UZ

Сўнгги янгиликлар

12:58"Челси" вингерини маълум шартлар асосида қўйиб юборишга тайёр  0 12:31"Милан" "Штутгарт" етакчисига қизиқиш билдиряпти  0 12:05Ши Таэ Йонг: "Ўзбекистон ва Саудия учрашувини стадиондан томоша қиламан. Корея мусобақани эрта тарк этгани учун бироз хафаман"  2 11:40"Интер" эгалари ўзгариши мумкин  0 11:16"Бавария", ПСЖ ва АПЛ клублари Меньян ва Теога қизиқишмоқда  0 10:50“Ливерпуль” ва “Арсенал” 80 миллион евролик футболчи учун курашмоқда  0 10:30Жанубий Кореяни уйига жўнатган Индонезия ОТЖ ким бошқараётганини биласизми? (Мутолаа учун)   5 10:13«Манчестер Юнайтед» ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди  2 09:46«Фейеноорд» устози «Ливерпул»нинг қизиқиши ҳақида фикр билдирди  0 09:19Хави «Барселона»да қолиши маълум бўлганидан сўнг нималар деди?  8 08:54«Кальяри» Шомуродовни олиб қолмоқчи. «Рома» эса терма жамоамиз сардорига нарх белгилади  11 08:30Анчелотти «Олтин тўп»га ким лойиқлиги ҳақида фикр билдирди  26 08:04Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланади ва 3-тур бошланади  3 07:38Футзал. Бугун Эронга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борамиз  7 07:15U-23 Осиё кубоги. Қатар - Япония 2:4  0

Қани бизнинг ОФК ва ФИФА назарига тушган ҳакамларимиз? Янгиликлар

Қани бизнинг ОФК ва ФИФА назарига тушган ҳакамларимиз?

Ушбу мақола ёзилишига “Шўртан”ни яқин-яқингача бошқариб келган Зоир Тўрақуловнинг “Футбол Экспресс” газетасига берган интервьюси сабаб бўлди.
Зоир ака ўз интервьюсида “Шўртан”нинг аксарият мағлубиятларида ҳакамлар сабабчи эканини айтиб ўтган. Бундан қочиш керак эмас. Чунки ҳозирги шароитда ҳакамлар ҳам натижага жуда катта таъсир ўтказишяпти. Бу эса исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Ўзбекистонда ҳакамлар савияси йилдан йилга ошяптими? Сон ошаётгани-ку бор гап. Ҳозир биз танимайдиган жуда кўплаб ёшлар ҳакамлик соҳасига кириб келмоқда. Улар асосан 2-лига баҳсларини бошқаришмоқда. Яқин икки-уч йил ичида аввал биринчи лига, кейин олий лига баҳсларида ҳам ишлашади. Қарабсизки, ҳакамлар сони мана шу тарзда ошиб бораверади. Лекин савия-чи?

Маълумки, яқин тўрт-беш йилдан бери ҳакамлар учун мунтазам турли курслар ташкил қилинмоқда. Олий ва биринчи лига ҳакамлари, шунингдек назоратчилар йилига икки марта Тошкентга келиб имтиҳон топширишмоқда. Лекин шунга қарамай, халқаро майдондаги реферилар сони ортаётгани йўқ. ЎФФ Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси раҳбарлари гарчи халқаро даражадаги рефериларимиз 9тани ташкил қилди, 11тага етди деб бонг ураётган бўлишса-да, амалда биз уларни кўрмаяпмиз. Билганимиз шуки, Равшан Эрматов, Валентин Коваленко ва Владислав Цейтлин ҳар замонда бир халқаро ўйинларни бошқариб туришибди. Бахтиёр Намозов баъзан пляж футболига таклиф этилади. Бошқалардан эса хабар йўқ.

Аммо ФИФА миқёсидаги турнирларда негадир ҳеч ким кўринмаяпти. Бразилияда ўтказилган Конфедерациялар Кубогида Равшан Эрматовнинг қандай хатога йўл қўйганини барчамиз кўрдик. Шундан сўнг ўзбек ҳакамларига бўлган эътибор бирданига пасайиб кетгандек гўё. Масалан, Туркияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик реферилардан ҳеч ким таклиф этилмади. БААда давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги мундиалда ҳам бизнинг ҳакамлардан ҳеч ким ишлагани йўқ. Хўш, бу нимадан дарак беради? Ҳакамларимиз савияси тушиб кетганидан эмасмикин?

Менимча, шундай. Бугунги кунда ҳакамлар ҳатто ички чемпионат баҳсларини ҳам объектив тарзда бошқара олишмаяпти. Улар билиб-билмай жуда кўп хатоларга йўл қўйишмоқда. Баъзан бир жамоага очиқчасига ён босиш ҳолатлари ҳам рўй бериб турибди. Бундан ташқари, баъзи жамоаларнинг ҳакамлардан қарзи борлиги учун тинмай мағлубиятга учраётганини эшитиб қоляпмиз. “Футбол клубнинг ҳакамлардан қарзи бор!” Буни қандай тушуниш мумкин? Ҳакамдан қанақасига қарз бўлиши мумкин? Ё поездга чипта олиб бермаганми, ё овқатланишига пул тўламаганми? Ёки бўлмаса, ўша жамоа қайсидир ўйинни ютган-у, бунинг учун ҳакамни рози қилмаганми? Футбол клуб дегани ўз ишчилари ва ўйинчиларини боқсинми ё ҳакамларни боқсинми? Нега энди ҳакамлар қайсидир ўйин учун жамоалардан пул олиши керак? Бу ҳалол ўйин қоидаларига зид-ку, туппа-тузук коррупция эмасми?

Ўзбек адабий тилида жудаям салбий маънони берувчи бир сўз бор: очофат. Худо сақласин, мана шунақа очофат бўлишдан. Ҳакамлар ва назоратчилар орасида ҳам мана шундай одамлар бор дейишдан қўрқаман. Агар ҳакамларимиз зўр бўлса, унда нега ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ишлашмаяпти? (Майли, катталар ўртасидаги мусобақаларни қўя турайлик). Келаси йил январда Уммонда 22 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Биздан Жаҳонгир Саидов қанот ҳаками сифатида, Фарҳод Абдуллаев назоратчи сифатида шу чемпионатда ишлашаркан. Қани бош ҳакамлар? Бизда Осиё чемпионати ўйинларини бошқара оладиган реферилар йўқми? Бир сўз билан айтганда, қани бизнинг ОФК ва ФИФА назарига тушган ўша 11та ҳакамимиз? Наҳотки, ЎФФ Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитасида ишлаётганларни мана шу савол безовта қилмаётган бўлса?!

Хайрулла ХОЛИҚОВ.  

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика