02 jul 23:00
News

Ўзбекистон U-20 – жаҳон чемпионати чорак финалида!

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очди.
20 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган мамлакат терма жамоаси ўз тарихида илк бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати чорак финали йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бунгача 2003 ва 2009 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида иштирок этган бўлиб, гуруҳ босқичи доирасида ўтказилган жами олти учрашувнинг бирортасида ҳам ғалаба қозонмаган эди. 2013 йилги мусобақада янгидан-янги муваффақиятлар қайд этилмоқда: Янги Зеландияга қарши гуруҳ босқичи учрашувида илк ғалаба қўлга киритилиб, терма дарвозаси даҳлсизлиги биринчи марта сақлаб қолинган бўлса, Хорватия билан ўйиндаги дуранг нимчорак финалга чиқиш учун етарли бўлди.

2 июль куни Аҳмаджон Мусаев шогирдлари Туркияда давом этаётган жаҳон чемпионати баҳсларида яна бир тарихий натижани қайд этишди. Европа вице-чемпиони, Греция ёшлар терма жамоасига қарши нимчорак финал учрашувида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, бунгача фақат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бу каби муваффақиятга эришганди: 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларида Алексей Евстафеев ва Аҳмаджон Мусаев қўл остидаги йигитлар чорак финалгача етиб боришган эди.

Қайд этиш жоиз, Греция – Ўзбекистон учрашуви ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди; ўйин пенальтилар сериясигача етиб бормаган бўлса-да, мухлислар учрашув давомида деярли пенальтилар сериясига гувоҳ бўлишди – учрашувнинг кот д’ивуарлик бош ҳаками Нумандиес Дуэ ўйин давомида уч марта 11 метрлик нуқтани кўрсатди.

Дастлабки дақиқалар Греция терма жамоасининг кучли босими ҳам катта ташаббуси остида ўтди. Бироқ, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қарши ҳужумлардан муваффақиятли фойдаланишга эришиб, 26-дақиқада Аббос Махсталиев жуда чиройли, кучли ва аниқ зарба билан ҳисобни очди. Бироқ, орадан 7 дақиқа ўтар-ўтмай, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жарима майдончаси ичида рақиб футболчиси йиқитилди. Белгиланган пенальтидан Греция ёшлар терма жамоаси сардори Константинос Стафилидис аниқ фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлимда омад тўлиғича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига кулиб боқди. Қайсидир маънода ўйин тақдирини ҳал қилган вазият 62-дақиқада содир бўлди. Владимир Козак чап қанотдан жарима зарбасини амалга оширганидан сўнг, Бобурбек Йўлдошев қулай вазиятдан ноаниқ зарба йўллади. Бироқ учрашув бош ҳаками Греция ёшлар терма жамоаси дарвозаси томон пенальти белгилади – жарима зарбаси амалга оширилаётган вазиятда Греция ёшлар терма жамоаси аъзоси Димитриос Курмпелис Сардор Раҳмонов ушлаб қолиб, йиқитган эди. Ҳакам нафақат пенальти белгилади, шу билан бирга ўйин бошида сариқ карточка олиб улгурган Курмпелисни иккинчи марта огоҳлантириб, майдондан четлатди.

Пенальтидан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев аниқ фойдаланиб, мусобақадаги голлари сонини иккитага етказди. Майдонда сон жиҳатдан, таблода ҳисоб бўйича устунликни қўлга олган Аҳмаджон Мусаев шогирдлари кейинги дақиқаларда анча хотиржам тўп суришди. Ўйин асосий вақти якунланишига 7 дақиқа қолганида эса ҳисоб 3:1 кўринишини олди. Майдонда ўн киши бўлиб қолганига қарамай, таваккалига ҳужумга ўтган Грециянинг ҳимоячилари жарима майдончасига ёриб кирган Забиҳилло Ўринбоевни қоидаги ҳилоф равишда тўхтатиб қолишди. Дуэ эса Капино дарвозасига учинчи пенальтини белгилади. Сардор Раҳмонов эса 11 метрлик нуқтадан адашмади – 3:1 ва Ўзбекистон чорак финалда.

Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати чорак финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Франция – Туркия жуфтлиги ғолибига қарши тўп суради. Учрашув 6 июль, шанба куни Ризе шаҳридаги «Йэни Шеҳир» стадионида ўтказилади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.

U-20 ЖЧ-2013
Нимчорак финал учрашуви
2 июль, сешанба
ГРЕЦИЯ – ЎЗБЕКИСТОН 1:3 (1:1)
Голлар:
Константинос Стафилидис (33, пенальти) – Аббосбек Махсталиев (26), Игорь Сергеев (62, пенальти), Сардор Раҳмонов (83, пенальти).
Огоҳлантиришлар: Димитриос Курмпелис (5), Димитриос Константинидис (82), Констатинос Траянафиллопулос (87) – Бобурбек Йўлдошев (30), Сардор Раҳмонов (79).
Четлатишлар: Димитриос Курмпелис (60, иккинчи огоҳлантириш) – Бобурбек Йўлдошев (86, иккинчи огоҳлантириш).
ГРЕЦИЯ: Стефанос Капино, Константинос Стафилидис, Константинос Траянтафиллопулос, Панагиотис Баллас (Маврудис Бугаидис, 58), Спиридон Фурланос, Димитриос Диамантакос, Димитриос Коловос, Иоаннис Гианниотас (Антониос Ранос, 73), Димитриос Курмпелис, Димитриос Константинидис, Андреас Бучалакис (Анастасиос Бакасетас, 68).
ЎЗБЕКИСТОН: Асилбек Омонов, Тоҳиржон Шамшитдинов, Сардор Раҳмонов, Бобурбек Йўлдошев, Максимилиан Фомин, Аббосбек Махсталиев, Владимир Козак (Забиҳилло Ўринбоев, 81), Диёржон Туропов (Абдул Азиз Юсупов, 89), Игорь Сергеев (Жасурбек Ҳакимов, 85), Сардор Собирхўжаев, Муҳсинжон Убайдуллаев.
Бош ҳакам: Нумандиес Дуэ (Кот д’Ивуар).
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook