UZ

Сўнгги янгиликлар

01:46"Фулхэм" стадион трибунасида очиқ бассейн қурмоқчи  0 01:29Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади  0 00:52Италиялик жаҳон чемпиони Қозоғистонга ташриф буюрди  0 00:35Роналдунинг либосини кийган таниқли блогер Мессига алоқадор ресторандан ҳайдаб юборилди  6 00:18Вадим Абрамов: Самарқанд — иккинчи пойтахт. Шундай экан, бу ерда яхши жамоа бўлиши керак"  5 23:37БАА футбол федерацияси ёшини сохталаштирган 18 нафар мисрлик футболчини депортация қилди  1 23:10Веско Стешивич: "Биринчи бўлимда яна битта гол урганимизда, ғалаба бизники бўларди"  0 22:40Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради  1 22:23Клублар миқёсида халқаро турнирларда энг кўп “қуруқ” ўйин ўтказган дарвозабонлар маълум бўлди  0 22:06Роналду Саудия Арабистони чемпионатидаги энг омадсиз ҳужумчи бўлиб турибди  32 21:49Уругвай термаси техник ҳамкорсиз қолди, жамоа брендсиз либосларда ўйнамоқда  2 21:26Суперлига. "Динамо" — "Металлург" 2:1. Highlights  0 21:07"Бухоро" ва "Хоразм" ўртасидаги марказий учрашувдан ГАЛЕРЕЯ  2 20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  24

ОЧЛ-2014: “Локомотив” ва “Насаф”нинг рақиблари ҳақида Янгиликлар

ОЧЛ-2014: “Локомотив” ва “Насаф”нинг рақиблари ҳақида

Халқаро мавсум биз учун бу сафар анча илгари, февраль ойининг ўртасига етмасданоқ бошланади. 8 ва 15 февраль куни Чемпионлар лигасининг ўтказиладиган саралаш босқичида клубларимиз майдонга тушишлари мумкин.
“Локомотив” ва “Насаф”ни гуруҳ баҳсларига чиқиш учун жиддий тўқнашувлар кутиб турибди. Жамоаларимизга рақиблик қилиш эҳтимоли мавжуд клубларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида таништириб ўтамиз.

Февраль ойида яхши формага кириш осон иш эмас. Қолаверса, бу жамоаларнинг тайёргарлик жараёнига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки муддатидан аввал яхши ҳолатга кириб олиш мавсум мобайнида салбий натижаларга олиб келади. Агарда ротациядан фойдаланилмаса. Шу сабабли “Локомотив” ва “Насаф” мураббийлар штаби фақат ОЧЛдаги беллашувларни эмас, балки ички мусобақалар тўғрисида ҳам бош қотиришларига тўғри келади. “Локомотив” 8 февраль куни ўз майдонида ўйнайди. Рақиб Қувайтнинг “Ал Қувайт” ёки Ироқнинг “Ал Шорта” жамоаси бўлади. Биринчи босқичда ушбу клублар Қувайтда баҳс олиб боришади. Ўша баҳсда қувайтликларда имконият кўпроқ. Руминиялик Марин Ион бошчилик қилаётган жамоа ўтган мавсумда мамлакат чемпионати ва ОФК Кубогида ғолиб чиқди. ОФК Кубогида “Ал Қувайт” кетма-кет иккинчи марта зафар қучди. Демак, жамоа савия жиҳатидан Чемпионлар лигасида ўйнашга тайёр ҳолатда. Қолаверса, Қувайтда мавсум қизғин паллага кириб боряпти. 4 нафар футболчиси миллий терма жамоа аъзоси ҳисобланади. Ҳужумларни ташкил қилишда бразилиялик легионер Рожерио катта фаоллик кўрсатади. Жорий мавсумда клуб Қувайт чемпионатида биринчи ўринда бормоқда. Олтин медаллар учун “Ал Қодисия” билан кескин кураш кечишига шубҳа йўқ. Охирги йилларда Қувайт жамоалари ОЧЛдан четда қолиб кетганди. Шу сабабли ушбу мамлакат клубларининг ўйинларига бевосита гувоҳ бўлганимиздан бери анча вақт ўтди. Ироқнинг “Ал Шорта” жамоаси ўтган мавсумда Ироқ чемпионлигини қўлга киритган. Клуб бош мураббийи бразилиялик мутахассис саналади. Сантос бошчилигида бағдодликлар ушбу мавсумда ҳам муваффақиятли ўйинлар намойиш этишмоқда. Лекин Қувайтда “Ал Қувайт” қаршилигини синдириш бу жамоага насиб этмаса керак. Бироқ футболда ҳамиша кутилган натижалар қайд этилмайди. Буни эсдан чиқармаган маъқул.

Учинчи раундда Қатарнинг “Лаҳвия” ёки Қувайтнинг “Ал Қодисия” клубларидан бирининг рақиб бўлиш эҳтимоли анча катта. Қатарда ўтадиган беллашув бунга ойдинлик киритиб беради. Дохаликлар 2013 йил ОЧЛда “Пахтакор” билан тўқнаш келишди. Ўшанда бу жамоанинг таркиби жуда кучли эканлигини кўргандик. Бельгиялик машҳур мураббий Эрик Геретс бошқараётган “Лаҳвия” таркибида 15га яқин легионер футболчилар бор. Рақиблар учун ёмон тарафи шундаки, қатарликларнинг уларнинг барчаси хизматидан бир пайтда фойдаланиш имкониятига эгалар. Чунки 12 нафар футболчи Қатар фуқаролигини қабул қилган. Айни пайтда легионер саналган ўйинчиларнинг маҳорати анча юқори. Охирги учрашувларни бу клуб жуда яхши ўтказиб, ижобий натижалар билан якунлади. Улар энди-энди яхши ҳолатга кириб боришяпти. Шу сабабли сафарда “Лаҳвия”ни доғда қолдириш осон бўлмайди. Тўғри, ОЧЛда ғолиб чиққан “Гуанчжоу Эвергранд” буни чиройли тарзда уддалади, бироқ гуанчжоуликлар сафидаги хорижлик футболчилар Европада ҳам етакчиларга айланиш салоҳиятига эгалар. “Ал Қодисия” эса Қувайтнинг икки гегемонидан бири саналади. Миллий терма жамоага ашаддий рақибидан кўра кўпроқ футболчилар етиштириб берадиган “Қодисия” зарар паллаларда тактик жиҳатдан жуда яхши ўйин намойиш қилади. Айнан шу жиҳати билан қувайтликлар “Лаҳвия” қаршилигини синдиришга умид қилишлари мумкин.

Қаршида тайёргарликка киришган “Насаф” эса гуруҳ босқичига чиқиш учун ҳар икки босқич ўйинини сафарда ўтказишга мажбур. Дастлабки беллашувда Қатарда “Ал Жаиш” майдонига сафар уюштиради. Руминиялик Разван Луческу қўл остида ўтган мавсумда Қатар “Юлдузлар” Кубогига эга чиққан жамоа миллий чемпионатда яхши натижаларга эришяпти. Ушбу мавсумда “Жаиш” пешқадамлар қаторида келмоқда. Лекин таркибга назар ташлайдиган бўлсак, “Лаҳвия” сингари таниқли номларни кўрмаймиз. Бироқ бу жамоанинг бирор ўйинини кузатмаганмиз. Шу туфайли Луческу жамоасидан нима кутишни билиш қийин. Қатар ОАВда фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз “Жаиш”нинг асосан жамоавий ўйин намойиш этиши, шунингдек, ҳужум чизиғидаги футболчилари техник тарафдан яхши ўйнашларини таъкидлашди. “Насаф” мураббийлари бу рақибни 8 февраль санасигача жиддий ўрганиб чиқишларига шубҳа қилмаймиз. Қолаверса, таркибда янги йилдан кейин ўзгаришлар рўй бериши кутиляпти. Аксарият араб жамоалари қишки трансферлар чоғида Чемпионлар лигасида яхшироқ натижаларга эришишни истаб, яхши савияли легионерларни таклиф этишлари ҳозир ҳеч кимга ажабланарли ҳолат туғдирмайди.

Навбатдаги раундда “Насаф”га БААнинг “Банияс” клуби рақиблик қилиши мумкин. Хорхе Сильва шогирдлари айни пайтда БАА пролигасида ўртамиёналар қаторида боришяпти. Бу жамоада ўртамиёна савиядаги маҳаллий ва яхши савиядаги чет эллик футболчилар жамланган. “Пахтакор” Абу Дабининг мазкур жамоаси билан Чемпионлар лигаси баҳсларида тўқнаш келганди. Ўшанда БАА клуби ўз майдонида жуда яхши ўйин кўрсатганди. Амир Абдулраҳмон (Умар Абдулраҳмон билан адаштирманг) жамоа етакчиси саналади. Аксарият ҳужумлар айнан шу ярим ҳимоячи ёрдамида уюштирилади. Бироқ бу жамоа тўғрисида кейинроқ маълумот тўплаш зарур. Чунки бунгача “Ал Жаиш” қаршилигини синдириш талаб этилади.

“Бунёдкор” гуруҳ босқичида Саудия Арабистонининг “Ал Фатеҳ” ҳамда Эроннинг “Фулад” клубларига қарши тўқнаш келиши аниқ. Саудияликлар ўтган мавсум қандай қилиб чемпионатда ғолиб бўлишгани ҳалигача кўпчиликни ажаблантириб келяпти. Жорий мавсумда “Фатеҳ” ўртамиёналар қаторига қийинчилик билан илиниб турибди. “Фулад” эса охирги йилларда академиясига эътибор қаратиш орқали аутсайдер даражасидан етакчилар қаторига қўшилди. Қизғин паллага кириб бораётган Эрон чемпионатида ахвазликлар олтин медаллар учун кураш олиб боришмоқда. “Бунёдкор”нинг учинчи рақиби номи эса саралаш баҳсларидан кейин маълум бўлади.

Бизни февраль ойидаёқ “қайноқ” беллашувлар кутиб турибди. Умид қиламизки, тайёргарлик жараёнидаги мушкулликларга қарамасдан жамоаларимиз ўйинларга яхши ҳолатда етиб боришади. Чемпионлар лигаси ҳавоси кўпроқ стадионларимизда кезишини истаймиз.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика