30 oct 15:24
News

Осиё футболидаги ажобтовур ҳолатлар

ОФК охирги йилларда барча ишларни профессионал даражага кўтариб бормоқда.
Шу сабабли Чемпионлар лигаси мусобақаси ва Осиё Кубоги кўплаб мамлакатларда аввалгидан кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Бироқ бундан бир неча йиллар олдин ОФКни антиқа қарорлар қабул қилиши сабабли кўп бор танқид қилардик. Энди эса ўша пайтдаги воқеаларни эслаш кишида фақат кулгу уйғотади. Шунингдек, баъзида ўта ёмон сиёсий муносабатларга эга бўлган терма жамоалар ўртасидаги беллашувлар кузатилиши кескин вазиятларни келтириб чиқаради. Биз аввал кузатилган баъзи ажобтовур ҳолатлар ҳақида мухлисларга ҳикоя қилиб ўтишни лозим топдик.

“ЕЛИМАЙ” МОЖАРОЛАРИ
1995 йил
«Нефтчи» - «Елимай» - 3:1
Голлар:
Завальнюк, Фёдоров, Лебедев – Климов.

22 сентябрь
«Елимай» - «Нефтчи» - 4:1
Голлар:
Мирошниченко 4 – Андреев.

Дастлаб 1995 йил Осиё клублари чемпионати (ўша пайтда Осиё Чемпионлари Кубоги деб юритилган) биринчи босқичида юз берган вазият ҳақида. Ўшанда мамлакатимиз чемпиони «Нефтчи» Қозоғистоннинг ўзи сингари гегемон саналган «Елимай» жамоасига қарши майдонга чиққан. Семипалатинскликлар ўша йиллари МДҲ Чемпионлари Кубогида ҳам кучли рақибларга жиддий қаршилик туғдиришган. Учрашувлардан аввал «Нефтчи»нинг имконияти кўпроқ баҳоланган. Чунки ўша йилнинг бошида Юрий Саркисян шогирдлари Осиёда фахрли учинчи ўринни қўлга киритишган. Фарғонада кечган баҳс мезбонларнинг устунлиги остида кечган. Завальнюкнинг голига меҳмонлардан Климов жавоб қайтарган бўлса-да, кейин Фёдоров ва Лебедев томонидан киритилган тўплар «Нефтчи»га ўз майдонида 3:1 ҳисобида ғалаба келтирган. Шу сабабли жавоб учрашувдан аввал жамоамизнинг навбатдаги раундга чиқиши 90 фоиз атрофида башорат қилинган. Лекин жавоб беллашувида рўй берган ҳолатлар ҳамюртларимиз учун аянчли якунланган. Сепипалатинскдаги «Спартак» стадионида кечган баҳс тенг курашлар билан бошланган. Мезбонларнинг хавфли ҳамлаларига фарғоналиклар кескин ҳужумлар ёрдамида жавоб қайтаришган. Хуллас, биринчи бўлимдан сўнг ҳам «Нефтчи»нинг иккинчи босқичга чиқишига кўпчилик мухлислар шубҳа қилишмасди. Бироқ иккинчи бўлимда бош ҳакам қаҳрамон сифатида гавдаланган. У мезбонларнинг зафар қучиши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширган. «Елимай» иштирокидаги ҳужумлар ўйин қоидасини бузиш ва офсайддан кейин ҳам давом этган, мезбонлар жуда ҳам кўп бор қулай нуқталардан жарима зарбаси тепиш имкониятига эга бўлишган. Мирошниченконинг голига Андреев жавоб қайтарган бўлишига қарамай, айнан ҳакам ёрдамида Мирошниченко яна икки тўп киритиб, ҳисобни 3:1 кўринишига келтирган. 1995 йил қозоғистоннинг энг яхши футболчисига айланган Андрей шу тариқа баҳснинг қўшимча вақтга ўтишига сабабчи бўлган. қўшимча вақтда эса яна Мирошниченко бир гол уриб, «Елимай»га 4:1 ҳисобида ютуқ келтирган. Шундай қилиб, Семипалатинск клуби иккинчи раундга йўлланма олган. Ҳакамнинг мезбонларга очиқчасига майдон эгаларига ён босишига асаблари дош бермаган фарғоналиклар эса ҳакамга ташланишган. Бош ҳакамни дўппослаганликлари учун Андрей Фёдоров ва Неъматилло қуттибоев эса тегишли равишда 2 ва 3 йилга катта футболдан четлатилган. Натижада ушбу футболчилар шунча вақт давомида футболдан четда қолишган. Ушбу воқеа рўй бермаганда Фёдоров кейинги мавсумдаёқ Россияга йўл олиши мумкин эди. Оқибатда Фёдоров ҳам, қуттибоев ҳам янада савияли футболчига айланиш имкониятидан маҳрум бўлишган. Ҳакам ёрдамида навбатдаги раундга чиққан «Елимай»га эса ноябрь ойида бу икки баравар кулгулироқ тарзда «қайтган».

13 октябрь
«Ал Наср» - «Елимай» - 1:0
Гол
: Ал Фаҳад.

17 ноябрь
«Елимай» - «Ал Наср» (ўтказилмаган)


13 октябрда Ар Риёдда «Ал Наср» меҳмони бўлган «Елимай» ҳал қилувчи гуруҳ баҳсларига йўл олиш учун ушбу жамоа тўсиғидан ўтиши зарур эди. Саудия Арабистонида бўлиб ўтган беллашувда Ал Фаҳад урган гол ягоналигини сақлаб қолган. Жавоб баҳси эса саудияликларнинг илтимосига кўра, кечиктирилиб, 17 ноябрга кўчирилган. Бироқ ушбу санага белгиланган учрашув ҳам ўтказилмасдан қолиб кетган. Чунки «Ал Наср» майдонга чиқишдан бош тортган. Ўйин куни Семипалатинскка етиб келган риёдликлар беллашувнинг бошланиш вақтига беш соат кечикишган. Шунга қарамай, «Елимай» ва жамоа мухлислари стадионда рақибни шунча соат мобайнида кутиб ўтиришган. 15 даража совуқда 20 минг ишқибоз учрашув бошланишини кутишган. Лекин меҳмонлар ўйинни эртасига ўтказишни таклиф қилишган. ОФК вакиллари эса якуний қарор қабул қилишни мезбонларга қолдиришган. Лекин «Елимай» учрашувни яна бир кунга қолдиришга рози бўлмайди. Шундай қилиб, жавоб учрашуви ўтказилмайди. Мусобақа регламентининг 15-бандига мувофиқ, сафарга чиққан, бироқ майдонга тушмаган жамоага техник мағлубият ёзилиши, 1 йилги халқаро мусобақалардан четлаштириши ва 10 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши белгиланганди. Лекин ўзи чиқарган регламентга амал қилмаган ОФК «Ал Наср»га нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари кўрмаган. Аксинча, ўтказилмасдан қолган баҳсга 0:0 ҳисобида дуранг натижа ёзиб, навбатдаги раундга айнан саудияликларни «йўллашган». Қозоғистонликлар тарафидан ОФКга ёзилган шикоят хати эса инобатга олинмаган. Ҳа, биринчи босқичда ҳакамдан ёрдам олган ён қўшниларимиз иккинчи раундда ОФКнинг қарори туфайли панд еб қолишган.

ЎТКАЗИЛМАГАН УЧРАШУВЛАР
Икки марта эса жамоамиз иштирокидаги учрашувлар ўтказилмаган. Бунга эса Тожикистонда содир бўлган фуқаролар уруши сабаб бўлганди. Дастлаб “Нефтчи” Каттақўрғоннинг “Вахш” клубига қарши ўйнашни истамаган. Кейинги йил буни “Дўстлик” давом эттирган. Ўшанда ОФК жамоамизга 10 минг доллар жарима ҳам солганди. Кейинчалик шундай ҳолатлар юзага келганда, яъни сиёсий нотинчлик туфайли хавфсизликни таъминлаш муаммо бўлиб турган бир пайтда ўйинни бошқа мамлакатга кўчириш тажрибаси қўлланила бошланди.

Шунингдек, Саудия Арабистони ва Таиланд ўртасидаги совуқлашган муносабат туфайли эътиборли ҳолатлар рўй берган. Қирол оиласига тегишли қимматбаҳо тошларнинг ўғирланиши сабабли келиб чиққан можаро натижасида Саудия Арабистони қироллиги Таиланд билан муносабатларни бутунлай узишга қарор қилган. Натижада 1999-2000 йилги мавсумда Осиё Кубок эгалари Кубогида ярим финалга чиққан “Ал Аҳли” Таиланддаги баҳсларга боришни истамаган. Натижада бу жамоа ўрнига “Навбаҳор” қатнашган. Чорак финалда “Аҳли” “Навбаҳор”ни икки учрашувда 6:3 ҳисобида доғда қолдирганди. Кўп йиллар мобайнида бу мамлакатлар клублари ва терма жамоалари тўқнаш келмаганди. Фақат миллий терма жамоалар саралаш баҳсларида майдонга тушишларига тўғри келиб, Саудия Арабистони Таиландга ташриф буюрди.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook