Лекин мен кимнидир аниқ деб айтмайман. Яхшиси, Асқар Толибжонов бу борада аниқ маълумотни беради.

- Осиё Кубогида гуруҳдаги рақибларимиз ҳам маълум бўлди. Айтингчи, мутахассис сифатида фикрингиз қандай?
- Биз учун яхши гуруҳ насиб қилди. Саудия Арабистони терма жамоасини ютса бўлади. Икл бор 1994 йили Осиё чемпионатида уларни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратгандик. Ундн кейин ҳам яхши ўйинлар кўрсатиб бу жамоани енгганмиз. Умуман айтганда, Хитойни ҳам, ҚХДРни ҳам ютса бўлади. Бу қўлимиздан келадиган вазифа. Мен ушбу ўйинларга оптимистик кўз билан қараяпман.

- Осиё Кубогида терма жамоамизнинг муваффақиятли қатнаша олишига ишончингиз комилми?
- Ғалабаларга ишонишимиз керак. Осиё Кубогида муваффақиятли иштирок этишимиз учун тайёргарликни юқори даражада олиб бориш муҳим. Айтишим керакки, машғулотларни худди шундай юқори савияда олиб борамиз, бу борада менинг ишончим комил. Умид қиламанки, тайёргарлик яхши бўлади ва натижалар ҳам бизни қониқтирадиган ҳолатда амалга ошади.

- 2014 йилда халқаро майдонлардаги иштирокимиз нимагадир қониқарсиз кечмоқда. Аввалига олимпия терма жамоамиз Осиё чемпионатида муваффақиятсиз қатнашди. Кейин “Локомотив” билан “Насаф” Осиё чемпионлар Лигаси плей-оффида ютқазишди. “Бунёдкор” бўлса гуруҳ баҳсларини омадсиз ўтказмоқда деярли нимчорак финалга чиқиш имкониятини йўқотди. Сизнингча, халқаро майдонлардаги қониқарсиз натижаларимизнинг сабаби нимада?
- Ҳаммасини алоҳида-алоҳида таҳлил қилишимиз керак. Клублар миқёсида қарайдиган бўлсак, Қувайт ва Қатар клубларида хорижлик ўйинчиларни кўплаб учратиш мумкин. Уларнинг нархлари ўта қимматбаҳо. Биз эса уларга кетадиган маблағларни яхшиси ўзимизнинг ёшларга сарфлаганимиз маъқул. Чунки бизда қандай футболчилар етишиб чиққанини бир эсланг. Красницкий, Абдураимов, Ан... Хадзипанагис ўзимиздан чиққан футболчи эди. Кейинчалик Грецияга кетиб фаолиятини ўша ерда давом эттирди. Буни қарангки, у Грециянинг 20-асрдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Умуман олганда, ҳозирги ўйинчиларимиз орасида ҳам келажаги порлоқ йигитларимиз етишиб чиқмоқда. Игор Сергеев, Жамшид Искандеров, Сардор Собирхўжаев ва яна бошқа йигитларимиз ҳам бор. Энг камида 50-60 талантли ўйинчиларимиз вояга етмоқда. Катта маблағларни сарфлаб ўйинчиларни сотиб олса шунга яраша натижа бўладими, ўзи? Бу борада рақобат асосан жамоаларнинг ким қанчага ўйинчи сотиб олганлиги билан баробар бўлиб қолди.

- Мутахассис сифатида бу йилги чемпионатимиздан нималарни кутяпсиз?
- Нимани кутяпман? Биринчи навбатда “Пахтакор”ни тилга олмоқчиман. Айнан ушбу клубдан кўп нарсаларни кутяпман. Жамоадаги ёшларнинг ўзларини кўрсатадиган фурсати етди. Шунингдек, “Бунёдкор” ўз позициясида мустаҳкам туриб  ўтган йилги натижаларни такрорлай олишига ҳаракат қилади. “Насаф” ҳам яхши ўйин кўрсатяпти. Яқинда Рўзиқул Бердиев ёнимга келиб мен сизнинг шогирдингизман деб қучоқлаб кетди ва бундан менинг кайфиятим кўтарилди. Уларнинг ортидан “Олмалиқ” жуда яхши жамоа сифатида шаклланиб келяпти. Игор Шквирин қўл остимда ўйнаган. У ақлли мураббий, маданияти ҳам юқори. Бундай мураббий устозлик қилаётган клуб албатта ўз олдига юксак мақсадларни қўйиши керак. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф” каби жамоаларнинг ўз йўналиши бор. “Локомотив”га келсак, жамоанинг раҳбариятини ҳурмат қиламан. Лекин клубнинг академияси бўлиши лозим. Ахир иқтидорли ўйинчиларни ким етиштиб беради? Жамоанинг пойдевори бўлиши жуда муҳим. “Бунёдкор”, “Пахтакор” ҳамда “Насаф”ни алоҳида айтган бўлардим. Айниқса, “пахтакорчи”ларнинг иш услубини ҳамма учун ўрнак қилиб кўрсатса бўлади. “Бунёдкор” ҳам ўз академиясига эга ва бу Ўзбекистондаги энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Эътибор беряпсизми, аста-секин клуб ўз тарбияланувчиларига кўпроқ эътибор беряпти ва уларни асосий таркибда кўряпмиз. Юқорида айтиб ўтган уччала жамоага “Локомотив” билан “Олмалиқ” жиддий қаршилик кўрсатади деб ўйлаяпман. Андижонда ҳам футбол учун ҳамма нарса яратилган. У ерда футбол мактаб-интернатлари жуда яхши йўлга қўйилган. Айниқса, футболга ихтисослаштирилган футбол интернати ҳар қандай мақтовга сазовор. Бундай барча қулайликларга эга бўлган даргоҳда албатта мамлакатимиз учун фойда келтирадиган кўплаб ўйинчилар етишиб чиқади. Вилоятнинг бош жамоаси эса мавсумни кутилганидек бошлай олмади. Тўғри, дастлабки ўйинларни жиддий рақибларга қарши ўтказдилар. Аммо ўз майдонида “Машъал”га ютқазиб қўйишгани андижонликларнинг кайфиятини тушиб юборди. Аммо жамоанинг муваффақиятларига ишониш керак. Азамат Абдураимовни ақлли мураббий деб биламан. Чунки у қўл остимда тарбия олган. Фақат ўзини кўрсатишини кутиш керак. Аммо бунга клуб раҳбарлари ва мухлислари чидай олишадими-йўқми, буни билмайман. Чемпионат яқиндагина бошланди, олдинда яна етти ой бор. Мухлисларни эса олдинда ҳақиқий интрига кутиб турибди. Аммо Андижондан кўплаб иқтидорли футболчилар чиқяпти. Бунинг устига вилоят футбол федерацияси бажараётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. У ерда ўз ишига жиддий масъулият билан ёндошадиган мутахассислар фаолият олиб боришяпти. Шу сабабли Андижон футбол федерациясидан кўнгил тўқ.  

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook