19 jul 15:00
News

Олий лига-2013. Иккинчи давра қандай ўтади?

Айни кунларда жамоалар иккинчи даврага тайёргарлик жараёнини ўтказиш билан банд.
Клублар таркибга ўзларига керакли футболчиларни қўшиб олишга ҳаракат қилишмоқда, лекин ички трансферлардан катта ўзгаришларни кутиш қийин. Аксарият футболчилар йил бошидаёқ жамоалари томонидан камида бир йилга шартномага қўл қўйдириб олинган. Хўш, иккинчи даврада бизни қандай ўйинлар кутиб турибди? Биринчи даврага нисбатан шиддатлироқми ёки аксинча? Жамоалар ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бунга жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Пешқадамлар қаторида бораётган клубларда катта ўзгариш кузатилмаслиги одатий ҳол. Чунки ишлар шундоқ ҳам яхши кетаётган пайтда ҳеч ким таркибда қандайдир ўзгаришларга қўл ургиси келмайди. “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Насаф”да айнан шуни кузатиш мумкин. “Пахтакор”да эса ўзгаришлар бўлиши кутилганди. Ҳозирча “шерлар” Суюнов билан хайрлашиш билан бирга Каримовни Хитойдан қайтаришга эришишди. Хорижда захирада ўтириб қолган Шерзод энди маҳоратини кўрсатиш учун икки карра куч билан ҳаракат қилса ажаб эмас. “Металлург” ва “Олмалиқ” ҳам давралар оралиғида янгиликларга ўч саналмайди. Улар асосий таркибдан четда қолган футболчиларни қўйиб юборишга одатланганлар. Энг кўп ўзгаришлар “Динамо”, “Нефтчи” ҳамда “Қизилқум”да кузатилмоқда. Равшан Ҳайдаров таркибни кучайтириш истагида бир қатор ўйинчиларни Самарқандга таклиф этган. Бунинг қандай самара беришини кўришимизга унчалик кўп вақт қолгани йўқ.

“Нефтчи” эса таркибини фарғоналик футболчилар билан тўлдиришда давом этмоқда. Шунингдек, баъзи ёш ўйинчиларни энди бу жамоа либосида кўришимиз мумкин. Умуман олганда, маҳаллий футболчиларга эътибор берилаётганини оқлаймиз. Чунки “Нефтчи”да ўзига хос анъаналарнинг шаклланиши айнан шу билан боғлиқ. Ишқибозлар ҳам бу жамоани шунинг учун яхши кўришади. Лекин янги иш бошлаган мутахассисларга уларнинг муносабати қандай бўлишини ҳозирча айтиб бўлмайди. Саркисян ва унинг ёрдамчилари жамоадан кетгач, кўплаб мухлислар бундан норози бўлишди. Кейин эса ўзгаришлар уларга ёқмади. Ишқибозлар жамоада фарғоналик мураббийлардан бири иш бошлашини кутишаётганди. Биринчи давра охиридаги икки ғалаба сал бўлса-да, уларнинг жамоага бўлган ишончини қайтарди. Энди иккинчи даврани муваффақиятли бошлаш орқали яна стадионни мухлислар билан тўлдириш имконияти мавжуд. Чиройли ва ҳужумкор ўйин билан уларни яна жамоага боғлаш мумкин. Кўп йиллар ёзги тайёргарлик жараёнини Иссиқкўл ёки Водилда ўтказган “Нефтчи” бу сафар Тошкентга йўл олган. Кўрамиз, ўзгаришлар жамоага қанчалик фойда келтираркан? Аввалги даражага қайтиш учун ҳозирдан тамал тоши қўйилаётгани жуда яхши, албатта. Чунки ёш маҳаллий футболчилар жамоа учун бор кучларини бериб ҳаракат қилишларини тахмин қилиш қийин эмас.

Ҳайдаров эса Самарқанддаги вазиятни ўзгартиришга уриниб кўрмоқда. Ўтган мавсумда Зарафшонда яхши жамоа туза олган Равшан Акмаловичга ишни охиригача давом эттириш учун имконият беришмаганди. “Динамо”да унга яхши шароитлар яратилаётгандек. Ёшлар билан ишлашнинг ҳадисини олган Ҳайдаров биринчи давранинг ўзида жамоанинг бир қатор тарбияланувчиларига ишонч билдирди. Иккинчи даврада эса тажрибали ўйинчилар билан жамоани кучайтириб, яхши натижаларга эришишни мақсад қилмоқда. “Қизилқум”га эса Рустам Забиров легионерларни таклиф этмоқчи. У ҳозирча биринчи даврадаги омадсизлик сабабини Ҳайдаровнинг таркибга жалб қилган футболчилари унинг услубига мос келмаётганини изоҳлаш билан вақт ўтказди. Қизиқ, Испанияда ҳам шундай вазият кузатилармикан? Айтайлик, Анчелотти Моуриньо жамоага чақирган футболчилар унинг услубига мос эмаслигини айтиб, мағлубиятларни изоҳлармикан? Буни кузатиш анча қизиқ бўларди. Забиров энди иккинчи даврада ўзига керакли футболчиларни Зарафшонга таклиф этади. Ўтган йили Ҳайдаров жуда кучли бўлмаган таркиб билан жамоани ўртамиёналар қаторига қўша олганди. Бунинг учун катта маблағ керак эмаслигини исботлаб берганди. Ушбу ҳолатга иккинчи давра жавоб беради. Яъни, Забиров вазиятни қандай ўзгартира олишини.

Пассив жамоалар қаторида “Гулистон” ва “Шўртан”ни кўрсатсак, адашмаган бўламиз. Гулистонликлар устози Бахтиёр Ашурматов жамоада молиявий муаммолар борлигини яшириб ўтирмади. Бир неча ойлик маошлари ва мукофот пуллари футболчиларга берилмаган. Бундай шароитда тўп тепишни ўйинчилар истамаслиги аниқ. Шу сабали ҳам ёш мутахассис жамоанинг келажаги ҳақидаги саволга аниқ жавоб бера олмаслигини таъкидлади. Жамоанинг тайёргарлик жараёни, қайси футболчиларнинг жамоадан кетиши тўғрисида аниқ жавоблар йўқ. Лекин бир неча ўйинчининг бошқа клубга ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб улгурди. Янги футболчиларнинг қўшилиши пул йўқ вазиятда мантиқсизлик бўлади. Фақат биринчи лигадан ўзларини кўрсатиш истагида бўлган ёшларгина “Гулистон” таклифига ижобий жавоб қайтаришлари мумкин. Мураббийнинг ўзи бунақа вазиятда жамоани олий лигада олиб қолиш жуда катта ютуқ  бўлишини таъкидлаб ўтди. Шундай ҳолатлар кўпчиликни афсуслантиради. Чунки эндигина иштиёқ билан иш бошланган жойда молиявий инқироз юзага келади ва барчаси акс кўриниш олади. Мухлислар Сирдарё вилоятидан олий лигада ўйнаган жамоани анчадан бери кўришмаганди. Футболчилар ҳам дастлабки турларда ажойиб натижалар билан уларни хурсанд этишганди. Бироқ энди ишқибозлар мағлубиятларни кўришга мажбур бўлишади, шекилли. Шундай паллада ПФЛ клубларни аниқ бюджет тасдиқланган ва жамоа ҳисоб рақамига зарур маблағ келиб тушганда иштирок этишга рухсат бериши керакка ўхшайди. Вазият ўнгланмаган тақдирда ҳам Ашурматов чемпионатни бир амаллаб тугатиб қўйишлари ҳақида гапирди. Бундай ҳолда жамоадан савияли футбол кутиб бўлмайди.

“Шўртан” эса мавсум бошидан буён қийинчиликка юз тутгани тўғрисида гапириб келинмоқда. Гессдан сўнг жамоани қабул қилиб олган Тўрақулов асосий эътиборни жамоа тарбияланувчиларига қаратмоқда. Албатта, пул кам бўлгач, бундан бошқа имконият топилмайди. Шу жараённи аслида Ғузорда аввалроқ бошлаш зарур эди. Яъни, маҳаллий ўйинчиларга майдонда ўзларини кўрсатиш учун етарли вақт бериш лозим бўлганди. Шунда улар катта футболга кўникма ҳосил қилиб, ҳозир яхши натижага эришаётган бўлишлари ҳам мумкин эди. Энди ғузорликлар бу ҳолатда қанчадир вақт кутишга мажбурлар. Ишқилиб, вазият жамоанинг биринчи лигага тушиб кетиши билан тугамаса бўлгани.

Иккинчи даврада жамоаларда юзага келган молиявий муаммолар ўйинларга ҳам ўз таъсинини ўтказиб, ўткинчи беллашувларнинг кўпайишини тахмин қилиш мумкин. Фақат чемпионлик учун кураш ва олий лигада қолишга даъвогарлар ўртасида кураш кескинроқ кечади. Ҳар мавсумдагидек. Пешқадамларнинг қайси ўринларни эгаллаши деярли ўзаро учрашувларда аниқланаётгани энг ёмон ҳолат. Чунки қолган жамоалар уларга ҳеч йўғи бир баҳсда жиддий қаршилик кўрсатишни уддалай олишмаяпти.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook