13 may 12:28
News

Қўқон ва Қўқон футболи ҳақида

Очиғи биринчи марта ташриф буюрган шаҳримдан кетгим келмади. Қўқонга қилган сафарим бир умр ёдимда қоладиган бўлди.
Ўйин борасида ёзиш ниятим йўқ. Ўйин ўз йўлига, “Пахтакор” майдонда биринчи рақамли жамоа сифатида ҳаракат қилди, онда-сонда “Қўқон-1912” қарши ҳужум уюштирди.  Ўйин олдидан 11талик таркибни суратга туширар эканман, Нодир Қўзибоев мухлисларни ҳам қўшиб олишимни илтимос қилди. Стадион шу куни лиммо лим тўлган. Гарчанд 5 000 дона чипта сотувга чиқарилгани ҳақида ахборот берилган бўлса-да, чипталар камида 10 000 та эди. Ҳа энди бу ёғи тирикчилик. Ўйлаб кўрсам, Қўқонга жамоа биринчи лигада иштирок этиши учун катта ҳомийнинг кераги йўқ экан.

3 000 сўмлик чипта якунда 40 000 сўмгача чиқди. Биринчи лигада ўртача жамоани сақлаб туриш учун 400-500 миллион сўм кифоя қилади. Жамоа футболка ва чипта сотувининг ўзиданоқ шу маблағни ҳеч бўлмаганда ярмини ишлаб топиши мумкин. Лекин бир нарсага тан беришимиз керак, “Қўқон-1912” Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб шахсий ҳомий титулини ўз футболкасига ёпиштирган. Тезкор интернет провайдери бўлган “EVO”, жамоанинг титул ҳомийси. Бош ҳомий эса “Спирт заводи”. Одатда бизда клубларимиз давлат томонидан ажратиладиган ҳомийни ўз футболкаларида реклама қилишади. “Қўқон-1912” эса қўшимча тарзда “EVO” билан шартнома тузиб уни тарғиб қиляпти.




Шундай давр бўлдики, жамоа мухлислари  севимли клубларини на олий лигада, на биринчи лигада кўрдилар. Бу кунларни душманимизга ҳам раво кўрмаймиз деган мухлисларни учратдим. Ҳақиқатдан ҳам Қўқонда футболни жуда ҳам севишади. Ким нима деса десин-у, Қўқоннинг мухлисларига етадигани йўқ. Буни улар йиллар давомида биринчи лигада ҳам исботлаб бердилар. Манаман деган мухлис ҳам жамоасини биринчи лигада кўрса стадионга бормай қўяди, лекин қўқонликлар эмас.





Шу жойда бир нарсани ҳеч ҳазм қила олмайман. Жамоадан яхши ўйинчи чиқса, вилоятнинг биринчи рақамли жамоаси “Нефтчи” деб у ерга олиб ўтаверишади. Яқинда жамоа бош мураббийини ҳам олиб кетишди. Нима, “Қўқон-1912” жамоа эмасми ёки қўқонликлар “Нефтчи”га мухлисми? Тўғри, Қўқон ва Фарғона бир вилоят деган тушунча мавжуд. Лекин ўртадаги масофа бир соатдан кам эмас. Масалан, “Сўғдиёна” билан “Динамо” бир жамоа эмас-ку!? Ёки “Металлург” билан “Пахтакор” бир жамоами? Аслида “Қўқон-1912” олий лигадаги “МЕН” деган жамоадан ҳам каттароқ, улуғроқ жамоа.  Лекин буни тушуниб етмаймиз шекилли. Қўқондан етишиб чиққан юлдузларнинг барини бир ерга йиғсангиз борми?, Санаб берайми? Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Рахмоқулов, Бахтиёр Ашурматов, Умид Исоқов, Мухтор Қурбонов, Рустам Абдуллаев, ота-бола Баҳром ва Рустам Ҳакимовлар. Корейс миллатига мансуб Сергей Ни ёдингиздан чиқмаган бўлса керак. Бу ҳудудни мен Қашқадарёнинг Шахрисабз ва Косонига ўхшатаман. Наманганнинг Тўрақўрғони ҳам шундай юлдузларни элимизга тақдим этган. Яна бир неча кишини ёзмадим. Агар Қўқон ҳудудида ихчамгина битта академия очилса борми? Шунинг учун ҳам “Қўқон-1912” “Нефтчи” соясида қолишига қўшила олмайман.




Қўқоннинг бугунги ҳокими футболга жуда қизиқар экан. “Пахтакор” билан ўйинни мароқ билан томоша қилдилар. Бундан жамоа раҳбарлари фойдаланишлари керак. Пайтдан фойдаланиб олий лигага йўлланмани қўлга киритиш ва у ерда ҳеч бўлмаса ўртамиёна жамоага айланиш борасида меҳнат қилиш керак чамамда. Ҳозирги ҳомий ҳам чакки эмас, олий лига жамоалари ҳавас қилишади. Аммо.... Аммоси шундаки, аксар клубларда бўлгани каби.... майли гапирмадим, кайфиятни бузмайин. Энг ёмони, бу нарсаларни мухлислардан эшитдим. Ким неча пул олиши-ю, ким неча пул харажат қилишини. Футболчиларда эса сир турмайди.

Бизда чет элнинг хўрозқандини мазза қилиб “ялашади”. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ. Қўқон табиатан футболчиларнинг соғлом бўлишида табиий бойликларга эга ҳудуд саналади. Шифобахш қум ва шўр сувда табиий шароитдаги муолажа футболчиларни тетик қилиш билан бирга соғлигини тезда тиклашга ёрдам беради. Бу ҳудудга Республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларидан келиб шифо топиб кетишади.

Қисқаси шу. “Қўқон-1912” футбол клуби мухлислар учун олий лигага муносиб, лекин мухлислар ишончини суиистеъмол қилмасдан туриб, ҳалол ва пок меҳнат қилиш орқалигина жамоа олий лигада ўз ўрнига эга бўлиши керак.

Нодирхўжа Юлдашев
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook