UZ

Сўнгги янгиликлар

08:07Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур баҳслари давом эттирилади  0 07:43Осиё кубоги. Бугун Кувайтга қарши майдонга тушамиз  0 07:15U-23 Осиё кубоги. Хитой - Корея Республикаси 0:2  0 07:10U-23 Осиё кубоги. БАА - Япония 0:2  0 07:05U-23 Осиё кубоги. Таиланд - Саудия Арабистони 0:5   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Тожикистон - Ироқ 2:4   0 06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   1 06:50Саудия чемпионати. "Ал Насср" - "Ал Файҳа" 3:1   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   4 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  6 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  2 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  1

Пул топиш борасида ўрнак бўлаётганлар: “Реал” Мадрид Янгиликлар

Пул топиш борасида ўрнак бўлаётганлар: “Реал” Мадрид

Клубларимиз ўзлари пул топмасдан, деярли боқимандаларга айланиб бўлгани тўғрисида кўп марта мақолалар ёзиб ўтилди. Агар ҳукуматимизнинг футболни қўллаб-қувватлаши бўлмаганда ҳозир биз олий лига ўйинларини кўрмаслигимиз ҳам мумкин эди.
Жамоаларимизни эса бошқалардан ўрнак олишга чақирган ҳолда жаҳоннинг машҳур клублари, шунингдек, Осиёдаги лигаларда бу борада вазият қандай эканлиги билан таништириб ўтишга қарор қилдик.

Клубларимизнинг ўзи пул топишга интилмаётгани сабаби нимада эканлигини билмаймиз. Аксарият жамоаларда келаси 3 ёки 5 йиллик учун тузилган режанинг ўзи йўқ. Улар бир йиллик бюджетни тасдиқлатиб, тегишли муассасадан пул ўтказиб олишади ва уни еб битириш билан куч кечиришади. Бу ғирт текинхўрлик ёки боқимандаликнинг ўзгинаси. Европада оддийгина академиялар ўзини маблағ билан таъминлаётган бир пайтда бизда ҳамон ҳукуматдан ёрдам кутиб ётишади. Тўғри, ҳозир бирданига жамоалар ўз ҳаражатларига етадиган пул ишлаб топа олмайди, бироқ шунга ҳаракатни бошлаш шарт. Шундагина жамоаларда профессионаллик пайдо бўлади. Бизда эса кўплаб клубларда бошқарувчи раҳбар ҳар йили ўзгаради, натижада олдинга силжиш ҳам бўлмайди. Энг қизиғи, клубларга бошқарувчи этиб футболда иш юритишни тушунмайдиган одамларнинг тайинланишидир. Шунга яраша ҳеч йўғи пулни ўрнига сарфлашса майли эди. Камига пулни ҳукумат томонидан бириктирилган компаниядан олиб, худди жамоа ўзининг шахсий мулкидек муносабатда бўладиганлари ҳам топилади. Агар Роман Абрамович сингари шахсий пулини сарфласа, ўша тоифа инсонлар ўзларини қандай тутишарди, билмадик.

Жаҳон футболида клублар 5 хил манбадан пул ишлаб топишлари мумкин:

Трансферлар
Ўйин кунги тушумлар (чипта, абонемент ва турли маҳсулотлар сотуви)
Маркетинг (ҳомийлик шартномалари, атрибутларнинг йил давомида сотуви, стадион турлари)
Трансляциялар
Бизнес фаолияти (клуб ўзи пул тикиб, бизнес фаолиятини йўлга қўяди)

Бизда жамоалар бу бандларнинг баъзиларидан фойдаланишади. Маркетинг борасида ишлар унчалик яхши эмас. Фақат 2 ёки 3 клуб турли компанияликлар билан ҳамкорлик шартномаларига эга. Бироқ улардан катта пул топилмайди. Телевидение эса трансляциялар учун пул тўламайди. Бизнес фаолияти ҳам у қадар ривожланмаган.

Қайтанга авваллари жамоалар кам бўлса ҳам пул келадиган бизнесга эга бўлишган. Демак, бизда пул топиш мумкин бўлган икки асосий манба трансферлар ва ўйин кунги тушумлардир. Чипталар сотишдан “Нефтчи”, “Бухоро”, “Динамо” қолганларга қараганда кўпроқ маблағ ишлаб олиш имкониятига эга бўлди. Трансферлардан эса охирги йилларда “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ҳарқалай яхши пулга ишлаб келмоқда. “Пахтакор” Аҳмедов, Гейнрих, Камолиддин Тожиев, Кримец, Януш, Каримов, Холмуҳаммедов, Клецков, Фарҳод Тожиевларни хориж клубларига ижарага бериш ёки сотиб юбориш орқали ўз ҳаражатларининг сезиларли қисмини қоплашга муваффақ бўлди. “Бунёдкор”дан Саломов, Мурзоев, Мусаев, Исмоилов, Ҳасанов, Ҳайдаров, Кападзе, Жепаров, Кенжисариев, Ражабов каби футболчиларнинг чет эл жамоаларига ўтишларидан пул топди. Лекин клубларимизнинг ушбу кўрсаткичларини Осиёнинг чемпионатлари етакчи давлатлари билан ҳам солиштириб бўлмайди. “Гуанчжоу” ОЧЛдаги 3 ўйинга чипта ва бошқа маҳсулотлар сотишдан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб топган бир вақтда биз бунга ҳавас қилиб ўтиришга мажбурмиз.

Фикрларимиз қуруқ гапдан иборат бўлиб қолмаслиги учун ҳар йили “Deloitte” фирмаси ўтказадиган текширувларга оид рақамларни келтириб ўтамиз. Ушбу компания 10 йилдан ортиқроқ вақтдан буён футбол клубларининг молиявий ҳисоботларини эълон қилиб келиш билан шуғулланади. Улар жамоалар бир йил давомида қанча пулга ишлашгани, уларни қандай манбалардан топишганини рақамларда келтириб ўтади. Биз ушбу фирма ҳисоботларидан фойдаланиб, етакчи жамоаларнинг даромад манбаларини эътиборингизга тақдим этамиз. Дастлаб бу борада жаҳонда пешқадам саналган 30 клуб рўйхати ва улар бир йилда қанча миқдорда пул ишлаб топишганидан хабардор бўлинг. Бу ерда трансферлардан тушган маблағ ҳисобга олинмаган.

1. “Реал”    512.6

2. “Барселона”  483.0

3. “МЮ”    395.9

4. “Бавария”    368.4

5. “Челси”    322.6

6. “Арсенал”    290.3

7. “Ман.Сити”  285.6

8. “Милан”    256.9

9. “Ливерпуль”  233.2

10. “Ювентус”  195.4

11. “Боруссия” Д  189.1

12. “Интер”    185.9

13. “Тоттенхэм”  178.2

14. “Шальке 04”  174.5

15. “Наполи”   148.4

16. “Марсель”  135.7

17. “Лион”    131.9

18. “Гамбург”  121.1

19. “Рома”    115.9

20. “Ньюкасл”  115.3

21. “Валенсия”  111.1

22. “Бенфика”  111.1

23. “Атлетико”  107.9

24. “Аякс”    104.1

25. “Штутгарт”  103.2

26. “Эвертон”  99.5

27. “Астон Вилла”  98.6

28. “Фулхэм”   98.0

29. “Сандерленд”  96.4

30. “Галатасарой”  95.1



Юқоридаги компания клубларнинг пул топишдаги фаолиятини 3 хил банд асосида белгилайди. Ўйин кунги тушумлар, трансляциялар ва тижорий фаолият. Унга кўра, юқори 20ликда турган жамоалар пулларни фоизлар ҳисобида қуйидагича ишлаб топишган:

“Реал”   25  39  36

“Барселона”  24  37  39

МЮ    31  32  37

“Бавария”  23  22  55

“Челси”  30  43  27

“Арсенал”  41  37  22

МС    13  38  49

“Милан”  13  49  38

“Ливерпуль” 24  34  42

“Ювентус”  16  47  37

“Боруссия” Д 17  32  51

“Интер”  13  60  27

“Тоттенхэм”  28  43  29

“Шальке 04”  25  22  53

“Наполи”  16  58  26

“Марсель”  13  52  35

“Лион”  14  54  32

“Гамбург”  33  19  48

“Рома”  13  55  32

“Ньюкасл”  15  59  26



1-устун: ўйин кунги тушумлар, 2-устун: трансляция ҳуқуқидан тушган пуллар, 3-устун: тижорий фаолиятдан топилган маблағ.

Рўйхатда биринчи ўринни эгаллаб турган Мадриднинг “Реал” клуби ушбу поғонани анчадан буён ҳеч кимга бўшатмай келмоқда. Ҳозирда “Fly Emirates”, “Adidas”, “Bwin”, “Mahou”, “Audi”, “Coca Cola”, STC, BBVA сингари компаниялар билан йирик ҳамкорлик шартномаларига эга жамоа бир йил ичида 512 миллион евро ишлаб топган. Ўйин кунги тушумлар миқдори 126,2 миллион еврони ташкил этмоқда. “Mediapro” билан тузилган шартнома туфайли эса клуб 199,2 миллион евро пул олади. Бу компания жамоа ўйинларини трансляция қилиш билан шуғулланади. Ўртоқлик учрашувларини намойиш этиш ҳуқуқини сотиш ҳам жамоага катта даромад келтиряпти. Тижорий йўналишдан эса 187, 2 млн евро миқдорида маблағ топилди. Бунга шунчаки қойил қолиш мумкин. Юқоридаги компаниялар билан ҳамкорликдан ўртача 25-30 миллион евро миқдорида ишланади. Либослар сотуви, стадионга мухлислар учун тур ташкил қилиш ва чипталар сотуви ҳам жамоа иқтисодий ҳаётида катта ўрин тутади. Стадионга тур 13-19 евро этиб белгиланган. Стадион замонавий кўринишда ва бу ишқибозларни жалб этишда қўл келади. Қолаверса, “Сантьяго Бернабеу”ни яна таъмирлаш ва сиғимини катталаштириш режадан ўрин олган. Демак, бу йўналишда жамоа янада кўпроқ пул топишга умид қилса бўлади. Жаҳонда клубга бўлган қизиқишни ушлаб туриш мақсадида деярли ҳар йили юлдузлар сотиб олинади. Бу эса телетрансляцияларга қизиқишни ўстириш ва атрибутлар сотувидан яхшигина фойда келтиради. Охирги йилларда Қувайт, Хитой, АҚШ ва Қатарда учрашувлар ташкил этиш орқали “Реал” мухлисларини сонини бевосита орттириб, жамоа размлари тушурилган маҳсулотлар сотувини кўпайтирди. Масалан, Роналдуни 94 млн еврога харид қилган мадридликлар унга сарфланган пулни Роналду ўйнайдиган рақамли футболкалар сотувидан қоплаб бўлишган. Криштиану мухлислар қизиқишини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Гарет Бэйлни 91 млн еврога сотиб олган Флорентино Перес дастлаб ишқибозлар норозилига дучор бўлди, лекин Гарет кўнгилдагидек ўйин намойиш қилишни бошлаб юборса, мухлислар Месут Озилнинг сотиб юборилганини ҳам кечиришлари мумкин.

“Реал” жорий йилнинг ёзида футболчиларни сотиб юборишдан ҳам катта миқдорда пулга ишлади. Рауль Альбиол 10 млн, Хосе Кальехон 12 млн ва Гонсало Игуаин 40 млн евро эвазига “Наполи”га кўчиб ўтди. “Хетафе”га Педро Леон 6 млн еврога пулланди. Месут Озил эса “Арсенал” учун 50 млн еврога тушди. Шунингдек, Алваро Негредонинг “Манчестер Сити”га “Севилья”дан кўчиб ўтиши Мадрид клуби ғазнасига 4,4 млн евро келтирди. Бу борада ишлаб топилган пул 122,4 млн еврони ташкил қилди. Ўз навбатида Бэйл, Иско, Ильярраменди, Каземиро ва Карвахаль учун 162,7 млн евро сарфланди. Лекин ўртада кўрилган 40 млн евролик зарар “Реал” учун қўрқинчли эмас. Чунки футболкалар сотувининг ўзи бу чиқимни бемалол қоплаб кетади.

Мадридликлар маркетинг, трансферлар ва ўйин кунги тушумлардан қанчалик даромад олишаётгани тўғрисида тўхталиб ўтдик. Шунингдек, телевидениедан келиб тушадиган катта маблағ ҳақида алоҳида тўхталиш мумкин. Испанияда клубларнинг компаниялар билан якка ҳолатда шартнома тузишига рухсат берилган. Натижада “Реал” ва “Барселона” ла лига ўйинларидан 130 млн евро миқдорида пулга эга бўлишади. Қолган клублар эса 40 ва аксарият жамоалар 15 млн евро билан кифояланишга мажбурлар. Бундай ҳолат испан клублари эътирозларига кўпдан буён сабаб бўлиб келмоқда. Бироқ ҳозирча томонлар ҳар икки тарафни қониқтирадиган таклифни амалга кирита олганлари йўқ. ЕЧЛда иштирок этишдан ҳам жамоа катта миқдорда фойда олади. Иштирок, ҳар бир ғалаба ва босқичларни муваффақиятли тугатгани учун Мадрид суперклуби қўшимча маблағга эга бўлади. ТВ трансляциялардан тушган даромад алоҳида ҳисобланади. Бизнес фаолият борасида “Реал” Европада энг етакчи клублардан бири саналади. “Реал Мадрид фонди” номи остида тузилган футбол академиялари бутун жаҳон бўйлаб клуб тизимида тарбияланаётган футболчилар сонини ошириш билан биргаликда ўша ердаги ҳомийлар эътиборини жалб қилишда қўл келади.

Cфйтимизда бундан кейин бошқа клублар ва чемпионатларнинг бу борадаги вазияти, ҳомийлар ва ҳамкорлар билан ишлаш қандай йўлга қўйилгани ҳақида турли мақолаларни тақдим этиб борамиз. Япония, Австралия, Жанубий Корея, Хитой, БАА, Қатар, Саудия Арабистони сингари етакчи давлатлар, Европада ҳар тарафлама бошқаларга ўрнак бўладиган жамоалар ва лигаларнинг молиявий ҳисоботлари, улар ниманинг эвазига шароитларни яхшилаб боришаётгани мисоллар орқали кўриб ўтамиз. “Реал” мисолида эса ҳар тарафлама ишларни яхши йўлга қўйган клуб қандай бўлишини кўриб ўтдик.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика